“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“ОИЛАДА АЁЛ КИШИ ФИДОЙИ БЎЛСА, ЭРКАКНИНГ ОМАДИ КЕЛГАНИ ШУ…”

 

 

“- Ўзим ўқиган институтда ишлаяпман, устозларимдай илм йўлидан кетиб, яхши олим бўлмоқчийдим… Аммо, шахсий ҳаётимдаги муаммоларим боис, орзуларимга эришолмайманми, деб қўрқаман… “

“- Турмуш қурганимизга 7 йил бўлди. Ўзимиз истаб, танишиб, севишиб, бир – биримизни синаб оила қурганмиз. 2 нафар фарзандимиз бор. Иккимиз ҳам олий маълумотлимиз, ишимиз, уй –жойимиз бор, аммо ҳаловатим, тинчим йўқ. Кейинги пайтда ажрашсамми, деб жуда кўп ўйлаяпман! Фарзандларимни кўзим қиймайди…”

“- Аслида ажрашишга тузукли баҳона ҳам йўқ! Лекин у мени, мен уни умуман тушунмаймиз. Ўй-ҳаёлларимиз, мақсадларимиз бошқа-бошқа, қизиқишларимиз бир – биримизникидан фарқ қилади. У мени эр сифатида ҳурмат қилмайди, мен эса уни хотин сифатида эъзозламайман. Суҳбатлашганимизда бир –биримизга айтадиган гапларимиз қизиқ эмас! Менимча, бундай муносабатларга чек қўйиш керак. Фақат бир-биримизни қийнаб яшаяпмиз, холос…”

Бу йигит билан бирга ишлаймиз. Ёш, билимдон бола. Кунда бўлмаса ҳам, кунора кўришиб турамиз. Муомалали, келажакда академик бўлишни ният қилган. Бир куни ўзи “ёрилиб”, мендан оилавий маслаҳат сўраб қолди ва юқоридагиларни баён қилди. Мен унга “опаларча”  йўл кўрсатдим, албатта, аммо кўнглим тўлмади.

Охирги гапим – “10 йилгача сабр қилиб яшанг, шунда бир-бирингизни яхши ўрганасиз, кўникасиз, мослашасиз! Кризис даври ўтиб кетади!”

Бу ҳудди руҳшуносларнинг тавсиясига ўхшаб кетади, тўғрими? Аммо наилож! Умуман, оилавий ҳаётда бировга бир йўлни кўрсатиб бўлмайди, ҳар ким ўз йўлини ўзи белгилаши ва ўзи қарор қабул қилиши керак!

Шу кунларда ҳамкасблардан бир хабарни эшитиб қолдим – янги бинода “кафе” очилганмиш. Ширинликлар ва пишириқлар билан савдо қилинаркан. Жуда “олиймақом” бўлмасада, ширинликлари мазали экан.

Яна бир гап, у ердагиларнинг муомала маданияти жуда “чиройлимиш”. “Мақталган жой”га бир ўтиб келишни ва у ердагилар билан танишишни анча вақтдан бери режалаштириб юргандим.

Насиб этган куни бордим, кўрдим, гаплашдим! Ва у ерда бўлган гапларни сизга ҳам илинмоқчиман!

Икки нафар фариштадай “Онахон” хизматда. Талабаларни кўнглини оляпти. Уларнинг бири – бизга яхши таниш бўлган профессорнинг рафиқаси экан. “Сизга нима кам, домланинг топгани етмаяптими? Мазза қилиб, уйда ўтирсангиз бўлмайдими?” деган саволларимга ажойиб, жуда кўпчиликка ўрнак бўладиган жавобларни олдим.

 

 

Марҳамат, танишинг!

“- Ота-оналаримизнинг танлови ва розилигида турмуш қурганмиз. 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдик, олий маълумотли, уйли – жойли, касб – қорли қилдик. Бугун “домла” сал йўталса, ҳавотирланаман. Кийими, ош-овқати, ўй – фикрлари учун ўзимни жавобгар сезаман. Ўзим педагогика техникумида ўқигандим, ёшлигимда велоспорт билан шуғулланганман, чемпионлик ҳам насиб қилган.  Аммо домлага турмушга чиққач, мақсадларим, қарашларим ўзгариб кетди. Бирин – кетин туғилган фарзандларимга яхши қараш, уларни ўқитиш ва яхши Инсон қилиб тарбиялаш йўлида ўзимни ўзгартирдим, десам хато эмас. “Сиз илм билан жиддий шуғулланинг, рўзғор ва болалар ташвишини менга қўйиб беринг,” деганман хўжайинга. Профессорни яхши биласиз, кўнгилчан, самимий ва ишонувчан одам…”

“- Рўзғоримизда етишмовчилик бўлмаган, деб ўйлайсизми. Албатта, ҳар бир оилада муаммолар вақти-соати билан бўй кўрсатиб туради. Эркак киши кўчанинг одами, яна уларнинг феъли тор ва сабрсиз бўлишади. Бундай пайтда аёл киши оғирроқ, сабрлироқ бўлиб, вазиятни янада чигаллашишига йўл қўймаслиги керак!”

“…6 йил маҳалла тизимида ишладим. Мукофотлар, совринлар олган пайтларим бўлган. Нафақага чиқиб зерикдим. Ўзи табиатан бир жойда ҳаракатсиз ўтиришни тасаввур қилолмайман. СамВМИ янги биносида жойлашган шу кичиккина ( 6 ё 7 кв.метр) жойни қаҳвахона сифатида ишлатяпмиз. Ширинликлар, турли пишириқларни арзон, талабаларнинг ҳамёни кўтарадиган нарҳларда сотамиз, улар билан суҳбатлашаман, уларнинг ўй-ташвишлари билан танишаман. Асосан, катта танаффус пайтида бу ер гавжум бўлади, бошқа пайтлар сокин, бир-икки киши кириб туради…”

 

 

Гурунглашиб ўтирарканмиз, ёнимизга СамВМИ Ахборот ресурс маркази бошлиғи Барчиной Абдуҳаликова келиб қолди ва опа билан қуюқ саломлашди. У киши ҳам профессорнинг шогирдларидан экан. Ўзининг айтишича, ўқишга киришидан олдин домла унга репетиторлик ҳам қилган экан.

“- Ишонасизми, 94 йиллардан, деярли 25 йиллардан бери уйимизга талабалар, абитуриентлар, домланинг шогирдлари мунтазам келиб туришади. Домла абитуриентлардан пул олмайдилар. Шанба ва якшанба кунлари айниқса хонадонимиз гавжум бўлиб кетади. Шунга одатланиб қолганмиз.”

 

 

Мен эса шу тобда ўйлаб қолдим. Баъзиларимиз, (жумладан ўзим ҳам!) шанба ва якшанба кунлари хонадонимизга меҳмон келадиган бўлса, анча ташвишга тушиб, безовталаниб қоламиз… (Дам олиш кунлари меҳмон кутишни хушламаслик, ёмон одат эканлигини англаб қолдим, муҳими шу! Яна қариндошларимиз айнан дам олиш кунларига турли оилавий маросимлар ва тадбирларни режалаштиришади, бу ҳам аслида бизга, яъни “давлат ишида ишлайдиганлар”га нисбатан ҳурмат ва эҳтиром рамзи экан!)

“- Фарзандларимиз турли касбларни эгаллади, бири ҳуқуқшунос, бири врач, яна бири тилчи. Яхши жойлардан келинлар олдик. Келинларим мендан ҳам кўпроқ қайнотасига меҳр қўйишган, десам ҳайрон бўлманг! Домла келинларини ҳам ўз қизидай кўради! Энди кенжа ўғлимизга келин ахтаряпмиз…”

Опахон билан кўп мавзуларда гурунглашдик, ширинлик билан чой ичиб. Суҳбатимиз ҳам жуда ширин бўлди.Бизда бекорга “Эрни эр қиладиган хотин”, дейишмаганига яна бир бор аминман.

“Домла” кимлигига қизиқаётгандирсиз?

Ўзимизнинг Асадулла Сувонович, илмий ишлар ва инновациялар бўйича СамВМИ проректори, ветеринария фанлари доктори, профессор.

Аслида, домла эмас, у кишининг турмуш ўртоқлари Норбуви опа Қудратова профессор экан! (Ҳазил, албатта!)

Атай домладан шу ҳақида сўрадим ва у киши бу ҳақиқатлигини айтди! “- Мени профессор қилган, ҳамма ташвишлардан озод қилиб, илм йўлларида изланишимга имкон яратган ва шу даражагача кўтарган киши – Норбуви опангиз бўлади, “ деб тан олдилар.

 

Мана бу мард эркакнинг гапи бўлди!

Бунга қойил қолмасдан иложингиз борми?

Аслида, оилавий муносабатларда омади келмаётган, келажаги порлоқ – ёш олим, қолаверса, ҳамкасбимга бирор насиҳат қилолмай, тўғри йўлни қўрсатолмай иккиланиб юрган эдим. Турмуш масаласида энг яқинлардан ҳам бирор жўяли маслаҳат чиқиши даргумон, негаки турмуш жуда мураккаб жараён, бегоналарнинг иштирокини хушламайди. “Қарс икки қўлдан” деганларидек, бунда ҳар икки томоннинг интилишлари, ҳаракатлари муҳимроқ.

Агар аёл киши оилада бироз фидойироқ бўлса, эркак кишининг омади келгани шу! Қолганини аста – секин ўзи қўлга киритаверади!

Айтмоқчи бўлганим шу эди!

Яна ширинлик егим келиб қолди!

Даминовнинг “Кафе”сига кетдим!

Гулчеҳра Бердиёрова

СамВМИ Ахборот хизмати

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!