“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

15:40 / 02.01.2021
Қишлоқда бир тун: Навоий вилоятидаги чорвадорлар овули — Керегетоуда

Kun.uz ижодкорлари «Қишлоқда бир тун» рукнининг навбатдаги сонида Навоий вилоятининг пойтахтдан анча узоқ, шу билан бирга мамлакатнинг асосий тоғ-кон саноати ҳудуди бўлган Томди туманидаги Керегетоу овулида бўлди.

Овулгача бориш учун аввалига Навоийнинг Қизилтепа тумани орқали Зарафшон шаҳрига, сўнгра Томди тумани марказига бордик. Ундан яна 90 км.лар чамаси йўл юриб, қуёш ботиб, кун қорайганда манзилга етиб бордик.

Серикбой ака Нисанбаев хонадонига ташрифимиз қувончли кунларга тўғри келди. Ҳол-аҳвол сўраш ва дуодан сўнг, ҳар бир ота-она фарзанди камолини кўришни орзу қилганидек, ёлғиз ўғиллари Армон Алимқулов эришган натижани сўзлаб кетди. 9-мактабнинг 10-синфида таҳсил олаётган Армон Қозоғистон Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган ҳамда Қозоғистон, Бельгия, Туркия, Россия, Мўғулистон каби 8 давлатдан 146 ўқувчи қатнашган халқаро иншо танловининг Гран-присини қўлга киритган.

Серикбой Нисанбаев

«Қозоғистон таълим вазирлиги ўқувчи иқтидорини тақдирлаш мақсадида мобил телефон, Навоий вилояти ҳамда Томди туман ҳокимлиги бир донадан ноутбук совға қилди», – дейди Серикбой ака.

Қиш кунлари эмасми, бизни илк қизиқтирган нарса – хоналарни қай йўсинда ва нима билан иситаётганлари бўлди. Серикбой аканинг айтишича, азалдан овулларга газ келмаган.

«Аммо, электр токи таъминоти узлуксиз», – дея сўзлайди у.

Ўтирган хонамизда иссиқлик тарқатиб турган қурилма эътиборимизни тортди. Серикбой ака «норпечка» деб атаган печканинг қурилиши ўзига хос. Унинг ўтин ёқиладиган асосий қисми биринчи хонада, пишган ғиштдан қурилган мўри қисми иккинчи хонада жойлашган. Бу ёқилғини тежаган ҳолда икки хонани бирдек иситиш имконини беради.

Пандемия шароитида ҳаёт қандай кечганига қизиқамиз. Серикбой аканинг сўзлаб беришича, ҳеч ким жиддий бемор бўлмаган. Бир-икки киши енгил турлари билан хасталанган холос.

Бир неча йиллар шу ерда шифокорлик қилиб, Қозоғистонга кўчиб кетган Кенисбек исмли шифокор, яқинларига қўнғироқ қилганда, Томдида шувоқ ва исириқ кўп бўлгани боис, халқи ҳам, чорваси ҳам вирусларга чидамли бўлишини айтган экан.

Серикбой ака бу ерлик аҳолининг асосий даромад манбайи бўлган чорвачилик хусусида ҳам тўхталди. Унинг айтишича, собиқ иттифоқ даврида Томди туманида қўй бош сони 720 минг бошга, Керегитау овулининг ўзида 120 мингга чиққан вақтлар бўлган. Аммо тери ва жун маҳсулотларига талаб пасайгани боис бугунги кунда 10 минг бош қўй борлиги маълум.

«Бизда асосий тирикчилик чорвачиликдан. Лекин бу йил чорвачиликка ҳам анча қийин йил келди. Баҳорда ўт яхши ўсмади. Бундан ташқари, бизни қийнайдиган энг катта муаммомиз – ичимлик суви масаласи. Булоқ ёки артезиан қудуқ йўқ. Тоғ тизмаларидан оқиб чиқувчи сизма сувларни йиғиб фойдаланамиз. 3 тонна сув учун 2 соат вақтимиз кетади», – дейди Серикбой ака.

Унинг айтишича, собиқ иттифоқ давридаям ҳудудда чучук ерости сувларининг манбасини аниқлаш учун геологик қазилма ишлари олиб борилган, аммо самарасиз якунланган.

Гапдан гап чиқиб, суҳбатдошларимиз Бухоро вилоятида рўй берган табиий офатнинг Томди туманида кузатилган айрим аломатларини сўзлаб берар экан, шундан кейин чўлда ўт-ўлан унмаганини ҳам алоҳида уқтиришди.

Албатта, карантин ҳақида ҳам сўз борди. Серикбой ака коронавирус чиқибди, карантин бўларкан, деган гап-сўзлар чиққач, овулда озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиб кетгани ҳақида сўзлаб берди.

Қишлоқларда бўлган одатга кўра, узоқ йўлдан меҳмонлар келганини эшитиб, овул оқсоқоли Сотиболди Айдарбеков, тадбиркор ва депутат Елибай Алданов ҳамда овулдаги 9-мактаб директори Науриз Танатаровлар ҳам келиб, биз билан суҳбатлашишди.

Сотиболди ака туман бир вақтлар чорвачиликда катта натижаларга эришгани ҳақида сўзлаб берди.

Йўл қурилиши бўлимида ишлайдиган Серикбой ака рафиқаси Гулзира Абуованинг пенсияси озлигидан ҳам шикоят қилди. Унинг айтишича, 33 йил овулда ҳамширалик қилган Гулзира опа 2018 йилда нафақага чиққан. Қандли диабет хасталиги боис охирги 5 йилда ойига ярим ставка ишлагани боис, пенсияси кам ҳисобланганини тушунтиришган.

«Умуман ишламаганлар ҳам 400 минг сўм пенсия олишмоқда-да, сен 33 йил ишлаб улардан фарқинг нимада, 560 минг сўм пенсия олаётганингдами, дейман баъзида», – дейди Серикбой ака.

Сафаримиздан эсда қолган яна бир нарса, Овулдаги 9-мактабнинг 8-синф ўқувчиси, 15 ёшли Нурсултон Қодировнинг ўлан айтиб бергани бўлди. Қолаверса, иқтидорли ўсмир йигит Армоннинг маромига етказиб, чалган мунг тўла созини автомобилимизда тинглаш учун ёзиб ҳам олдик.

Биз бу оилада ҳам бир кеча меҳмон бўлиб, бир тун тунаб, тонг оттиргач, Тошкент қайдасан дея, Томдининг Учтепа, Нуротанинг Қизилча, Темирқовуқ қишлоқлари, Жиззахнинг Фориш туманидан ўтувчи йўллар орқали Тошкентга етиб келдик. Шу билан салкам 4 минг км.лик сафаримиз поёнига етди.

Толиб Раҳматов

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!