“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“КУЛАЁТГАН” МЕВА

Писта инсонлар томонидан қадим замонлардан буён истеъмол қилиб келинади. Дунёда унинг жуда кўп турлари мавжуд. Писта айрим халқларда бойлик ва фаровонлик рамзи ҳам саналади.
Бугунги кунга келиб пистанинг фойдали хусусиятлари ҳақида кўплаб манбаалар яратилган. Табобат, қолаверса, замонавий тиббиёт томонидан писта соғлик ва гўзаллик учун муҳим неъмат эканлиги эътироф этилади.
Писта кўчати жуда секин ўсади, лекин 400-1000 йил умр кўради. Пистани Эронда кулаётган ёнғоқ (кхандан), Хитойда бахтли ёнғоқ деб, аталади. Писта асосан, минг йил илгари Эрондан олиб келинган. Сурия ва Грециядан Европага тарқалган.Ўзбекистонда табиий ҳолатда деяр­ли барча тоғ тизмаларида учрайди. Сурхондарё вилоятининг Боботоғ тизмасида эса асосий ўрмон ташкил этувчи ўсимлик ҳисобланади. Атмосфера ёғинлари 300 мм бўлган (ёки ёз ойлари жазирамасида умуман бўлмаган), шунингдек, ёз ва қиш ойларида ҳаво +46 даражадан –40 даражагача ўзгарган экстремал шароитда ўсиш-ривожланиш ва мева беришда унинг бодомдан бошқа рақиби йўқ ҳисоб.

Ўрта ер денгизи ҳавзаси мамлакатларида юқори даромад келтиргани туфайли писта дарахтини “яшил олтин” ёки “олтин дарахт” деб аташади. Айни пайтда ушбу мамлакатларда асосий маҳсулот ёввойи ҳолда ўсаётган чакалакзорлардан эмас, плантациялардан олинади. Мазкур мамлакатлар пистазорларни парваришлаш бўйича минг йиллик тарихга эга ва ушбу дарахт айниқса жанубий провинцияларда аҳоли турмуши ва фаровонлигининг асосий манбаи бўлиб келмоқда.

Ёввойи пистанинг мевалари жуда лаззатли ва майда бўлади. Селекционерлар саъй-ҳаракати билан пистанинг йирик мевали навлари яратилган. Меванинг ушбу фойдали хусусиятлари куртак пайванд орқали бошқа ўсимликларда мустаҳкамланишига эришилган ва уларнинг айримлари нав сифатида эътироф этилган. Шундай куртак пайванд усули билан пистани барча ерда етиштириш мумкин.Хандон пистанинг “Орзу”, “Зарка”, “Тоғ марвариди”, “Акбина”, “Фароба”, “Ғалаба”, “Бодоми”, “Ўргамчи”, “Ўзбекистон”, “Боботоғ”, “Олимпиада” навлари мавжуд.

Хандон писта ва ёнғоқлилар баргларида эфир мойи кўп. Шунинг учун иссиқ пайтда писта ва ёнғоқ дарахтининг тагига кўп ўтирмаслик керак. Акс ҳолда соғлигингизга зарар етказади.

Абу Али ибн Синонинг Тиб қонунлари асарида жигар, ошқозоннинг қатор касалликларини даволашда пистага ташқи яраларни битирувчи восита сифатида катта ўрин ажратилган. Писта сурункали ўпка касалликларини даволашда ҳам қўлланилади. Мағзи устидаги қатламдан тайёрланган настойкани ошқозон касалликларида истъмол қилишади. Минг йиллаб давомида Шарқда пистани одам вужудидан зарарли моддаларни чиқарувчи ажойиб даволаш воситаси деб ҳисоблашган. Суриялик табиблар ва форс табиблари ортиқча вазндан халос бўлиш ва сарвиқомат бўлиш истагидаги одамларга писта истеъмол қилишни буюришган. Бир кунда 10-15 дона писта истеъмол қилиш мумкин. Писта тансиқ мева ва унинг таркибида 40-60 фоиз ёғ, 15-20 фоиз оқсил, 3-4 фоиз қанд, микро ва макро элементлар, темир, мис, марганец, ёд, кальций, цинк, углеводлар, минерал тузлар, ҳид берувчи модда, дубил, каратин, А, Д.Е, С, В, РР ва бошқа дармондорилар мавжуд.

Асабларни тинчлантиради. Писта таркибидаги В6 витамини асаб тизимининг тўғри ишлашида муҳим роль ўйнайди. Ушбу витамини асаб толалари ўртасидаги импульсларнинг тўғри етказилишини таъминлайди, турли асаб бузилишлари, уйқусизлик, хотира билан боғлиқ муаммолар, ҳаттоки, руҳий ҳолат бузилишининг олдини олади.
Кўз учун фойдали. Писта лютеин ва зеаксантинга эга. Улар кўз гавҳари ва тўр пардасининг марказий қисмида тўпланиб, уларнинг ҳимоя қобиғини мустаҳкамлайди ва кўз касалликларидан ҳимоя қилади.
Иммун тизимини мустаҳкамлайди. Пистани мунтазам истеъмол қилиш организмнинг ташқи таъсирларга қаршилигини оширади. Унда иммун тизими фаолияти учун муҳим саналган фолий кислотаси, биотин, рибофлавин, ниацин витаминлари ҳамда фосфор, калий ва магний каби минераллар мавжуд.
Терини ёшартириш хусусиятига эга. Писта Е витаминининг бой манбаси саналади. Мазкур витамин эса соғлом тери учун энг муҳим витаминлардан бири ҳисобланади. У терининг қуриши ва қариликда пайдо бўлувчи доғларнинг олдини олади. Ёз ойларида уни кўпроқ истеъмол қилиш зарур.
Моддалар алмашинувини яхшилайди. Писта таркибида бошқа ёнғоқ турларида бўлгани каби кўп ёғ мавжуд. Уни истеъмол қилишда ҳам меъёрдан ошиш ярамайди. Озуқавий толалари ҳисобига писта озишда ёрдам беради. У организмни узоқ вақт давомида тўқ тутади. Тўйинмаган ёғ кислоталари эса моддалар алмашинувини тартибга солади ва организмда ортиқча ёғ тўпланишининг олдини олади.

Камқонликда фойдали. Пистанинг таркибида кўп миқдорда темир моддаси мавжуд. Шунинг учун уни камқонликда истеъмол қилиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, писта ёнғоғининг мағзи писта мойини олишда, қатор қандолатчилик ва пазандачилик маҳсулотларини (музқаймоқ, тортлар, колбаса маҳсулотлари) тайёрлашда қўлланилади. Шунингдек кўплаб шарқона ширинликлар, жумладан, шарбат ва рохат-луқум таркибига киради. Пистадан жуда ширин суррогат қаҳва тайёрланади.

Писта дарахтини комбинат дарахт деб аташади, чунки унинг барча қисмлари (ёғочи, барглари, мевалари, қатрони) одамлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилиши мумкин.Писта дарахти тери ошловчи моддалар, тиббий танин ва қатрон олиш манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ширанинг айрим турлари тушганда писта дарахти баргларида пайдо бўладиган бузғунчлар таркибида қуруқ ҳолатда 50% танин мавжуд бўлиб, у тиббиёт саноати учун юқори қийматли хом ашё ҳисобланади. Шунингдек писта дарахти баргларида танидлар ҳам бор (17,7-18%), улардан матоларни (жун газлама, ипак, калава) қора ва жигар рангнинг нозик турларига бўяш учун бўёқ моддалари олинади.

Писта қатрони, писта терпентини деб ҳам аталади, юксак техник хусусиятлари билан ажралиб туради, локларни тайёрлашда ишлатилиши мумкин ва самолётсозликда кенг қўлланилади.

Тоғ бағридаги лалми ерларда баъзи фермерлар нав­дор писталарнинг саноат плантацияларини яратишмоқда. Бу узоққа мўлжалланган тадбир бўлиб, нафақат фермер фаровонлиги, балки ернинг ўзи учун ҳам жуда фойдалидир. Бу тадбирнинг оммавийлашмаётганлигининг сабаби, пистанинг, айниқса, биринчи йилларда, секин ривожланишидир. Новдасини куртак пайванд қилишга ярайдиган ҳолатга келтириш учун уни камида уч йил парваришлаш керак.

Ушбу жараённи томорқаларда суғориш йўли билан тезлаштириш мумкин. Бу борада муваффақиятга эришиш учун пистанинг ўзига хос хусусиятларини билиш зарур.

Биринчидан, тупроқ шўрланмаган, ер ости сувлари камида уч метр пастда жойлашган бўлиши лозим.

Иккинчидан, писта ёруғсевар экин бўлгани учун сал­қин жойларда ўстириш бефойда.

Учинчидан, писта икки уйли, яъни, унинг эркак ва она навлари бўлади. Буни олдиндан аниқлаш зарур, чунки эркак навлар ҳосил бермайди, бироқ она нав­лар ҳам уларсиз мева тугмайди.

Агар сиз ўз томорқангизда писта етиштирмоқчи бўлсангиз, бунга куз кунларида тайёргарликни бошлашингиз лозим.

Бунинг учун:майдон талабга жавоб берадими, шўр эмасми, ер ости сувлари чуқур жойлашганми;ерга ҳеч нарса соя солмайдими, бошқа дарахтлар ўсмайдими, баланд уй ва деворлар йўқми;олдиндан экин майдонига 4х4 м дан кам бўлмаган оралиқда қанча кўчат экиш мумкинлигини аниқлаш зарур. Пистани бир-бирига яқин экманг, чунки у кўчириб экилишни ёқтирмайди. Шунинг учун уни муқим бир жойга экиш керак;

эркак навларни қаерга экишни ўйлаб кўринг. Бунда ҳар бир ўн она навга биттадан эркак нав тўғри келишини инобатга олинг. Агар сиз шабада доимо қаердан эсишини билсангиз эркак навларни айнан ўша томонга экинг;

айнан бугунги кунда сиз қайси усул билан писта кўчатини экмоқчи эканлигингизни ўйлаб кўришингиз керак. Яъни, уруғ сепиш йўли биланми ёки кўчат экиш орқалими? Одатда писталар муқим бир жойда уруғ сепиш орқали ўстирилади.

Тажрибали боғбон уруғларнинг униш даражаси ва сифатини олдиндан ҳисоблаб чиқади. Бу унчалик мураккаб бўлмаган, лекин айрим қўшимча билимни талаб этадиган иш. Авваламбор кўз билан бўлса-да, пис­та мағизлари ҳолатини баҳолаш зарур. Бунинг учун пистани ёриб мағизи эҳтиёткорлик билан олинади ва ҳашаротлар билан зарарланган зарарланмаганлиги, касаллик тушган тушмаганлиги кўрилади.

Чуқурчаларнинг ҳар бирига камида бештадан уруғ экиш тавсия этилади. Агар зарарланган уруғлар кўп бўлса кўпроқ уруғ экилади. Олдиндан илдизлаган уруғни экиш лозим. Бу ишлар қишда ёки эрта баҳорда амалга оширилади.

Олимларимиз томонидан писта кўчатларини экишнинг янги услублари, яъни илдизлари билан кичик ҳажмдаги контейнерларга экиш усули жорий этилмоқда. Бу усулдан фойдаланганда ҳар бир чуқурчага биттадан кўчат экилади.

Бир сўз билан айтганда, агар сиз кўчатини экмоқчи бўлсангиз, экин майдонингизни баҳолашингиз, унга қанча кўчат экилиши мумкинлигини аниқлашингиз, кўчати ёки уруғини экиш усулидан фойдаланиш ҳақида бир тўхтамга келишингиз, мутахассислар маслаҳатини олишингиз зарур.

Писта жаннатий мева, кони фойда.Юксак сифатли мазаси туфайли писта мевалари жаҳон бозорида ёнғоқ ва бодомдан 3-4 баравар юқори баҳоланади.Агар сиз бу дарахт ўсиши учун қулай иқлимли табиат қўйнида яшасангиз, бу ажойиб олтин дарахтни экиб, кам бўлмайсиз.

Муяссар ИБРОҲИМОВА

Фермержурнали 2021 йил 2сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.7 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!