“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЧИДА ЖАНГЧИ, ҲАЛИ ЯШАЙСАН!

9 май Хотира ва қадрлаш куни арафасида уруш фахрийлари хонадонида меҳмон бўлар эканмиз, ҳар сафар бир-бирига ўхшамаган тақдирлар ва қаҳрамонликлар ҳақидаги хотираларни тинглаймиз. Кимдир танкчи, яна кимдир учувчи ёки разведкачи, артиллериячи, пиёда қўшин жангчилари ва ҳаказо…

Мудофаа вазирлиги ва Мирзо Улуғбек тумани мудофаа ишлари бўлими офицерлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов, шифокорлар, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар ҳамроҳлигида бу сафар иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида ярадорлар жонини сақлаб қолишда жонбозлик кўрсатган Владимир Чмыхун хонадонида меҳмон бўлдик. Мирзо Улуғбек тумани «Алпомиш» маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 99 ёшли истеъфодаги тиббий хизмат полковниги Владимир Чмыхун бу ташрифдан жуда мамнун бўлди. Уруш фахрийси ўзига аталган совғаларни қабул қилиб олар-олмас бирин-кетин фронтдаги хотиралари ҳақида гапириб берди.

– 1922 йил 10 июлда Украинанинг Одесса вилояти, Добровеличковск райони, Новолутково қишлоғида туғилганман. Мактабни тугатишим билан 1941 йилнинг 7 июлида ҳарбий хизматга чақирилиб, тиббиёт фельдшери бўйича тайёргарлик курсида ўқидим. Тайёргарлик курсидан кейин 43-армиянинг 358-ўқчи дивизияси 1191-ўқчи полки таркибидаги 22-алоҳида санитар ротаси таркибида фронтга жўнатилдим. 43-армия Ғарбий, Калинин, 1-Болтиқбўйи, 2 ва 3-Белоруссия фронтида Смоленск ва Москва ҳимоясидан кейин фашист босқинчиларига қарши ҳужум жангларини бошлаб юбордик. Белоруссия ва Болтиқбўйи шаҳарларини озод қилиб, Шарқий Пруссияга кириб бордик. Ғалабани Кенигсбергда кутиб олдим. 22-алоҳида санитар ротамиз тиббий ходимлари уруш майдонларида қанча-қанча жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Яраланганларни жанг майдонидан олиб чиқиш давомида «Чида жангчи, ҳали яшайсан» деган сўзлар билан тинчлантиришга, ҳаётга умид уйғотишга ҳаракат қилардик. Бу ибора мен учун ҳам, ротамизнинг бошқа тиббиёт ходимлари учун ёд бўлиб кетган сўзлар эди. Афсуски, уруш қурбонларсиз бўлмайди. Не-не азамат, навқирон йигитлар қўлимизда жон берган…

– Кенигсбергни фашистлардан озод қилганимиздан кейин Узоқ Шарқ фронтида япон урушида қатнашдим. Кўрсатган хизматларим учун «II даражали Ватан уруши» ва икки марта «Қизил Юлдуз» орденлари, шунингдек, бир қанча медаллар билан тақдирландим. Урушдан кейин ҳарбий хизматдаги фаолиятимни давом эттирдим. Тошкентга келиб ҳарбий госпиталь лабораториясида 1975 йилгача ишладим.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов томонидан ижро этилган «Катюша», «Темная ночь», «День Победы» қўшиқлари 99 ёшли уруш фахрийси учун ўзига хос байрам совғаси бўлди. Гуруҳ гуруҳидаги шифокор отахоннинг соғлигини текшириб, керакли тавсияларни берди.

Асрор РЎЗИБОЕВ.

«Vatanparvar» газетаси. 16-сон. 2021 йил, 23 апрель.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!