“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЗАНГИОТАДАГИ ВАЗИЯТ ЎЗГАРДИМИ ЁКИ?

МИШ-МИШЛАРГА ОЙДИНЛИК КИРИТАМИЗ…

Бугун дунё ҳамжамиятининг бутун диққати ер юзини қамраб олган коронавирус пандемияси билан курашиш, унга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тезроқ бу кўринмас ёвдан қутулишга қаратилган. Аммо Зангиота туманида ташкил этилган шифохонадаги вазият ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видео лавҳалар ҳаммани ўйлантириб қўйгани ҳам айни ҳақиқат. Зангиотадаги шифохонада чойшаблар алмаштирилмаётгани, озиқ-овқат ва дори воситаларини беморнинг яқинлари томонидан олиб келиб берилаётгани ҳақидаги чиқишлар шулар жумласидан. Ушбу ҳолатлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВнинг Зангиотадаги шифохона шифокорларига қаратилган аудио мурожаатида келтирилган фикрларга кўра, интернетда тарқалаётган ҳаволалар қисман бўлса-да ҳақиқат.

«БИР ЙИЛЛИК ПУЛНИ БИР ОЙДА ОЛЯПСИЗЛАР»

— Врачларни қамаш керак дейман, мен ўзим уларни қаматтираман. Зангиотадан бошлаймиз. Бир ойда бир йиллик маошни оляпсизлар. Бир ойга битта шу клиникага 40 млрд. (сўм) кетяпти, ўша 40 млрд.ни 90 фоизи сизларнинг (шифокорлар назарда тутиляпти) маошларинг, – дея куйинган  Соғлиқни сақлаш вази-рининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ. Шунингдек, махсус шифохонадаги  беморларга муносабатга тўхталган. Касаллик тарихи касал тушгандан кейин 3 кунлаб ёзилмай ётгани, ҳамма касаллик тарихи трафа-ретлиги, бемор ётган чойшаблар ҳатто 7 кунлаб алмаштирилмаётгани, бир хил тушиб кетаётган кислород давленияси, антибиотиклар захираси билан етарли бўлса-да,  касалнинг ўзига дори ёзиб берилаётгани, ваҳоланки Соғлиқни сақлаш вазирлигига зарур дори бўйича мурожаат қилиниши кераклиги каби масалаларни ўртага ташлаган ва қатъий талаб қўйган:

— Хаёлларингдан чиқаринглар, бу ўтиб кетадиган нарса эмас. Ёки тартибга тушасизлар ёки бошқа йўли йўқ. Мен прокуратурага беришни хоҳламас эдим. Агарда кескин ўзгариш бўлмаса, прокуратурага беришга мажбур бўлинади. Биттаям главрачни бўшатмаймиз… Ҳаммасини бўйнига қўйиб, ундан кейин нима қилиш кераклигини айтамиз.

КУЙИШНИ ҲАМ, КУЛИШНИ ҲАМ БИЛМАЙДИГАН ЯНА БИР ҲОЛАТ

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги “Илғор” маҳалласида яшовчи бир фуқаро covidга чалинганлар  шифохонасида  вафот этгани ва майитни ювиб-тараб, унинг яқинларига бошқа жасадни алмаштириб бериб юборишгани мазмунидаги хабар тарқалди. Ўрганишлар натижасида аниқланишича, ўша куни салкам 80 ёшни қоралаган отахоннинг ўғлига эрталаб Наманган шаҳрида ташкил этилган “Баркамол авлод” шифохонасидан қўнғироқ қилишган ва отасининг оғирлашгани ҳақида хабар беришган. Бироз муддатдан сўнг яна қўнғироқ қилиб, отахоннинг вафот этга-нини маълум қилган. Шундан сўнг ўғил отасининг жасадини олиб келиш учун шифохонага боради ва “марҳум”нинг қўл телефонига қўнғироқ қилади. Бахтли тасодифга кўра гўшакни унинг “ўлган” отаси кўтаради. Бу ҳолатни кутмаган йигит отасининг вафоти ҳақидаги хабардан бир стрессга тушган бўлса, кутилмаган бу вазият унга яна бир стресс бўлади. Биргина исм-шарифнинг ўхшашлиги сабаб шунча тушунмовчилик вужудга келган. Бироқ инсоннинг бошига яқинининг хасталиги билан боғлиқ оғир синовли вазият тушиб турганда бемор билан боғлиқ  ҳар қандай совуқ хабар яқинларини эсанкиратиб қўйиши шубҳасиз. Бизни ажаблантиргани эса битта ҳолат юзасидан икки марта ҳам янглиш хабар бериш мумкинми?

СУРИШТИРУВНИ БОШЛАДИК…

Интернетда тарқалаётган турли хабарларга аниқлик киритиш, аҳолининг ҳолат юзасидан фикрини билиш, бўлиб турган вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб, масалага холис ёндашиш мақсадида Зангиота туманидаги шифохонага бордик. Хўш, вазир ўринбосарининг танқиди ва шифокорлар олдига қўйган қатъий талабларидан сўнг вазият ўзгардими? Биз масъулларнинг эмас, айнан ўша шифохонага иши тушган аҳолининг фикрига қизиқдик. Шифохона эшиги олдида турган 30 га яқин одам билан суҳбатлашганимизда аксарияти ичкаридаги вазиятдан кўнгли тўқлигини, шифокорлар томонидан ҳеч қандай дори воситалари ёки озиқ-овқат маҳсулотлари сўралмаётганлигини айтишди. Шундай бўлса-да, суриштирув жараёнида даволанаётган яқинларига овқат олиб келганларни ҳам учратдик. Уларни суҳбатга тортганимизда исми сир қолишини илтимос қилиб, ҳолатни қуйидагича изоҳлашди:

«БЕРИЛАЁТГАН ОВҚАТЛАРДАН ҚОНИҚЯПМИЗ, АММО…»

—  Бу ерда менинг онам даволаняпти. Онамнинг қандли диабет касали ҳам бор. Ва у кишига кучли, ҳазм бўлиши қийин бўлган таомлар мумкин эмас. Шифохонада ҳаммага бир хил овқат тарқатилади. Берилаётган овқатлардан кўнглимиз тўлади, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам онамга мумкин эмас. Шунинг учун ўзимиз уйда тайёрланган, енгилроқ таомлардан олиб келиб беряпмиз.

«ЎЗИМ ҲАМ ШУ ЕРДА ДАВОЛАНДИМ»

Суриштирувимиз чоғида яқинини йўқлашга келган, бундан бир қанча вақт олдин covidга чалиниб, ўзи ҳам ушбу касалхонада даволаниб чиққан ҳамюртимизни учратдик. Унинг ичкаридаги ҳақиқий вазият ҳақидаги фикрларини тингладик.

Наргиза АБДУЛЛАЕВА:

— Мен шахсан ўзим шу шифохонада даволандим ва бу ердаги вазият мени тўлиқ қониқтирди. Лекин бир муддат олдин фуқароларнинг уйидагилари озиқ-овқат олиб келяпти ёки шифокорлар томонидан дори воситалари сўраляпти, деган гаплар тарқалди. Аммо нима учун бу нарсалар сўралаётгани бўйича ҳеч ким чуқурроқ ўйлаб кўрмаяпти. Шахсан ўзим мисолимда бу икки ҳолатга изоҳ берадиган бўлсам, биринчи, яъни озиқ-овқат масаласида ўзбекчилигимизда касалнинг ёнига сўраб борилганда бўш қўл билан борилмайди. Нимадир егулик олинади ва бу биз учун табиий ҳол. Менинг ҳам яқинларим кўришга келганда овқат олиб келишди. Лекин ичкарида берилаётган таомлар, ростини айтаман, ҳаминқадар яшайдиган кишиларнинг уйида ҳар куни бунақа овқат қилинмайди. Шароит бунга йўл қўймайди. Аммо бу ерда беш маҳал бепул, гўштли овқат ва ичимликлар тарқатилади. Дориларнинг уйдагилардан сўралишига келадиган бўлсак, уларни шифокорлар эмас, беморларнинг ўзлари сўрашяпти. Мисол учун, бу ерда сovidга чалинган турли даражадаги беморлар даволаниши мумкин. Аммо уларни давлат бир хил дозадаги антибиотик билан таъминлаяпти. Биттагина қорин қисмига қилинадиган уколни оладиган бўлсак, уни 2% лик миқдорда кун давомида 5 марта олиш ҳам мумкин ёки уйдагиларга шунинг 10% лигидан олиб келтириб бир кунда бир марта олиш ҳам мумкин. Шахсан мен ўз ихтиёрим билан унинг 10% лигини уйдагиларга айттирдим ва кунда давомида бир марта шу уколни олдим, холос.

ХУЛОСА ЎРНИДА…

Фикрлардан кўриниб турибдики, бугунги кунда коронавирус билан боғлиқ вазият биз ўйлаганчалик ёмон эмас. Аммо “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди” деганларидек, бу ҳолат 100% талабларга жавоб беради, деб ҳам айтолмаймиз. Негаки, аҳоли орасида тарқалган гаплар ҳамда вазир ўринбосарининг шифокорларга мурожаатидан ҳам кўриниб турибдики, тизимда ҳануз тузатилиши керак бўлган муаммолар бор. Умид қиламизки, улар ҳам тез орада барҳам топади. Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, агар сизнинг бирор­бир яқинингиз ушбу касаллик билан хасталанган бўлса­ю, мавжуд тизимдан кўнглингиз тўлмаса ёки муаммоли вазиятларга дуч келсангиз, таҳририятнинг (+998 95) 194 64 16 рақамига ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 қисқа рақами ва (+998 71) 239 47 95 ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади

Ушбу мақола “Даракчи” газетасининг 39-сонида (29.10.2020) чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!