“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

БИЗ УЧРАГАН ҒАЛАБА

Инсон ғалабага эришади. Мағлубиятга эса учрайди. Яъни, гап бўлаги сифатида мазкур икки эгага нисбатан одатда ана шу икки кесим ишлатилади.

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан эришилган ғалабани нишонлашга, албатта, бутун инсоният ҳақли. Чунки башарият ўзидан чиққан балога қарши курашиб, уни енгди, даф қилди. Бу ҳақиқатан ҳам ғалаба. Лекин ғалаба ҳам ҳар хил бўлар экан. Айрим жиҳатларини олиб қараганда, инсоният бу ғалабага эришди эмас, учради, дейиш тўғрироқ бўладигандек. Негаки, бу ғалаба шодлик учун қанчалик асос бўлса, қайғу учун ҳам шунчалик арзийди.

Ўзбек халқи мисолида оладиган бўлсак, кўп йиллардан буён 9 май куни тилга олинадиган аянчли статистикани ҳаммамиз яхши биламиз. Рақамларни четга суриб гапирганда, ўша йиллари юртимизда қўлига қурол олишга қурби етадиган ҳар бир эр йигит қон кечишга жалб қилинди. Уларнинг тўртдан бири олис-олис ўлкаларда орзу-умидларию армонлари билан бирга ҳаётни тарк этди. Ундан ҳам кўпроғи майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Умумий манзара шу бўлдики, мусибат етмаган бирор хонадон қолмади.

Ваҳоланки, қўлига ўқотар қурол олишга қурби етган ўша ота-боболаримиз меҳнат қуролини ҳам ушлаши, оила боқиши, ризқ-рўз илинжида ҳаёт кечириши мумкин эди. Қанчадан-қанча тақдирлар барбод бўлди ўша машъум урушда. Кейинги ўнлаб йиллар давомида қанчадан-қанча оналар, бева аёллар умрини жудолик дарди билан поёнига етказди. Етим болалар ўксиб қолди.

Шуларни ўйлаганда, байрам деган сўз кўнгилга сиғмай кетади.

Уруш қурбонсиз бўлмайди, дегувчилар кўп. Лекин ғолиб томон кўпроқ қурбон берган бўлиб чиқса, ғолиб томоннинг талафоти мағлубникидан салмоқлироқ бўлиб чиқса, бундай ғалабадан хурсанд бўлиш учун юракни қинидан чиқариб ташлаш керак бўлади. Устига-устак, қудратли давлатларнинг урушига мажбуран жалб қилинган ва ўзи учун мутлақо ёт мақсадлар учун ўз халқининг ўзагини ҳалокатга йўллаган мамлакат учун бундай ғалабани нишонлаш сурур бахш этмайди.

Тўғри, Иккинчи жаҳон урушида инсоният жуда катта балони даф қилди. Буни нишонлаш керак. Лекин ортиқча шоду хуррамлик билан эмас.

Шу боис ҳам Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни этиб белгиланган. Шу боис ҳам юртимизда ушбу сана арафасида уруш ва меҳнат фахрийлари яна бир бор йўқланади, уларга яна бир бор иззат-икром кўрсатилади. Биз ниҳоят даражада адолатсиз, ўзимиз учун ҳеч ҳам кераги бўлмаган, ғалабасининг ҳам нафи тегмаган урушда қурбон бўлган ота-боболаримизни хотирлаймиз. Омон қайтганларни, фронт ортида жонбозлик кўрсатганларни эъзозлаймиз. Аслида 9 май санасига чин инсоний муносабат мана шу.

Лекин кейинги пайтлар юртдошларимиз орасида хориждаги айрим доираларнинг чалғитувчи тарғиботларига омиларча ишониб, уларнинг ғаламислик ва ғараз билан қилаётган ташвиқотларига кўр-кўрона эргашиб, оловранг-қора чизиқли лента тақаётганлар, 9 майни худди ўзининг шахсий, аллақандай мавҳум ғалабасини нишонлаётгандек байрам қилаётганлар учраётгани ачинарлидир. Афсуски, бундайлар ўша бемаза лентанинг аслида Иккинчи жаҳон урушига умуман алоқаси йўқлигини билмайди. Ҳатто урушнинг ўзи, сабаблари ва оқибатлари ҳақида ҳам тайинли тасаввур ва билимга эга эмас.

Эмишки, фалон давлатнинг элчихонаси шундай лента тарқатаётган экан, автомобилига, кўксига ёпиштириб олса, ғоят хушсурат манзара ҳосил бўларкан. Бу лента деганлари аслида узун ташланган бўйинтуруқнинг учи эканини хаёлига ҳам келтирмайди.

Тинчликнинг энг ёмон куни ҳам урушнинг энг енгил кунидан яхшироқ, дейдилар. Ўзгаларнинг нағмасига бепарволик билан берилиб кетадиганлар шуни ўйлаб кўрмайди. Урушнинг даҳшати ҳақида мулоҳаза қилмайди.

Мана, масалан, урушнинг кундалик воқеасини олайлик. Ҳозиргина ёнимизда биз билан бирга нонушта ё тушлик қилган сафдошимиз ҳеч қанча вақт ўтмай, дайди ўққа учраб, ҳаёт билан видолашди. У тирик эди. Шунчаки тирик эмас, етти мучаси соғлом, қалби орзу-умидларга тўла, бу ёруғ дунёни тарк этишни сира ҳам истамаган бир инсон эди. Жанггоҳ машаққатларини бирга енгиб, ҳар ишда елкама-елка бўлиб келган, тунлари бирга дардлашган, ҳасратлашган, сиру розларини ўртоқлашган сафдош бир лаҳзада йўқликка айланса, бунга қандай чидаш мумкин?

Шу боис ҳам уруш кўрганлар у кунларни эслашни истамайди. Хотиралари ҳақида сўраганларга истамай жавоб беради. Қалбининг яраси янгиланаётганини айтмайди. Ҳамма дардини яна ичига ютади. 9 май куни ўша омон қайтганлар хурсанд бўлади, дейсизми? Бир муддат қалбини қувонч ўртайди, албатта. Ўша кунлар ортда қолганини идрок этишдан пайдо бўлган қувонч. Лекин кейин оғир хотиралар, жанггоҳларда ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқа рўй берган фожиалар юрагини тилка-пора қилгудек ларзага солади. 9 майни таралла-бедод байрам қилаётганлар шуларни ўйлаб кўрса, ёмон бўлмасди.

Мулоҳазага ундайдиган воқеалар жуда кўп. Партизанлар сафида бўлган беларуслик бир аёл эслайди: «Ўрмонда фашистлар туну кун изимизни пойлайди. Сафдошимиз Н. яқинда фарзандли бўлди. Ҳаммамизнинг қорнимиз оч, совуқ қотамиз. Уни эса совуқ ва очлик икки ҳисса қийнайди – чақалоққа бергулик сути йўқ, гўдак совуқдан кўкаради… Ярим тунда немисларнинг шарпасини эшитамиз. Исковуч итлари ҳам бор. Қорни оч, совқотган чақалоқ беҳол йиғлайди. Жуда оғир танлов қаршисида қоламиз. Ё ҳаммамиз ҳалок бўламиз, ё… Н.га қараймиз. У ахийри бир қарорга келади. Чақалоқни ўз қўли билан сувга ботиради. Энди мурғакнинг овози чиқмайди. Нақадар оғир танлов эди бу…» Фронт ортида ҳам аҳвол енгил эмас эди. Бухоролик оқсоқол сўзлайди: «Ф…хон ҳали ёшига тўлмаган боласи билан бева қолганди. Қиш қаттиқ келди. На егулик бор, на ўтин. Кунлардан бир кун саҳарда жанозага айтишди. Ф…хон билан гўдаги экан. Уйининг бир бурчагида кўрпага бурканганча музлаб, қотиб қолишибди. Қўшниси ўкириб йиғлайди. Тунда ярим пиёла арпами, буғдойми сўраб чиққан экан, топиб беролмабди…» Мана шундай аянчли кунлар, мана шундай даҳшатли йўқотишлар билан эришилган ғалаба эди у. Қандай қилиб ўйин-кулги қилиш мумкин шуларни эсламасдан?

Ҳа, юракни қинидан чиқариб ташлашга тўғри келади…

Хотира ва қадрлаш куни, деганда, машъум урушнинг халқимиз хотирасида унутилмас боқий дард бўлиб қолган ана шундай сон-саноқсиз фожиалар назарда тутилган.

Кўнгли тусаганлар шундан кейин ҳам байрам қилаверсин…

Мадина МАШРАБХОН

(Анвар БОБОЕВ)

«Оила даврасида» газетаси, 19-20-сон, 6 май 2021 йил

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!