“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Ватан ҳимоячиси ким?

Дўстларим қўнғироқ қилишяпти…

“Ватан ҳимоячилари куни муборак бўлсин!”

“Байрамингиз билан!”

“Тадбирда кўринмадингиз…”

Бир ҳамкасбимнинг сўзлари мойдек ёқиб кетди,  нима эмиш, 14 январь жамики журналистларнинг ҳам байрами экан, улар жамиятимизни, мамлакатимизни асримизнинг атом бомбасидан-да кучли бўлган “ахборот хуружлари”дан ҳимоя қилар экан.

Ҳарбий салоҳият ҳамма даврларда ҳам мамлакат нуфузини, унинг куч–қудратини намоён этган. Армияси қудратли мамлакатлар бошқа соҳаларда ҳам кучли бўлган. Кучсизлар асрлар давомида босиб олинган, забт этилган.

Бугун эса замон ўзгарди. Бир юртни босиб олиш учун қурол кўтариб бориш “модадан қолган”. Ватан ҳимояси айни кунда фақат қўлига қурол тутган чегарачилару фавқулодда вазиятларда зудликда сафарбарликка жалб этиладиган ҳарбийларгагина боғлиқ эмаслиги аниқ бўлиб қолди.

Тинчлик – олий неъмат. Бу қараш ҳамма даврларда, ҳамма замонларда ҳеч қачон ўзгармайди.

Дунё қалқиб турибди. Барча океанортини, демократия гуллаб яшнаган заминни хавотир билан кузатмоқда. АҚШдай мамлакат сайлов натижаларини бир ёқли қилолмаса – бу нима деган гап! Армани ва озарбайжон биродарларимиз қалбларимизга солган жароҳат излари ҳали битмаган. Америка Россияга, Хитой Америкага “тиш қайраган”. Хуллас, дунё сиёсатида беҳаловатлик ҳукм сурмоқда.

Эл бошига иш тушса, ҳамма бир ёқадан бош чиқаради (Аллоҳ ўзи асрасин!). Тинчлик, осудалик ҳукм сураётган, иқтисодий қийинчиликлар вақтинча бўлган (Илоҳим шундай бўлсин!) бугунги даврда юрт ҳимояси учун ҳамма бирдек жавобгар эканлигини ҳис қиласан.

Демоқчиманки, бугун эркакларнинг байрами, деган қараш ҳам бироз замонага мос келмай қолдими, дейман! Эркаклар, албатта, оиламиз устуни, суянган тоғимиз. Уларсиз бахтимиз кўкармаслиги, биз, аёллар бугунгидек эркаланиб, оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юролмаслигимиз аниқ.

Демак, бугун шогирдига таълим-тарбия бераётган устозларнинг байрами, у ўқувчиларни, талаба ёшларни  Ватан ҳимояси учун тарбияламоқда.

Бугун, шифокорларнинг байрами – улар даволаётган кишилар юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилишади.

Олимлар, тадқиқотчиларнинг байрами – уларнинг ихтиролари тараққиётга хизмат қилади.

Қурувчиларнинг байрами – уларнинг меҳнатлари самараси ўлароқ, юртимизда гўзал бино ва иншоотлар қад ростлайди.

Бу сафни яна давом эттириш мумкин. Ягона хулоса шуки, Ватан ҳимояси учун барча бирдек жавобгар. Кимки, зиммасига юклатилган ўз вазифасини виждонан бажарса, у Ватан ҳимоячисидир.

Кимки оиласини, яқинларини ҳимоя қилса, асраса у Ватан ҳимоячисидир. Негаки, оила бу кичик Ватандир!

Байрам муборак бўлсин,  азизлар!

Гулчеҳра Бердиёрова

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!