“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ҲАШАР АРАФАСИ 

Ёхуд пахта теримига тайёрмизми?

Айни пайтда мамлакатимиз ҳаётида муҳим палла пахта йиғим-терими мавсуми бошланиш арафасида. 2020 йилдан бошлаб етиштирилган пахта диёримизда тўлиқ қайта ишланиши давлатимиз иқтисодиёти, турмушимиз фаровонлигида муҳим ўрин тутади. Мавсумга кўрилаётган тайёргарлик ҳақда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Зокир Алламуродов билан суҳбатлашдик.

Зокир ака, халқимизнинг ризқ-рўзини етиштирадиган бободеҳқонларимиз меҳнати қаҳрамонона шундай эмасми?

Шубҳасиз, табиат инжиқликларига қарамасдан, миришкор фермер ва деҳқонларимиз мардона меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштирдилар.

Эрта кўкламда, об-ҳавонинг ёғин-сочинли келиши натижасида аксарият майдонларда чигит икки, ҳаттоки, айрим ҳудудларимизда уч маротабагача қайта экилди. Ҳаво ҳарорати ҳар йилги меъёридан анча паст бўлди.

Саратон давридаги кучли иссиқлар ҳам ғўзанинг ривожига салбий таъсир кўрсатди. Омилкор фермерларимизнинг ўз вақтидаги матонатли меҳнатлари эвазига мўл ҳосил сақлаб қолинди. Далаларимизда белгиланган режани ортиғи билан бажаришга етадиган ҳосил етиштирилди. Эндиги вазифамиз – машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, тез ва соз йиғиштириб олишдир.

Айни пайтда, олдимизда долзарб мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, аҳолини ихтиёрий равишда теримга жалб этишдек ўта масъулиятли вазифалар турибди.

Теримчилар учун қандай қулайликлар яратиляпти?

Ҳосилнинг қанчалик тез ва сифатли йиғиб-териб олиниши меҳнаткашларимиз учун яратилган шароитга боғлиқ. Шу боисдан, фермер деҳқонларимиз зиммасига қуйидаги вазифалар юкланади:

Биринчидан, ҳашарга келган теримчиларга ётоқ жойларини сифатли қилиб таъмирлаб, зарур инвентарлар билан жиҳозлаш ва шарт шароитлар яратиш;

Иккинчидан, теримчиларни талаб этиладиган фартук, тарози ва бошқа анжомлар билан таъминлаш;

Учинчидан, пахта даласини теримга шай ҳолатга келтириб қўйиш;

Тўртинчидан, теримчиларга эрталабки нонушта ва иссиқ-овқат билан таъминлаш шартлигини унутманг. Пахта йиғим-теримига жалб этилган фуқароларга кўчма савдони, маданият ва маиший хизматларни ҳамда кўчма тиббий кўрикларни ташкил этиш зарур.

Теримчиларга меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш қай даражада йўлга қўйиляпти?

Бу борада пахта майдонининг ўзида кунлик ёки ҳар беш кунлик ҳисоб-китоб қилишни режалаштиряпмиз. Бу ҳам дала меҳнаткашлари учун яратилган қулайликлардан биридир.

Бу йил пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи теримда – 1000 сўм, иккинчи теримда – 1400 сўмдан нақд пулда меҳнат ҳақи берилиши белгиланди.

Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида,Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида пахта хомашёси йиғим-теримига теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган меҳнат ҳақига Ўзбекистон Республикаси бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланиши белгилаб қўйилди.

Пахта йиғим-терими мавсумида терим отрядлари раҳбарларига фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 млн сўмдан меҳнат ҳақи тўланади. Шунда пахта йиғим-терим мавсумида мўмай даромад ишлаш имкони пайдо бўлади. Бу теримчиларда ғайрат ва рағбат уйғотиши, шубҳасиз.

Афсуски, илгарилари аҳолини теримга ихтиёрсиз равишда жалб қилиш ҳам кузатиларди…

Бу йил ҳосилнинг асосий қисми асосан фермер хўжаликларининг ишчи кучи ёрдамида йиғиштириб олиниши режалаштирилган. Терим отрядларига эса ихтиёрий равишда аҳоли, яъни, меҳнатга лаёқатли бўлган кишилар жалб этилади.

Шу ўринда фермерларга қарата айтмоқчиман: Пахта теримига 18 ёшга тўлмаган йигит-қизларни, бюджет ташкилотларининг ишчи-ходимларини тортишга уринманг, шунингдек, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қарши туринг. Чунки, мамлакатимизда мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилганини унутманг!

Пахта терим машиналаридан фойдаланиш самарадорлиги қай даражада, фермерларга нафи тегяптими?

Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида АҚШнинг CNHI компанияси билан биргаликда TZST CE-220 пахта териш машинаси — трансформер ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур машинадан чигит қадашдан тортиб, ҳосилни йиққунга қадар дала ишларида фойдаланиш мумкин.

Янги машинага терим пайтида бункер ўрнатилади, мавсум якунлангандан сўнг бункер ечилиб, универсал ҳайдов трактори сифатида ишлатилади. Машина кунига ўртача 20 тоннагача пахта теради. Агрофон яхши тайёрланган бўлса, ундан ҳам кўп териши мумкин. Бункер ҳажми 1 минг 200 килограмм. Ушбу пахта териш машинаси 400 теримчининг ўрнини боса олади. Бу фермерларимиз учун жуда қулай. Аввало, ҳосилни тез териб олиш имконини беради. Бунда ёғинли кунларга қолиб, пахта нави тушиб кетмайди. Фермерларимизнинг харажатлари камаяди. Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта териш машиналари ёрдамида терилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун тўланадиган меҳнат ҳақининг 30 фоизи Молия вазирлиги томонидан қоплаб бериш тартибини жорий этилди.

Тиғиз ва масъулиятли паллада, қолаверса, пандемия даврида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам бу улкан ҳашарга ўз ҳиссаларини қўшаётган бўлиши табиий…

Албатта, 2020 йилги пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан, уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича вақтинчалик тартибга мувофиқ пахта теримида қатнашадиган теримчилар, терим отрядлари ва отряд раҳбарлари рўйхати шакллантириляпти.

Бундан ташқари, беш кун муддатда бир теримчига мавсумда 1,5 тоннадан ҳисоб-китоб қилиб, барча туманларда пахта йиғим-теримига жалб этиладиган теримчилар рўйхатини қайта кўриб чиқсин ҳамда ҳар бир терим отряди раҳбари ва теримчи, айниқса, уюшмаган аҳоли билан алоҳида суҳбат ўтказилишни режалаштирганмиз.

Бу йилги пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир терим отряд таркибида 70 нафардан ортиқ бўлмаган теримчи бўлишига алоҳида эътибор беряпмиз. Ҳашарчиларни далама-дала, бир кунлик масофага олиб бориб келишга йўл қўйилмайди.

Ҳашар арафасида деҳқон, фермерларимизга, барча юртдошларимизга айтадиган сўзларингиз.

Пахта йиғим-терими мавсумида шундай меҳнат кўтаринкилигини ташкил қилайликки, токи ҳар бир Ўзбекистонликман, деган инсон ўзини деҳқондек ҳис этсин. Бободеҳқон елкасидаги юкни кўтаришга камарбаста бўлиш, эл-юрт ташвишига шериклик қилиш, деҳқоннинг зафарларидан фахрланиш, ғурурланиш ҳисси юрагингизда жўш урсин!

Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтириш, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ва пахта йиғим-теримида фаол қатнашишга даъват этамиз!

Муяссар ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди

Фермержурнали 2020 йил 8сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!