“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЖАМИЯТ РИВОЖИГА БОЛТА УРАЁТГАНЛАР

ЁХУД ҚОИДАБУЗАР ҲАЙДОВЧИ КИМНИНГ ЖИГАРИ ЭДИ?

Бир куни ишдан шошиб чиқдим ва уйга эртароқ етиб бориш важидан киракаш таксига ўтирдим. Кўринишидан сипогина туюлган ҳайдовчи йигит анчайин “учар” ва қоидабузар экан. Буни биринчи светафордаёқ сариқ чироқда юриб кетганидан англадим. Ишқилиб эсон-омон уйга етиб олай-да, деган ўй билан бироз хаёл суриб қолибман. Кейинги бурилишда пиёдаларга йўл беришни истамаган таксист болали аёлни уриб кетишига бир баҳя қолди. Уни йўл патрул хизмати ходимлари тўхтатишди. Энди аниқ жаримага тушдиёв, деб ўйладим. Машина ойнасидан уларнинг хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб турсам, аввалига сипо кўринган ҳайдовчи ЙПХ ходими билан келишолмагач, унга дағдаға қилишга ўтди. Кимгадир қўнғироқ қилиб, телефонни ходимга узатди. Кимга қўнғироқ қилгани ва нималар дегани менга қоронғу-ку, лекин ЙПХ ходимининг гўшакни қўяр-қўймас қўлини кўксига қўйиб, таксистни машинагача кузатиб қўйганидан маълумки, телефоннинг нарёғидаги одам “каттаконларимиздан” эди…

Айни шу ҳолатга гувоҳ бўлгач ўйлаб қолдим, инсонларимизнинг онгига таниш-билишларсиз иш битириш, ҳаққонийлик, коррупцияга чек қўйишимиз кераклигини сингдира олмас эканмиз, ривожланишнинг гуркираб кетиши ҳақида ҳали-бери ўйламасак ҳам бўлади. Худо бир асради-ю ўша бола кўтарган аёлга ҳеч нарса қилмади. Аммо бахтсиз ҳодиса рўй бериб, улар оғир тан жароҳати олса ёки ундан ҳам ёмон ҳодиса юз берса ёш таксист “каттаконнинг ёрдами” билан ЙПХ ходимининг қўлидан осон чиқиб кетгани каби қамоқдан ҳам силлиқ қутулиб қолармиди? Мени ташвишга солгани бунақа инсонлар жамиятимизда бор-йўғи биттагина эмаслиги ва шунга ўхшаш ҳолатлар ҳар қадамда учраб тургани бўлди. Келинг, бугун сиз билан “жамият оёғига болта ураётган” юқоридаги каби ҳолатлар ҳақида суҳбатлашамиз.

ЎҚИТУВЧИ ОТАДЕК УЛУҒ(МИ)?

Устоз… Ҳар биримиз учун қадрли ва энг гўзал хотираларни ёдга солувчи ушбу сўзнинг бугунги кундаги аҳамияти аввалгидек ҳурматга лойиқ эмас, назаримда. Бундай дейишимга сўнгги пайтларда ўқитувчиларнинг тез-тез калтакланаётгани каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда. Биргина мисол, Қашқадарёдаги инглиз тили ўқитувчисининг ҳолатини олайлик. Ўқувчисига ўзлаштириши яхши бўлмаганлиги сабабли қўйилган “2” баҳо унинг акалари томонидан калтакланишига сабаб бўлди. Энг ачинарлиси, бундай ҳолатлар сўнгги пайтларда кўп такрорланаётгани ва бунинг инсонлар учун оламшумул янгилик бўлмай қолганидир. Олдинлари халқимизда ота-она фарзандини бирорта устознинг қўлига топшираётганда боламнинг саводини чиқариб берсангиз, “эти сизники-суяги бизники”, дейишарди. Яна халқ орасида “Устоз отангдек улуғ”, деган нақлларимиз ҳам бор. Аммо сўнгги пайтларда бу ҳикматларни унутиб қўйгандекмиз. Энг ёмони, юқоридаги каби ҳолатларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин эканлигида…

БЕЧОРА ТАЛАБАНИНГ ЧЎНТАГИГА КЎЗ ТИКМАНГ!

Аммо ҳар доим ҳам ўқитувчини ҳақ деб айтолмаймиз. Яна бир шундай тоифа устозлар борки, уларни устоз дейишга ҳам истиҳола қиламиз. Гап қайси тоифа ҳақида кетаётганини англаб етдингиз назаримда. Ҳа, очиқчасига айтганда, гап “порахўр” домлалар ҳақида кетяпти. Ўзининг моддий нафсини талабанинг чўнтагидан қондирувчи ўша домлалар… Афсуски, биз қанчалик коррупцияга қарши курашмайлик, бунга ошкора қарши борувчи ва мамлакат ривожига ўзининг фақатгина салбий ҳиссасини қўшувчи домлалар бугун ҳам орамизда борлиги ҳақиқат.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари уни-верситетининг Рус тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчисининг “15-апрелга қадар катта миқдорда пул маблағи (фан учун пора) ни йиғиб пластик картасига ташлаб юборишни” сўрагани акс этган скриншот суратлар тарқалди. Тўғри, университет томонидан ўша куннинг ўзидаёқ расмий баёнот берилиб, ўқитувчига тегишли чора кўрилгани айтилди. Лекин университет биргина порахўр ўқитувчига чора кўргани билан энди бундайлар орамизда йўқлигига ва бошқа олий таълим муассасаларида шунга ўхшаш ҳолатлар юзага келмаслигига ҳеч ким кафолот беролмайди. Афсус…

ЮҚОРИДА БИР КАСБ ДОИРАСИДА ФАОЛИЯТ ЮРИТАЁТГАН ИККИ ХИЛ ИНСОННИНГ ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАРИ ТАҚҚОСЛАНДИ. БУ БИЛАН БИЗ ЖАМИЯТНИ ОРҚАГА ТОРТУВЧИ ҲОЛАТ ФАҚАТ ШУ КАСБ ДОИРАСИДА БОР ДЕМОҚЧИ ЭМАСМИЗ. ШУНЧАКИ, РИВОЖЛАНИШ, ЮКСАЛИШ ҲАҚИДА БОНГ УРАВЕРГАНИМИЗ БИЛАН БУНИ АМАЛИЁТГА ТАТБИҚ ҚИЛМАС ЭКАНМИЗ, БУ АНЧАЙИН МУРАККАБ ЖАРАЁН БЎЛИБ ҚОЛАВЕРАДИ, ДЕГАН МУЛОҲАЗАНИ СИЗ БИЛАН БЎЛИШМОҚЧИ ЭДИК, ХОЛОС. ЭЙ ИНСОН, ЖАМИЯТ ГУЛЛАБ-ЯШНАШИ ЙЎЛИДА ЧАҚИРТИКАНАК БЎЛИШНИ БАС ҚИЛАЙЛИК. БАРЧАМИЗ! ШУ ЮРТ, ШУ ВАТАН ҲАММАМИЗНИКИ. БУНИ УНУТМАНГ. БУ МАВЗУДА ЯНА СУҲБАТЛАШАМИЗ…

Моҳинур РУСТАМОВА

Ушбу мақола “Даракчи” газетасининг 16-сонида (22.04.2021) чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.7 / 5. Baholaganlar soni: 68

OAV nomi va parolini kiriting!