АРМОННИНГ БУНЧАЛАР РАНГИ КЎП

Навоийда марҳум журналистлар фаолиятига

бағишланган хотира китоби чоп этилди

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоят маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан “Армоннинг бунчалар ранги кўп…” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб чоп этилган мазкур китобда Навоий вилоятида қалам таебратган марҳум ижодкорлар ҳаёт йўли ва фаолияти, қолдирган маънавий мероси хусусида сўз юритилган.

Мазкур китобни нашрга тайёрлашда Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, устоз журналист, шоира Салима Умарова бош-қош бўлди.

Тақдимотда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Тақдимотда сўзга чиққан шоир Вафо Файзуллоҳ, китоб ношири Абдуғафур Искандар, фахрий журналистлар Ҳамдам Эшонқулов, Суюндик Мустафоев ва бошқалар китоб ҳақида сўз юритиб, “қаҳрамонлар” ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашди.

— Бу китобда устозларнинг абадий хотираси муҳрланди. Уларнинг ҳаёти акс эттирилди. Бир сўз билан айтганда бу китоб ёшлар, бугун фаолият кўрсатаётган ижодкорлар учун ибрат китоби бўлди, — дейди устоз журналист Ҳамдам Эшонқулов.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан шонли Истиқлолимизнинг 30 йиллигига бағишлаб, “Навоий вилояти матбуоти: кеча ва бугун” китобини тайёрлаш жараёнига ҳам ушқоқлик билан киришилган.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Я.Душанов иштирок этди ва ижодкорларни янги китоб билан қутлади.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Навоий вилояти бўлими раиси.