“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

УЗУНҚУЛОҚЛАР БАРАКАЛИ(МИ)?!

         Шаҳар шароитида уй ҳайвонларини боқиш, бир қарашда иложсиз ишдай туюлади. Аммо, қаловини топсанг, қор ҳам ёғади, деб бекорга айтишмаган ота-боболаримиз. Тошкент шаҳридаги Дўмбиробот маҳалласида истиқомат қилувчи Эркин Мўминовнинг мўъжазгина ҳовлисидаги қуёнларни кўриб бунга амин бўлдик.

Суҳбатдошимиздан нима учун айнан қуёнчилик билан шуғулланаётганининг сабабини сўрадик.

Аввал бошида фарзандларимнинг қистови билан бир жуфт қуён олиб келгандим. Тез кўпайиши, кўп парвариш талаб қилмаслигини кўриб, қизиқишим ортди. Бунинг устига қуён жуда беозор, ўсимликхўр кемирувчилар оиласига мансуб жонивордир. Жинсий ва жисмоний жиҳатдан 3-4 ойга тўлганида етилади. Урғочи қуённинг ҳомиладорлик даври 29-31 кун давом этади. Янги болалаган урғочи қуён 2-3 кундан сўнг жинсий майил билдириб, такрор уруғланиши мумкин. Энг асосийси, қуённинг гўшти парҳезбоп. Мўйнаси ва момиғидан тайёрланган ашёларга бўлган талаб доимо юқори. Қуён тез вояга етади ва тез кўпаяди. Қуённи кичкина, жумладан, шаҳар томорқа хўжалигида ҳам парваришлаш мумкин.

Ҳар ишнинг ўз мароми бўлади. Салкам тўрт йилдан буён қуён боқаётган Эркин аканинг тажрибаси ҳам унча-мунча мутахассисникидан қолишмас экан. Ҳар ишни ўз пайтида  қилиш керак, дейди у. Акс ҳолда кўп нарсаларни ютқазиш мумкин. Тулаш мобайнида қуён момиғи осон ажралади. Момиқ олиш учун мўлжалланган қуён зотини етиштирувчи қуёнбоқарлар жониворнинг ушбу хусусиятини билиши керак. Бундай зот момиқлари ҳар 2-2,5 ойда юлиб олинади, дейди суҳбатдошимиз.

Шахсий томорқа ва фермер хўжаликларида қуёнларни қафасларда сақлаш тавсия этилади. Бу фақат наслни назорат қилиш учунми?

Нафақат наслни назорат қилиш, балки озуқани тежаш-да, касалликни даволаш ва олдини олишда қулайликлар яратади.
Қафасларнинг тури ва катталиги иқлимга, қуён зоти ва турига (йирик, ўртача, кичик, зотдор, маҳсулдор, катта ѐшли ва ѐш) қараб белгиланади. Катакларни тайѐрлаѐтганда катта ѐшдаги қуён учун бир хонали катаклар 0,5-0,7 м2, икки хонали катаклар 0,84 м2 катталикда қилиб тайѐрланади. Онасидан ажратиб олинган ѐш қуёнлар гуруҳи учун ўралган майдонча поли металл тўрдан тайѐрланган бўлса ҳар бир қуёнга 0,15-0,2 м2 гача, яхлит тахтали бўлса 0,2-0,3 м2 гача майдон тўғри келиши лозимлигини ҳисобга олиш керак.
Қафаслар иқлимий шароитга кўра очиқ ѐки ѐпиқ майдонда жой-лаштирилади. Қуён боқиш учун жой танлаѐтганда қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:

Шамолнинг тезлиги секундига 30 сантиметрдан ошмаслиги;
Ҳавонинг нисбий намлиги 60-75 фоиз бўлиши;
Ёритилиш давомийлиги 9 соатдан кам ва 16 соатдан кўп бўлмаслиги;
Ҳаводаги аммиак ва олтингугурт миқдори мос равишда 0,01г/л ва 0,15г/л дан ошмаслиги лозим.

Тўғри озиқлантириш қанчалик муҳим? Қуёнларнинг овқат таркибида нималар бўлиши зарур?

Қуён жуда баднафс бўлиб, кундуз куни ҳам тунда ҳам ем еб тўймайди. Бунинг сабаби жуда тез вояга етиши ва тез-тез болалаб туришидир. Шу боис ҳам у турли-туман емларга эҳтиѐж сезади. Қуёнга бериладиган асосий емлар жумласига:
кўк ўтлар (майса ва илдизмевалар палаги, карам барги, маккажўхори пояси ва барги); ширадор емлар (илдизмевалар, полиз ва боғ маҳсулотларининг чиқиндилари, силос); дағал емлар (пичан, сомон, шох-новдалар);
кучли бойитилган емлар (арпа, сули, буғдой, маккажўхори, дуккакли ўсимликлар дони ва уларнинг чиқиндилари яъни: кепак, кунжара, тахтакунжара, комбикорм);
қумоқланган донадор емлар (ўт-алаф уни, кунжара, дон чиқиндилари, гўшт-суяк ѐки балиқ уни ва микроэлементлар);
минераллар (туз, бўр, суяк уни) киради.

 

Яхши боқилган тўрт ойлик қуён вазни 3-3,5 килограммга етади. Яъни, туғилгандаги вазнига нисбатан 60 баробар оғир бўлади.
Ёш қуёнчаларда копрофагия (ўз ахлатини истеъмол қилиш), одатда, 23-24 кун ўтгач, она сутидан ташқари бошқа емлар билан ҳам озиқлана бошлаганидан сўнг намоѐн бўлади. Копрофагия қуёнлар организми учун фойдали хисобланади.

Хонадонда боқиш учун зотдор, соғлом қуёнларни танлай олмайди. Бу борада нималарга эътибор бериш зарур?  

Боқиш учун қуёнбоқар хонадонидан 2-3 ойга тўлган ѐш қуёнлар харид қилингани ҳам яхши. Шундай қилинса қуён емининг таркиби, режими ва боқилган шароитини кескин ўзгартириб юборилишига йўл қўйилмайди.
Насл олиш учун олинадиган эркак қуён ҳам айни шу зотдан, ѐши урғочи қуёндан 2-3 ой катта, жуссаси йирикроқ бўлиши, лекин урғочи қуёнга қариндош бўлмаслиги, яна яхшиси бошқа хўжаликдан харид қилиниши мақсадга мувофиқдир. Қуён зотдор-у, фақат яхши емланмаган деб ишонтиришга ҳарчанд уринсалар ҳам ланж ва озғин қуённи харид қилманг.
Ёдингизда бўлсин! Соғлом қуён озғин бўлмайди!
Тумшуқчаси ҳўл (нам) бўлган, қулоғининг чаноқлари тоза бўлмаган, думининг таги ифлосланган қуён харид қилинмайди. Бўйнидан ушлаб кўтарилган соғлом қуён эластик пружинани эслатади. Шалвираган заиф қуён эса, шалпайганича осилиб туради.

Жинсий органининг ташқи кўриниши ва ҳолатига эътибор қаратилади. Жинсий органининг шакли бузилган, тошма тошган ва шу каби бошқа оғишларга эга қуён ҳам харид қилинмайди. Оѐқ тукларининг кафт ичига ѐпишиб қолганлиги юқумли тумов аломатидир. Соғлом қуён кўзлари равшан, жонли, қовоқлари шишмаган, баданидаги юнг қопламаси силлиқ ва ялтироқ бўлади.

Суҳбатдошимиздан ёш қуёнбоқарларга ўз тавсияларини беришини сўрадик.
Қуёнларни бир катакдан иккинчисига олиб ўтиш, урчитиш, вазнини ўлчаш каби амалларни бажариш учун тез-тез қўлга олиб туришга тўғри келади. Бу амални эҳтиёткорона бажариш лозим. Акс ҳолда қуённи нафақат қўрқитиб юбориш, балки танасини шикастлаб, терисининг остини моматалоқ қилиб қўйиш, муҳим органларига жароҳат етказиш мумкин. Қуённи қулоғидан ушлаб олиб юриш мумкин эмас. Бунда унинг жони оғрибкина қолмай, ҳаётига ҳам хавф туғилади. Гап шундаки, қулоғидан ушланиб тик осилиб турган фурсатда қуённинг кўкрак-қурсоқ пардаси ички органлар босимига бардош бера олмайди. Қорин бўшлиғидаги органлар кўкрак-қурсоқ пардасини таранг тортиб, ҳаракатсизлантириб қўяди. Бу эса, ўз навбатида, қуённинг диафрагмали нафас олиш жараёнини издан чиқаради. Натижада қўлингизда осилиб, нафас олиши қийинлашган қуён ҳалок бўлади. Айни шу сабабга кўра қуённи боши билан ерга қарата осилтириш ҳам ярамайди. Бундан ташқари осилиб турган қуён жони оғриганлиги боис қаттиқ қаршилик кўрсатиб, ўзининг пайлари ва мушакларини узиб юбориши мумкин. Қуёнчани бел усти терисидан тутиб ташиш лозим. Шундай қилинганида у кўпроқ горизонтал ҳолатда бўлиб, қўлингизни тимдалай олмайди. Катта қуённи бўйин ва яғринидаги тери буришиғидан тутиб ташиш мақсадга мувофиқдир. Айни пайтда унинг бўйни ва боши бироз ортга тортилиб, кафтингизга тиралади. Қуённи кўтарган кишининг қўли қуён умуртқасига параллел, иккинчи қўли эса думғазаси остидан суяб борилмоғи лозим.

Қуёнхона ва катакларни йиғилиб қолган тезак, ем қолдиқлари ва тўшамалардан муттасил тозалаб бориш лозим.

Муяссар ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.

Фермержурнали 2020 йил 9сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!