“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

«ЛОЙИҲАЛАР ФАБРИКАСИ»НИНГ  «УРГУТ ОФИСИ» ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

 

Яқинда давлатимиз раҳбари 2017 йилдан фаолият бошлаган “Ургут” эркин иқтисодий зонасига ташриф буюриб, ургутлик тадбиркорларнинг ишига юқори баҳо берди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича
ўз таклифларини билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Наврўз Ризаев ва ўайрат Абдиев замонавий ишлаб чиқариш мажмуасида бўлиб, тадбиркор ҳамда ишчилар билан суҳбатлашди. Халқ вакиллари Президент ташрифидан сўнгги ўзгаришлар, янги лойиҳаларнинг жорий этилиши билан боғлиқ жараёнларни ўрганди.

Айтиш жоиз, бугун корхоналарда ўзгача кайфият шукуҳи ҳукмрон. Давлат раҳбари билан бўлиб ўтган мулоқотдан куч-қувват олган ургутлик ишбилармонлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва янги иш ўринларини кўпайтириш бўйича инновацион йўналишларда изланишларни бошлаб юборган.

— Бир пайтлар бу тоғ бағридаги қирлик ва текисликлар қақраган саҳро мисоли кўринишга эга эди, — дейди Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев. — Болалигимизда шу ерларда юрсак оёғимизни тошу янтоқлар ёриб ташларди. Энди қаранг, Президентимиз ташаббуси билан мўъжизавий воқеалар рўй берди. Қатор саноат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган қувватлар, минглаб янги иш ўринлари — бу кейинги 4 йилдаги оламшумул ўзгаришлардан дарак. Уларни бир пайтлар тасаввуримизга ҳам келтирмагандик. Биз, халқ вакиллари давлатимиз раҳбарининг шу каби эзгу ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу ислоҳотлар, аввало, халқимизнинг фаровон турмушини ва мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Айни пайтда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион АҚШ долларидан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 313 миллион АҚШ долларилик 55 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ҳудудда бир қатор саноат корхоналари иш бошлади ва уларда 4,5 минг нафарга яқин кишилар меҳнат қиляпти. Ушбу корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион АҚШ долларилик экспорт қилинган.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Сариқтепа даҳаси ҳозирда кичикроқ шаҳарча кўринишини олган. Уч-тўрт корхона ишлаб турган Мерганча даҳасида ҳам ҳозир бўш жойнинг ўзи қолмади — ҳаммаёқ саноат корхоналари билан тўлди. Иқтисодий зонага ажратилган Пастдарғом туманининг Дўстлик, Нурободнинг Сазағон, Самарқанд шаҳрининг Хишрав-2 даҳаларида ҳам замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолият олиб бормоқда. Яна 29 та лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш ҳамда вилоятнинг барча ҳудудида эркин иқтисодий зона филиалларини очиш ҳақидаги ташаббуси ва иқтисодий зона негизида холдинг компаниясининг ташкил этилиши келгусида Ургутни саноатни ривожлантиришга ихтисослаштирилган инновацион ҳамда инвестицион туманга айлантиради. “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ва унинг филиалларида полиэтилен маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш лойиҳаларига 500 миллион АҚШ доллари, электротехника саноати лойиҳаларини амалга ошириш учун 250 миллион АҚШ доллари жалб этилади. Ишлаб чиқилган 144 миллион долларлик 21 та лойиҳа учун зарур миқдорда кредит ажратилади.

Эркин иқтисодий зонага берилган имтиёзлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига қўлланилади, ҳар бирига камида 50 — 100 миллион доллар инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига, 200 гектар майдонда умумий қиймати 1 миллиард долларлик қўшимча саноат лойиҳалари амалга оширилади. Ушбу лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқиш ҳамда ижросини тизимли таъминлаш учун “Лойиҳалар фабрикаси”нинг “Ургут офиси” ташкил қилинади.

Депутатларнинг фикрича, бундай имконият натижасида ҳудудда амалга оширилаётган катта ҳажмдаги ишлар мустақилликнинг том маънодаги меваси ва кейинги тўрт йил давомида янги Ўзбекистонда рўй бераётган улкан ўзгаришларнинг ёрқин ифодасидир.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(«Халқ сўзи»).(10.05.2021)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!