“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЭЧКИДАН МОЛ, ШАФТОЛИДАН БОҒ ҚИЛАВЕРИНГ

Чорвачилик қадимги даврдан то бугунга қадар инсоният турмуш тарзининг ажралмас бир бўлаги бўлиб келган. Цивилизация жараёни инсон ҳаётига янгича кўриниш олиб кирган турли машғулотлар, ихтиролар ва касбларни пайдо қилган бўлса-да, чорвачилик ўз аҳамиятини йўқотмади.

Бугун бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам чорвачилик изчил ривожланиб, кенгайиб бормоқда. Аҳолининг бу машғулот билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Аъзамжон 

Нурматов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Чорвачилик тармоқлари орасида эчкичилик энг самаралиси ҳисобланади, чунки у озиқалар тури ва тўйимли моддаларнинг сифатига унчалик талабгор эмас, ҳар қандай яйлов шароитида озиқланиши мумкин, тез кўпаяди, истеъмол қилинган туйимли моддаларни тана маҳсулдорлигига жуда енгил трансформация қила олади.
Эчкининг ажойиб бир хусусияти бор: жонивор ўзига ўлат, чечак ва сил каби касалликларни юқтирмайди. Сути оқсил ва енгил сингадиган ёғга бой. Унда фойдали моддалар нисбатан кўп, — дейди у. Сўнгра эчкининг наслдор зотлари ҳақида тўхталиб, асосан, “Жайдари” (қора жунли), “Ангор эчкиси”, “Заане”, “Оренбург” турларининг самарадорлиги юқорилигини таъкидлайди.

— Бу эчкилар ўртача 9-10 йил (баъзилари 17 йилгача) яшайди. Ундан хўжаликда 7-8 йил фойдаланиши мумкин. Урғочиси 14-18 ойлигида кўпайишга тайёр бўлади. Бўғозлик даври 5 ойга яқин. Айниқса, хонаки зотларининг аксарияти жуда серпушт бўлади ва тез кўпаяди, ҳар 100 бош урғочи эчкидан 150 дан 250 тагача улоқча олиш мумкин. Агар яхши боқилса, йилига икки марта, айримлари иккитадан болалайди. Такасининг тирик вазни 60-65 килограммдан 100 килограммгача, урғочилариники 40-60 килограммгача боради. Серсут зотларидан йилига ўртача 450-550 литргача сут соғиб олинади. Такаларидан 4-6 килограмм, урғочиларидан 3-5 кило­граммдан жун қирқиб олиш мумкин. Сертивит зотларидан ярим килограммдан икки килограммгача тивит тараб олинади. Яхши боқилган катта ёшли эчки 20-28 килограмм гўшт ва 4-6 килограмм ёғ беради.

Аъзамжон Нурматов эчкичилик соҳасини янада ривожлантириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилаётгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Халқ банки”нинг бу борада “Асадбек Чоркесар” фермер хўжалигини етарли кредит маблағлари билан таъминлаши ҳамда аҳоли хонадонларида эчкичиликни йўлга қўйиш борасида ҳар томонлама кўмак бериши белгилаб қўйилди. Ўтган асрнинг ўрталарида маҳаллий эчки зотларининг гўшт, сут ва жун маҳсулдорлигини ошириш ва сифатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистонга ангор ва заанен зотлари келтирилиб улардан турли қонлилик даражасига эга бўлган авлодлар олинди. Кейинчалик селекция ишларининг ўз оқимига ташлаб қўйилиши оқибатида олинган у ёки бу даражадаги маҳсулдор ҳисобланувчи эчкилар авлоди ўз-ўзидан йўқолиб кетди, — дейди у афсус билан.
Наманган вилоятининг Поп туманида 2007 йилда ташкил этилган «Асадбек Чоркесар» фермер хўжалиги 100 га ер майдонига эга. 2019-2020 йилларда 2100 та наслдор ангор эчкилари қўшни Қирғизистон давлатидан келтирилди. Шундан 1900 та эчки кам таъминланган оилаларга ҳар бир оила тадбиркор дастурига асосан кредит асосида тарқатилган.

— Ҳозирги кунда фермер хўжалигимизда 700 бош наслдор ангор эчкилари мавжуд, дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдуманнон Йўлдошев. — Бу эчкилар парваришда инжиқ эмас. Экин қолдиқлари, сабзавот-полиз чиқиндилари, бута ва дарахт барглари билан ҳам озиқланаверади. Ёзги мавсумда тоғдаги табиий гиёҳларни ейди. Куз ва қиш фаслида ҳар бош эчкига ярим килограмм табиий ўт ва 300-400 грамм ем берилади. Ёз даврида қишлов учун ҳар бош эчки ҳисобига 150-200 килограмм дағал хашак ва 30-40 килограмм концентрат озуқа ғамлаш талаб этилади, — дейди у эчкиларнинг овқат рациони ҳақида.

Бу зот — эчкининг қимматли сержун тури ҳисобланади. У 1936 йилда АҚШнинг Техас ва Нью-Мексика штатларидан Наманган вилояти, Поп туманига келтирилиши натижасида Ўзбекистонда Ангор эчкичилигига асос солинган.

1962 йилда Ангор эчкисини жайдари эчкилар билан чатиштириб сержун эчки зоти яратилган.  Ангор эчкиси Ўзбекистонда, асосан Наманган, Андижон вилоятларида боқилади. Наманганда бир пайтлар бундай эчкиларни юз минглаб суруви бўлган.

Ангор эчкисининг асл ватани Туркманистоннинг ғарби ҳисобланади. Туркманларнинг бир қисми XII асрда бу ердан Кичик Осиёга кўчиб борган ва натижада ҳозирги Туркиянинг Ангора (Анқара) вилояти Ангор эчкисини кўпайтириш марказига айланган.  Бу зотнинг Ангор эчкиси деб аталиши ҳам шундан келиб чиққан.  XIX асрдан бошлаб АҚШ, Африкадаги айрим мамлакатларда, Австралияда боқилади.

— Бу эчкилар асосан, жун олиш учун боқилади. Асосий даромадимиз ҳам жун ва жун маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёр жун маҳсулотларини чет давлатларга экспорт қилишдан олинади. Эчки жуни бир йилда бир марта олинади ва йил давомида қайта ишланиб, тайёр маҳсулот чиқарилади. Бир кг. жундан 400 минг сўм даромад олиш мумкин. Ангор эчкисининг жуни майин, оқ, товланувчан, ғоят эгилувчан ва пишиқ. Узунлиги 18-25 см.гача етади. Жуни бир хил, чидамли, пишиқ, эластиклиги туфайли улардан костюмбоп газламалар, гилам, трикотаж буюмлар тайёрланади. Терисидан шавро, хром ва бошқалар олинади, пўстак қилинади, қалин жунли терилардан мўйна тайёрланади. Эчки тивитидан дунёга маълум ва машҳур Оренбург рўмоллари ва шарфлар тўқилади, — дейди фермер хўжалиги раҳбари.

Суҳбатдошимиз бу зотнинг гўшт ва сут беришдаги маҳсулдорлиги ҳам юқорилигини айтиб ўтди.

— Такалари ўрта ҳисобда 50 — 55 кг келади, йилига 5 — 7 кг жун беради, урғочилари 32 — 36 кг га боради, 3,1 кг жун беради. 65 — 70 фоиз тоза жун чиқади. Ҳар юз бош Ангор эчкисидан йилига 105 бош соғлом улоқ олинади. Соғин эчкидан 70 — 100 кг сут соғиб олиш мумкин, ёғлилик даражаси 4,2 — 4,4 фоизни ташкил этади. Эчки гўшти тўйимлилиги ва таъми жаҳатидан қўй гўштидан қолишмайди.

Азал-азалдан эчки сути факат таом сифатида эмас, шифо истаб ҳам танаввул қилинган. Эчки сути ўзининг кимёвий таркиби бўйича қорамол сутига яқин бўлса-да, қўй сутидан таркибида кам миқдорда ёғ ва оқсил сақлаши билан фарқ қилади, Сигир сутига нисбатан эчки сути бир мунча юқори калорияга эга, у сақлаётган қуруқ моддаси, ёғи, оқсиллар ва минерал моддаларнинг қўплиги билан ҳам ажралиб тўради. Эчки сутининг оқсили казиенга ва бир қатор алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталарни сақловчи — альбуминларга бой.
Эчки сути енгил ҳазм бўлади, айниқса, болалар ва ошқозони касал одамлар учун ниҳоятда фойдалидир. Эчки сутидан пишлоқ ва бошқалар турли парҳез маҳсулотлар ҳам тайёрланади.

Эчкичилик бугун сердаромад соҳалардан бирига айланиб бормоқда. Ҳар бир оила эчки сути, гўштидан оиласини боқиш билан биргаликда касаначилик йўналишида эчки жунидан маҳсулот ишлаб чиқариб фойда олиши мумкин.

Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор. Халқимиз орасида: “Эчкидан мол қилма, шафтолидан боғ қилма”, — деган мақол бор. У ғажиган ўсимлик ҳам, дарахт ҳам қайта ўсмагани учун кемирувчи жонзотга тенглаштирилган. Бу нақлнинг тагида илмий ҳақиқатлар бор. Француз академиги Раймон Фюрон шундай ёзади: “Эчки ўт-ўланларни фақат чимтилаб қўя қолмайди, балки илдиз-пилдизи билан суғуриб олади. Дарахт ва буталарнинг новдаларини кемириб, умуман ўсмайдиган қилиб қўяди”.

1502 йили португалияликлар қалин ўрмон билан қопланган Биби Елена оролини кашф қилади. 1513 йили бу ерга эчкилар келтирилади. Орадан 200 йил ўтгач эса, оролда ўрмондан асар ҳам қолмайди. 1810 йили губернатор эчкиларни қириб ташлашга буйруқ беради. Лекин энди кеч эди. Яшил ҳимоядан айрилган орол тупроғи ёмғир таъсирида бутунлай ювилиб, денгизга оқиб кетган, қора метин қояларгина қўққайиб қолган эди. Бундан ташқари, яна кўплаб жаннатмисол ороллар ҳам европаликлар келтирган эчкилар касофатидан хароб бўлгани қайд этилади. Буларнинг барига сабаб эчкиларнинг тез кўпайиши, озуқа топишга моҳирлиги боис бу соҳадаги тадбиркорликдан осон ва кўп фойда олишга интилишдир.

Текисликда боқилаётганлари унчалик хавфли бўлмаслиги мумкин. Тоғларда эса аҳвол йил сайин ёмонлашиб бормоқда. Табиат кўрки, таровати кетмоқда. Кўпгина мамлакатларда эчкиларни ҳайдаб боқишни тақиқловчи қонунлар қабул қилинган. Бизда бу каби қонунлар бўлмаса-да, она табиатни асраш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини унутмаслигимиз зарур.

Муяссар ИБРОҲИМОВА

Фермержурнали 2020 йил 7сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!