“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“ОТИМ ОРИҚ, МАНЗИЛИМГА  ЕТОЛМАЙМАН-ЕЙ…”

Йўл созлаган савоб, дейди доно халқимиз. Ва бу нақл бугунги ислоҳотларимизда ўзининг амалдаги аксини топаётгандек гўё. Лекин ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамага сабаб бўлган турк шофёрининг Ўзбекистон йўллари ҳақидаги мурожаатини кўриб уялиб кетдим.

Айрим соҳа, маҳаллий масъулларнинг сусткашлиги сабаб ўзимизнинг ички йўлларни созламасдан, аҳолини анча йиллардан бери сарсон қилиб юрганимизга-ку чидаётгандик. Аммо энди Ўзбекистонга ташриф буюрган туристлар, тижорат мақсадида келган тадбиркорлар бу мавзуда гапириши бу ҳар биримиз учун “УЯТ!” Бу мақола эълон қилингандан сўнг, масъуллар 3-4 та ОАВ вакилларини йиғиб, (ҳар доимгидек!) “биз мана шунча йўлни таъмирладик, энди бунчасини қайтадан қурамиз, асфальт ётқизамиз”, деб битта матбуот анжумани ўтказиб юбориши ва сувдан қуруққина чиқиб кетишлари мумкин. Аслида ҳам, айнан йўл бўйича белгилаб қўйилган тартиб-таомил, бюджетдан ажратилаётган маблағ ва таъмирга муҳтож йўллар рўйхати каби ҳужжатлар рисоладагидек юритилаётганига ҳеч қандай шубҳамиз йўқ. Статистика бериш, барчасини очиқлаш бўйича ҳам бизда муаммо йўқ. Биргина мисол, ўтган йилнинг статистикасига назар соладиган бўлсак, жами 5,1 трлн сўм миқдорида автомобиль йўлларини қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилиб, 6 442,6 км автомобиль йўллари қайта қурилган ва таъмирланган. Биздаги маълумотларга кўра, 2021 йилда давлат бюджетидан 4,5 трлн сўм маблағ ажратилиши ҳамда 3 935,8 км автомобиль йўллари қайта қурилиши к ерак. Бунча катта сумма ва узун километрларга қарайдиган бўлсак, ҳаммаси жойида. Анча-мунча еримиз асфальт қилиниб, текис бўлиб қоладигандек туюлади кишига. Аммо амалда-чи? Бир нарсани таъкидлаб айтишни лозим топдим: Ўзбекистонда йўл таъмири кеча ёки бугун бошланган ислоҳот эмас, йиллар давомида баъзан қоғозда, баъзан амалда йўлларимиз таъмирлаб келинмоқда. Хўш, шунча йиллардан бери йўл таъмирлар эканмиз, бугун бизда бу борада ҳеч қандай муаммо қолмаган бўлиши керакмасми, аслида? Аммо таҳририятга келган мурожаатларга қарайдиган бўлсак, вазият биз кутгандек яхши эмас. Биз уларни қуйида исбот сифатида келтиришни лозим топдик…

“Мен Қибрай туманидаги “Бура-ота” ж/х га қарашли “Ўткир” МФЙ 23-уйда истиқомат қиламан. Биз яшаётган ҳудудда 30 йилдан бери йўл бирор марта таъмирланмаган. Йўлларимиз куз, қиш ва баҳор ойларида кўп ёғингарчилик бўлганлиги сабабли лой бўлиб кетади. Бунинг олдини олиш мақсадида маҳалладошлар ўзимиз пул йиғиб, шағал туширдик. Лекин у ҳам ўз вақтини ва вазифасини ўтаб бўлди. Қайта-қайта пул йиғиб, йўл таъмирлашга ҳамма оиланинг ҳам қурби етмайди. Шу пайтгача мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Ҳокимиятдагиларнинг бераётган қуруқ ваъдаларидан чарчаб кетдик.”

Г.Темирова, Тошкент вилояти Қибрай тумани

“Қишлоғимиз ташкил топганига 70 йилдан ошди, лекин кўчалари жудаям абгор ҳолатда. Вилоят ва туман ҳокимига бир неча кўчаларимизни асфальт қилиб беришларини сўраб мурожаат қилдик, “Тош тўкиб берамиз”, деган ваъдадан нарига ўтишмаяпти. Лекин на тош бор, на асфальт. Бир вақтлар “Обод маҳалла” давлат дастури билан кўп маҳаллалар ободонлаштирилди, лекин бизнинг маҳаллага навбат энди келганда “Обод маҳалла” дастури ҳам тўхтаб қолди.”

Б.Урунов, Сурхондарё вилояти Денов тумани

Энг ачинарлиси, бизга юқоридаги каби мурожаатлардан кунига ўнлаб келади. Ҳурматли масъуллар! Қоғоз, ҳужжат ва яна шунга ўхшаш бир қатор жонсиз омилларни дастак қилиб олишни энди йиғиштиринг. Амалий ишга ҳам ўтайлик. Халқимиз қачонгача лой кечиб, асфальт кўрмай ўтиши керак? Гапларимиз оғирроқ ботаётган бўлса, демак, виждонингиз ҳали-ҳануз бор экан. Мудраётган инсонийлик туйғуларингизни уйғотиш вақти келди… Майли, эҳтимол, бизга келиб тушаётган мурожаатчиларнинг йўлларини сиз “кўрмай қолгандирсиз, билмай қолгандирсиз?!”. Булардан хабардор бўлишингизда бугун биз сизга воситачи бўлдик. Таҳририятга келиб тушган ҳар бир мурожаатни ўз манзили бўйича масъулларига бириктирдик. Биз мавзуга яна қайтамиз. Ҳа айтганча, мақолани тайёрлаш жараёнида бежиз сарлавҳада “Шум бола” фильмида ижро этилган қўшиқдан парча келтирмадим. Фильм қаҳрамони отининг озғинлигидан манзилига етолмаган бўлса, бугун аҳоли йўлнинг абгорлигидан манзилига етиши муаммо бўлиб қолган. Эҳ…

Моҳинур РУСТАМОВА

Ушбу мақола “Даракчи” газетасининг 17-сонида (29.04.2021) чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!