“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЕР ФАЛСАФАСИ

  1. ЕР ВА ОЙ

         Ойдин оқшомда ой билан бирга сайр қилганмисиз? Қаерга борсангиз, сиз билан бирга кетаётгандек, сўзсиз – хаёлларингизни уқиб олиб,  сирлашаётгандай туюлаверади. Болалигимда кеч кириб, осмонга оймомо чиқишини интиқ кутардим. Қувончдан теримга сиғмасам, номаълум сабаблар билан ичиксам, ҳаммасини унга айтиб бергим келарди. У мени эшитяпти, деган болаларча ишончим бор эди. Биз болалар ёзда, усти очиқ каравотда ҳовлининг ўртасида юлдузлар энг яхши кўринадиган жойда ётардик. Юлдуз санаб, талашиб қандай ухлаб қолганимизни ҳам билмасдик. Қиш унданда ажойиб эди. Айниқса, қор ёққан кунлари ташқари шундай ёришиб кетардики, гўё қорлар товланарди. Чироқ ўчишига ҳам кўникиб қолгандик. Аввал бобом дўмбира жўрлигида “Алпомиш” дан парча айтар, сўнг бизга навбат келар, тинмай фасллар, осмон жисмлари ҳақида сўрайверардик. Ой эса ҳамиша жуда сирли эди… Нега оппоқ нур таратиши, қандай қилиб шу ёғдуси бутун ер шарини ёритишига ақлимиз етмасди. Энди билсам, бобом мактабни тугатмаган бўлса ҳам, салкам донишманд бўлган, ойнинг нур таратмаслигини, шунчаки, қуёшнинг нурларини ер сайёрасига туширишини яхши билган экан. “Аллоҳ таоло бу борлиқни аниқ ўлчов ва ўта нозик низом билан яратган. Сайёрамиз билан боғлиқ ҳар бир масофалар ва оғирликлар бизнинг Ер юзидаги ҳаётимизга муносибдир”, дер эди.

         Олимлар Ер сайёраси ва Ойни ўрганганларида, уларнингбир-биридан узоқлиги ақлни лол қолдирадиган даражада нозик ва аниқ қилиб белгилаб қўйилганини, ҳеч қандай тасодифнинг асари йўқлигини англаб етдилар.

Йигирманчи асрга келиб космосни забт этган фазогирлар ва астрономия фанининг фидоийлари аввалги маълумотларга қўшимча равишда ақл бовар қилмас кашфиётларни инсониятга тақдим қилишди. Аниқроғи, Аллоҳ таоло бундан 15 аср олдин нозил қилган оятларида айтилган ҳақиқатларни исботладилар. Маълум бўлишича, энг замонавий лазерли ускуналар билан ўлчанганда ой билан ернинг ўртасидаги ўртача масофа 384 467 км эканлиги аниқ бўлди. Бунда бор йўғи бир неча сантиметр хатолик бўлиши мумкин. “Бир неча манзилга белгилаб қўйганмиз”, оятидаги ҳақиқатни юзага чиқариш учун илмий кузатувлар натижаси шуни кўрсатадики, ой фазода бир секундда ўртача 1км, бир соатда 3600 км тезликда сузади. Шу тариқа бир ой мобайнида ой ўз орбитасида 2 414 000 кмга тенг жуда катта масофани босиб ўтади. Синодик ой 29 кун, 12 соат, 44 минутда ер сайёрасини тўлиқ бир айланиб чиқади. Ой ер атрофида эллипс кўринишда айланади. Баъзида ердан 406 000 кмгача узоқликка кетади (Апогей), баъзида ер юзига жуда яқин келади. Бунда ер билан ойнинг орасидаги масофа 357 000 кмни ташкил қилади (Перигей). Яна бир қизиқ жиҳати шулки, ойнинг ер юзига фақат бир тарафи кўринади. Бунинг сабаби шулки, ой ер орбитасини бир марта айланиб чиққанда ўз ўқи атрофида ҳам бор йўғи бир маротаба айланади. Ер сайёраси эса 23.5 градус ҳолатида қуёш атрофида бир йилда бир маротаба айланиб чиққанида ўз ўқи атрофида 364 маротаба айланади. Бу мураккаб жараён бўлиб ойнинг ер атрофида спирал кўринишда айланишига олиб келади. Бу ҳолат эса ойнинг бизга кўриниш ҳолатларининг турлича бўлишига ва турли ихтилофларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Лекин, диққат билан кузатиш натижасида вақтни унга қараб аниқ белгилаш имконияти бор. Ой ҳар куни 53 минут фарқ билан фазода 13 градус масофани босиб ўтади.

         Ернинг диаметри аниқ ўлчовли бўлиб, яшашимизга, Ерни доира шаклида эмас, балки ёйилган шаклда кўришимизга мосдир.

Ернинг диаметри 12742 километр бўлиб, бу миқдор биз Ернинг устида юрганимизда унинг доирасимонлиги кўзимизга сезилмаслигига хизмат қилади. Ойнинг диаметри эса 3474 километр бўлиб, бу миқдор Ойнинг сиртида юрганимизда уни ёйиқ ҳолда кўришимиз билан бирга доирасимонлиги ҳам сезилиб туради.

Ернинг зичлиги Ойнинг зичлигидан 81 марта кучли бўлиб, бу зичлик Ойни тортиб туриш ва Ой Қуёшнинг йўлдошига айланиб қолмаслиги учун керакдир. Агар шундай бўлмаса, Ой Ернинг тортишиш майдонидан узоқлашиб, зичлиги оғирроқ бошқа сайёра тарафга бориб, унинг йўлдошига айланиб қолган бўларди.

Ер билан Ой орасидаги ўртача масофа 384000 километр бўлиб, бу масофа ой давомида ўзгариб туради. Бу масофа Ойнинг Ер яқинида қолишига, қоронғу кечаларимизни ёритишига ва Ердаги Ой билан боғлиқ жараёнларнинг тартибли кечишига сабаб бўлади.

Ойсиз тунлар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Тасаввурга сиғмайди шундай эмасми?.. Жудаям таҳликали туюлади ернинг аҳволи. “Қуёш ва ой ҳисобдадир”, дейилади муқаддас китобимизда. Агар Ой Ерга ҳозиргидан кўра яқинроқ бўлганда, Ерда даҳшатли фалокатлар, сув тошқинлари содир бўлган бўларди. Агар Ой Ердан узоқроқ бўлганида, биздан узоқлашиб, сўнган юлдуз каби кўздан ғойиб бўларди.

Ер ва Ой орасидаги масофалар ва улардаги зичликнинг шу миқдорда бўлиши Ердаги ҳаётнинг давом этиши учун зарур ва муносибдир.

Демак, ойнинг бундай аниқ ўлчов асосида ҳаракатланиши ер юзидаги инсонлар учун энг буюк неъматлар сарасига кирар экан. Аллоҳ таоло Қурьони каримда: “Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. “Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир”, деб айт…”. (Бақара сураси 189-оят).

Мўмин мусулмонлар рамазон, ҳаж ва бошқа диний байрамлари ва ибодатларини ойни кузатиш билан белгилайдилар. Бугунги кунда деярли барча вақт бирликлари шамсий тақвим билан амалга оширилгани учун ой билан ҳисоб китоб қилишдан андак узоқлашгандекмиз. Ҳатто, баъзи диндошларимиздан ҳилол ҳақида сўрасангиз бу ҳақда бирон маълумотга эга эмасликлари маълум бўлади. Ваҳоланки, мусулмонлар қадимдан қамарий ҳижрий тақвим асосида йил ва ой ҳисобини юритишган. Бу эса ўз ўрнида ойни аниқ кузатиш ва шунга қараб вақт белгилашни тақазо этади. Аждодларимиз бундай масьулиятли ишни ҳайрон қоларлик даражада гўзал ва мукаммал ўзлаштиришган. Ойдан бир неча миллион баробар узоқликда жойлашган юлдузлар харитасини тузишиб қиблани қандай топиш, чўлу-биёбонларда адашмай тўғри йўл топиш сирларини аниқлаганлар.

Ой азал азалдан тинч-тотувлик, меҳр оқибат рамзи бўлиб келган. Ҳар бир халқнинг у ҳақдаги афонаю ривоятлари талай. Одамлар орасида ой чиқиши билан боғлиқ ҳар хил урф одатлар ҳам шаклланган. Шаклига қараб келаётган ой қандай бўлишини таъбир қилишган. Ошиқлар суйган ёрларини тўлин ойга қиёс этганлар. Айтишларича, тушда ойни кўриш ҳаммага ҳам насиб этмас, тушга пайғамбар кирган ҳисобланар эмиш.  Бир сўз билан айтганда ой эзгулик, поклик рамзи. Бежизга боболаримиз юзинг ойдай ёруғ бўлсин, дея дуо қилмайдилар.

Бугун Европа руҳ тушунчасини англашга жон-жаҳди билан киришган. Лотин Америкалик ёзувчи Пауло Коэлонинг бутун дунёга машҳур “Алкимёгар” асарида шундай сартлар бор:

— Мана, оламни нима ҳаракатлантиради, — деди у. — Алкимёда бу олам руҳи дейилади. Қачонки, бутун қалбинг билан бирор нарсани орзу қилсанг, Олам Руҳига қўшилиб кетасан. Унда эса буюк қудрат бор.

Бу фақат инсонларгагина хос хусусият эмаслигини дунёдаги жамики унсурда: тошда ҳам, ўсимликларда ҳам, жониворларда ҳам, ҳатто фикрда ҳам руҳ борлигини таъкидлаб қўйди.

— Курраи заминда нимаики бўлса, ҳаммаси мудом ўзгариб туради, чунки ернинг ўзи ҳам тирик ва унда ҳам руҳ бор. Биз эса ўша Руҳнинг зарраларимиз, шунинг учун ҳам бизнинг иқболимиз учун унинг доим меҳрибонлик қилишини англаб етавермаймиз.

Улар яратган, Шарқда қадимдан мавжуд қарашларга кўра, бутун борлиқнинг, жонли-жонсиз нарсалар – барисининг руҳи бор. Дарахтлар, қушлар, ер, осмон, ой – жамики яратик билан инсон руҳияти орқали боғланади. Шу боисдан, инсон қадами ойга етган, қайта-қайта ўрганилган, ҳатто баъзи давлатлар байроғини ўрнатган бўлишига қарамасдан, бу масалалар ҳанузгача сирлигича қолмоқда.

Муяссар ИБРОҲИМОВА

Фермержурнали 2021 йил 1сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!