“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

БУНЁДКОРЛИК ВА ШЕЪРЛАРДА АКС ЭТГАН ВАТАН!

 

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари Жиззах шаҳрининг Олмачи маҳалласида жойлашган ҳарбий шаҳарчага ташриф буюриб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шу шаҳарчада жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида ташкиллаштирилган мажмуавий тадбирларда иштирок этишди.

Жамоатчилик кенгаши делегацияси ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан байрамона тарзда кутиб олинди. Шундан сўнг ҳарбий қисм командири меҳмонларни ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган ётоқхона, кутубхона, спорт зали ва спорт мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган стадион, ўқув  хоналари ва ошхонада яратилган шароитлар билан яқиндан таништирди.

Шу куни замонавий ҳарбий шаҳарчага таклиф этилган Жиззах шаҳридаги Темурийлар издошлари нодавлат таълим муассасаси тарбияланувчилари ва бошқа таълим муассасалари ёшлари ҳам ўзига хос унутилмас таассуротларга эга бўлишди. Улар Ватан ҳимоясига бел боғлаган акаларидан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан фойдаланиш борасида зарур маълумотларга эга бўлдилар.

Жамоатчилик кенгаши аъзолари ташриф давомида «Беш ташаббус», «Уч авлод учрашуви» каби мажмуавий тадбирлар, «Тадбиркор аёл» ва «Ҳунармандлар» уюшмаси Жиззах вилояти бўлими томонидан ташкил этилган кўргазмали намойишда иштирок этиб, ҳарбий қисмда ташкил этилган бадиий, тасвирий санъат, спорт тўгараклари ҳамда бошқа турли ўқув марказларида ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Замонавий бунёдкорлик намунаси бўлган ҳарбий қисмнинг муҳташам мажлислар залида уюштирилган дастур ташрифнинг энг ҳаяжонли воқеаларидан бири бўлди, десак адашмаймиз. Мажлислар залида йиғилганлар болажонлар томонидан тайёрланган байрамона концерт дастури, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда унинг Жиззах вилояти бўлими аъзолари иштирокидаги «Адиблар билан учрашув» ва «Энг яхши ҳарбий китобхон оила» кўрик-танловининг гарнизон босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими каби бир-биридан мазмунли лаҳзаларнинг гувоҳи бўлишди. Айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ботир Эргашев ҳамда «Мард ўғлон» мукофоти совриндори, жиззахлик ёш ижодкор Сайфиддин Окановнинг Ватан недир – сўзим шу, Туғилмоқ шу, ўлим шу. Менинг умр йўлим шу. Тупроқдан тупроққача, жумлалари ўрин олган она юртимизни мадҳ этувчи ватанпарварлик руҳига йўғрилган шеърлари барчанинг олқишига сазовор бўлди.

– Бугун ушбу ҳарбий шаҳарчада кўрганларимдан соҳибқирон Амир Темурнинг «Агар бизнинг қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, қурган биноларимизга боқинг» деган сўзлари ёдимга тушди. Шундоққина тоғ ён бағрида дам олиш масканига монанд қурилган бу жойни бир қарашда ҳарбий шаҳарча деб ўйламайсиз. Ётоқхона, кутубхона, турли спорт мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган стадион, ўқув хоналари, спорт зали, ошхона – буларнинг барчаси халқимизнинг такрорланмас бунёдкорлигидан далолат берувчи ўзига хос мажмуалардир. Юрт гўзаллигини акс эттирувчи бундай бунёдкорлик ишлари ўзим сингари ҳар бир ижодкорга илҳом бағишловчи омил бўлиб хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ботир Эргашев.

Тадбир якунида «Энг яхши ҳарбий китобхон оила» танлови ғолибларига, ҳарбий қисм кутубхонасига ҳамда «Темурбеклар издошлари» ўқувчиларига Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан бадиий ва илмий адабиётлар совға қилинди. Юртимизда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси «Кексалар ҳафталиги» сифатида нишонланади. Ушбу сана муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган нафақадаги ҳарбий хизматчилар, нуроний отахонлар ва онахонлар ҳарбий қисмга таклиф этилиб, уларга Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси томонидан “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шунингдек, ҳарбий қисм моддий-ўқув базасини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан телевизор совға қилинди.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам Жиззахдаги ҳарбий шаҳарчани бугунги кунда миллий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси сифатида баҳолаш мумкин. Шаҳарчанинг жамиятдаги мавқеи қанчалик юқори эканлигини, вилоят кўркига кўрк қўшганлиги айни ҳақиқат. Халқимизнинг бунёдкорлигида, шоирларимизнинг шеърларида тилга олинган Ватан юртимизда қад ростлаётган ана шундай муҳташам биноларда ўз аксини топаверсин.

Асрор РЎЗИБОЕВ.

«Vatanparvar» газетаси. 41-сон. 2020 йил, 9 октябрь.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!