“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЎЗ САЛОМАТЛИГИМИЗГА,

АВВАЛО, УЗИМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига кўра, мамлакатимизда 10 июлдан карантин чекловлари кўчайтирилди. Бунинг сабаблари куни кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида алоҳида тушунтириб ўтилди.

Бугуннинг гапи

Шу ўринда айтиш керакки, бугунги пандемия даврида касаллик юқтиришдан сақланишимиз учун давлатимиз томонидан барча керакли чора-тадбирлар кўриляпти. Аммо ўзимизнинг саломатлигимизга, аввало, ўзимиз масъулмиз. Лекин бу борада ҳозирги аҳволимиз қандай эканини билиш учун айни пайтда ортиқча изоҳларга ҳожат йўқ. Кундан-кунга вирусни юқтириб олаётганлар сони ошиб бораётгани кучайтирилган тақиқларга қарамай, ўз билганимиздан қолмаётганимизни, ўзимизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам саломатлигига бепарволигимизни кўрсатмоқда.

Ниқоб тақинг, ижтимоий масофани сақланг, шахсий гигиенага амал қилинг, деб қачондан буён бонг урилади. Бироқ уларга амал қилиш ҳали ҳам ўлда-жўлда. Масалан, кўча-кўйда бир эътибор беринг. Айримларнинг ниқобни иягига тушириб олганини кўрасиз. Айтинг, бундай сохтакорликнинг нима кераги бор?! Тиббий ниқоб тақишдан мақсад касалликдан ҳимояланиш эмасми?! Бу аслида ҳар кимнинг ўзи учун керак эмасми?

Карантин чоралари юмшатилган пайтда одамларнинг турли юмуш билан кўчага чиқишлари кўпайди, у ёки бу бинолар, одам кўп борадиган ҳудудлар гавжумлашди. Аммо назоратчи қўйилиб, бақириб-чақирмагунга қадар ҳеч ким ижтимоий масофа ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Гўёки бизнинг саломатлигимиз ўша назоратчига керакдек.

Самарқанд вилоятига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тадбирларни мувофиқлаштириш ҳудудий идоралараро штаби маълумотига қараганда, айни пайтда ҳудудда 2865 нафар фуқаро карантинда сақланмоқда. Жумладан, 2702 киши уй шароитида, 163 нафари даволаш профилактика муассасаларида назоратга олинган.

Жорий йилнинг 8 июль ҳолатига кўра, вилоят ички ишлар ходимлари томонидан карантин қоидаларига риоя қилмаган фуқароларга нисбатан кун давомида 406 та (мавсум бошидан 56 минг 264 та) маъмурий ҳамда 2 та жиноий баённома расмийлаштирилди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, кунлик дезинфекция ишлари ҳамда санитария тарғибот тадбирлари давом эттирилмоқда.

Маълумки, тўйларни 30 киши иштирокида ўтказиш белгиланганди. Одамларимиз мана шу имкониятни ҳам суиистеъмол қилди. Баъзилар ўттиз кишилик дастурхон ёзиб, кун давомида бир неча марталаб ўттиз кишини меҳмон қилди. Шу инсофданми? Ахир бу одамлар саломатлигини хавфга қўйишку! Хиёнатку! Натижада нима бўлди? Бир қанча тўйларда касаллик юқтириб олганлар аниқланди.

Шуларни эшитиб ҳам айримлар хулоса чиқармагани ачинарли. Қаранг, 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари кучайтирилаётганидан хабар топган баъзилар тўй-маросимларини шошилинч ўтказиб қолишга ошиқди. Мана бу маълумотга эътибор беринг-а: биргина 9 июль кунининг ўзида Самарқанд вилояти бўйича ўртача ҳисобда 10 мингга яқин 30 кишилик тўйлар ўтказилибди. Шунча айтилаётган гаплар ва кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, 20 кун ўтмай қоладигандек, одамларнинг бу каби ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин?!

Хуллас, бугун пандемияга қарши курашга давлат даражасида жиддий эътибор қаратилиб, барча зарур чоралар кўрилаётган бир пайтда биз қачон ўз соғлиғимизга ўзимиз масъул эканлигимизни ҳис қиламиз? Бу саволга виждонан жавоб берадиган пайт аллақачон келган, ахир.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(«Халқ сўзи»).(11.07.2020)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!