“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ҚАЧОН ҚАРЗДАН ҚУТУЛАМИЗ?..

ЁХУД ЭНГ АРЗОНИ СУВ БЎЛСА-ДА, УНДАН ҲАМ 674,1 МЛРД. СЎМ ҚАРЗДОРЛИК ҲАҚИДА…

Ўзбекистонда коммунал хизматларнинг энг арзони сув. Шундан ҳам бутун республика бўйлаб истеъмолчиларнинг қарздорлиги 674,1 млрд. сўмни ташкил этмоқда. Ғалати номутаносиблик, тўғрими? Ўзи бунча қарздорлик қаердан келиб чиқди? Тоза ичимлик сувига энг муҳтож, деб қаралаётган Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг муаммолари қачон ҳал этилади? Нега жойлардаги масъуллар бузилганига бир ҳафтадан ошган сув қувурини ҳамон тузатишмаяпти? Шу ва шунга ўхшаш куннинг энг долзарб саволларига “Ўзсувтаъминот” АЖ департаменти директори Зуҳриддин ЗАЙНИДДИНОВдан жавоб олдик. 

БУГУНГИ КУНДА АҲОЛИДАН ҚАРЗДОРЛИКНИНГ ҚАНЧА  ҚИСМИ УНДИРИЛДИ?

— Ўзбекистон бўйича сувдан қарздорлик 674,1 млрд. сўм. Шунинг 555,8 млрд. сўми аҳоли, 118,2 млрд. сўми эса юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади. “Ўзсувтаъминот” АЖ мутасаддилари иштирок этган тадбирда қайд этилишича, шу йилнинг биринчи чорагида электрон тўлов тизимлари орқали 39,3 млрд. сўм келиб тушди, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (22,8 млрд. сўм) нисбатан 72 фоизга ошди. Бугунги кунда 2 444 нафар назоратчи ишга қабул қилиниб, улар 2 368 та (97 фоиз) терминал ва 2 587 та (106 фоиз) термопринтер билан таъминланган. Жорий йил I чорагида пул ундируви 349 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига  нисбатан 122 млрд. сўм ёки 54 фоизга ошди. Ҳудудий корхоналар томони-дан 63,5 млрд. сўм қарздорлик фуқаролик ва иқтисодий судларга тақдим қилинган. Марказлашган ичимлик суви хизматлари мавжуд бўлган 741 та МФЙдаги шартномасиз равишда ичимлик сувдан фойдаланиб келаётган 23 343 та истеъмолчи (90 932 аҳоли) аниқланди ва улар билан “Сувтаъминот” МЧЖлар шартномалар расмийлаштиришга ҳамда 7 826 млн. сўм ундирилишига эришилди.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:

Истеъмолчилар томонидан маълумотларнинг шафофлигини кўриб туриш учун бир қатор саҳифалар ва тўловларни қулай тўлашлари учун “Ўзсувтаъминот” АЖ электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upay) билан шартномалар имзоланган.

РЕСПУБЛИКА БЎЙИЧА ЖАМИ ИЧИМЛИК ВА ОҚОВА СУВ ТАРМОҒИ ҚАНЧА? ҲАММАСИ ЯРОҚЛИМИ?

— Республика бўйича жами ичимлик суви тармоғи 65 минг км.дан ошиқ, оқова сув тармоғи эса 7 минг км.ни ташкил этади. Бугунги кунда шулардан 30 фоизи таъмирга муҳтож. Қувурлар носозлиги билан боғлиқ авария ҳолатлари шаҳар миқёсида кўплаб кузатилади ва бу муаммоларни бартараф қилишнинг ўзига хос қоидалари бор. Қоида бўйича носозлик содир бўлган ҳудуд диспечер хизматига тушгандан кейин 24 соатдан 72 соатгача бартараф этиш белгиланган. Агар авария вақтида бартараф этилмаса,  бу бошқа омилларни келтириб чиқариши мумкин.

ЗАХИРАНИНГ КАМАЯЁТГАНЛИГИ ПОЙТАХТНИНГ СУВ ТАЪМИНОТИГА ҚАЙ ДАРАЖАДА ТАЪСИР ҚИЛАДИ?

— Ҳозирги кунда Тошкент шаҳри аҳолисига 7 та сув иншоотидан сув берилади. Буларнинг энг каттаси Чирчиқ дарёсидан оқиб келаётган Қодирия очиқ сув ҳавзаси ҳисобланади. Тошкент шаҳрига узатилаётган сувнинг 80 фоизи шу сув тармоғига тўғри келади. Аммо охирги 5 йил мобайнида Тошкент шаҳрида сув танқислиги ҳолатлари кузатилгани йўқ. Шунинг учун бемалол айтоламанки, бу борада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.

  • Шу ўринда таҳририятимизга келиб тушган мурожаатга ҳам аниқлик киритиб ўтсангиз. Чилонзор тумани “Наққошлик” кўчасида қувур ёрилганига ҳам бир ҳафтадан ошди. Лекин бугунгача ҳеч бир масъул бу муаммони бартараф этишни ўйлаётгани йўқ. Ўзи шу ҳолатдан сизлар ҳам хабардормисизлар?
  • Албатта, келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни ўз вақтида бартараф этиш учун ҳар бир ходимимиз масъул ҳисобланади. Бу бўйича мен манзилни ёзиб олдим, ҳозирнинг ўзида бу масалани ўрганишга киришилади.

СУРХОНДАРЁ ВА ҚАШҚАДАРЁДАГИ СУВ ТАНҚИСЛИГИГА ҚАНДАЙ ИЗОҲ БОР?

— Ҳозирги кунда сув танқислиги бўйича энг кўп муаммо Қашқадарё ва Сурхондарё худудларига тўғри келади. Қашқадарёда танқисликнинг олдини олиш бўйича “Оқсув­Деҳқонобод” лойиҳаси амалга оширилди. Бугунги кунда сув танқислиги бўйича энг ачинарли ҳолат Сурхондарё вилоятига тўғри келади. Сув насослари ва қувурларининг  яроқсиз ҳолатга келганлиги ҳам айнан Сурхондарёда кўрилади. Бу муаммони ўрганиш ва тезроқ бартараф этиш мақсадида республикадан махсус гуруҳ тузилиб, ушбу вилоятга жалб этилган. Уларнинг ўрганишлари натижасида энг кўп муаммо айнан қайси нуқтада юзага келаётганини аниқласак, асосий кучни ўша ерга жалб этишга шай турибмиз.

ИЧИМЛИК СУВИ  БЎЙИЧА ЭНГ КЎП ҚАРЗДОР ҲУДУД ҚАЕР?

— Бугунги кунда ўрганишларимиз натижасида энг кўп дебитор қарздорлик Тошкент шаҳрига тўғри келиши аниқланди. Унинг жами суммаси 100 млрд.ни ташкил қилади. Бу қарздорлик 2020 йилнинг бошигача аҳолида 60 млрд. ни ташкил этган. Худди шу йилнинг март ойига келиб пандемия бошланди ва қарздорлик кўрсаткичи кескин ошиб кетди. Йил охирига келиб эса аҳолининг умумий қарзи 130 млрд.ни ташкил этди. Маълумот ўрнида айтиб ўтишим жоиз, бугунги кунда республикамизда сув истеъмоли бўйича қарздорликнинг 84 фоизи ёки 555 млрд. сўм қисми аҳоли истеъмолчиларига тўғри келмоқда.

НОРЕАЛ  ҚАРЗДОРЛИК  ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?

— Нореал қарздорликнинг асосий сабаби истеъмолчи қарзини тўлаганлик ҳақидаги маълумотни ўз вақтида тегишли жойга топширмаганлигида. Тўғри, улар ўз вақтида тўловни амалга оширади, лекин қарзни тўлаганлик бўйича маълумотномани масъулларга топширишмайди. Ҳозирда нореал қарздорликлар муаммосининг олдини олиш бўйича алоҳи-да телеграм ботлари, фасебоок каналлари яратдик ва бу ўз са-марасини бериб келмоқда.

АҲОЛИНИНГ ҚАНЧА ҚИСМИ ЗАМОНАВИЙ СУВ ҲИСОБЛАГИЧЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАН?

— Сув истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича “Ўзсувтаъминот”ида автоматлаштирилган ҳисоблаш тизими жорий қилинди. Унга кўра, бугунги кунда сув иншоотлари, магистрал тармоқлар, кўчабоши, маҳаллабошларига замонавий, яъни масофадан маълумот узатиб берувчи 1 300 дан ортиқ ҳисоблагич ускуналари ўрнатиб берилди ва бу жараён бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Бундан ташқари, хизмат сифатини яхшилаш мақсадида 1 500 дан ортиқ насос ускуналари янгиланди ва қайта таъмирланди. Шу ўринда яна бир маълумотни айтиб ўтишим керак, бизда бугунги кунда 3 миллион 900 нафар аҳоли истеъмолчилари ва 90 минг нафар юридик истеъмолчи мавжуд. Булардан 53 фоизи ёки 2 млн. 100 нафарида замонавий ҳисоблагичлар мавжуд. Қолганлари билан эса одатдаги тартиб асосида ҳисоб­китоб қилинмоқда.

Тасаввур қилайлик, бутун дунёда тоза ичимлик суви қуриди ва биз сувсиз қолдик. Бир кун ёки бир соат сувсиз ҳаётда яшай оламизми? Шак-шубҳасиз, жавобингиз “ЙЎҚ!!!” бўлиши табиий. Бу шунчаки тасаввур эди, лекин истеъмолчилар ўзлари ичаётган сувни ҳисобсиз ва беҳудага сарфлашса, масъуллар бузилганига 10 кундан ошган қувурларни ямашни ўзига “эп” кўришмаса, аҳвол ўша қўрқинчли тасаввуримиз билан бир хил бўлиб қолиши тайин. “Қарс икки қўлдан чиқади”, деганларидек, ҳам истеъмолчи, яъни сиз-у биз, ҳам  масъул мутахассисларимиз ўз зиммамиздаги вазифани тўлиқ адо этсаккина беҳудага оқаётган сувларнинг уволидан, ичганимизга тўланмаган пулларнинг виждон азобидан қутулган бўламиз…

Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади

Ушбу мақола “Даракчи” газетасининг 21-сонида (27.05.2021) чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!