“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ШАФҚАТСИЗ ЧОРА ҲАЛОЛ ОДАМДА ХАВОТИР УЙҒОТМАЙДИ

Экинзорни ўт босса, нима қилинади? Ҳар қандай одам осонгина жавоб беради: чопиш керак. Деҳқон бу ишни ҳеч кимдан маслаҳат сўрамасдан, вақти-соатига қараб, бажараверади. Шунинг учун дастурхонимиз «она замин саховати» деб аталадиган нознеъматларга тўла.

Энди тасаввур қилингки, экинзорни ўт боссаю ҳар хил департамент ва қўмиталардан бўйинбоғли ҳашамдор одамлар йиғилса, комиссия тузилса, улар бир неча соат мажлис қилиб, деҳқонга зудлик билан «экинзорнинг ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури»ни ишлаб чиқишни топширса. Шўрлик деҳқон ҳамма ишини ташлаб, дастур тузсаю уни олиб, идорама-идора юриб тасдиқдан ўтказса. Кейин ўртада тезда тарвақайлаб ўсиб кетган ўтларни чопиб ташласаю яна «дастур» бўйича ҳисобот ёзиб, бўйинбоғлиларни ахтариб кетса.

Коррупцияга қарши курашда бу курашнинг ўзидан кўра кўпроқ мана шундай «йўл хариталари» ва «ҳисоботлар» муҳимлашиб кетмаяптими? Бир қарашда, бу иллатга қарши курашувчи муассасани агентлик атаймизми ё қўмитами, балки инспекция деб номласак, яхши бўлармикан, деган бефойда баҳслар билан овуниб қолишга ўхшаб кетмаяптими ҳолатимиз?

Янгиликларнинг қора рейтингида терроризм ва коронавирус билан бир қаторда юқори поғоналарни эгаллаб келаётган коррупцияга қарши кураш масаласи ҳақида гап очилса, кўпчилик Сингапурнинг биринчи Бош вазири, каучук сотиш билан машғул бўлган бир оролчани қудратли давлатга айлантирган марҳум Ли Куан Юни эсга олади. Ҳа, дарҳақиқат, у энг яқин одамларини (қариндош-уруғи ва мактабдошларини) ҳам панжара ортига тиқишдан қайтмаган, АҚШ Президенти Билл Клинтон шахсан ўзи гиёҳвандликда айбланган икки америкалик талабани афв этишни сўраганда, «йўқ» деган. Хуллас, у арбоб кўпгина кескин чораларни қўллаган. Шунинг учун ҳам Сингапур коррупция балосидан деярли мутлақо халос бўлган ва ҳозиргача бу борада дунёнинг олди мамлакатларидан саналади.

Айримлар Хитойни ҳам мисол келтиради. Бу мамлакатда коррупция учун жазо унинг молиявий кўламига қараб ҳам белгиланади. У муайян миқдордан ошса, ҳатто олий жазо қўлланилади. Ибрат учун жазонинг ижроси оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади. Эътиборли томони шундаки, жиноятчининг фақат мол-мулки мусодара қилинибгина қолмай, ундан олий жазо ижроси учун сарф бўладиган қаттол ўқнинг пули ҳам ундириб олинади.

Шафқатсизликдек кўринадими? Шундай. Лекин бор гап.

Баъзи мамлакатлар тажрибасида солиқ тўлашдан қочиб даромадини яшираётган дўконлар ҳақида тегишли жойларга маълумот бериш йўлга қўйилган. Айрим юртларда бунинг учун молиявий мукофот ҳам кўзда тутилади.

Буни нима дейиш мумкин? Сотқинликни рағбатлантириш, жамиятда сотқинлик руҳини урчитиш, бир-бирини пойлаш муҳитини яратишга интилишми? Эҳтимол, тўғридир. Лекин бу ҳам бор гап-да.

Ҳар ким иллатга қарши ҳар хил чора қўллаяпти.

Моҳият шундаки, шафқатсиз бўлиб кўринадиган айрим жазолар, сотқинликка ўхшайдиган баъзи механизмлар ҳалол одам учун мутлақо бехавотирдир. Ҳалол яшаб, ҳалол меҳнат қилган одам хотиржам яшайверади.

Бу курашда муросасизлик бўлмаса, оқибат нималарга олиб келишини кўриб чиқайлик.

Масалан, отасининг пули билан тиб биёт институтига ўқишга кирган одамдан шифокор чиқадими? У қобилиятли, иқтидорли, муносиб бир одамнинг ўрнини эгаллаб, бир неча йил ўқийди, кейин отасининг пули билан йўқ жойдан бош шифокор бўлади, мартабаси ошаверса, вазир ҳам бўлиб кетар… Фақат ҳеч кимни даволамайди. Қобилиятли, иқтидорли бошқа бир одам эса тиббиёт бўйича билим олишдан мосуво бўлади.

Эҳтимол, у ўқиганида, келажакда ўнлаб, юзлаб одамнинг ҳаётини сақлаб қолармиди? Қайсидир бедаво дардлардан бирига даво топармиди? Йигирма-ўттиз йил олдин қандайдир тасодиф туфайли қайсидир валломат ТошМИга киролмаган шундай абитуриентлардан бирининг бошини силаб, ўқишга олиб кириб қўйганида, ўша абитуриент бугун коронавирус вакцинасини кашф этармиди?

Коррупция туфайли биз ҳар йили бир Ибн Синони, бир Хоразмийни, бир Берунийни, бир Форобийни, бир Замахшарийни бой бериб қўймаётганимизга ким кафолат беради?

Яна бир аянчли жиҳати шундаки, коррупция инфаркт, инсульт, диабет каби хавфли касалликларга ўхшаб «ёшариб» боряпти. Илгари ўсиб келаётган ёш авлод оғзидан «прокурор бўламан», «ҳоким бўламан», «солиқчи бўламан», «божхоначи бўламан» деган гаплар чиқмас эди. Беғубор ёш қалбларда космонавт, учувчи, денгизчи, ҳарбий, муаллим бўлиш орзуси мавж урарди. Муҳитнинг ўзи ҳам ёшларнинг приоритетларини замонга мослаб ўзгартиришга – қадриятларни иқтисодий фаровонлик мезонлари нуқтаи назаридан қайтадан баҳолашга мажбур қиляпти. Кўрадики, фалончининг юзидан ёғ томади, ўшандай бўлишни ўйлаб қолади. Унга ҳеч ким муборак ҳадисда «Инсон ҳеч қачон ўзини беҳожат қиладиган бойликка эга бўла олмайди» дейилганини айтмаяпти. Ёки айтса ҳам энди қулоғига кирмаяпти.

Яккам-дуккам ҳолатлар юз бериб, «у ўзи яхши одам эмас эди» деган гап билан ўтиб кетса, қани эди, ундай эмас-да! Биринчи саноқдаги касб эгалари орасида каталакдек уйда, машинасиз, ойликдан ойликкача амаллаб кун кечираётганларнинг улуши қанча? Ёппасига ҳаммага лой чаплаш ниятидан йироқмиз, шунчаки, ўзингиз холис айтинг.

Порахўрлик, таниш-билиш, мансабни суиистеъмол қилиш оқибатида давлат ва жамият оқсайди. Масалан, нолойиқ одам бирор мансабни эгалласа, нима бўлади? Фанда бу Даннинг-Крюгер эффекти дейилади. Малакаю савияси паст одам ана шу қуйи даражада бўлгани учун ҳам нотўғри қарорлар қабул қилади, лекин бунинг тўғри эмаслигини билмайди. Чунки, раҳбарни ҳеч ким ранжитмайди, аксинча, иложи борича мақтайди. Русларда «Сен раҳбарсан, мен – аҳмоқ, мен раҳбарман, сен – аҳмоқ» деган латифанамо нақл ҳам бор. Оқибатда у – мансаб эгаси ўзини савияси паст эмас, балки яна ҳам ақлли ҳисоблай бошлайди. Ўзига керагидан ортиқ бино қўяди. Афсуски, унинг ўз ҳолига эмас, бундай одам бошқарадиган муассасанинг ҳолига вой. У қочиб кетар, қамалиб кетар, нима бўлганда ҳам, етказган зарари унинг бўйнига тушмайди. Азобни йиллар давомида жамоа чекишига тўғри келади.

Ҳа, бир идорада раҳбар ноқобил бўлса, шу идоранинггина ва у ердаги ходимларнинг шўри қурийди. Бутун-бутун соҳаларга шундай шоввозлар бош бўлиб қолишидан асрасин.

Ўрмонга қуён бўлиб ишга кирган айиқ ҳақида Аркадий Райкин айтиб кетган яхши масал бор. Айиқ ўрни банд бўлгани учун у қуён бўлиб ишга жойлашади. Кейин қуённи кўриб қолади. Қарангки, у айиқ лавозимида ишлаётган бўлиб чиқади. Норози айиқ шерлардан иборат ўрмон тафтиш комиссиясини чақиради. Комиссия қуённинг ҳужжатида «айиқ» деб ёзилганини аниқлайди-да, айиққа ортиқча ғавғо кўтармасликни айтиб жўнайди. Қиссадан ҳисса шуки, шерлар комиссиясига тўнғизлар «шер» бўлиб ишга кирган бўлади. Бундай ҳолатда ўрмонда яна қандай адолат ҳақида гапириш мумкин?

Қадимги дунё донишмандлари хўб билиб айтган: «Билувчи гапирмайди, гапирувчи билмайди» (Лао-цзи), «Ҳақиқий билим ўзининг қанчалик жоҳил эканини билишдир» (Конфуций), «Биламанки, ҳеч нарса билмайман» (Суқрот). Афсуски, лавозимни сотадиган ёхуд сотиб оладиганлар учун бу гаплар қуруқ сафсата ҳисобланади.

Сохталик билан ўқишга киришдан, сохталик билан мансаб эгаллашдан кўзланган бош мақсад қинғир йўл билан мўмай даромад топиш экан, бунга экинзорга тушган ўтга қарагандек қараш керак бўлади. Яъни, ўташ керак, тамом-вассалом!

Бегона ўт-ўланга бориб, «ҳосилга тегмагин», «экинга зарар бермагин» деб ялинган билан у айтганни қилмайди. Демак, жамиятни ҳам шундайлардан муросасизларча тозалаш керак. Ёппасига ҳаммасини тиғдан ўтказиш назарда тутилаётгани йўқ, албатта. Иҳота қилиш зарур. Айбини бўйнига қўйиб, жамоатчиликка кўрсатиш, бундайлар ўрнак-ибрат объекти эмас, жирканиш ва нафратланиш предмети эканини англатиш лозим. Токи, дунёда ҳамма нарса сингари пул ва амал ҳам ўткинчи эканини билсин.

Дарвоқе, «тозалаш» ҳақида. Бунда ҳам қандайдир меъёр ва мезонларни ишлаб чиқишга ва адолат тамойилларини мустаҳкам тутишга тўғри келади. Албатта, поранинг каттаси ҳам, кичиги ҳам пора. Лекин 200 минг сўмлик суюнчи пули билан дипломатга солинган кўп қаватли долларларнинг ўртасида фарқ бор. Корхонадан бир матоҳ ўғирлаб сотган ходим билан шу корхонани банкрот қилган бошлиқ тенг бўлмайди. Нима учун амалдор панжара ортида жазо ўтаб келганидан кейин янги машина олишини, тўй қилишини, ишлари юришиб кетишини, «адолат бор эканки, бир йил ўтмай чиқиб келдим» дейишини ўйлаб кўриш керак. Суюнчи пули олгани ёхуд матоҳ ўғирлагани учун жазоланган ходим «у ёқ»дан келиб тўй қилиш тугул, бирор жойга ишга кира олмайди, умрбод тавқи лаънатда қолади. Коррупциянинг мана шу аянчли жазоси «дипломатда оладиганлар» учун ҳам улушига яраша бўлсагина, одамлар порахўрликнинг каттаю кичигига жазо муқаррар эканига ишонади.

Энди лавозимни суиистеъмол қилишга бир мисол келтирайлик. Эстонияда таълим вазири ўз хизмат машинасида фарзандларини мактабга олиб боргани учун истеъфо берди. Оммавий ахборот воситалари таъсир кучи мана шундай пайтларда яққолроқ билинади.

Бизда амалдорларнинг хизмат машиналари қандай ишлаяпти? Хотинни салонга, ўғилни ўқишга, қизни тўгаракка, набирани боғчага, яна хотинни чалларига, ўғилни ўқишдан, қизни тўгаракдан, набирани боғчадан… Раҳбарга меҳнатининг ўндан бирини бағишлайди, қолгани – раҳбарнинг ҳиммати билан рўзғорга.

The Washington Post газетаси мухбирларидан бири АҚШ расмий делегацияларига сафарда ҳамроҳлик қилар экан, йўл харажатлари давлат ҳисобидан бўлишига қарамай, ҳамиша чипта учун ёнидан пул тўлашини айтиб, «Мустақил бўлиш учун шундай қиламан» деган эди.

Бизда эса мустақил бўлишга интилиш ё оммавий ахборот воситалари назарига тушиб қолишдан ҳайиқиш ўрнига хизмат машинаси билан мақтаниш ҳолатлари кўпроқ учрайди. «Тайёр машина, ташлаб қўяди».

Ижтимоий тармоқларда янгиликларни кузатар эканмиз, бир томондан, электр ва газ йўқлигидан шикоят қилаётган одамларнинг арз-додига, иккинчи томондан, кўчмас мулк, қимматбаҳо товар, киборлар емакхонасининг рекламаларига кўзимиз тушади. Контраст хабарлар келаверади. Беихтиёр ўйлай бошлаймиз: электр ва газ таъминоти учун масъул бўлган мартабали ҳамюртларимизнинг фарзандлари ҳам совуқ уйда шам ёруғида дарс қилаётганмикан ё… Умуман, газ ва электр биз учун анчадан буён жуда қаттиқ бош оғриғи бўлиб келяпти. Олам-олам газ ёқиб, текширувчига озгина қистириб, ҳисоблагичдаги рақамларни орқага қайтарган «тадбиркор» ўзи яшаётган туман аҳлига озор бераётганини биладими? Ахир, унинг ҳисоблагичидаги рақам қисқаргани билан мамлакатнинг шу туманга бераётган газини ўлчайдиган бошқа матоҳда ҳаммаси ёзилиб туради-ку. Қоғозда аҳолидан қарздорлик йўқ бўлса ҳам, туманнинг мамлакатдан қарзи ўчиб кетмаяпти-ку. Пировардида бир нечта шундай «тадбиркор» туфайли мамлакат туманни қарздорга айлантириб, газдан узиб қўяди.

Электр бобида ҳам шу аҳвол.

Шаҳарда яшовчилар яхши билади: йўлсозлар янги асфальт ётқизиши ҳамоно сувсозлар ўша ерни кавлашади. Бу икки муассаса ходимлари ё алоҳида-алоҳида сайёралардан келишади, ё бу ерда бир «ҳикмат» бор. Чунки, бундай ҳолатларда сувсозларнинг олдида бўйинбоғлилар кўринмайди. Бўйинбоғлилар чинакам авария чоғида кўзга ташланади. Икки киши зўр бериб, қувурни таъмирлаётган, тепасида жиддий қиёфали тўртта бўйинбоғли одам турган манзараларни эсласангиз керак. Шундай пайтда ўзининг қайғурувчан тезкор раҳбарлигини кўрсатиб қўймаса, эсиз фурсат.

Бизда улкан қурилиш ё таъмирлаш лойиҳаларининг ҳаммаси ҳам ҳалол бажариляптими ё йўқми, деган савол ҳам кўпчиликни ўйлантирса керак.

Коронавирус пандемияси муносабати билан бюджетдан ажратилган воситалар тўғрисида ҳам савол сўровчилар йўқ эмас ҳойнаҳой.

Кўриняптики, коррупция билан боғлиқ ҳолатни ё коррупционерни кўриб, илғаб олиш ўтакетган даражада мураккаб шартларни талаб қилмас экан. Демак, жамоатчилик, биринчи галда, оммавий ахборот воситалари бу ҳақда ҳар сафар бонг уриши керак. Бу иллатга қарши курашувчи орган тузишнинг ўзи билан иш битмайди. У қандай номланишидан қатъи назар.

Ушбу материални тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 2-йиғилиши тўғрисида хайрли янгилик пайдо бўлди. Хабарда билдирилишича, мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда экан. Бу чора коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасига киритилибди. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган қарзлар ва молиявий ёрдамлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини шакллантириш, коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари рўйхатини тузиш, хорижий давлатлар мансабдор шахслари ва халқаро ташкилотлар вакилларига пора берганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш, коррупция ҳолатлари тўғрисида аноним хабар йўллаш ва уларни кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилмоқда экан.

Биз бу чораларнинг барчаси тез орада «кутилмоқда» режимидан «жорий қилинди» режимига ўтишини умид қилиб қоламиз.

(Анвар БОБОЕВ)

«Оила даврасида» газетаси, 48-сон, 26 ноябрь 2020 йил

http://od-press.uz/xabarlar/5470

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!