“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ФОЙДАЛИ ТАРМОҚ

Орамизда бошланғич маблағи йўқлиги учун, ўйлаб юрган ишларини амалга оширолмайдиганлар кўплаб топилади. Режалар фақат хаёлда, орзулар орзулигича қолиб кетаверади. Аммо, барибир излаган имкон топади. Тадбиркорликни камчиқим соҳалардан биридан бошлашни ўйлаб кўрганмисиз?

Эндиликда деҳқон-фермерларимиз фақат пахта ва ғалла етиштириш билан чекланиб қолмаяпти. Аграр соҳанинг сердаромад тармоқлари – чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик фаолиятини йўлга қўймоқда.

Айниқса, қуён боқиш бу­гунги кунда мамлакатимиздаги энг сердаромад соҳалардан би­рига айланмоқда. Гўшти ва терисининг харидорбоплиги, етиштириш шарт-шароитининг осонлиги ва катта харажат талаб этмаслиги қуёнчилик билан шуғулланиш истагида бўлганларга айни муддао. Мана шунинг учун ҳам қуёнчилик чинданда истиқболли тармоққа айланмоқда.

Ёввойи қуёнлар инсонлар томонидан бундан 2 минг йил олдин хонакилаштирилган. Ёввойи қуёнларнинг ватани Қора денгиз ва Ўрта ер денгизи атрофи ҳисобланади. Антарктидадан ташқари ер юзининг барча минтақасида тарқалган. Ҳозир фанга қуённинг 50 дан ортиқ зоти маълум. Олинадиган маҳсулотга қараб икки катта гуруҳга ажратилади – гўшт ва тери берадиган қуёнлар.

Музлатилган қуён гўштидан йилнинг исталган фаслида фойдаланиш мумкинлиги унинг парҳезлик ва бошқа хусусиятларини оширади. Қуён гўшти пархез маҳсулотлар қаторига кириб, консерва қилинганда ҳам, дудланганда ҳам ўз мазасини ва сифатини сақлаб
қолади. Шунинг учун хорижий мамлакатларда қуён гўштига талаб юқори.
Юмшоқлиги жиҳатидан қуён гўшти парранда гўштига ўхшаб кетади,
калориялилиги жиҳатидан эса товуқ гўштидан қолишмайди. Қуён гўштининг
ҳазм бўлиш даражаси қорамол, чўчқа ва қўй гўштидан юқори туради, чунки
унинг таркибида енгил ҳазм бўлувчи тўла қийматли оқсиллар кўп. бу
гўштининг 100 дан 90 фоизи ҳазм бўлса, мол гўштининг шунча қисмидан
62 фоизиигина ҳазм бўлади. Қуён ёғи тез эрийди ва ҳазм бўлиши қўй ва мол ёғига нисбатан енгилдир.

Тўғри парваришлаш — маҳ­сулдорлик гарови. Қуён тез етилиши, серпуштлиги, жадал ўсиши билан ажралиб туради. Битта қуёндан бир йилда 50-60 та бола олиш мумкин. Бу эса йилига ҳеч бўлмаганда 70-80 килограмм гўшт, 50 дона тери дегани. Қуён­лар 4-4,5 ойлигида гўштга тайёр бўлади. Тўғри рацион асосида боқилса, бу муддатда уларнинг тирик вазни ўртача 3-4 кило­грамм тош босади.

Ноябрдан февралга қадар бўлган вақт қуён сўйиладиган энг самарали мавсумдир. Негаки йилнинг айни совуқ кезларида қуёнлар мўйнаси қалин, пишиқ ва ялтироқ бўлади. Бу жониворлар физиологиясининг ўзига хос хусусиятлари ва шу вақтдаги ем таркибида юқори оқсилли емлар устувор бўлиши билан боғлиқдир. Ёш қуён сўйиладиган энг маҳсулдор давр, у 4,5 ойга тўладиган вақтга тўғри келади. Хонадонларда қуён боқиш унча катта харажат талаб қилмайди. Уларнинг тез етилувчанлиги, серпуштлиги, жадал ўсиши сарф этилган маблағнинг тез қопланиб кетишини таъминлайди. Бундан ташқари бир бош қуёндан 1 кг гача тивит олинади.

Қуёнчилик билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорларимиз қуёндан 50
хил соф тоза экологик маҳсулот олиш билан бирга 30 га яқин озиқ-овқат
маҳсулотларини тайёрлаш имкониятига эга бўладилар. Қуёнлар ёппасига сўйилганда унинг қўшимча маҳсулоти, ошқозони йиғиб
олиниб, ундан ошқозон шираси тайёрланади. Бу эса меъда-ичак касаллигига
йўлиққан беморларга дори сифатида ишлатилади. Қуён суякларидан суяк уни
тайёрланади, бу эса барча чорва моллари учун қўшимча витаминларга бой
озуқа ҳисобланади. Бундан ташқари, қулоғи ҳамда панжаларидан олий навли
елим тайёрланади. Қуёнларнинг қони ҳам фойдали бўлиб, бўрдоқига
боқилаётган ҳайвонларни рационига унинг қони озуқаси таркибига қўшиб
берилади.
Қуён момиғидан тайёрланган ашёлар даволовчи хусусиятга эга бўлиб, неврология, радикулит билан оғриган беморларга тавсия этилади. Қуён момиғи иссиқни сақлаш хусусиятига кўра, қўй жунидан 10 баробар устун туради.

Халқ табобатида қуённинг ёғи ҳам кўпгина касалликларни даволашда, косметологияда гўзаллик воситаларининг гипоаллергик асосини яратишда, шунингдек, фармацевтика саноатида ҳам кенг қўлланилади.

Бу парҳезбоп емак меъдада осон ҳазм бўлиб, яхши ўзлаштирилади. Танада моддалар алмашинувини яхшилайди, айниқса, атеросклероз ривожланишининг олдини олади. У болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, оғир хасталикни бошидан кечирган инсонлар, юқори жисмоний юклама билан ишловчилар ва спортчиларга жуда ҳам фойдали озуқа ҳисобланади. Уни диетологлар юрак-қон томир тизими хасталикларида, қандли диабет, гипертония, жигар, буйрак, ўт йўли ва айрим меъда-ичак тизими касалликларида тавсия этадилар. Ўсма касаллиги бор беморлар ва экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда яшовчи инсонларга айниқса, бу гўшт жуда ҳам фойдалидир. Шунингдек, ушбу озуқа аллергияга мойил инсонлар учун ҳам тавсия этилади.

Бир сўз билан айтганда, бу сердаромад соҳа билан шуғуллансангиз, сарфлаган пулингизнинг ўрни тўлишини йиллаб кутмайсиз. Озгина даромад билан кенг кўламда фаолият юрита оласиз.

Муяссар ИБРОҲИМОВА

Фермержурнали 2020 йил 9сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!