“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЖАНОБ СЕКТОР РАҲБАРЛАРИ, ҚАНИ, ҚАЕРДАСИЗ?

4 ЙИЛДАН БУЁН СИЗНИ ХАЛҚ ИЗЛАЯПТИ…

“Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-3182-сон 08.08.2017) имзолангач, ҳар бир туманнинг фаол қатлами ҳисобланмиш ҳоким, прокурор, Ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда ҳудудий солиқ бўлими бошлиғига ўз туманида жойлашган маҳаллалар бириктириб берилди. Президентимиз ташаббуси билан жойларда ташкил этилган сектор раҳбарлиги вазифасидаги шахсларнинг асосий иш фаолияти аҳолини камбағалликдан чиқариш ва ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш этиб белгиланган эди. Қарор имзоланганига ҳам қарийб 4 йил бўлди. Шу муддат ичида ҳали ҳам халққа яқинлашолмай юрган, бирор-бир кўзга ташланадиган янгилик қилмаган, қайсидир фуқаронинг ишини “қойиллатиб” ҳал этмаган айрим сектор раҳбарлари йўқ эмас.

Баъзи сектор раҳбарларини ўз ҳудудидаги аҳолининг кўпчилик қатлами танимаётганлигини ишонч билан айтаётганимизнинг сабаби бор. Ушбу мавзуда @darakchipochta телеграм манзилида “Сектор раҳбарингизни танийсизми? У сизнинг муаммоларингизни ижобий ҳал этиб бера олдими?” мазмунидаги саволлар билан ўтказган кичик сўровномамиз аҳоли томонидан катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Бизнинг телеграмдаги электрон манзилимизга келиб тушган жавобларнинг асосий мазмуни “Йўқ, танимайман. Ким у? Қандай вазифаларни бажаради?” каби жумлалар бўлди. Сўровномани ижтимоий тармоққа жойлаштиргач, ўйлаб қарасам, журналист, яъни аҳолининг нисбатан фаол қатлами вакили бўла туриб, ўзим ҳам сектор раҳбаримни танимас эканман. Эҳтимол мен талаба бўлиб пойтахтда юрганим учун кўрмагандирман, дея ўзимни овутишга уриндим. Аммо маълум бўлишича, нафақат мен, балки ён-атрофдаги таниш-билишлар ҳам танимаслигини билдиришди. Чунки у киши бирор марта маҳалламизга “қадам ранжида қилмаганлар”. Тўғри-да, тинч бошини оғритиб, аҳоли билан учрашиб нима қилади? Салқин кабинетида жойлашган юмшоқ креслода ўтиргани яхши-ку… Аммо давлат раҳбари катта ишонч билан таъсис этган сектор раҳбарлиги вазифасидаги шахслар қатор қарор, янги фармонларни қўя турайлик, ўз вазифасига тегишли бўлган қонунларни ҳам билмайди. Шунинг учун ёнига борган фуқаронинг ишини ҳал этмасдан (этолмасдан) чўзи-и-иб юраверишади. Аслида, агар чиқарилаётган қарорларни бир марта очиб кўрса, ҳар бир юзага келиши мумкин бўлган муаммонинг ечими, пул бўлса, пул муаммоси, уй бўлса, уй муаммоси, йўл бўлса, йўл муаммосига тегишли бўлган янги қонунлар чиққани ва уларнинг барчасига ечим ҳуқуқий ҳужжатларимизда белгилаб борилаётганлигини билишарди. Шунчаки уларга буни аҳолига тўғри йўналтириш вазифаси қолган, холос. Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек, келинг, сўзимизнинг исботи сифатида аҳолидан келган баъзи мурожаатларни таҳрирсиз шаклда эътиборингизга ҳавола этамиз.

«ҚАЁҚҚА БОРАЙ ДАЪВОГА?»

“Исмим Маърифат. Тошкент шаҳар Учтепа туманиданман. Бизнинг сектор раҳбаримиз туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев бўлса керак. Мен “Темир дафтар”га киритилганман. 6 йилдан бери уйга рўйхатда тураман. Касалмандман. Ёлғиз она гемотологияда қон касаллиги бўйича рўйхатга ҳам қўйилганман. Ишлашга яроқсизман.  Ойига 300 минг сўм бокувчисини йўқотган, деб бола пули берилади. Ҳоким билан кўришганимда вақтинча яшаш жойингиз бор, давлат томонидан бериладиган уйдан сизга беролмайман, деди. Ҳоким ёрдамчисига ҳоким билан яна гаплашишим керак десам, маслаҳатлашиб кўраман, деганига ҳам 3 ой бўлди. Деярли ҳар куни қўнғироқ қиламан, жавоб бермайди. Қанча кўришишга уринсам ҳам, иложи йўқ. Хуллас, қуйи поғонадан муаммолар юқоридагиларга етиб бориши учун, албатта, инсон ўз жонига қасд қилиши керакмикан, деб ўйлаяпман…”

«НАФАҚА ПУЛЛАРИМНИ ҲАМ УЗИБ ҚЎЙИШДИ…»

“Мен Қашқадарё вилояти Қарши шаҳриданман. Бизга қарашли сектор раҳбаримиз менинг муаммоларимга умуман қизиқмайди. Қабулига борсам, ҳар хил баҳоналар билан жўнатиб юборишади. Муаммойимга ҳеч бир чора кўришни исташмайди. Ўзим ёлғиз онаман, икки нафар фарзандим бор. 14 ёшгача бўлган нафақа пулларимни ҳам узиб қўйишди. “Темир дафтар”га киритилган бўлсам ҳам, ҳеч бир моддий ёрдам ёки бир марталик ёрдамларни беришмаган.”

Хўш, жаноб сектор раҳбарлари, агар салгина виждонингиз бўлса, президент ишончини поймол қилмай, еган нон-тузингизни ҳалолланг-да, халқ олдига чиқинг! Ахир, сиз бугун бепарво бўлган муаммо эртага ўзингизни ҳам домига тортиши ҳеч бир эҳтимолдан ҳоли эмас!

Моҳинур РУСТАМОВА

“Даракчи” газетасининг 20-сонида (20.05.2021) чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!