“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

БИР ЙИГИТГА ҚИРҚ ҲУНАР ОЗ

Миллий армиямизга кадрлар тайёрлаб бериш соҳасида фаолият олиб бораётган олий таълим муассасалари орасида Қуролли Кучлар академиясининг ўз ўрни бор. Таълим тизимини йилдан йилга такомиллаштириб бораётган ушбу билим маскани бўлғуси офицерлар тайёрлашда турли истиқболли дастурларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.

Қуролли Кучлар академиясида АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Туркия, Хитой каби давлатлари синфлари ташкил этилиб, курсантларга хорижий тиллар чуқур ўргатилаётгани, Ватан ҳимоячиси деган шарафли касбни танлаган ўғлонларнинг жисмоний ва интектуал салоҳиятини ошириш учун замонавий ҳарбий техникаларни бошқариш тренажёр хоналари, қояга чиқиш ҳадисини ўргатувчи скаладром шулар жумласидандир. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилардан иборат «Илмий взвод» ташкил этилганини ҳам юқоридаги ютуқлар қаторига киритиш мумкин. Қисқа қилиб айтганда, академия курсантлари «Бир йигитга қирқ ҳунар оз» мақолга амал қилган ҳолда офицерлик дипломидан ташқари турли мутахассисликлар бўйича сертификатларга ҳам эга бўлишади.

Мана икки йилдирки академиянинг умумқўшин факультети курсантлари ўқув дастурига киритилган тоғ тайёргарлиги мутахассислиги бўйича ҳам билим ва кўникмаларини ошириб бормоқдалар. Ўтган йили фойдаланишга топширилган «Чимён» тоғ тайёргарлиги маркази курсантларнинг ушбу мутахассисликни эгаллашида қўл келмоқда. Марказга тоғ тайёргарлиги, яшовчанлик цикли бўйича амалий ҳамда назарий кўникмаларини оширишга келган 2-босқич курсантлари бир неча кун давомида машғулотларда иштирок этишди. Улар инструкторлар ёрдамида махсус мосламалар билан тик қояга чиқиш, тушиш, дара устига ўрнатилган арқонда ҳаракатланиш, тоғ шароитида жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш, баланд чўққили йўналишда узоқ масофани босиб ўтиш каби машқларни бажардилар.

– Кўриб турганингиздек, айрим курсантларимизга машқларни бажаришда тажриба камлик қиляпти, – дейди жанговар тайёргарлик кафедраси ўқитувчиси подполковник Зоҳид Шомуротов. – Аммо бутун цикл давомида инструкторларимиз уларга дастурдан ташқари қўшимча машғулотлар ўтиб, кўникмалар мустаҳкамланиб борилади. «Чимён» тоғ тайёргарлиги маркази курсантларимизни чидамли, ҳар қандай муҳитга мосланувчан, яшовчанлик қобилиятни ошириш қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Машғулотларда қатнашаётган йигитлар жанговар гуруҳларга бўлиниб, алпинизм спорти ускуналаридан фойдаланган ҳолда қорли йўналишни босиб ўтиш ҳадисини анча ўзлаштиришди. Ўқув дастуримизга тоғ тайёргарлиги ва турли муҳитда яшовчанлик қобилиятини ошириш машқларини киритишдан мақсад – келажакда Қуролли Кучлармизга универсал кадрларни етказиб бериш. Ўтказилган машғулотларда аъло натижаларга эришган курсантларга сертификатлар топширилади ва улар қўшимча мутахассисликка эга бўлишади.

2-босқич курсантлари бажараётган машқларни кузатар эканмиз, алпинистлик нақадар хатарли, диққат-эътибор талаб этадиган, шу билан бирга масъулиятли касб эканлигига яна бир марта гувоҳ бўлдик. Ана шундай хатар ва масъулиятни диққат-эътибор билан ҳис қила олган бўлғуси офицерлар келажакда ўз ишининг устаси сифатида юрт тинчлиги қўриқлашда қатъиятли, сергак кадрлар бўлиб етишади.

Асрор РЎЗИБОЕВ.

«Vatanparvar» газетаси. 16-сон. 2021 йил, 23 апрель.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!