“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЕР ЮЗИНИНГ САЙҚАЛИ

Самарқанд янада кўркам шаҳарга айланмоқда

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига қилган ташрифини том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлди, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.

Юртбошимиз вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан шаҳар ва туманлардаги қатор саноат корхоналари, туризм мажмуалари, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган лойиҳалар билан танишди. Янги уйлардаги ўзгаришларни бориб кўриб, маҳаллий Кенгаш депутатлари, аҳоли вакиллари билан самимий мулоқот қилди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг улкан истиқболлари белгиланди.

Халқаро аэропорт — Самарқанднинг «ташриф қоғози»

Президентнинг улкан бунёдкорлик ишлари билан танишуви Самарқанд халқаро аэропортидан бошланди. Давлатимиз раҳбари 2019 йили вилоятга ташрифи чоғида ушбу ҳаво бандаргоҳини модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Шу асосда бу ерда белгиланган лойиҳа доирасида янги терминал, учиш-қўниш йўлаги, тураргоҳ ва бошқа объектлар барпо этилмоқда.

Китоб шаклидаги янги терминал замонавий дизайнга эга бўлади. Унинг йиллик қуввати 1,5 миллион йўловчига тенглаштирилган. Бу дегани бир соатда камида 800 дан минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилмоқда. Илгари бу кўрсаткич 400 нафарга тенг эди.

Шунингдек, у ерда турли катталикдаги самолётлар учун 24 та тураргоҳ барпо этилмоқда. Шундан учтаси “ҳаво кемалари”га музлашга қарши ишлов бериш учун мўлжалланган бўлади.

— Ушбу аэропорт авиация хавфсизлиги даражаси бўйича Европадагиниям қўшиб ҳисоблаганда, иккинчи аэропорт бўлади. Ўрта Осиёда эса биринчи, — дейди Самарқанд халқаро аэропорти директори ўринбосари Зафар Гапиров. — Яъни аэропорт ҳудудидан ташқарида, шаҳарга қараб юришда бир километр масофада светофор бор. Ана шу светофордан бошлаб рентген аппаратлари жойлаштирилади. Натижада транспорт воситаси аэровокзал дарвозаси олдигача кириб келиши мумкин бўлади.

Яна бир муҳим жиҳати аэропортда карго хизмати йўлга қўйилади. Давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, юк ташиш рақобатбардошлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

— Карго барқарор ва манфаатли бўлиши учун доимий юк керак. Бунинг учун самолётларга хизмат кўрсатиш, юкларни ортиш ва етказиб беришни арзон ҳамда тез йўлга қўйиб, бошқа авиакомпанияларни жалб этиш зарур. Бундан ташқари, вилоятда экспортбоп мева-сабзавотларни кўпайтириб, уларни шу карго орқали жаҳон бозорига чиқариш мумкин, — деди Президент.

1000 киши иш билан таъминланадиган мазкур янги аэропортни шу йилнинг сентябрида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шундан сўнг, у “очиқ осмон” тартибида тўлиқ ишлай бошлайди.

Зиёратгоҳ буюк бобомиз мақомига муносиб бўлади

Давлатимиз раҳбари 2019 йили Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини айтиб, бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.

Шунга мувофиқ, мажмуанинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Президент ҳузурида бир неча бор тақдимот қилинди ва такомиллаштирилди. Юртбошимизнинг Самарқандга бу галги ташрифи чоғида — муборак Рамазон кунларида ушбу зиёратгоҳнинг қурилиши бошланди.

Бу ерда 10 минг ўринли масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи хиёбон, кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун “ҳалол” стандартига эга қатор меҳмонхона ҳамда оилавий меҳмон уйларидан иборат зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади. Шунингдек, 3 та автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши белгиланган.

— Тўғрисини айтиш керак, шу пайтга қадар ислом давлатларидан келадиган сайёҳларимиз, зиёратчиларимиздан ушбу маскан ва ундаги шароитлар юзасидан айрим эътирозлар бўлар эди, — дейди Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи раиси Деҳқонбой Эрмаматов. — Мана, энди Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи у зотнинг мавқеига, ислом дунёсидаги ҳурмати, обрўсига мос ва хос бўлган жуда кўркам масканга айланмоқда.

Маълумки, Президент ташаббуси билан 2019 йилда бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ҳам ташкил этилган эди. Қурилажак янги мажмуа улар билан мутаносибликда яхлит бир илм-маърифат шаҳарчасини ташкил этаётир. Ёшларимизни илмли, зукко инсонлар қилиб етиштириш учун жуда катта мажмуа яратиляпти. Қисқаси, энди бу ерда зиёратчилар учун ҳам, илми толиблар учун ҳам барча шароит мавжуд бўлади. Халқимиз, уламоларимиз бундан жуда хурсанд. Бу тарихий воқеа асрлар оша халқимизнинг ёдида сақланажак.

Миллионли шаҳар

Самарқанд — қадимий шаҳар. Унинг тарихий қиёфасини сақлаш муҳим бўлганидек, аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжи учун шароит яратиш ҳам керак.

Ана шу мақсадда Самарқанд шаҳрининг чеккасидаги Қорасув мавзесида замонавий уй-жойлар бунёд этилаётир. Мазкур масканни Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда вилоятга ташрифи чоғида ҳам кўздан кечириб, дастлабки уйлар, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. Ўтган даврда бу лойиҳалар ҳаётга кўчди. “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан мавзеда 12, 14, 15 ва 16 қаватли жами 47 та тураржой қурилди. Улар 3 минг 588 та хонадонга мўлжалланган.

— Президентимиз келиб, ушбу мавзеда дастлабки қурилган 7 қаватли уйларни очиш жараёнида бу ерда 16 қаватли уйларни қуриш ташаббусини билдирган эди. Мана 16 қаватли уйлар ҳам тез фурсатда фойдаланишга топширилди, — дейди “Обод маскан” МФЙ раиси Дўстмурод Саидов. — Ҳозирги кунда Қорасув мавзесида 3 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда 30 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда мамлакатимиз шаҳарсозлигининг тажрибаси шаклланди, десам, муболаға бўлмайди. Маҳалламизда “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида яна бир янгилик йўлга қўйилган. Яъни кўп қаватли уйларнинг ертўласида тикувчилик цехлари ташкил этилди. Ушбу цехларда шу ерда яшайдиган хотин-қизлар ишлаб, даромад топишяпти.

Мазкур тураржойларнинг фасади уч қаватли қопламадан иборат бўлиб, хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Биноларга видеокузатув тизими, юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари ўрнатилган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Уйлар эгаларига тайёр ҳолда топширилмоқда.

Шу ерда Самарқанд шаҳри бош режаси ва шаҳар ҳудудини кенгайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Унга кўра, Самарқанд шаҳар аҳолисини уй-жой билан таъминлаш ишлари давом эттирилиб, шаҳарнинг Қорасув, Ширин ва вокзал орти ҳудудларида “реновация” тамойили асосида замонавий тураржойлар барпо этилади.

Шунингдек, шаҳарнинг темир йўл орти ҳудудида жойлашган, етти мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган “Меҳнат”, “Матонат” ва “Майсазор” маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп қаватли тураржойлар, дам олиш масканлари, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши лойиҳалари ҳам ўзига хос архитектура талаблари, янгича дизайн ҳамда қулайликларни ўзида жамлаган. Бу ишларнинг амалга ошиши билан ҳудудда 13 мингдан ортиқ аҳолига мўлжалланган 208 та кўп қаватли уй-жойлар ва бошқа объектлар қад ростлайди.

Ширин маҳалласида ҳам 90 минг аҳоли учун янги шаҳарча лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозир бу ерда 1 минг 788 та якка тартибдаги уй-жой бор. Янги лойиҳа бўйича турли ижтимоий соҳа объектлари, замонавий кўп қаватли уйлар бунёд этилиб, ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгаради. Мақсад — аҳоли учун қулайлик яратиш, инфратузилмани яхшилаш ва Самарқандни миллионли шаҳарга айлантиришдир.

Ўхшаши йўқ туристик маскан

Мамлакатимизда туризм ривожига катта имкониятлар яратилаётгани, 90 га яқин мамлакат фуқароларига визасиз тартиб жорий қилингани юртимизга туристларни янада кўпроқ жалб этмоқда. Натижада Самарқандда меҳмонхоналар кўп бўлишига қарамай, баъзан сайёҳлар учун ўринлар етишмай қолиши кузатиляпти.

Шу боис Самарқанд туманидаги канал бўйида туристик марказ бунёд этилмоқда. Мажмуа лойиҳасига кўра, бу ерда халқаро конгресс маркази, “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона,  хиёбонлар, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари қурилади.

Туристик мажмуага келган меҳмонларга турли хизматлар кўрсатилади. Сайёҳлар бу ерда нафақат меҳмонхоналарга жойлаштирилади, балки қизиқарли фаолият билан шуғулланиши учун ҳам имкониятлар яратилади, кўплаб ресторан, кафелар барпо этилади. “Абадий шаҳар” деб номланган карвонсаройда миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз, архитектурамиз, ҳунармандчилигимиз намуналари акс эттирилади. Шунингдек, ҳудуд бўйича йирик парк ҳам ташкил қилинади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу объект спортга, яъни эшкак эшиш спортига ихтисослаштирилган бўлган. Шу боис ҳам бу ерда эшкак эшиш спорти мактабининг янги биноси қайтадан қурилмоқда. Ушбу сув ҳавзаси тўлиқ реконструкция қилиниб, спортчиларга барча керакли шароит яратиб берилади.

Туризм марказида бунёдкорлик ишлари жараёнида яна бир жиҳатга эътибор қаратилмоқда, яъни ҳудудни кўкаламзорлаштириш масаласи. Ана шу мақсадда ушбу марказда тропик ўсимликлар ва қушларнинг экзотик парки ҳам яратилмоқда. Марказ ён-атрофида ташкил этилиши режалаштирилган ушбу боғ-роғларнинг барчаси ноёб дарахтлардан иборат бўлади. Яъни туризм маркази ҳудудига 12 минг дона манзарали дарахт, 6 минг дона игнабаргли дарахт, 200 мингга яқин ҳар хил буталар ҳамда қарийб 20 минг квадрат метр майдонга кўп йиллик ва бир йиллик гулларнинг экилиши режалаштирилган. Айни пайтда мажмуадан 12 мингдан ортиқ ноёб дарахт турлари ўрин олган ва уларнинг барчаси Италия давлатидан келтирилган. Улар келгусида мана шу туристик марказ атрофида бунёд этиладиган юз гектарлик боғдан ўрин олади.

Объект фойдаланишга топширилгач, бу ерда йирик бизнес ва маданий тадбирлар, яъни турли форумлар, конгресслар, конференциялар ҳамда фестивалларни ҳам ташкил этиш имконияти яратилади.

— Қисқаси, бугун Самарқандга келувчи сайёҳлар учун нафақат шаҳар ичкарисидаги тарихий обидаларда, балки мана шундай кўнгилочар мажмуаларда вақтини хуш ўтказиши учун қулай бир шароит яратиляптики, бу соҳадаги катта янгилик, десак, ҳам бўлади. Сабаби бу ерда нафақат маданий, балки экотуризм, спорт туризми ҳам ривожланяпти, — дейди Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Жасур Раҳмонов. — Шу билан бирга, бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳлар ўзини замонавийлик ҳамда миллийликни ўзида мужассам этган тарихий шаҳарчага тушиб қолгандек ҳис қилади. Қолаверса, қадриятларимиз, урф-одатларимиз, ҳунармандчилигимиз, таомларимиз ва умуман, яшаш тарзимиз билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, қурилаётган марказ туристик хабга айланади. 1 500 та иш ўрни яратиладиган мазкур объектни 2022 йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Президентимизга янги сайёҳлик марказининг шу каби имкониятлари, туристларга кўрсатиладиган хизматлар ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари марказ бошқарувини самарали ташкил этиш, туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳам топшириқлар берди. Туристик марказни шаҳар билан боғлайдиган йўлўтказгич билан танишди, уста Умар Жўрақулов ва Афросиёб кўчаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Ургутда саноат холдинги

Президентимиз ташриф буюрган объектлардан бири — “Ургут” эркин иқтисодий зонаси бўлди.

Бугунги кунда бу ерда умумий қиймати 402 миллион доллардан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. 313 миллион долларлик 55 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш бошланган, уларда 4 минг 328 киши меҳнат қилмоқда. Ушбу корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион долларлик экспорт қилинган.

Давлатимиз раҳбари Ургут туманининг Мерганча даҳасида жойлашган “Kamalak Tekstil” корхонаси фаолиятини кўздан кечириб, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, бошқа туманларда ҳам шундай корхоналар ташкил этиб, иш ўринларини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берди.

Бельгия, Швейцария, Австрия, Франция ва Германия давлатларининг замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлари ўрнатилган мазкур корхонада 328 та иш ўрни яратилган. “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар томонидан экспорт қилинган жами маҳсулотлар ҳажмининг қарийб тўртдан бир қисми мазкур корхона ҳиссасига тўғри келади.

— Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган гилам маҳсулотлари МДҲнинг кўплаб давлатларида харидоргир ҳисобланади. Яқинда Саудия Арабистони ва АҚШга ҳам жўнатишни бошладик. Келажакда Европа давлатларига ҳам экспорт қилиш режаларимиз бор, — дейди бош менежер Темур Ҳайдаров. — Давлатимиз раҳбари корхонамиз фаолияти билан яқиндан танишди, истиқболдаги режаларимиз билан қизиқди. Келгусида биз янги лойиҳа асосида 300 кишилик янги гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини барпо этмоқчимиз.

Президент “Сам электросервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишиб, маҳсулот турларини кенгайтириш, замонавий электр техникалари ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар тайёрлаш муҳимлигига эътиборни қаратди.

Корхона “Идеал” бренди остида йилига 260 минг дона электр духовка, 150 минг дона газ плиталари ва улар учун қўшимча буюмлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Унга Германия, Туркия ҳамда Хитойдан замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари бутун Ургут туманини эркин иқтисодий зона қилиш таклифини бериб, унинг фаолиятини холдингга айлантириш ва имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

— “Ургут” эркин иқтисодий зонаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган эди, — дейди дирекция раҳбари Жамшид Ҳайдаров. — Ҳозирги кунда эркин иқтисодий зонада 55 та корхона ишга тушди. Ўтган йили бу корхоналарда 1 триллион 200 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Иқтисодий зонада 5 мингга яқин иш ўринлари яратилган ва корхоналарда 220 турдаги, жумладан, 110 турдаги импорт ўрнини босувчи электротехникалар, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда яна 30 та корхонада қурилиш-монтаж ишлари олиб бориляпти. Юртбошимизнинг ташрифи давомида 80 га яқин янги лойиҳаларнинг тақдимотини ўтказдик. Уларнинг ишга туширилиши натижасида яна 10 мингга яқин иш ўринлари яратиш ва экспорт географиясини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Давлатимиз раҳбари “Ургут” эркин иқтисодий зонаси негизида холдинг компания тузиш ҳамда лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқиш учун “Лойиҳалар фабрикаси”нинг “Ургут офиси”ини ташкил қилиш таклифини киритди. Бу бизга янада катта масъулият юклайди.

«In vitro» — қишлоқ хўжалигига илмий ёндашув

Агросаноат комплексига инновацион технологияларни жорий этиш ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги “Sag Agro” масъулияти чекланган жамиятининг “In vitro” лабораториясига ташрифи таассуротларга бой бўлди.

Лойиҳа қиймати 2,6 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лаборатория учун 24 гектар ер ажратилган бўлиб, 2 гектарда замонавий иссиқхона барпо этилган. Яна 3 гектар майдонда янги иссиқхона қуриш режалаштирилган. Қолган майдонда эса мамлакатимизда учрамайдиган 65 хил мевали дарахтлар кўчати олиб келиниб, парвариш қилиняпти.

Агрокимё ва тупроқшунослик лабораторияси ҳам ишга туширилган бўлиб, тупроқ, сув ҳамда барг намуналарини ўрганиш йўлга қўйилган. Бунинг самарадорлиги шундаки, боғдорчилик хўжаликларининг тупроқ шароити ўрганилиб, унга мос кўчатлар тавсия қилинади. Натижада кўчатлар хатосиз униб, мўл ҳосил етиштирилади.

— Лаборатория фаолияти билан яқиндан танишар экан, Президентимиз бу қўшилган қиймат яратишда инқилобий усул эканлигини ва илмий ёндашув билан самарадорликни янада ошириш кераклигини таъкидлади, — дейди лаборатория муҳандис-биотехнологи Элбой Бозоров. — “In vitro”нинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллиондан 20 миллион донагача пайвандтаг ҳамда пайвандланган кўчатлар етиштириш имконини беради. Айни пайтда бу ерда ёнғоқ, бодом, шафтоли, гилос, ўрик, нок, олма каби экспортбоп меваларнинг касалликдан холи, иқлим шароитимизга мос кўчатлари етиштирилмоқда. Натижада илгари хориждан олиб келинган мевали ва манзарали дарахт кўчатларини маҳаллий шароитда тайёрлаб, харидорларга бир неча баробар арзон нархларда етказиб беряпмиз. Масалан, шу пайтгача чет элдан олиб келинган ёнғоқ кўчатининг бир донаси 5 доллардан 20 долларгача бўлган бўлса, бу ерда етиштирилаётгани 3-3,5 долларни ташкил этади.

Яна бир гап. Президентимиз Наманган вилоятига ташрифи чоғида “Sag Agro” масъулияти чекланган жамиятининг “In vitro” лабораториясига олхўри кўчатчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича топшириқ берган эди. Шу топшириқ юзасидан ҳозирги кунда АҚШда патентланган ва дунёда энг яхши пайвандтаг ҳисобланган “SG1” пайвандтаги Ўзбекистонга олиб келинди. Яъни “SG1” — бу шафтоли, бодом гибриди клонал пайвандтаги бўлиб, ҳозирги кунда энг мослашувчан олхўри пайвандтаги ҳисобланади. Юқори сифатли ушбу пайвандтаг кучли ўсиш хусусиятига эга. Шунингдек, шўрхок тупроқларга, ишқорий тупроққа, зараркунандаларга, фитофтороз касаллигига чидамли, оғир ва нам тупроқ шароитларида ҳам яхши ривожланади ҳамда кучли илдиз тизимига эга. Давлатимиз раҳбари бу пайвандтагни республика бўйича оммалаштириш, шунингдек, лабораториямизда етиштирилаётган павлония кўчатини ҳам кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.

Хорижнинг илғор тиббиёт тизими энди Самарқандда

Ташриф доирасида Президентимиз Самарқанд шаҳрида очилган “Zarmed pratiksha hospital group” номли кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу қўшма корхонани юқори баҳолади. Унинг таъсисчиларидан бири Нишант Бажажнинг айтишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи, ишбилармон доиралар ўртасида ўтказилган учрашувлар ҳамкорликка ишонч туғдирган.

8,5 миллион АҚШ доллари эвазига бунёд этилган мазкур кўп тармоқли тиббиёт марказида 5 та жарроҳлик амалиёти хонаси, 100 ўринли стационар мавжуд. Интервенцион кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, эндоскопик жарроҳлик, ортопедия ва травматология, урология ҳамда гинекология, отоларингология фаолият турлари учун замонавий диагностика ускуналари ўрнатилган. Марказ бир вақтнинг ўзида 600 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Ушбу масканда тиббий хизматлар халқаро стандартлар асосида комплекс тарзда кўрсатилади.

— Мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантиришга шароит яратилгани натижасида шу клиникани ташкил эта олдик, — дейди тиббий клиника таъсисчиси Дилшод Шукруллаев. — Марказда лапораскопия ва эндожарроҳлик амалиётларини бажариш учун Ҳиндистондан мутахассисларни жалб қилганмиз. Бугунги кунда 140 та янги иш ўрни яратдик. Жами ходимларимиз 200 нафардан ортиқ. Биз ҳозир тиббиётда тиббий кластер лойиҳасини бошлаганмиз. Лойиҳага асосан, Самарқанд шаҳрида хусусий тиббий олийгоҳни ташкил қилмоқчимиз. У ерда чет элдан келган мутахассислар ҳам талабаларга дарс беради.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга Самарқандда хусусий тиббиёт университети ва клиникадан иборат тиббиёт кластерини ташкил этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, хорижда ишлаб юрган самарқандлик шифокорларни ишга таклиф қилиш учун вилоят ҳокимлигида жамғарма тузиш ва уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

— Мамлакатимизда олдинги тиббиёт билан ҳозирги тиббиётнинг фарқи жуда катта. Буни шу ерга ишга келиб англадим, — дейди тиббиёт фанлари номзоди Ўктам Абдуллаев. — Мен 5 йил олдин Мальдив оролларига ишлаш учун кетган эдим. У ерда 5 йил давомида шартнома асосида жарроҳ бўлиб ишладим. Менга ушбу клиника раҳбариятидан шу ерга келиб ишлаш бўйича таклиф тушди. Маъқул бўлганлиги учун келиб фаолият бошладим. Бу ерга энг юқори технологик асбоб-ускуналар ўрнатилган. Буларнинг барчаси бизлар учун беморларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.

Улкан режаларга пойдевор бўлган машварат

Ташрифнинг иккинчи кунида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятида катта ўзгаришлар бўлаётгани, одамларнинг дунёқараши ўсиб, фаоллиги ошаётгани, жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбарлари ҳам бугунги ҳаёт ва шиддатга мос ишлаши кераклигини қайд этди.

Президентимиз вилоятнинг фойдаланилмаган имкониятларини ишга солиш учун 5 та “драйвер” соҳани кўрсатиб ўтди. Булар — саноат, транспорт логистикаси, йирик индустриал иссиқхоналар, хизмат кўрсатиш ва туризм. Ушбу соҳаларда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар айтиб ўтилиб, масъуллар белгиланди.

2021-2022 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 30 триллион 415 миллиард сўмлик 1 минг 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилгани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда Қўшработ, Иштихон ва Ургут туманларида 8 минг гектарда интенсив боғ ҳамда узумзорлар барпо этиб, 4 мингдан зиёд кишиларни иш билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Чорвачиликда яна 4 минг, пиллачилик ва ипак маҳсулотлари тайёрлашда 12 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилди.

Ҳар бир маҳалладаги муаммо ва имкониятларни танқидий ўрганиш, аҳолини тадбиркорлик, ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш орқали камбағалликни қисқартириш асосий вазифа бўлиши таъкидланди.

Cамарқанд давлат университети ҳузурида Муҳандислик физикаси институти, Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ташкил этилади.

Шунингдек, Президент Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича икки ой муддатда Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш бўйича кўрсатма берди. Бунда Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали ташкил қилинади. Ҳудудда аҳоли кўп экани инобатга олиниб, тиббиёт факультети ҳам очилади.

Нарпай хизмат кўрсатиш техникуми биносида ҳамда Пайариқ туманидаги иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида Самарқанд давлат чет тиллар институтининг “Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили)” ҳамда “Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили” факультетлари очилади.

— Юртбошимиз ташриф давомида ҳамма соҳаларда амалга ошириладиган ишлар, жумладан, таълимга катта урғу берди. Мен шу соҳада 40 йил ишлаган фуқаро сифатида бундай эътибордан жуда тўлқинландим, — дейди таълим фахрийси Қуддус Асқаров. — Ургутда Самарқанд давлат университетининг филиали очилиши ва туманда қайси йўналишларда мутахассис етишмаса, шу факультетлар ташкил этилиши маҳаллий ёшлар учун жуда катта имконият.

Йиғилишда аҳоли фаровонлигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилди. Вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари учун республика бюджетидан қўшимча 200 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 108 минг нафар ёшнинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида улар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўргатиш зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрини 1 миллион аҳоли яшайдиган йирик шаҳарга айлантириш учун Самарқанд, Пастдарғом, Тайлоқ ва Оқдарё туманлари ҳудудидан 18 минг гектар ер майдонини қўшиб бериш ҳамда вилоят маъмурий марказини Гулободга кўчириш бўйича Самарқанд фаолларининг таклифларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бошқарув тизимини яхшилаш учун Самарқанд шаҳрида кейинчалик босқичма-босқич 5 та: Сўғдиёна, Сиёб, Боғишамол, Мароқанд ва Қорасув туманлари ташкил этилади.

Бу каби кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад одамларнинг яхши яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш, бандлигини таъминлаш ва даромадини кўпайтириш орқали уларни ҳаётдан рози қилишдан иборат.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг Самарқандга ташрифи вилоят тарихида янги саҳифани очди. Кўҳна шаҳарнинг асрлар давомида эътироф этилгани каби Ер юзининг сайқали сифатида янада чирой очишига мустаҳкам замин яратилди, десак, айни ҳақиқат.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(«Халқ сўзи»).(20.04.2021)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!