“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МЕҲНАТ ҚИЛДИНГИЗМИ, РОҲАТИНИ КЎРИНГ!

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида асос солинган сиҳатгоҳда бугун минглаб юртдошларимиз дардига шифо топмоқда.

— Бир йўла саксондан ортиқ кишиларни қабул қилишга мўлжалланган сиҳатгоҳимиз касаба уюшмалари кўмагида бир неча бор мукаммал таъмирдан чиқарилиб, шарт-шароитлар яхшиланди, — дейди Абу Али ибн Сино номи билан аталувчи ушбу сиҳатгоҳ раҳбари Нодирбек Камолов. — Бу ерда асаб тизими, ҳаракат-таянч, юрак-қон томир касалликларидан азият чекувчилар Нурбулоқнинг мўъжизакор сувидан баҳраманд бўлади. Қарангки, шифобахш сувдан фойдаланиш имкониятини янада ошириш мақсадида янги мажмуага пойдевор қўйилди. Янада қувонарлиси, ана шу бунёдкорлик баҳонасида қарийб 40 йилга яқин вақт мобайнида таъмирланмаган Нуробод — Нурбулоқ — Иштихон йўналишидаги 31 километрлик 4Р53-йўл мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Сиҳатгоҳ ҳудудидаги 1,5 гектар майдонда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси маблағи ҳисобидан 150 ўринли 5 қаватли янги бино қисқа фурсатда қуриб битказилди. 50 миллиард сўм қийматга эга бинонинг таркибида икки қаватли даволаш корпуси, 150 ўринли ошхона, автотураргоҳ фойдаланишга топширилди. Муолажа хоналари сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Мажмуанинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Марказий Кенгаши раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

— Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг барча қатлами кенг ислоҳотлар қамровига олинишига эришилди, — деди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов. — Айни пайтда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли муаммолари “темир дафтар”, “ёшлар дафтари”, “аёллар дафтари” орқали ечим топмоқда. Бу эса диёримиздаги ҳар бир кишининг ҳаёти, фикру ўйи давлат даражасига олиб чиқилганидан далолат беради. Нурбулоқда қад ростлаган мазкур муассаса Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлади.

Дарвоқе, Абу Али ибн Сино сиҳатгоҳи янги биносининг илк меҳмонлари Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийларидан ташкил топди. Касаба уюшмалари томонидан кўпни кўрган, эл-юрт тараққиётига ҳисса қўшган юзга яқин нуронийлар бу ерда бепул соғломлаштириляпти.

— Кўп йиллар турли вазифаларда ишладим, — дейди нуроталик отахон Даврон Йўлдошев. — Меҳнатимизнинг роҳатини кексайганда кўряпмиз. Янги мажмуада яратилган шароитлару муолажалардан кучимизга куч қўшилаётир.

Янги шифо маскани очилишига бағишланган тантанали тадбирда сиҳатгоҳга Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Isuzu” автобуси ҳамда “Дамас” автомобили топширилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(«Халқ сўзи»).(18.05.2021)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!