“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МАФКУРАВИЙ-ҒОЯВИЙ КУРАШДА ЭНГ ИШОНЧЛИ ҚУРОЛ

Глобаллашув жараёни – бутунжаҳон иқтисодиётига, сиёсатига, маданиятига, динга бўлган қарашларнинг ўзгаришига, яъни интеграциялашув (ижтимоий муносабатларнинг бир-бирига яқинлашуви) ва унификациялашув (ягона тизим ва шаклга келтириш)га олиб келувчи омилдир. Ер юзида йилдан-йилга инсоният учун муҳим саналган ресурсларга бўлган талабнинг ортиб бориши натижасида ўз-ўзидан ижтимоий муносабатларнинг бир-бирига яқинлашуви ва ягона тизим ва шаклга келтиришнинг мафкуравий-ғоявий кўринишлари авж олмоқда. XX аср охирлари XXI аср бошларида урушнинг мафкуравий-ғоявий, ахборот, иқтисодий, гибрид каби кўринишлари пайдо бўлди. Улар орасида мафкуравий-ғоявий энг хавфлиси ҳисобланиб, маълум бир миллат ёки халқнинг йўқ бўлиб кетишини таъминлаши мумкин.

Бугунги кунда кўпгина ғарб ва Европа давлатларида қайсидир миллатнинг миллий қадриятларини йўқ қилиш орқали ҳукмронликни қўлга олиш, инсоният учун муҳим саналган ресурсларга эгалик қилиш сиёсатига очиқчасига амал қилишмоқда. Оилавий қадриятларни либерализациялаштириш, оилада ота-она ҳуқуқлари чекланиши, фарзанд тарбиясидаги камчиликлар баҳонасида боланинг давлат ёки бошқа инсонлар қарамоғига олиниши каби ҳолатлар энг хавфли мафкуравий-ғоявий таҳдидлардир. Айрим ғарб назариячилари оилалар даврлар ва жамиятдаги ўзгаришлар туфайли эволюция жараёнини бошдан ўтказади, деб ҳисоблайдилар. Аслида ҳам шундайми? Менимча, бу ҳолат унификациялашувга олиб келувчи жараён, иммиграция ва либерализациялаштиришнинг маҳсулидир.

Миллий менталитетнинг ўрни

Туркий халқлар ҳам бир пайтлар иммиграция жараёнида фаол бўлган. Аммо туркий халқларнинг бошқа халқларга қараганда ажралиб турадиган бир жиҳати бор – миллий менталитет. Миллий менталитет мафкуравий-ғоявий таҳдиднинг асосий қуроли ҳисобланган интеграциялаштириш, либерализациялаштириш ва унификациялаштириш жараёнларида миллий қадриятларни сақлаб қолувчи энг муҳим воситадир. Мусулмон оилаларда, айниқса туркий халқлар орасида оилавий қадриятларга ҳурмат билан қаралади. Жумладан Ўзбекистонда ҳам. Биз учун оила –муқаддас! Чунки Ватан остонадан, яъни оиладан бошланади.

Миллий менталитетимизда бошқа халқларда учрамайдиган инсонийлик хислатлари жуда кўп. Айниқса оилавий муносабатларда. Фарзанд тарбияси йўлидаги ота-онанинг мажбуриятлари, ота-она олдида эса фарзандларнинг бурчи. Қисқа қилиб айтганда, оилапарвар, болажон халқмиз. Ота-оналаримизни ёки фарзандларимизни қариялар ва болалар уйига топшириб қўймаймиз (айрим ҳолатларни ҳисобга олмаганда). Қонун томонидан ҳимояланган Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ҳам миллий менталитетимизга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган. Бу жиҳатларимизга кўпчилик ҳавас қилади, биздан ўрнак олишга интилади. Шунингдек, менталитетимиздаги ор-номус, андиша, оила ва Ватанга бўлган садоқат каби такрорланмас хислатларимиз, халқимизнинг бирдамлиги ҳам борки, мафкуравий-ғоявий таҳдидларга қарши бемалол кураша оламиз.

Маънавий бойлик – мустаҳкам ҳимоя воситаси

Қанчалик баландпарвоз сўзлар бўлмасин, аждодларимиз бизга бой маданий ва маънавий мерос қолдирган. Буюк аждодларимиз мероси, асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадриятларимиз ҳар қандай мафкуравий-ғоявий урушда мустаҳкам ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади. Тарихдан маълумки, турли даврлар мобайнида халқимиз жуда кўп босқинларни бошдан кечириб, босқинчилар томонидан маънавий тазйиқларга учраган. Аммо Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Кошғарий, Ал Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг асарлари, шахсияти ташқи кучларнинг тазйиқига қарши қурол бўлишдан ташқари, миллатимизнинг, халқимизнинг жаҳон цивилизациясида ўз ўрнига эга бўлишини таъминлади.

Лекин шу ўринда муҳим бир жиҳатни ҳам унутмаслигимиз лозим. Биз нафақат аждодлар қолдирган меросни, балки, қадриятларимиз тарихини бугунги авлодга ўргатишдан тўхтамаслигимиз керак. Бунинг учун қадриятларимизни акс эттирувчи бадиий асарлар, кўрсатувлар, тарихий шахслар ҳақидаги фильмлар яратиш ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Халқимизда яхши  мақол бор: «Ўзингни маҳкам тут, қўшнингни ўғри тутма». Мазкур мақолга амал қилган ҳолда аждодлар қолдирган мерос ва қадриятларимиз ҳар қандай мафкуравий-ғоявий урушда мустаҳкам ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади, дея хотиржамликка берилишимиз мутлақо нотўғри. Телеканалларимизда намойиш этилаётган айрим қаланғи-қасанғи сериаллардан, тўртта-бешта тажрибасиз бошловчи олиб борувчи ўта бачкана кўрсатувлардан воз кечиш фурсати келди. Уларда илгари сурилаётган ғоялар ёшларни маънавий бузишдан бошқа нарсага ярамайди. Шунинг учун бадиий асарлар, кўрсатувлар, тарихий шахслар ҳақидаги фильмлар яратиш борасида бошқаларга ўрнак бўладиган даражада ўнлаб тарихий персонажларимизни катта саҳнага олиб чиқиш тўғрисида ҳали ҳам жиддий бош қотирмаяпмиз.

Маънавий бойлик – миллат ёки халқни ташқи кучлардан ҳимоя этувчи энг ишончли воситадир. Маънавий қашшоқлик айрим миллат ва халқларнинг бутунлай йўқолиб кетишини таъминловчи омил бўлиб хизмат қилган.

Яхши ва ёмон ўртасидаги мувозанат

Яхшилик ва ёмонлик. Олам яралибдики, бу икки қарама-қаршилик ўртасида доимо аёвсиз кураш давом этиб келади. Биз яшаб турган маконда ҳеч қачон ёмонлик яхшиликка нисбатан устунликка эришмаган. Тўғри, маълум бир муддат давом этган даврий урушлар, инсоният томонидан амалга оширилган ёвузликлар тарихдан бизга маълум. Аммо турли халқ ва элатлар ҳамиша фаровон ҳаёт кечириш учун ёвузликка қарши курашиб келган. Ана шу курашда тил, миллий қадриятлар, маънавий бойлик яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги мувозанатни сақлаб турувчи восита сифатида энг асосий қурол сифатида қўлланилиб келинган?

Юқорида миллий менталитетимизнинг бошқа халқларга қараганда ажралиб турадиган айрим инсонийлик жиҳатларга тўхталиб ўтдик. Бундай жиҳатлар шу қадар кўпки, уларнинг ҳар бирига мисоллар келтиришнинг ўзи камлик қилади. Улар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ва асрлар давомида бошқаларга ўрнак бўлиб келмоқда. Биргина мисол. Заҳириддин Муҳаммад Бобирнинг невараси Жалолиддин Муҳаммад Акбаршоҳнинг давлат сиёсатини олиб боришдаги ислоҳотларини эсласак. Акбаршоҳ ўз давлати қудратини оширишда инсонийлик ғояларига асосланиб, барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши йўлида қатор ишларни амалга оширади…

Худди шундай инсонийлик ғояси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қонун билан мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикасинин давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 4-модда.

Кўриниб турибдики, тил, миллий қадриятлар, маънавий бойлик асрлар давомида  яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги мувозанатни сақлаб турувчи восита бўлиб келмоқда. Аждодларимиз эса бошқа халқ ва миллатлар олдида ўзлигимизни ифода этувчи ана шу бебаҳо бойликларимизни келгуси авлодларга етказиш учун ҳаттоки тошларга ўйиб ёзиш усулларидан фойдаланган. Глобаллашув жараёни – бутунжаҳон иқтисодиётига, сиёсатига, маданиятига, динга бўлган қарашларнинг ўзгаришига қанчалик таъсир кўрсатмасин даврлар синовида тобланган қадриятларимиз, маънавиятимиз ва тилимиз халқ сифатида, миллат сифатида шаклланиб боришимизни таъминлаб бораверади.

Камолиддин АСРОР

«Ўзбекистон армияси» журнали. 2020 йил, декабрь сони.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!