“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

АВЛОДЛАРГА НАЪМУНАДИР МАРДЛИК, ЖАСОРАТ

Парад либосидаги фахрий ҳарбий хизматчилар, уларнинг кўкракларидаги ярақлаб турган орден ва медаллар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтириши аниқ. Айниқса ҳарбий либос кийганда ўзини ҳақиқий ватан ҳимоячиларидек ҳис қилиб, кўзлари қувончдан чақнайдиган болажонларни айтмасизми?…

Мудофаа вазирилиги томонидан фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирокида ўтказилиб келинаётган «Уч авлод учрашуви» келажак авлод вакилларини мардлик ва жасорат, она ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши амалда исботини топмоқда. Пойтахтимиздаги 89-умумтаълим ўрта мактабда «Авлодларга наъмунадир мардлик, жасорат» деб номланган ана шундай ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов, 89-умумтаълим ўрта бошланғич синф ўқувчилари ва ҳарбий спорт кичик академияси ёшларнинг бир-биридан ажойиб чиқишлари ҳамда ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирнинг байрам тантанаси шукуҳида ўтишини таъминлади.

89-умумтаълим ўрта мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари мустақиллик йилларида юртимиз осойишталиги учун ўз жонини қурбон қилган қаҳрамонларнинг суратларини кўтарган ҳолда «Аскар» қўшиғини ижро этиши йиғилганлар томонидан олқишланди. Қўшиқни дўстлари билан биргаликда куйлаган болажонлардан бири афғон уруши қатнашчиси, истеъфодаги полковник Рустам Пўлатов ёнига келиб, унинг кўкрагидаги қатор орден ва медаллари зўр қизиқиш билан томоша қилганда ҳар икки авлод вакилининг кўнглидан нималар кечди экан? Уларнинг кўнгил кечинмалари ҳақида ҳар қандай тахминларга бормайлик, полковник Рустам Пўлатов ҳам, ўзини Серёжа деб таништирган бола ҳам бугунги тинч-осуда ҳаётимиз қанчалик заҳмат ва фидо қилинган жон эвазига қўлга киритилганини яхши билишади…

Тошкент шаҳар ва Яккасарой тумани Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкиллаштирилган тадбир якунида олти нафар собиқ ҳарбий хизматчига «Мудофаа вазирлиги фахрийси» кўкрак нишони топширилди. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхатида «Ватанпарвар» таҳририятида фаолият кўрсатган ва ҳозирги пайтда ҳам ижод қилиб келаётган полковник Алижон Сафаров ҳамда майор Расулжон Жумаевнинг борлиги эътиборга лойиқ. Биз барча тақдирланганларни таҳририятимиз ижодий жамоаси номидан табриклаб қоламиз.

Асрор РЎЗИБОЕВ.

«Vatanparvar» газетаси. 7-сон. 2021 йил, 19 февраль.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!