“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ТИЛЛА ТУХУМ ҚЎЮВЧИ ПАРРАНДА

Тилла тухум қўювчи ғозлар ҳақида кўплаб афсона, эртак, мультфилмлар, машҳур филмлар яратилган. Гарчанд олтин тухум қўймаса-да, бу ажойиб жониворлардан олинадиган маҳсулотлар сизни бой-бадавлат қилиши тайин. Пархезбоп гўшти, тухуми ва ёғидан халқ табобатида узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинади.

Жаҳоннинг кўплаб ҳудудларида ғозсимонларнинг кескин камайиши кузатилмоқда. Бунинг сабаби ҳисобсиз ов қилиниши, табиат ўзгаришлари, сувнинг инсон томонидан ифлослантирилганлиги, табиатнинг кўп жойлари эгаллаб олиниши натижасида ғозларга ин қуриш ва қишловга жойлар қисқариб бораётганлиги билан изоҳланади.

Ғозлар мамлакатимизнинг деярли ҳамма ҳудудларида асосан, гўшт етиштириш мақсадида кўпайтирилади. Аҳоли хонадонларида йирик кулранг, кубань, холмогор, италия ва рейн зотли ғозларни боқиш яхши самара беради. Ғозлар тўдасида 3–4 макиёнга 1 эркак қолдирилади. Макиёни 265–350 кунлигида (қишда, баҳорда) тухумга киради. Бир мавсумда 30–50 тухум қўяди. Жўжаси 29–30 кунда тухумдан чиқади. Вояга етган эркак ғозларнинг тирик вазни 5–8, макиёнлариники 4–7 кг. гача. Яхши боқилган ғозлар 9 ойлигида (3,5–4,5 кг) гўштга сўйилади. Гўшти таркибида 16% оқсил, 35% ёғ бор. Ёш жўжалари парҳез гўшт учун 9 ҳафталигида сўйилади.

Ғоз боқиш қийин эмас. Хўраги, суви ва сузиши учун ҳовузча бўлса кифоя. Бир кунда бир бош ғоз учун озуқа рациони (граммларда): дон – 150–200; кунжара ва шрот – 400–500; ўт уни – 20–30; ачитқи ем – 7–10; минерал озуқалар.

Тухумдан чиққан жўжалар ўша кундан бошлабоқ бемалол озиқланаверади. Улар учун энг яхши озуқа қайнатилган тухум ва маккажўхори ҳамда буғдойнинг майдалаб аралаштирилганидир. Ғозчалар ўн кунликдан ошгач, уларга майдаланган кўкатларни ҳам бериш керак. Ёш жўжаларни тоза ҳавога сайрга чиқариш даркор. Улар иссиқни унча хоҳлашмайди. Иккинчи ҳафтадан бошлаб улар яшаётган катакларнинг ҳарорати 20 даража атрофида бўлса ҳам зарар қилмайди. Аммо, улар сақланаётган хонада сув доимо бўлиши шарт. Шунингдек, уларнинг бурун йўлларини тез-тез тозалаб туриш лозим. Биринчи ўн кунликдан кейин ғозчаларни бемалол ота-онаси ёнига қўйиш мумкин. Фақат вақтида овқатлантириб турилса етарли. Ота ғоз болаларига жуда ғамхўр бўлади. У оиласини ташқи муҳитдан кучли ҳимоя қилиш баробарида, керак пайтида ғозчаларни иситади ҳам. Улар инкубатордан чиққан ғозчаларни ҳам яхши қабул қилишади. Нар ва мода ғоз ўзининг етти-тўққизта жўжаси билан бирга, 18 тагача инкубатордан чиққан ёки бошқа оиладан келтирилган ғозчаларга бемалол ғамхўрлик қила олади. Улар ҳатто турли ёшдаги ғозчаларни ҳам ўз «тарбия»сига олаверишади.

Ғоз, айниқса, донли ўтларни ейишни ёқтиради. Бу пайтда уларга бир марта янчилган дон ёки сабзавотларни аралаштириб беришнинг ўзи етарли. Нон бўлаклари ва ушоқларини ҳам бемалол еяверади. Қишда эса уларга уч маҳал тўйимли озуқа бериш керак. Асосийси, озуқа айнимаган, ачимаган ва моғорламаган бўлса бўлди. Бу ишнинг ҳадисини олганлар ғозни сўйишдан ўн-ўн беш кун олдин уни тор жойга қамаб, фақат буғдой ва сув билан боқишади. Бу ғозни сўйилишидан олдин уч сантиметргача қалинликдаги ёғ тўплашига ёрдам беради.

Уй ғозларини парваришлаш бўйича тавсия

Одатда, ғозлар ўз жуфтликларини узоқ вақт сақлайди. Урғочиси тухумни босиб ўтиради, эркаги уясини қўриқлайди. Жўжаларини ота-оналари бирдек олиб юришади. Ғознинг урғочиси тухум қўйгандан кейин қорнининг устидан парларини юлиб, уясининг тагига солади ва озиқлангани кетаётганда тухумларининг устини парлар билан ёпиб қўяди. Уяларни кўпинча сувга яқин ерларда, ўтлар, дўнгликлар ва бошқалар орасига қўяди. Тухумлар сарғиш, ҳаво ранг, яшил ва шунга ўхшаш рангларда бўлади. Ғозлар 4 тадан тухум босади.

Тухумдан очиб чиққан жўжалар усти қуригандан кейин, эртаси куни ерда югуриб, сувда сузиб юради. Ғоз жўжалари уясидан чиқиб кетгандан кейин у ерга бошқа қайтиб келишмайди. Жўжалар озуқани ўзлари топиб ейдилар.

Жўжалар 1–3 ойлигида қанотини ёйиб, учишни бошлайди. Жинсий жиҳатдан вояга бир йилда етилади, айрим йирик турлари 2–4 йилда етилади. Кўпайиш мавсумидан бошқа вақтларда гала бўлиб юришади. Тропик ва субтропикларда бир ерда турғун ва кўчманчи ҳаёт кечиришади, ўрта ва шимолий кенгликларда қишловга учиб ўтиш ҳаётини кечиради.

Ғозлардан насл олиш ишлари октябрь ойининг иккинчи ярми – ноябрь  ойининг бошларида ўтказилади ва 3:1 нисбатда, яъни учта урғочи ғозга битта эркак ғоз ҳисобида қолдирилади. Яроқсиз деб ажратилган ғозлар ёғли жигарини олиш учун семиртиришга қўйилади. Наслга саралашда зотнинг ажралиб турувчи белгиларига, яъни тирик вазни, қомати, пат қоплами ва гўштининг турларига эътибор берилади. Эркак ғозларнинг тирик вазни олдиндан аниқланади ва галадан ажратилади. Эркак ғозларнинг урғочисига нисбатан олинадиган наслнинг сифатига, яъни маҳсулдорлигига ва чидамлилигига таъсири катта бўлади.

Шунинг учун эркак ғозларни наслга танлаб олишга катта эътибор бериш керак. Эркак ғоздан хўжаликда 4 йил, урғочисидан 5–6 йил фойдаланиш мумкин. Уларни саралаш ва боқиш жараёнининг қандай даражада бажарилганлигини инкубацион тухумлар сифатидан билиш мумкин. Агар эркак ғоз урчиш мавсумида озиб кетса, инкубацион тухумнинг урчиганлигига ва сифатига таъсир этади. Бундай эркак ғозларга қўшимча равишда озуқа берилади.

Эркак ғозларда қариндошлик урчишлар бўлмаслиги учун улар ҳар уч йилда алмаштириб турилади. Эркак ғозлар бошқа хўжалик ёки ҳудудлардан бир кунлик ғоз жўжаси ёки тухум олиб келиш ҳисобига алмаштирилади. Зотнинг чидамлилигини ошириш мақсадида икки зот чатиштирилади, бунда урғочи ғоз тухум йўналишида, эркак ғоз гўшт йўналишида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Она ғозларнинг тухум қўйишни бошлашини бесаранжом бўлишидан билиш мумкин. Улар инига тез-тез ўтиради ва ҳашакларга кўмилиб олади. Она ғозлар, одатда, кун ора тухум қўяди. Тухумни ҳаво ҳарорати нолдан паст бўлганда инида қолдириб бўлмайди. Тухум учун юқори ҳарорат ҳам, паст ҳарорат ҳам зарарлидир.

Ғозлар асосан гўштга боқилишини инобатга оладиган бўлсак, унда олинадиган барча тухумлар ғоз жўжасини очириб чиқариш учун ишлатилади.

Курк ғоз тухумда ўтирган вақтда тухумнинг ичидаги жўжа билан алоқа ўрнатилади. Ғоз жўжаси тухумни очиб чиқишдан икки кун олдин, агар тухум совиб кетса ёки намлиги пасайиб кетса, унинг очиб чиқиши қийинлашгани туфайли чийиллаган товуш чиқаради. Курк ғоз товушни эшитиб, дарров тухумларни иситиш учун ағдара бошлайди. Тухумнинг қобиғи исиб ёки намлиги жойига келганда, ичидаги жўжа “ғо-ғо-ғо” деб товуш чиқаради. Уларни эшитиб курк ғоз ҳам шундай товуш чиқаради. Очиб чиқишидан бир кун олдин тухум қулоққа қўйилса, жўжанинг тумшуғи билан тухум қобиғини ураётган товушини эшитиш мумкин.

Жўжалар тухумдан очиб чиқиш вақтида курк ғозлар безовта бўлишади, бу даврда уларни уядан олиб бўлмайди. Очиб чиққан жўжаларнинг усти тўлиқ қуримагунча ва киндиклари тортилмагунча уларга тегиб бўлмайди. Қуриган ғоз жўжалари киндигини жароҳатламаслиги учун тагига сомон ёки латта солинган қутиларга жойланади ва бошқа иссиқ хонага олиб чиқилади. Шу билан бирга тухум қобиқларини ҳам олиб ташлайдилар.

Ғозларни сув ҳавзаси бор ўтлоқда боқиш улар организмининг умумий ҳолатига ижобий таъсир этади. Ғозлар бир кунда 2 кг кўк масса истеъмол қилишлари мумкин. Тухум қўйиб бўлгандан кейин ғозлар ўтлоққа чиқариб юборилади. Ғозларга ўтлоқ сифатида сув босиб ётган ерлар, сув чиқмайдиган ерлар, жарликлар, ботқоқликлар ҳайвонлар учун яроқсиз бўлган ўтлоқлардан фойдаланиш мумкин. Ғозлар ўтлоқда катта миқдорда кўк масса истеъмол қилганликлари учун озуқага бўлган талабини тўла қондириши мумкин. Озуқа сарфини тежаш учун бошоқли донлар ҳосили йиғиштириб олинган ер майдонларида ғозларни боқиш катта фойда беради. Улар ерга тўкилган донларни териб истеъмол қилиб, тез семиради. Ғозлар ўтлоқда кўпроқ вақт бўлишлари, кўк масса ва бошқа озуқаларни истеъмол қилишлари учун уларни сув билан таъминлаш керак бўлади. Агар ўтлоқнинг яқинида сув манбаи ва қуёш нуридан ҳимоя қиладиган буталар, дарахтлар ва бошқа ўсимликлар бўлмаса, унда кўчма шийпон ва сувдонларда сув қўйилади.

Ғозлар тўғрисида, агар сув ҳавзаси бўлмаса ғозларни кўпайтириш фойдасиз ва инкубацион тухумлари сифатсиз бўлади, деган хато тушунча бор эди. Албатта, тоза оқава сув, қирғоқдаги барра ўтлар ғозларни боқиш учун жуда яхши шароит ҳисобланади. Бироқ, илмий текширишлар ва йирик ғозчилик фабрикаларининг тажрибаси шуни кўрсатадики, ғозларни сув ҳавзаларисиз ҳам самарали боқиш мумкин. Яхши озуқа ва парвариш натижасида ғозлардан йилига 50 дона юқори сифатли инкубацион тухумлар олиб, самарали натижаларга эришиш мумкин.

Парранда танасидаги пат қопламасининг алмашишини линька дейилади. Патлар эскириб, учлари ейилиб, ранги намликдан, қуруқдан ва қуёш нуридан куйиб, ўз сифатини йўқота бошлайди ва парранданинг учиш қобилиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун паррандаларнинг эски патлари тўкилиб, ўрнига янги ва сифатли патлари ўсиб чиқади. Катта ғозларнинг пат ва парлари бир йилда икки марта юлинади. Биринчи марта – линька белгилари бошланаётганда (май охири – июнь бошларида), иккинчиси 7–8 ҳафтадан кейин (июль охири- август бошларида). Йилига икки мавсумда тухум олинса, унда бир йилда бир марта юлинади: май охири – июнь бошларида. Ёш ғозларни боқишда икки марта: биринчи бор – 70–80 кунлигида ёшида, иккинчи марта – 120–130 кунлигида ёшида патлари юлинади.

Ёш ғозларнинг пат-парлари биринчи марта 60 гр.гача, иккинчи марта 100 гр. гача юлинади. Катта ёшдаги ғозлардан бир юлишда 120 – 150 г. пат-парлар юлинади, шундан 38–40 гррамми парлардир. Табиий линька вақтида ғозларнинг пат-парларини юлиш оғриқсиз кечади, чунки эскирган патлар тагидан янги ёш патлар ўсиб чиқаётган бўлади.

Ғоз рўзғор учун фойдали ва баракали паррандадир. Қадимда яшаган халқлар ҳам бундан хабардор бўлишган. Ғоз илк хонакилаштирилган жониворлардан бири.  Юлиб олинган пар ва патлардан юмшоқ ёстиқлар, пар кўрпалар тикилади. Гўштидан байрам дастурхони учун тансиқ таом тайёрланади. Бир сўз билан айтганда, хонадонда ғоз парваришлаш мўмай даромад ва саломатлик сари қўйилган қадамдир.

Муяссар ИБРОҲИМОВА

 “Фермер” журнали, 2021 йил, 5-сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!