“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

15:46 / 07.12.2020
Когонда прокуратура президент фармони ижросини тўхтатиб қўйди. 4 млн долларлик лойиҳа таназзул ёқасида

Когоннинг янги ҳокими эски ҳокимнинг қарорини янги прокурор протести асосида бекор қилган. Суд эса тадбиркор шикоятини қаноатлантиришни рад этмоқда. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришга доир қарийб 4 млн долларлик лойиҳа таназзул ёқасида турибди.

Ўзбекистонда қоғоз хомашёсига йиллик талаб 290 минг тоннадан ортиқ. Шундан 140 минг тоннадан ортиғи – офсет ва газета қоғозларига тўғри келади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги йиғилиш баёнида ёзилган.

Давлат статистика қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, Ўзбекистон 2019 йилда жами 11,2 млн долларга 8,3 минг тонна қоғоз ва картон маҳсулотлари экспорт қилган бўлса, шу даврда қарийб 213 минг тонна қоғоз маҳсулотларини импорт қилиш учун 247,2 млн доллар сарфлаган.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон биргина қоғоз маҳсулотлари учун каттагина миқдорда валюта сарфламоқда. Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилиш баёнида ҳам бу хусусда маълумот келтириб ўтилган.

Албатта, вазиятни ўнглаш учун мамлакат катта салоҳиятга эга, бунинг учун тошдан қоғоз ишлаб чиқаришни жадал суръатларда кўпайтириш талаб этилади. Зеро, 2019 йил июлда Фарғонада МДҲ мамлакатларида илк бор тошдан (оҳактош) қоғоз ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ишга туширилди.

Давлат раҳбари 2019 йил 6–7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишиб, ушбу инвестиция лойиҳасини ва инновацион технологияли қоғоз ишлаб чиқаришни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича топшириқ берган эди.

Афсуски, айрим туманларда раҳбарлар ўзгариши ортидан аввалги ҳокимлар чиқарган қарорларни бекор қилиш оқибатида бу топшириқни бажариш ҳам сунъий тўсиқларга дуч келмоқда.

Хусусан, Бухоронинг Когон туманида оҳактош (кальций карбонат)дан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 4 млн АҚШ долларига тенг ишлаб чиқариш корхонасини барпо қилиб, 100дан ортиқ одамни иш билан таъминлашни режа қилган ёш тадбиркор йигит – Беҳзод Тошев бугунги кунда боши берк кўчага кириб қолган. Kun.uz унинг муаммоларини ўрганди.

Даставвал лойиҳанинг устунликлари ҳақида ёш тадбиркор Беҳзод Тошев сўзлаб берди.

«Бу лойиҳанинг афзалликлари шундаки, биринчидан, маҳсулот 85-90 фоиз маҳаллий хомашёдан тайёрланади. Сув ва дарахтга, экологияга оддий қоғоз ишлаб чиқаришга қараганда зарари кам. Экспорт салоҳияти катта, ишхона ишга тушса, бир йилда 10 млн долларгача қоғоз ишлаб чиқариш мумкин. Хомашё эса, миллионлаб тонна бор. Ер қаъридан қазиб олиб, ишлатиш керак холос», – дейди тадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, заводда Италия ва Германиядан 5-авлод ускуналарини келтириб ўрнатиш режалаштирилган, бироқ ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган тўсқинликлар туфайли лойиҳани амалга ошириш хомхаёл бўлиб қолмоқда.

Ваҳоланки, дунёда саноқли давлатлардагина оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

2018 йил инновация йили деб эълон қилингач, тадбиркор Когон туман ҳокими ўринбосарига учрашиб, лойиҳа ҳақида сўз очади. Ҳоким ўринбосари бизнес режани «инновация, ноу-хау» сифатида баҳолагач, дастлаб туман ҳокими, сўнгра ўша вақтдаги вилоят ҳокими Ўктам Барноевга тақдимот ҳам қилинган.

Лойиҳани амалга ошириш қандай тўсиққа дуч келди?

«Ўша вақтда ер ва кредит муаммоси бор эди. Ўктам Барноев лойиҳам билан танишгач, нима муаммоси бўлса, ҳал қилиш кераклигини айтди ва шундай топшириқ берди. Аввал 3–4та жой кўрсатилган бўлса-да, мана шу жой маъқул келди барчага. 2019 йил 4 апрелда президент Мирзиёев келган бўлса, 6 апрелда туман ҳокимининг қарори чиқди. Шундан сўнг қурилишни бошлаш учун лойиҳа ҳужжатларини тўплашни бошладим», – дея сўзлаб беради Беҳзод Тошев.

Барча зарур хулосалар, ҳужжатлар олингач, қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳудуднинг атрофи девор билан ўраб олиниб, маъмурий бинолар учун пойдеворлар қуйилган дамларда туман прокуратурасидан вакиллар келиб, прокурор протести асосида ҳоким қарори бекор қилингани ҳақида айтишган.

«2020 йил апрелда, яъни орадан 11 ой ўтгач, протест бериляпти. Бу орада биз қанча ҳужжат, лойиҳани тайёрлашга маблағ сарфладик. Бундан ташқари, лойиҳамизни президентнинг 4335-сонли қарорига (3-илова 12-банд – таҳр.) ҳам киритишган эди. Бош вазирнинг тошдан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича йиғилиш баёнига ҳам киритилдик.

Нима учун эски ҳоким ер беряпти, янги ҳоким бекор қиляпти, деб судга шикоят қилдик», – дейди Тошев.

Унинг айтишича, Когон тумани маъмурий суди шикоятни бир неча бор қабул қилишни рад этган, шундан сўнг Қоровулбозор туман маъмурий суди ишни кўриб чиққан.

«12 августда суд бўлишини айтиб қўнғироқ қилишди. Ҳокимликдан ҳеч ким қатнашмади. Иккинчи марта яна шу аҳвол, суд қолдирилди. Сабаб сифатида ҳокимлик юристининг беморлиги айтилди. ИВЛ ускунасига уланганини билдиришди. Биз рози бўлдик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Бухоро вилоят бизнес омбудсманига мурожаат ҳам қилдик. У биз ҳақ эканимизни айтар экан, суд жараёнида қатнаша олмаслигини айтди. Шу билан бирга, бизнес омбудсман ҳокимнинг ўзгариши давлат лафзи ҳам ўзгаришини англатмаслигини таъкидлади.

Учинчи сафарда, афсуски, бобомиз вафот этдилар. Аммо, ҳокимлик юристи хасталигини инобатга олган суд маҳкамаси бизнинг мусибатимизни инобатга олмади, бизнинг иштирокимизсиз судни кўриб чиқиб, ҳал қилув қарорини қабул қилди», – дейди тадбиркор.

Шу ўринда, прокуратура протести, унга сабаб бўлган омилларга тўхталсак. Протестда, туман ҳокими қарори қонунга зид экани қайд этилиб, бекор қилиниши учун сабаблар келтирилади:

Ер кодексининг 5-моддасига кўра, ўлчамидан қатъи назар барча ерларни олиб қўйиш ва суғориладиган ерларни бошқа мақсадларда ажратиш вилоят ҳокимининг ваколатига кириши белгилангани таъкидланади.

Аммо, прокурор негадир, тадбиркорга ер Президентнинг 2018 йил 27 июндаги ПФ-5466-сонли фармонининг 3-банди, «а» қисмига кўра тақдим этилгани ҳақида лом-мим демайди.

z6MlVphIx8-PFP3RIdK3YwCqUZTLX4L7.jpg (587×830)

Протестда айтиладики, Ер кодексининг 23-моддаси 2-қисмида:

«Саноат корхоналари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр ўтказиш линиялари, магистрал трубопроводлар қуриш учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари берилади (реализация қилинади)», дея белгилангани кўрсатилган.

Аммо юқоридаги банд бу модданинг 4-қисми бўлиб, унинг 2-қисмида шундай дейилган:

«Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади».

Бундан ташқари, протестда «Туткунда» МФЙ ҳудудининг 100, 102-контурлари алоҳида қийматга эга бўлган, суғориладиган унумдор ер тоифасига кириши аниқлангани» айтилади. Бироқ бу қайси ҳужжат ёки текширув асосида амалга оширилганига ойдинлик киритилмайди.

Когон туман прокуратурасининг 2020 йил 30 апрелдаги №24/180м-20-сонли мурожаатга жавобида айтилишича, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси туман ҳокимининг 06.04.2019 йилдаги 733-сонли қарори ноқонунийлиги ҳақида маълумот берган. Бироқ ушбу маълумотнома санаси, тартиб рақами келтирилмаган. Тадбиркор ушбу маълумотномани тақдим этишни сўраб, бир неча бор мурожаат қилганига қарамай, Когон туман прокуратураси жиноий иш қўзғатилгани важи билан уни тақдим этмаяпти.

Бироқ Бухоро вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг 2020 йил 3 март куни №72-сон билан вилоят прокуратурасига берилган маълумотномада: «…ҳозирги кунда қарор бўйича 1,0 гектар ер майдони ажратилган бўлса-да, фуқаро Тошев Б. томонидан 1,5 гектар экин ер майдони эгалланиб, бир қисми ўраб олиниб, бетон пойдевор ишлари бажарилгани аниқланди», – дейилади.

i3LKDeJkBQMEsGNaQhEwlk5Oo1CzFn-r.jpg (606×899)

5XxXxyxZ1L6Mk62Ho2DYy87RnKVwu71f.jpg (602×429)

Биз ушбу ер майдонининг ўлчамини Google Earth дастури орқали аниқлашга уриниб кўрдик. Дастур ўраб олинган ер майдони 10,536.72 квадрат метр эканини кўрсатди.

Тадбиркорнинг айтишича, ўраб олинган ер майдонининг йўл томондаги беда экилган жойлар қизил чизиқ ҳудуди бўлиб, юқори кучланишли электр тармоғи муҳофаза зонасига ҳам киради.

Яна вилоят кадастрининг маълумотномасига қайтсак. Унда таъкидланишича, «…келгусида бундай ер қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик учун туман ҳокимининг 2019 йил 6 апрелдаги 733-сонли қарори бекор қилинса мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5742 сонли фармонининг 5-бандида «суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларга, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмайди», – деб кўрсатиб қўйилган».

Бироқ, шу ерда бир нарсага эътибор қаратишни истардик. Вилоят кадастр бошқармаси ўз маълумотномасида 17 июндаги президент фармонини қайд этар экан, туман ҳокимининг қарори ундан аввалроқ – 6 апрелда чиққанига эътибор қаратмаган.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддаси 1-қисмига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Қолаверса, ушбу модданинг 2-қисмида «агар Ўзбекистон Республикасининг қонуни содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишни ёхуд кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар етказса, қонунга орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмас», – дея қайд этилган.

Энг асосийси, на прокуратура, на вилоят кадастр бошқармаси ва на суд туман ҳокимининг қарори «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури доирасида ёш тадбиркорга берилганини қайд қилишмаган, ёхуд буни исташмаган.

Ваҳоланки, 2018 йил 27 июндаги президент фармонининг 3-банди, а қисмида «туман (шаҳар)лар ҳокимликлари:

«Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини, шунингдек, бошқа объектларни қуриш (жойлаштириш) учун хусусий инвесторларга, истисно тариқасида, тўғридан тўғри музокаралар орқали ер участка (бўш бино)ларни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратади», – дея таъкидланган.

Шу ерда савол туғилади: нима учун прокурор ушбу фармон Ер кодексига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига зид дея жар солмайди? Фармонда истисно ҳолати назарда тутилган экан, у ноқонуний бўлиб қолмайди. Шундай экан, нега ушбу фармон асосида берилган ер участкаси ноқонуний берилган бўлиб қолмоқда?

Бундан ташқари, ўша вақтдаги вилоят ҳокими Ўктам Барноев 2019 йил 20 январда имзолаган ҳужжатда ҳам ушбу лойиҳа қайд этилган эди.

Биз жойига бориб ўрганганимизда, тадбиркорга берилган ер участкаси экин экиладиган ер майдонига ўхшамас эди.

Ер участкаси ҳудудидан йўл кесиб ўтган. Бундан ташқари, ер участкасидан унча узоқ бўлмаган суғориладиган ва экин экиладиган майдонда йирик қурилиш ишлари ҳам бўлаётганига гувоҳ бўлдик.

Энди туман прокурорига савол, ушбу ер участкасида нима асосда бино барпо қилинмоқда. Ушбу суғориладиган ер майдони ўзи иқтибос келтирган Ер кодекси моддаларига мувофиқ берилганми? Харитада ушбу ер майдонининг уч томондан теварак атрофи экин майдони экани кўриниб турибди.

Қолаверса, кенггина қилиб барпо қилинаётган бозор ҳудуди ҳам суғориладиган ер майдонларига чегарадош эканини харитага озгина тушунган одам яққол сезади.

Тўғрисини айтганда, ер олиб қўйилиши билан боғлиқ шикоятларни ўрганар эканмиз, беихтиёр, қарорларда атайлаб нуқсонларга йўл қўйилармикан, деган фикрга ҳам боради одам.

Шу ер керак экан, ҳеч бўлмаса, прокурор сифатида иш ўрни яратаман, экспортга маҳсулот чиқараман, деб турган ёш тадбиркорнинг шижоатини синдириш ўрнига, унга кўмак бериб, қарор чиқаришда айрим жойлари нотўғри бўлган экан, қонунчиликка мувофиқлаштириб қўяйлик, дейиш наҳотки мумкин эмас?

Жойлардаги мутасаддилар қачон муаммони кескин рад қилиш йўли билан эмас, балки рационал ҳал этиш йўлига ўтишади?

Нима учун прокурор протест берар экан, ҳокимликка лойиҳа учун мақбул ер бериш шартини қўймайди?

Нима учун қонун назоратчиси бўлган прокурор – тадбиркор ҳам зарар кўриб қолиши эҳтимолини инобатга олмайди?

Сўнгсўз ўрнидаги саволимизни яна ҳам аниқроқ қўйсак: Нега ҳоким-у прокурорлар алмашиши билан, янги иқтидорга келганлар ишини «ёғли» жойларни тортиб олишдан бошлайди?

Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири

Тасвирчи – Шерзод Эгамбердиев

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!