“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ТАРБИЯДА ТАРТИБ БЎЛСА, ЗАРАРИ ЙЎҚ

Гап болаларни боғчадан бошлаб жинсий ҳаётга ўргатиш ҳақида кетяптими?

«Эшитдиларингизми, Сенат Раиси болалар боғчаларидан бошлаб жинсий тарбия дарслари ўтилиши керак, деган эмиш. Уят эмасми, болаларга шунақа нарсани гапириб бўладими?..»

Ушбу мавзу сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу тўғрида биз ҳам озроқ мулоҳаза қилиб кўриш лозим топдик.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева (у Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси ҳисобланади) «тарбия дарслари» доирасида болалар боғчаларидан бошлаб, барча таълим муассасаларида жинсий тарбия дарслари ўтилиши зарурлигини айтди. Шундан кейин ижтимоий тармоқларда бундай тарбиянинг тўғри ё нотўғрилиги борасида баҳслар бошланиб кетди.

Сенат раҳбарининг аниқ нима дегани ҳақида қуйироқда тўхталамиз. Ҳозир эса, бошдан айтиб қўя қолиш керак: жинсий тарбияни жорий қилиш – тўғри ва керакли иш. Масала унинг қай йўсинда амалга оширилишидир.

Нима учун тўғри ва керакли? Келинг, бир чеккадан бошлайлик.

Жинсий тарбия болалар, ўсмирлар ва балоғат ёшидаги йигит-қизларда жинсий масалаларга тўғри муносабатни шакллантиришга қаратилган тиббий-педагогик чора-тадбирлар мажмуасини ўз ичига олган бўлиб, ундан кўзланган бош мақсад никоҳ ва оила институтини мустаҳкамлаш орқали ижтимоий фаровонликни оширишдан иборат. Албатта, қатор ижтимоий муаммоларнинг (юқумли венерик касалликлар, ОИТС, гендер саломатлик, балоғатга етмаган қизларда ҳомиладорлик, аборт ва ҳоказо) олдини олишга йўналтирилган бундай тарбиянинг физиология-гигиена, педагогика, одоб-ахлоқ, менталитет билан боғлиқ ўзига хос жиҳатлари бўлади.

Тарихда турли давр ва турфа мамлакатларда жинсий тарбияга ёндашувлар анъана ва урф-одатлар таъсирида қолиб келган, яъни аксар ҳолларда эътибордан фаромуш бўлган. Фақат ХХ асрнинг иккинчи ярмидан кейин «жинсий инқилоблар» авж олиб, «яккаю ягона жинсий аҳлоқ — эркин ишқий муносабатлар» шиори майдонга келгач, аниқроғи, шулар натижасида юқумли венерик касалликлар ва ОИТСга чалиниш, балоғатга етмаган қизларда ҳомиладорлик ва аборт каби ҳолатлар кўпайиб кетганидан сўнггина бу масала жамоатчилик ва давлат органлари эътиборини ўзига жалб қилди.

Бугунги кунда қатор Ғарб давлатларида, масалан, АҚШ ва Нидерландияда «жинсий маърифат» кенг тарқалган ва ортиқча истиҳола ё эҳтироссиз ишлатиладиган атамага айланган бўлиб, жинсий тарбия мактабгача тарбия муассасаларидан бошланади. Ўсиб келаётган ёш авлодга жинслар ва жинсий ҳаёт масалалари билан боғлиқ анатомик-физиологик, жинсий, гигиеник ва бошқа маълумотлар босқичма-босқич бериб борилади. Бу ёшларнинг «катта ҳаёт»га эртароқ кириб қолишига йўл очаётгани йўқ. Хусусан, Нидерландияда ёшлар жинсий алоқаларни ўртача 18 ёшдан бошлайди (кўплаб Ғарб мамлакатларида бу кўрсаткич 16 ёшга тенг), балоғатга етмаган қизлар орасида туғруқлар сони мингтадан бештани ташкил қилади (дунё бўйича энг кам миқдорлардан бири), ОИТС билан касалланиш даражаси ҳам анча паст.

Демак, жинсий тарбиянинг фойдаси бор экан. Келиб чиқадики, бу – долзарб масала. Ҳаммаси ишни тўғри йўлга қўйишга боғлиқ.

Бу ўринда «менталитетимизга тўғри келмайди» деб бирданига қарши турувчиларга юзланиб айтиш керакки, ҳеч ким ёшларга жинсий ҳаётни ипидан игнасигача ўргатиб қўйишни даъво қилмаяпти. Бузуқлик керак бўлса, ҳозир – интернет замони, ҳамма ахтарганини топиб олаверади. Мақсад, юқорида айтилганидек, никоҳ ва оила институти муқаддаслигини сақлаш, шу орқали қатор ижтимоий муаммоларнинг олдини олишдир. Бунда болани ёши ва жинсига қараб, босқичма-босқич равишда тарбиялаш муҳим.

Масалан, боғча ёшида болани дастлаб тозаликка ўргатишнинг, ота-онага фарзандига ноқулай кийим кийдирмасликни маслаҳат беришнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Бу чоралар жуда бўлмаганда глистлардан (ичак қуртлари) зарарланишни камайтиради. Қарабсизки, бола ҳам хушчақчақ, ота-она ҳам хотиржам. Бу ёшда фарзанд болани лайлак олиб келишига ишонади, шунинг ўзи унга кифоя.

Кейинги босқичда ахлоқий ва гигиеник қоидаларни ўргатиш фойдали бўлади. Айрим гапларни гапиришда эса эҳтиёт бўлиш керак. Дейлик, менталитетимизда «сенга фалончини олиб бераман» каби эркалашлар бор. Болада меҳрни кучайтириш яхши, лекин меъёр бузилмаслиги керак. Токи, у ўзидан каттароқ, «юқорироқ маълумотли»лардан нималарнидир суриштиришга киришиб кетмасин. Ота-она бир-бирига ҳурмат ва меҳр кўрсатса, бола учун бундан яхши ўрнак йўқ.

Инсон улғайгани сайин танада ўзгаришлар юз бериши табиий ҳол. Қизлар ҳайз кўради, йигитлар эҳтилом бўлади. Бундай ҳолларда кимдан нимани сўрашни билмай, ўз ёғига қоврилиб юрганлар асабий, тез чарчайдиган, диққатини жамлай олмайдиган, ўқиши оқсайдиган бўлиб қолиши мумкин. Мана шу босқичда улар ўзининг касалга чалинмаганини, бу жараёнлар табиий эканини билиши керак. Демак, бу ёшдагиларга ҳам ўз вақтида керакли маълумот берган маъқул. Акс ҳолда, ўсиб келаётган ёш йигит-қизлар руҳияти бузилиши, бу уларнинг кейинги ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу тариқа ёш авлод ўсиб борар экан, унга аста-секин, хаёлини бузмаган ҳолда, худди овқатланишдан олдин қўл ювиш саломатлик қоидаларига қанчалик мос бўлса, жинсий ахлоқ ва тозалик ҳам одоб ва соғлом турмуш тарзи меъёрларига шунчалик уйғун эканини уқтириб бориш лозим бўлади. Бундай тарбияда барча ахлоқий, ижтимоий, гигиеник жиҳатлар мужассам қилинса, авлод баркамол бўлиб вояга етади.

Муҳими, тарбияда тартиб бўлиши керак. Қорани қора дейишда фикрни мустаҳкамлаш учун оқни кўрсатиш зарур бўлганидек, оқни оқ дейишда ҳам қорани кўрсатиш керак.

Масалан, аёл киши табиатан юз-кўзи, соч турмаги, кийими, пардози ёқимли бўлишини хоҳлайди. Ким учундир эмас, умуман ёқимли бўлгиси келаси. Бу – табиий. Лекин лабини шиширтириш, ясама қош-киприк қўйиш, пластик жарроҳликка уннаш, упа-эликка ва тўғри келган-келмаган ҳар хил модага ҳаддан ортиқ берилиш – табиийлик белгиси эмас.

Худди шундай, эркак киши кучли, виқорли, келишган, ҳозирги замон истилоҳи билан айтганда, «крутой» бўлиб кўринишни истайди. Лекин бунинг учун у тенгдошлари ва катталарнинг «маслаҳати» билан чекиш, ғўддайиш, тату қўйдириш, мушакларни укол билан шишириш, катта кетиш каби иллатларни орттириб олмаслиги керак.

Мана шуларни тўғри тушунтириш ҳам жинсий тарбияга киради.

Оилавий ҳаётнинг фаровонлигини таъминлашда иқтисодий масала асосий ўринлардан бирини эгаллаши яхши маълум. Менталитетимизда «эсиз Фалончи, иккита-учта бола билан ўтиб кетяпти» деган қараш аста-секин чекланиб, замонга мос соғлом режалаштириш фикри устунлашяпти. Ёш келин-куёвлар тиббий кўрикдан ўтяпти, «исталмаган ҳомиладорлик»нинг олди олиняпти. Демак, умуман гапирмагандан кўра, чиройли қилиб, менталитетимиз доирасига солиб, англатган маъқул. Буни қарангки, истиҳола қилиб, гапирилмагани учун шўро давлати ўз даврида абортлар сони бўйича дунёда етакчилар қаторига чиқиб олган экан. Сабаби – одамлар керакли маълумотларга эга бўлмаган. Ундан кўра огоҳлантирган яхши эмасмиди?!

Ҳеч қандай жинсий тарбия шарт эмас, ҳозирги интернет замонида ҳамма ўзига керакли нарсани «ўргимчак тўри»дан топиб олаверади, деб ўйлаш қанчалик тўғри? Топишга – топади. Лекин гап – қандай топишида, нимани топишида, излаш жараёнида нималарга дуч келишида, ҳамма кўрганларини қандай талқин қилишида, буларнинг барчаси кейинги ҳаётида қандай акс этишида. Ёш йигит-қизлар никоҳга, оилавий ҳаётга қанчалик тайёр, эрлик ёки хотинлик масъулиятини қанчалар ҳис қилади? Агар «оммавий маданият» таъсирида, «яккаю ягона жинсий ахлоқ – эркин ишқий муносабатлар» руҳида катта бўлган бўлса, эртага фарзандларига қандай тарбия беради? Шунақалар кўпайса, жамиятнинг ҳоли не кечади? Савол кетидан савол туғилаверади…

Шунинг учун жинсий тарбия керак. Лекин унинг қандай бўлиши, қай тарзда йўлга қўйилиши жуда мураккаб масала.

Дарвоқе, Сенат Раиси Танзила Норбоева бундай деган эди: «Гинеколог масаласида, қизлар кўринмаслиги керак деган стереотиплар бор. Жинсий тарбия масаласи биз учун ёпиқ мавзу ҳисобланади. Ҳеч ким гапириши мумкин эмас. Деярли кўп оилаларда, ҳаттоки ота-она ҳам фарзандларига шу нарсаларни гапирмайди. Бу нотўғри. Биз ўйлаймизки, жинсий тарбияни ёш болаликдан олиб бориш керак. Президентимиз ташаббуси билан мактабларда тарбия дарси киритилди. Вазирликларга шу тарбия дарсида, албатта, жинсий тарбия йўналиши, гендер тенглик масалаларини киритишни, қизларни алоҳида, ўғил болаларни алоҳида ўқитиш, тайёрлаш вазифасини қўйдик.

Ҳозир тарбия дарс соатларига мана шу нарсалар киритилган.

Ўқув дастурларини шу даражада нозиклик, билим билан қилишимиз керакки, ўғил бола, қиз болага керакли билимни беришимиз лозим. Мактабгача таълимда ёшга мос қилиб, ўзини доирасида, юқори синфларда ва олий таълим муассасаларида қизлар ва ўғил болаларни оилага тайёрлаш, репродуктив саломатлик, туғиш, сақланиш, қариндош уруғ ўртасидаги никоҳ ва бошқалар тўғрисида очиқдан-очиқ маълумотларни беришимиз керак.

Биз ёпганимиз сари интернет очиқ. Интернетда ёмон нарсаларни ўрганяпти. У салбий оқибатларга олиб келяпти. Шунинг учун, ундан кўра, дўст бўлиб, дугона бўлиб, ота, ака-ука бўлиб, маълумотни бергани, менимча фойдалироқ бўлса керак».

Бизнингча, бу ерда уят бўладиган ҳеч нарса йўқ.

Динимиз оилани муқаддас санайди. Қуръони Карим эр-хотин бир-бири учун либос эканини айтади (Бақара сураси, 187-оят), яъни баданнинг айбларини яшириб, уни иссиқ-совуқдан асраб, ҳарорат бағишлаб туради. Мана шу руҳда жинсий тарбия беришни йўлга қўя олсак, бу, албатта, ютуғимиз бўлади.

Бир ҳадис ҳам келтирайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир аёл эрининг эътиборсизлигидан шикоят қилиб келади. Суриштирилганда, у одам куну-тун фақат рўзаю намоз билан банд экани аён бўлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда қориннинг ҳам, кўзнинг, тананинг ҳам, хотиннинг ҳам, фарзандларнинг ҳам ҳаққи борлигини айтадилар. (Имом Бухорий ривояти). Шундай тарбия бера оламизми?

Юлиан Семёновнинг «Раис учун бомба» асарида 60-йилларда ГФРда прокурор билан бир ёш қизнинг суҳбати келтирилади. Ундан олинган қуйидаги жумла Ғарбнинг ўша даврдаги қиёфасини аниқ очиб беради: – Ҳа, жаноб прокурор, нимани сўрамоқчи бўлаётганингизни тушундим, хижолат бўлманг, ўзим айтаман. 15 ёшимда. Ҳа, мени озгина шоштиришди. Лекин аслини олганда, ўзим ҳам жуда кечикиб кетиш ниятида эмас эдим…

Биз буни кўчиришимиз, бу қизга ҳавас қилишимиз керак эмас.

Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» асарида эса қуйидаги савол-жавоб келтирилади:

– Ёпиқ ва юмуқ нечта?

– Учта!

– Сана!

– Тил, камар, кўз.

– Очиқ нечта?

– Тўртта!

– Сана!

– Қўл, юз, дастурхон, юрак.

– Дуруст юриш қоидаси нечта?

– Бешта.

– Сана!

– Кибру ҳаво қилиб юрмаслик, атрофга алангламаслик, бошқалар ортидан кузатмаслик, кексаларни қувиб ўтмаслик, шерикларни куттириб қўймаслик.

Буни олишимиз мумкин.

Мухтасар айтганда, тарбия ҳеч қачон бефойда бўлмаган. Яхши маънодаги тарбия, албатта. Иш аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси руҳида ва энг хайрли удум-анъаналаримиз асосида ташкил этилса, жинсий тарбия ҳам, шубҳасиз, фойдали бўлади. Шунинг учун масъулларга юзланамиз: Ташаббусингиз долзарб ва маъқул. Ишни ҳам маъқул ва мақбул қилиб ташкил эта оласизларми?!

(Анвар БОБОЕВ)

«Оила даврасида» газетаси, 47-сон, 19 ноябрь 2020 йил

http://od-press.uz/xabarlar/5458

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!