“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Қуён гўштига таъбингиз қандай?

Маълумотларга кўра, тўйимлилиги бўйича қуён гўштининг 1 килограми энг яхши мол гўштининг 1,45 килограмига тенг. Таркибида холестерин камлиги боис қўй, мол ва бошқа жониворларникидан фарқ қилади. Қуён гўшти оқсилининг 90 фоизи инсон организмида тўлиқ ўзлаштирилади. У шунингдек, минерал тузларга, кальций ва фосфорга бой. Умуман олганда, хуштаъм. Шу каби ижобий фазилатлари туфайли қуён гўшти жигар, меъда, юрак-қон томир тизими касалликлари, қандли диабет, аллергияси бор инсонларга тавсия этилади.

Қуён терисидан табиий ва қимматбаҳо мўйна олиниши ҳам эътиборга молик. Қуён териси чарм-галантерея маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқаришда сифатли хом ашё ҳисобланади. Бир килограмм қуён момиғидан 2000 метр сифатли ип олиш мумкин экан. Қисқача айтганда, бу  митти ва момиқ жониворнинг фойдали жиҳатлари кўп. Тармоқни ривожлантириш ва бу турдаги гўшт истеъмолини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва кўпайтириш айни кунда озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги айрим муаммоларимизга ечим бўлса, ажабмас.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти таянч докторанти Баҳодир Ибрагимов айни кунларда шу мавзуда изланишлар олиб бораётган ёш, иқтидорли олимлардан биридир.

– Мамлакатимизда қуёнчилик яхши ривожланган, саноат даражасига чиққан, деб айтиш қийин, – дейди Б.Ибрагимов. – Бу даромадли юмуш билан шуғулланувчилар ҳам кўп эмас. Негаки, бизда қуёнчиликни яхши тушунадиган мутахассис бармоқ билан санарли. Лекин бугун мазкур соҳага эътибор ошди. Жойларда қуёнчиликка ихтисослашган хўжаликлар ташкил этилмоқда. Чорвачиликнинг бу тармоғида маҳсулот тез етилади ва жуда сердаромад соҳа. Шунинг учун хўжалик эгалари маҳсулотини кимга сотишни ҳам олдиндан билиши керак. Қуён гўшти учун боқиладими ёки териси учунми, шунга қараб, ишлар тизимли ташкил этилиши лозим. Тармоқнинг озуқа базасини шакллантириш ҳам дозарб масала. Ҳозир юртимизда бу  масалаларни ҳал этиш, тармоқни кучайтиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганини эътироф этиш керак.

Қуёнчилик жаҳон иқтисодиёти ва истеъмолида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Мисол учун, Хитойда қуён гўшти кам истеъмол қилинишига қарамасдан, мазкур мамлакат уни етиштириш бўйича дунёда  етакчи ўринда туради. Хитой қуёнчилигида мўйнали ва тивитли зотларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратилган. Иккинчи ўринни эса Италия  эгаллайди.  Аҳоли бошига қуён гўшти истеъмол қилиш даражаси баландлиги (йилига 5,5-6 килограмм) ҳам италянларга тегишли. Бу кўрсаткич Франция, Германия ва Венгрияда 2,5-3 килограмни ташкил қилади ва мазкур мамлакатларда 65 фоиз маҳсулот кластер усулида ишлаб чиқарилади.

Соғлом овқатланишнинг замонавий тенденцияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг парҳез гўшт истеъмол қилиш меъёри хусусидаги тавсиясига кўра, инсон йил давомида истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотларининг 5 фоизи, яъни 4,5 килограми қуён гўшти бўлиши керак. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда юртимиз бозорида назарий жиҳатдан йилига 150 минг тонна қуён гўштига талаб бор.

Ўзбекистон Республикасининг табиий-иқлим шароити, қуёнчиларнинг тажрибалари ҳамда соҳага доир хорижий маълумотлар қуён маҳсулотлари ишлаб чиқаришни тўғри ташкиллаштириш, тармоқни ривожлантиришнинг истиқболли ва шубҳасиз самарали эканлигини кўрсатади.

Бизнинг мамлакатда асосан гўшт ва мўйна-гўшт йўналишидаги қуён зотлари урчитилиб, кўпроқ аҳоли шахсий ёрдамчи хўжаликларида парваришланади. 2016 йилдан қуёнчиликни саноат асосида урчитувчи агрофирмалар ташкил этила бошланди. Қуёнчилик ривожланган Италия, Франция каби мамлакатларда ҳам ишлаб чиқиладиган қуён маҳсулотларининг 40 фоиздан ортиғи ишқибоз қуёнбоқорлар ҳиссасига тўғри келади.

Бир она қуёндан йил давомида ўртача 5-6 марта авлод олиш имкони бор. Ҳар бир туғишда зотнинг хусусиятига қараб, ўртача 7-8 бош (баъзан 19 бошгача) авлод олиш мумкин. Бу йил давомида бир она қуёндан 30 бошдан ортиқ қуён болаларини ёки онасидан ажратилгандан сўнг ўртача 60-70 килограмм тирик вазн ҳисобида парҳез гўшт етиштириш имконини беради.

Агар қуёнларнинг асосий қисми аҳоли томорқа хўжаликларида парваришланаётганини ҳисобга олсак, аксарият қуёнбоқарлар қуён терисига уй шароитида ишлов бериш технологиясининг назарий ва амалий жиҳатларидан бехабарлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Баҳодир Ибрагимовнинг тадқиқотлари Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги “Икром Маҳмудов” номли кўп тармоқли фермер хўжалигида  ўтказилди. Қуёнлар 3 ойлигида гўшт учун сўйилган бўлиб, бунда тери иккиламчи маҳсулот ҳисобланади. Терига махсус технология ёрдамида босқичма-босқич ишлов берилганда, керакли натижага эришиш, сифатли ва бежирим майин мўйна олиш имкони пайдо бўлади.

Яна бир гап. Халқимиз орасида қуён гўшти билан боғлиқ баъзи гап-сўзлар юради. Айримлар “қуёнлаб”, деган нуқсоннинг келиб чиқишини шу билан боғлашади. Аммо бу касалликни келтириб чиқарувчи омилларга қуён гўштининг мутлақо алоқаси йўқлиги аллақачон исботланганини ҳам таъкидлаш лозим.

…Супермаркетларга кирганингизда, оқишроқ рангли гўштни кўрганингизда, суриштириб  кўринг-чи, балки қуён гўштидир? Пишириб, мазасини бир татиб кўринг, хуштаъм, енгил ҳазм бўлишига ўзингиз амин бўласиз.

Ёғсиз, холестеринсиз гўшт еб туришимиз керак-ку!? Бу соғлиққа ҳам жуда фойдали, вазн тўпламайсиз, енгил юрасиз…

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!