“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ДЕҲҚОН ТАҚВИМИДАГИ ЯНГИ КУН

Кўкда варрак учираётган болани кўриб ҳавас қиласан киши. Шу онда боланинг юзидаги қувончга беиҳтиёр шерик бўлгинг келади. Ҳа, бу ҳам баҳор келганидан дарак. Наврўз байрамида ҳам жуда кўпгина миллий ўйинларимиз бўй кўрсатади. Бу шодиёна “Кураш”, “Кўпкари”, “Арқон тортиш”, “Чиллак”, “Хўроз уриштириш”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Бештош”, “Тез айтиш”, “Ким олади-ё, шугинани-ё?” каби  қувноқ ўйинлар билан  янада гаштли ва унутилмас ўтади.

Муҳими шундаки, бу ўйинларнинг ҳеч бири шунчаки эрмак ёки вақт ўтказиш учун ўйлаб топилмаган. Улар  ўғил-қизларнинг жисмонан ва руҳан соғлом, чидамли бўлиб ўсишларига ёрдам беради. Демак, халқимизнинг оддий ўйинларида ҳам аждодлар закоси, руҳий ва жисмоний комилликка интилиш нияти мужассам.

Халқимизда “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақол жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамал (ҳомиладор қўй)га кириши билан “Наврўз”, “Янги кун”, у билан бирга эса янги йил ва янги фасл – баҳор кириб келади. Наврўз ва янги йил келиши биланоқ, баҳор нафасидан борлиқ танасига қайта жон киради. Узоқ йиллик тарихга эга бу байрам инсон ички олами ва унинг табиат билан уйғунлиги рамзидир.

Наврўз байрамининг қачон вужудга келгани ҳақида бизгача етиб келган қадимий манбалардан шу нарса кўринадики, у Ўрта Осиё, Эрон ва Афғонистонда Аҳамонийлар даврида (милоддан аввалги VI асрларда) кенг тарқалган. Шу маънода Наврўзнинг тарихини 25-30 асрга эга деб таҳмин қилиш мумкин. Наврўз қачон, қандай вужудга келганидан қатъий назар, у ҳар томонлама илмий асосланиб, коинот ва табиат қонуниятлари ҳисобга олинган ҳолда жорий этилган. Чунончи, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кундузнинг узая бошлаши, ёруғликнинг кучайиши, табиатнинг жонланиши – Наврўз деб қабул қилинган. Наврўз эски қуёш календари ҳисобида фарвордин ойининг бошланишига тўғри келган. Бу кун «кичик Наврўз» деб аталган ва бу кундан бошлаб табиатдаги ҳамма нарса амалга киради, деб ҳисобланган. Маълумки, ислом тақвимлари Ой календари ва Қуёш календарига бўлинади. Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган.

Беруний «Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар» номли китобида қимматли маълумотлар бериб, унда кичик байрам фарвордин ойининг олтинчи кунигача давом этганини таъкидлаган. Демак, фарвордин ойининг олтинчи куни «Катта Наврўз»нинг моҳиятини бевосита табиат билан боғлайди ва бу ҳақда шундай ёзади: «…У бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақгда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда насл вужудга келгунча давом этадиган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган». Бу фикрлар Наврўзнинг қадимдан табиат байрами бўлганини яна бир карра исботлайди. Бироқ, тарихда Наврўзнинг мазмунини турлича талқин қилиб, баъзилар уни таракқий эттиришга, бошқалар эса уни таъқиқлашга ҳаракат қилишди. Жумладан, грек-македон ва араб истилоси даврларида Наврўз таъқиқланиб, у подшо саройларида, амалдорлар ва дин аҳли давраларида расмий байрам ҳисобланмаган. Наврўз ўтмишдаги ҳар бир синфий жамиятда подшолар ҳукмдорлиги, диний идеология таъсирида шаклан ўзгариб турса-да, у ўзининг асосий моҳиятини сақлаб қолди. У ҳақиқий халқ байрами бўлиб, меҳнат аҳли орасида катта тантаналар билан нишонланган.

Қадимдан байрамни ўтказишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бўлган. Исломгача бўлган Наврўзда оддий халққа тегишли бўлган одатлар ҳам диққатга сазовордир. Байрам куни одамлар бир-бирига шакар ва ширинликлар ҳадя қилиш (ҳаётингиз ширин бўлсин деган маънода), бир-бирига cув сепиш (бу йил сув кўп бўлсин, ҳосил яхши бўлсин деган маънода) ва бошқа одатлар кенг тарқалган. Кейинги асрларда эса ҳовли-жойларни тозалаш, кўкат ва гуллар экиш, ота-она, ёру дўстларни зиёрат қилиш, марҳумларнинг қабрини зиёрат қилиш каби одатлар Наврўз байрамининг таркибий қисмига айланган.

Жобир (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) шундай лутф этганлар: “Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир” (Имом Муслим ривояти). Шунинг учун ҳам қиёмат кунида жаннатийлар жаннат эшиклари олдида тўпланиб, ким биринчи киради, дейилганида деҳқон, дейилар экан. Табиийки, деҳқончилик қилиш учун унинг тақвимини яхши билиш керак. Аксинча, экин экиш, дарахт ўтқазиш вақтини билмаслик зироат ва боғдорчиликнинг касодга учрашига сабаб бўлади. Шунга кўра, Наврўзни баҳор байрами, деҳқончилик юмушлари бошланганлиги нуқтаи назаридан нишонлаш бизнинг юртимизда азалдан урф бўлган.

Наврўзда кун билан тун баробар бўлади. Деҳқонлар экин экишни, ерга уруғ қадашни, умуман зироат юмушларини бошлаб юборишади. Ваҳоланки, ерга уруғ қадаш қадимда ибодат даражасига кўтарилган. Чунки, деҳқончилик – ҳалол ризқ, ҳалол луқма, ҳалол меҳнат ва фаровонлик асоси. Улуғ уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”. Улуғ уламоларнинг фатволарига эътибор берсак, Наврўзи Жамшидий ва Наврўзи Мажусий лолалар очилган, саҳролар яшнаган пайтда ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотларни кўрамиз. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.

Деҳқончилик тақвимига оид ойларга қараб деҳқонларимиз, боғбонларимиз зироат ва кўчат тадоригини кўришади. Жумладан, тўқсон деган мавсум 5 декабрдан 5 мартгача давом этади. 21 январь – қанталоғди куни. “Қанталоғдидан кейин қиш бўлмас, қанталоғдидан сўнг ерда қор турмас” ҳикмати оғиздан-оғизга ўтиб келиб, асрлар оша деҳқонлар орасида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қанталоғди дейилишига сабаб шуки, қиш мавсумида айиқ қирқ беш кундан тўқсон кунгача ухлайди. Қирқ беш кундан кейин иккинчи томонига ағдарилиб ухлашга одатлангани учун тўқсон куннинг иккинчи ярми қанталоғди деб юритилган. 22 декабрдан 20 февралгача – чилла мавсуми кечади. Бу мавсумда асосан ернинг шўрлари ювилади. Зеро, бу пайтда ерни суғориш ҳар хил зараркунанда қумурсқалар кўпайишининг олдини олади, шунингдек, ернинг яхши етилиши учун ғоят фойдалидир. Чиллада сув бермаган деҳқон йил бўйи яхши ҳосилдан маҳрум бўлади. Қавс ойида 21 ноябрда кўчатлар ўтқазилади. “Ниҳол дар қавс, қалам дар ҳут” (Ниҳол ўтқазиш қавс ойида, қаламча қилиш ҳут ойида) ибораси деҳқонлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилган. Кузнинг сунбула ойи (22 августдан 21 сентябргача) асосан кузги буғдой экишга тайёргарлик кўриш, буғдой экиладиган ерларни суғориш, мезон ойи (22 сентябрдан 21 окябргача) эса буғдой экиш мавсумидир. Шунинг учун халқ тилида айтилади: “Сунбула об деҳ, мезон кор” – Сунбулада суғоргин, мезонда эк. Зотан, деҳқончилик тажрибасидан маълумки, сунбула ойида суғориб, мезон ойида экмоқлик серҳосиллик гаровидир. Ақраб ойи (22 октябрь) кирганда, қўйлар урчитилади. Қўзиларнинг туғилиш муддати беш ой эканлиги инобатга олинса, уларнинг қиш изғиринларидан соғлом ва нуқсонсиз ўтиб, баҳорда – Ҳамал (олтинчи ой аввалида)да туғилиши ғоят манфаатлидир. 6 мартдан 13 мартгача “айёми ажуз” (халқимиз тилида “аямажуз”) ҳафталиги бўлиб, “айём” тилидан “тўқсон” мавсумига қарата айтилган ибора машҳурдир: “Тўқсан, бир кунимча йўқсан”. Яъни шу “айёми ажуз” ҳафталигида тўқсон мавсумида бўлмаган об-ҳавонинг кескин ўзгариши кузатилади. Шунинг учун халқимизда “аямажуз” ҳафталигида шамоллаб қолмаслик ва дардга чалинмаслик мақсадида ўзини эҳтиёт қилиб юриш, беҳуда чўмилмаслик, кир ювмаслик одатлари сақланиб қолган. 14 мартдан 20 мартгача “Оби раҳмат” ҳафталиги бўлиб, бу кунларда Аллоҳнинг изни билан албатта осмондан раҳмат сувлари ёғилади. Бу сувларни кишилар табаррук ҳисоблаб, ўрик шарбати, қандобларга улардан қўшишган ва Наврўз куни мана шу шарбатлар дастурхон кўркига кўрк бағишлайди. Ҳаттоки денгизлардаги садафдор (ракушка)лар шу кунларда сув тепасига чиқиб, оғизларини очиб шу ёмғирни кутишади. Оби раҳмат ёмғиридан бир томчи тегса, ундан катта дур пайдо бўлади, аксинча очкўзлик қилиб кўпроқ томчи олса, унда оддий кичик марварид пайдо бўлиши айтилади. Бунинг ҳикмати шундаки, инсон озига қаноат қилса – азиз бўлади, очкўзлик қилса – хор бўлади. Кўриб ўтилганидек, ҳар бир ой ва кун деҳқончилик учун бениҳоя қимматлидир. Деҳқон етиштирган ҳар қандай экин, боғбон етиштирган ҳар қандай мева инсон учун жон озиғи ҳисобланади.

Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида кун ва туннинг тенглашишига шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.

Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, бунёдкорлик, эзгулик, яшариш ва яратиш каби умумбашарий, муштарак ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун уйғониш ва янгиланиш айёмидир. Кўп минг йиллик тарих синовларидан омон-эсон ўтиб келган Наврўз бугун остонамизда эшик қоқиб турибди. Юртимизда бу мўътабар айёмни, гўзаллик ва нафосат байрамини нишонлаш аллақачон бошлаб юборилди. Баҳор байрами, кўклам қувончи билан йўғрилган нафосат байрами ҳаммамизга муборак бўлсин!

Муяссар ИБРОҲИМОВА

 “Фермер” журнали, 2021 йил, 3-сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!