“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Намангандан Самарқандгача велосипедда

16.04.2021 19:16 407

Юрган — дарё!

Суҳбатдошимнинг айтишича, Намангандан Самарқандга велосипедда отланаркан, танишлари, дўстлари унга молиявий ёрдам бермоқчи бўлишибди. “Пулдан қийналаётган бўлсанг, бориб-келиш — такси пулингни кўтарамиз, ўзингни қийнамай қўяқол!” – дейишибди!

Унинг бу ҳаракатини пулга муҳтожликдан, дея баҳолаган дўстлари, инсонда иштиёқ, қатъият, мақсад сари интилиш деган ҳиссиётлар, тушунчалар  борлигини унутган кўринишади.

Самарқанд Ветеринария медицинаси институти  сиртқи бўлим 3-курс талабаси  Баҳодир Рафиқов Наманганнинг Чортоқ туманидан. У туман Ташхис марказининг ветеринария-санитария  экспертиза лабораториясида етакчи мутахассис лавозимида ишлайди.

“  — Бу қаҳрамонлик эмас, балки —  мен шунчаки ўзимни, иродамни  ва оёқларим кучини синаб кўрмоқчи бўлдим.   Ота –онамнинг дуосини олиб,  1 апрель  куни тонг саҳарда йўлга чиққандим.  700 кмдан ортиқроқ масофа,  ҳаво кўнгилдагидек, юртимиз тинч,  ҳамма ўз иши билан банд. Йўлда табиат манзараларидан завқ олдим, қишлоқлар шаҳарлардан ўтдим, одамлар билан суҳбатлашдим, ўзим билан ўзим қолган пайтларим ҳам бўлди. Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларидан ўтдим, кечаси ҳаво илиқ бўлган пайтларда  ҳам йўл босдим.

Кейинги бир – икки йиллик давр ҳалқимиз, қолаверса дунё аҳли учун анча ташвишли келди. Оилалиман, икки нафар фарзандим бор. Яқинларим, оила аъзоларим  соғлигим учун ҳавотирланиб, мени йўлдан қайтармоқчи ҳам бўлдилар.  Уларнинг ҳавотирларини тўғри тушунаман!  Ота-онамнинг дуолари мени ҳар қандай балодан   асрашини, санитария – гигиена қоидаларига риоя этишимни, ўзимни  ҳимоя қилишимни  ваъда бердим.  Йўл бўйи улар менга вақти – вақти билан қўнғироқ қилиб туришди, дам олиш лозимлиги, ўз вақтида овқатланишим кераклигини эслатиб туришди.

Илгари велоспорт билан шуғулланмаганман, лекин ора-чорада ҳайдаб турардим.  Бу  саломатликни мустаҳкамлаш, мушаклар ва ортиқча вазндан қутилиш учун яхши восита, деб эшитганман.  Менда кўриб турганингиздек,  ортиқча вазн муаммоси йўқ,   лекин 44 ёшимни ҳисобга оладиган бўлсак, бу ёшдаги тенгдошларимнинг кўпчилигини шу муаммо  безовта қилиб туради.

Йўлда  хонадонларда тунаб қолган вақтларим бўлди.  Овқатланиш учун ошхоналарга кирардим.  Юртдошларимизнинг эътибори ва ҳурматидан баъзан ўзимни ноқулай сезган пайтларим ҳам бўлди.  Лекин кишилардаги хайрихоҳлик ва меҳрибончиликдан барибир миннатдорман. Ҳатто йўллардаги назорат постларидан ўтаётганимда масъул ходимларнинг муомаласи ва қайси йўллардан юриш қулайлиги хусусидаги тавсия ва таклифларидан йўлда катта қийинчиликларга дуч келмадим, десам ҳам бўлаверади.

3 кунда манзилга етдим. Қўҳна ва қадим шаҳарнинг ҳавоси, курсдошларим ва устозларимнинг дийдори йўл машаққатларимдан фориғ этди. Соғ-саломат, бардамман!   Бир неча кун дам олгач, кеча яна севимли уловимда Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига бордим.

Йилда икки марта келиб, қадрдон даргоҳда ўқиймиз. Устозларим Низом Фармонов ва Раҳматулла Рўзиқулов, кейинги 3 йил давомида бизга фаолиятимизнинг энг нозик  сирларини ўргатишди, илмда ҳикмат кўп.  Англаганим шу бўлдики,  илмни бешикдан қабргача излашимиз керак.

Гулчеҳра Бердиёрова

СамВМИ ахборот хизмати

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!