“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МИНГ ЙИЛЛИК СОДИҚ ДЎСТ

Итлар одамзот тарихидаги хонакилаштирилган энг қадимий уй хайвонларидан бири ҳисобланади. Чунки олимлар ареологик қазилмалар ва ғорларда тасвирланган манбаларга кўра итлар эрамиздан олдинги 13-15 минг йилликлар давридан буён инсонларнинг яқин дўсти бўлганлигини қайд этишади. Демак, итлар юқори полеолит даврида хонакилаштирилган ва одамлар улардан асосан ов қилиш ва қўриқчилик мақсадларида фойдаланишган.

Олимларнинг умумий солиштириш текширувлари, генетик таҳлиллар, юриш-туриши, яшаш тарзини ўрганишларига кўра итлар бўри ёки шоқолларининг авлоди саналади. Аммо уларнинг қандай ва қай тарзда хонакилаштирилганлиги ҳақида аниқ бир маълумот йўқ. Шунга қарамай, итлар минг йиллар давомида инсонларга ўз садоқатини намойиш этиб келаётганлиги ва жамиятда тутган ўрни жуда муҳим…

Бугунги кунда ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ҳам бу жониворларнинг хизматидан кенг миқёсда эътибор қаратилади. Чегарачилар, божхона ва ички ишлар ходимлари, қоровул қўшинлари, ҳарбий хизматчилар ва бошқа соҳа вакиллари юртимиз даҳлсизлигини таъминлаш йўлида итлар хизматидан самарали фойдаланиб келишмоқда. Бундан ташқари бир нечта хизматчи итлар «АрМИ – 2019» халқаро мусобақасининг «Содиқ дўст» баҳсларида ўз эгалари билан юқори натижани қайд этиб, армия ўйинлари тарихида янги саҳифаларни очиб берди. Уларнинг натижалари космосга учирилган «Белка» ва «Стрелка» лақабли итларникидек бўлмасада, «Клиф» ҳамда «Драго» кўрсатган қаҳрамонликлар ҳар қандай мақтовга сазавордир.

«Клиф»нинг «АрМИ» ўйинлари доирасида 2019-2020 йиллар ўрнатган рекорди ва «Драго»нинг энг яхши натижалардан бирини қайд этганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳақида капитан Шодиёр Шомуродов, кичик сержант Содиқ Дилмуродовнинг таассуротлари билан ўртоқлашдик. Содиқнинг айтишича, «Клиф» армия ўйинларининг эстафетали биатлон баҳсларида белгиланган 1,6 км масофани 5 дақиқа, 59 сонияда босиб ўтиб, мусобақа рекордини янгилади. «Драго» эса 3,2 км биатлон баҳсларида энг яхши натижалардан бирини қайд этганди.

2020 йил Ўзбекистон терма жамоаси халқаро армия ўйинларининг «Содиқ дўст» йўналишида навбатдаги муваффақиятга эришди. Ҳарбий хизматчиларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритшдан ташқари 3-даражали сержант Улуғбек Нуриллаев «Моҳир ўқчи» номинациясида 144 очко билан мусобақа рекордини янгилади. 133 очкодан иборат аввалги рекорд 2019 йилда капитан Шодиёр Шомуродов томонидан қайд этилгани ҳам диққатга сазавор. Бундан ташқари жамоа шарафини бир неча йилдан буён муносиб ҳимоя этиб келаётган кичик сержант Содиқ Дилмуродов танловдан ташқари ўтказилган «Қаҳрамонлар пойгаси»да рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

«АрМИ – 2021» баҳслари бу йил Африка қитъасининг Жазоир давлатида бўлиб ўтади. Мудофаа вазирлигига қарашли «Жалолиддин Мангуберди» номидаги ҳарбий-техник спорт базасида мусобақага қизғин тайёргарлик жараёни кетмоқда. Кичик сержант Жавлон Низомов ва 3-даражали сержант Шокир Жўраев мураббийлиги остида Улуғбек Нуриллаев, Содиқ Дилмуродов, Элшод Абдуллаев сингари  юрт ўғлонлари «Клиф», «Драго», «Бояр» лақабли хизматчи итлар билан 1,6 ва 3,2 км масофаларда биатлон (отиш машқлари билан биргаликда), 300 метрли тўсиқлардан ўтиш, ҳимоя хизмати каби йўналишлари бўйича деярли ҳар куни тинимсиз машқ олиб бормоқда. Машқлар жараёнида хизматчи итлар бажараётган машқларини кўриб ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Тўғри, айримлар учун бу хизматчи итлар ўз эгалари билан одатий профессионал вазифасини намойиш қилаётгандай кўринар. Аммо Африка қитъасининг мураккаб иқлим шароитида чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя этиш масъулиятини ҳис қилган йигитларимиз ҳозирданоқ жиддий тайёргарликни ана шу тарзда бошлаб юборишди.

Айнан «АрМИ – 2019» мусобақаларида эришилган натижалардан кейин кейин Шодиёр Шомуродов ва Содиқ Дилмуродовнинг муддатдан олдин ҳарбий унвонлари оширилди. «Клиф», «Драго» ҳамда «Бояр» лақабли хизматчи итлар ўз эгаларининг содиқ дўсти сифатида юртимиз осойишталигини қўриқлашда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келишмоқда.

Асрор РЎЗИБОЕВ.

«Vatanparvar» газетаси. 10-сон. 2021 йил, 12 март.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!