“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МЕТРОЛОГ – ХАВФСИЗИЛИК ПОСБОНИ!

Қўл соатимиз нотўғри ишлаши натижасида вақт ёки сана кўрсаткичидаги ноаниқликка дарҳол эътибор қаратамиз. Лекин инсон ҳаётида вақт ва санадан ҳам муҳимроқ бўлган шундай кўрсаткичлар борки, уларни метрологлар тушунчаси билан тушинтирилгандагина англаб етамиз.

Метрология – ўлчашлар, уларнинг бирлигини таъминлаш усуллари, воситалари ҳамда керакли аниқликка эришиш йўллари ҳақидаги фандир. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, инсоният томонидан яратилган маълум бир объектнинг фойдаланилиш жараёнида қабул қилинадиган меъёрларини мувофиқлаштирувчи, стандартлаштирувчи фан ҳисобланади.

Олимлар метрология тарихини қадимги антик даврларга бориб тақалиши ҳақида маълумот келтиришади ва қўл узунлиги ўлчамини инсоният томонидан илк қабул метрологик стандарт дея баҳоланади. Ишлаб чиқариш ривожланиб бориши натижасида метрология фани ва метрологлар хизматига бўлган ҳам талаб ортиб борди. 1875 йилда халқаро метрик конвенция имзонланди. 1960 йилда эса бутун дунё бўйлаб қўлланиладиган халқаро бирликлар тизими (SI) ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. 1999 йилдан буён 20 май куни бутун дунёда халқаро метрология куни сиқатида кенг нишонланиб келинади…

Ҳар бир соҳада бўлганидек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида ҳам стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш бўлими фаолият олиб боради. Яқинда ушбу бўлим ҳарбий хизматчилари ва ходимлари замонавий талаблар асосида қуриб фойдаланишга топширилган янги бинода иш бошлади. Халқаро метрология кунини нишонлашга тайёргарлик кўраётган касб эгалари ҳамда уларнинг меҳнат фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш бўлими жойлашган ҳарбий қисмга ижодий сафар уюштирдик.

Янги бинонинг иккинчи қаватга кўтарилар эканмиз лаборатория хоналарида тартиб билан жойлаштирилган юздан ортиқ асбоб-ускуналарни кўриб ҳарбий метрологларнинг нима вазифа бажаришини дастлаб тушунмадик. Одатда журналист ёки мухбир бирор бир соҳа ёки унга алоқадор тадбирни ёритиш, учун борганда ўқувчи ва томошабин эшитмаган янгиликларни етказишга ҳаракат қилади. Ҳарбий метрология ҳақида кенгроқ тушунчага эга бўлиш мақсадида мудофаа вазирлиги стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш бўлими бошлиғи подполковник Денис Мандрикка юзландик:

– Биласизми, инсоният томонидан фойдаланилаётган барча соҳани метрология фанисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу жумладан ҳарбий соҳани ҳам. Мудофаа вазирлигимиз фойдаланаётган қурол-аслаҳа, ҳарбий техника, асбоб-ускуналарнинг белгиланган стандартлар асосида ишлашини таъминлаш учун бўлимимизда фаолият олиб бораётган ўнлаб мутахассислар туну-кун меҳнат қилишади. Йил давомида барча округлардаги ҳарбий қисмларга бориб, қурол-аслаҳа, ҳарбий техника, асбоб-ускуналарнинг яроқлилик даражасини аниқлаб берамиз. Мисол учун, минг кишилик шахсий таркибга эга ҳарбий қисмнинг озиқ-овқат таъминотидаги тарози меъёрдагидан 1 грамм фарқ билан ишлаяпти. Бунинг натижасида бир кунда 1 кило, бир йилда эса 365 килограмм шакар, сарёғ, гўшт каби маҳсулотлар кўп ёки кам ишлатилишига сабабчи бўлади. Ёки бўлмаса қон босимини ўлчашда ишлатиладиган фондескоп, иссиқлик тизимини таъминловчи қозонлар, электр қурилмалари, ёқилғи агрегатлари, барча ҳарбий техникаларга ўрнатилган ўлчагичлар ва ҳаказо. Уларнинг носоз ҳолатда ишлаши қанчалик зиён келтиришини англаб етиш қийин эмас. Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш бўлимимиз мутахассислари махсус лаборатория асбоблари ёрдамида ҳар қандай камчиликни ўз вақтида бартараф этишга масъулият билан ёндашади…

Иссиқтехник ва механик ўлчашлар бўлимида иш олиб бораётган катта сержант Отабек Ҳамдамов бўлим бошлиғининг назарий тушинтиришларини амалда кўрсатиб берди. Ҳарбий метролог қон босимини ўлчашда фойдаланиладиган фондескоп ва ёқилғи агрегатлари ўчлагичлари соз ва носоз ҳолатда қандай ишлашини  кўрсатар экан, бу ускуналарнинг инсон соғлиги ҳамда техника хавфсизлигида қанчалик муҳим аҳамият касб этишини биринчи бор англаб етдик. Қон босимини ўлчаган шифокор фондескопдаги носозлик билан қандай даволаш кўрсатмаси ёзиб беришини изоҳлашнинг ҳожати бўлмаса керак. Атмосфера босимини кўрсатувчи стрелканинг 0,001га адашиши ва даволаш кўрсатмаси билан бемор аҳволини қанчалик хунук оқибатга олиб келади? Техникаларнинг ёқилғи ёки мой сарфлашидачи? Айнан мана шуларнинг ўзи метролог мутахассисларнинг қанчалик масъулиятли касб соҳиби эканлигидан далолат беради.

Қуролли кучлар хизматчиси Отабек Эгамбердиев масъул бўлган радиотехник ўлчашлар бўлимида ҳам худди юқоридаги ҳолатларни кузатдик. Майор Амиран Амиридзе ҳамда майор Санжар Абдураззақовга бириктирилган электротехник, электроиссиқлик механикаси ва ўлчаш воситаларини таъмирлаш бўлимларида ҳам бир-биридан мураккаб асбоб-ускуналарнинг ишлаш фаолияти билан яқиндан танишдик. Радиотехник ўлчаш, электротехник ва электроиссиқлик механикаси, шунингдек, ўлчаш воситаларини таъмирлаш атамалари бугунги кун фан-техникасида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини барчамиз яхши тушунамиз. Айнан мазкур бўлимлар мутахассислари мудофаа вазирлиги тизимида ушбу соҳаларга оид асбоб-ускуналарнинг халқаро ҳамда миллий миқёсда стандартлаштирилган аниқлик остида ишлашини таъминлашдек масъулиятли вазифани бажариб келмоқда.

20 май кунини халқаро метрология куни сифатида нишонлаган ҳарбий хизматчиларимиз ва соҳа мутахассисларини касб байрами билан табриклаймиз.

Асрор РЎЗИБОЕВ.

«Vatanparvar» газетаси. 20-сон. 2021 йил, 21 май.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!