“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЎТМИШДА ҚОЛГАН МАЪЮС БОЛАЛИК

Туну-кун қўрқувдан алаҳлаб уйғоқ,

Ўлимга тик боқдинг маъсум ва мудроқ.

Нажоткор ҳаётдан ўтдингми шундоқ,

Ташналик, очликка маҳкум болалик.

 

Танагни ёқдилар жирканч ёвузлар,

Инсон боласимас – улар тўнғизлар.

Гўдак жонинг уволи тутган малъунлар,

Қисматинг аянчли, маъшум болалик.

 

О, бунча бешафқат тақдир битилган,

Урушнинг беомон йўли ўтилган.

Қанчаси бенишон, гоҳ унутилган,

Симтўсиқ ортида ўтган болалик.

 

Нина Мартинова, Иван Гришков. Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида истиқомат қилиб келаётган 84 ва 88 ёшли бу инсонлар учун болаликнинг шўх-шодон, бахтли кунлари бегона. Инсоният бошига кечириб бўлмас мусибатларни солган фашист босқинчилари уларни болалик бахтидек мосуво этишдек оғир жиноятга қўл уришган. Нина Мартинова ва Иван Гришковга ўхшаган тақдирлар минглаб, юз минглаб, ҳатто миллионлаб десак адашмаймиз.

Орадан қарийб бир аср вақт ўтибдики, инсоният фашист босқинчилари томонидан амалга оширилган қабиҳлик ва ёвузликни унута олмайди. Мамлакатимизда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, Ленинград қамали ва концентрацион лагерлар тутқинлигида бўлган инсонларга ҳамиша юксак ҳурмат-эҳтиром, эътибор кўрсатилиб келинади. Буюк ғалабанинг 76 йиллигини муносабати билан «Ғалаба боғи» ходимлари ва мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов ҳамроҳлигида Нина Мартинова ҳамда Иван Гришков хонадонида меҳмон бўлдилар. Ҳар икки фахрий меҳмонларга бошдан кечирган қийнчиликларни ҳикоя қилиб берар экан, кўрсатилаётган эътибор учун чин дилдан миннатдорчилик билдирдилар. Меҳмонларнинг ташрифидан боши кўкка етган онахон ва отахон Марат Ҳакимов билан биргаликда «Катюша», «Темная ночь», «День Победы» қўшиқларини кўтаринки кайфиятда ижро этдилар.

– Ленинград қамалининг азоб-уқубати, даҳшатини бошимдан кечирганман, – деб ҳикоя қилади Нина Мартинова. Немислар шаҳарни бомбардимон қилган пайтлар икки марта оёғимдан яраланганман. Уруш туфайли ота-онамдан айрилдим. Отам Федосей Скрипников фронтдан яраланиб қайтиб, Иванова шаҳридаги госпиталда вафот этган. Онам Марфа Скрипникова эса қамалда опам ва менинг ҳаётимни сақлаб қолиш учун очлик азобидан кўз юмган. Ота-онамдан эрта айрилганимиздан кейин бизни аввалига Саратов вилоятининг Богучанск районига, кейин Нижний Тагил шаҳридаги етимлар уйига жойлаштиришди. 1952 йил Груня аммамнинг таклифига кўра Тошкентга кўчиб келганман. Ўшандан буён Тошкентни икки она юрти сифатида ардоқлаб, яшаб келмоқдаман…

1933 йилда Ростов вилоятининг Темирюк шаҳри, Курчанск станицасида туғилган Иван Гришков болаликнинг тўрт йилини немис концлагерларида ўтказди. Немис фашист босқинчилари Курчанскдаги ўнга яқин оилани икки ой давомида ташландиқ бинода очлик ва ташналик азобида қийнаб, уларни Минскдаги концлагерга жўнатган. Босқинчилар томонидан 8 ёшли Иван, онаси ва беш яшар сингилиси билан тутқунликка маҳкум этилди. Фашистлар кейинчалик Иванни Минскдан Кеннисбергдаги концлагерга ўтказган. 1941 йил фронтга кетган отаси Павел Гришков Жанубий фронт таркибидаги 5-зарбдор армиянинг 34-гвардиячи ўқчи дивизия, 105-гвардиячи полки, 1-Белоруссия фронтида эса 79-гвардиячи ўқчи дивизиянинг 83-гвардиячи алоҳида танкка қарши қирувчи дивизионида жанг қилган. Ғалабани Германияда кутиб олган Павел Гришков «Жанговар хизматлари учун», «Жасорати учун» медаллари ва «III даражали шон-шуҳрат ордени» билан тақдирланган. Кеенисбергдаги концлагер тутқинлигидан озод этилган Иван Гришков 1962 йилдан буён Тошкентда истиқомат қилади.

Асрор РЎЗИБОЕВ.

«Vatanparvar» газетаси. 16-сон. 2021 йил, 23 апрель.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!