“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЁСТИҚ ВА ПОЛОСНИ ТИНЧ ҚЎЯЙЛИК!

Бекор ётган 10 миллиард долларни аслида нималарга тикиш ҳақида ўйлаб кўрдингизми?

Мана бир неча кундирки ижтимоий тармоқларда, турли оммавий ахборот воситаларида Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг ўз интервьюсида берган қизиқ баёноти кенг муҳокама қилинмоқда. Сенаторнинг айтишича, «Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон аҳолисида 10 миллиард долларга яқин маблағ бор. Лекин у пуллар ишлаб чиқаришга эмас, уй-жой ва тўйхоналарга сарфланади ёки ёстиқ остида сақланади…»

Биринчи муовин бўлган сенатор яна «Ундан кўра, мақсадли сарфланса эди, четдан инвестиция кутишга ҳам ҳожат қолмасди», деб қўшимча қилди Kun.uz интернет нашри эълон қилган интервьюда.

Аввало, шуни айтиш керакки, бировнинг пулини санашни ижобий аломатлар сирасига қўшиб бўлмайди. Қанча бўлса – ўзига, баракасини берсин.

Ёстиқ остида сақлаш-сақламасликка келсак, бу энди жуда кенг масала.

Аввало, ёстиқ остига жойлашга ҳожат қолдирмаслик чораларини мулоҳаза қилиб кўрган маъқул.

Арқонни узунроқ ташлаймиз. Пулни қаерда сақлаш керак, деган саволнинг ўзи аслида қувончли масала. Бир-икки сўм жамғариб қўйгандирмизки, сақлаш ҳақида ўйлаймиз. Демак, кимдир-бошқага нисбатан бадавлатроқмиз. Шунинг ўзи қувонч учун асос.

Лекин моҳиятан ижобий бўлган бу масала бизнинг Ўзбекистонимизда нечукдир кишини хавотирли ўйларга солади. Кўпайтириш ҳақида гапирмаймиз. Жамғариб қўйганимизни қадрсизланишдан (инфляция таъсиридан) сақлаш заруратининг ўзи уни бирор ишга тикиш ё фоиз ставкаси тузукроқ бўлган банкда депозит очишни тақозо қилади.

Казино, тотализатор, хўроз уриштириш каби криминал ё таваккал аралашиши мумкин бўлган соҳаларни ўз-ўзидан саноқдан чиқарамиз. Банк, биржа ва ёстиқ қолади. Одатан учинчисини танлаймиз. Чунки, ётган жойида кўпаймаса ҳам, у кўзимизга энг ишончли бўлиб кўринади.

Нима учун шундай?

Биринчидан, очиқ тан олиш керак, биз банкларга ишонмай қўйганмиз. Ўтган асрнинг 90-йилларида одамлар йиллаб йиққан жамғармасини бир лаҳзада йўқотгани сабоқнинг боши бўлди. Кейинча лик банкка қўйган пулини ололмасдан сарсон бўлганлар бизга кўп нарсани ўргатди, машина ёки уй олиб берадиган ҳар хил воситачи ташкилотлар ва молиявий пирамидаларнинг нағмасига ўйнадик. Бора-бора депозит фоиз ставкалари фойда келтириш ўрнига инфляциянинг зарарини аранг компенсация қиладиган бўлиб қолди.

Содиқ Сафоев тўғри танбеҳ беряпти. «Банкларимиз, афсуски, мижоз учун курашаётгани йўқ. Тафовутни кўрдик. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, банклар қачон мижоз учун курашса, унинг учун рақобат қилса, ўшанда ривожланади. Агар у фақатгина берилган маблағларни сақлаб ўтириш билан кифояланса, иқтисодиётда уларнинг роли камаяди».

Яна бир гап. Бугун «юқори»дан қилинган битта қўнғироқ ёки солиқ идорасининг битта пўписаси билан ҳар қандай банк исталган мижозининг ҳисоб-рақамини «музлатиб» қўйишга қодир. Мисоллар ҳам кўп бунга. Ёки бир қатор банк ходимлари томонидан имтиёзли кредитлар ўзлаштириб олингани, нақд пул ўйинлари туфайли миллиардлаб маблағ талон-тарож қилингани аниқланган эди яқинда. Мана шундай ҳолатлар муттасил содир бўлиб турар экан, банкларга ишончнинг қандайлигини ўзингиз баҳолаб олаверинг бемалол.

Шу муносабат билан биринчи муовин бўлган сенатор «Банкларимизни ислоҳ қилиш» керак, деган мазмунда хулоса қиляпти.

Банкларимизда эса мижоз учун курашни аввал қандай кўрмаган бўлсак, ҳозир ҳам шундай кўрмаяпмиз. Ҳар бири муайян соҳа бўйича «ихтисослашиб» олганини ҳисобга олмаганда (фақат номи), улар ўртасидаги фарқни ҳам англаб олиш мушкул (телевидениемизнинг каналларини эслатади-я, ажабо).

Билакс, хорижда кўчада кетаётиб валюта айирбошлаш шоҳобчаларининг қиёсидаёқ банкларнинг кескин рақобатини кўриш мумкин. Бир банкнинг шохобчаси тийиннинг мингдан бирига бўлса ҳам арзонроқ айирбошлаш курсини эълон қиладию рақобатчилар сезгунча ўтган вақт давомида мижозини кўпайтириб олади.

Чет элда кўчмас мулк, бирор қимматли техника ёки бизнес учун кредит олмоқчи бўлганлар сарсон бўлмайди. Бир-бир финжон қаҳва устида банк ходими билан ҳамма шартлар аниқ-тиниқ келишиб олинади ва ҳаракат бошланиб кетади. Юз миллион кредит сўраб келган мижоздан икки юз миллион сўмлик кафолат талаб этилмайди… «Бизда эса» деган рукнни газетхоннинг ижозати билан бўш қолдирамиз…

Ўзбекистонда банкларга ишончсизлик даражасини белгилайдиган сўров ўтказилмайди. Россия мисолида бу миқдор аҳолининг чорагини, баъзан ҳатто учдан бир қисмини ташкил этишини кўриш мумкин (мисол учун манба: http://creditprosto.ru/news/ bankpodmatrac_ilixranitdengi/). Бизда шундан кам бўлмаса керак.

Содиқ Сафоев шунинг учун дастлаб банкларни тилга оляпти.

Кейинги камчилигимиз – биржа, акция, дивиденд деган атамалар фақат дарслик ва илмий адабиётларда қолиб кетиб, реал ҳаётимизда деярли ҳеч қандай роль ўйнамайди.

Содиқ Сафоев «капитал бозорини ривожлантириш» масаласини бежиз кўтаргани йўқ.

Мана шу сатрларни ўқиётганлар орасида сўров ўтказиб, ақалли бир дона акцияси бўлган одамларни топсак, уларни санаш учун ўнта бармоғимизнинг ярми ҳам кифоя қилса керак (ҳаммаси ортиқча бўлиб қолмаса, албатта).

Ўзбекистонда биржа фақат ва фақат йирик компаниялар, замон билан ҳамнафас тадбиркорлар, брокерлик фирмалари, маклерлар, қисқаси, ўта тор доира вакилларини машғул қилувчи объект бўлиб қолган. Кенг омма янгилик дастурларидан эрталабки ва кечки котировкаларни ахтармайди. Айрим телеканаллар индексларни экраннинг пастки қисмидаги «шошқалоқ сатрлар»да эълон қилади, лекин уларни камдан-кам одам кузатади.

Ҳолбуки, ривожланган мамлакатларнинг барчасида, «ривожланаётган» мақомдаги мамлакатларнинг аксариятида иқтисодиётнинг капиталлашув даражаси жуда юқори. Ўзини нуфузли ҳисоблаган ва бошқалар ҳам нуфузли ҳисоблашини хоҳлаган ҳар қандай фирма ва компания ўз акцияларини эмиссия қилади (яъни, акция чиқариб, қимматли қоғозлар бозорига ташлайди ва биржанинг фаол иштирокчисига айланади).

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, мазкур давлатларда пенсия жамғармалари ва касаба уюшмалари акцияларининг қадри жуда баланд бўлади. Негаки, жамғариб бориладиган маблағ миқдори анчайин катта бўлади. Жамғарма раҳбарлари уларни шунчаки сақлаб ўтирмасдан, мудом фойдали томонларга йўналтириб туради. Натижада даромади яна ҳам ошади. Даромади ошгани сайин акциясининг нархи, табиийки, дивиденди ҳам юқорилайверади.

Бизда пенсия жамғармаси нафақага чиққан ташкилотга ўхшайди.

Биз, оддий фуқаролар, бозор иқтисодиётига хос замонавий (аслида эски, биз учунгина янги) иқтисодий билим ва кўникмаларга эга эмас эканмиз, банкларимиз, жамғармаларимиз, йирик-йирик саноат корхоналаримиз, биржаларимиз, тегишли вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари бу вазиятни босқичма-босқич ўнглаши мумкин-ку.

Нега бу ишга ҳеч ким қўл урмайди? Саноқдаги ташкилотлар замондан орқада қолганми?

Йўқ.

Айрим корхона ва ташкилотларни бўлишмаслик, кам бўлса ҳам ўзиникига ўзи эгалик қилиш ҳисси, янги шерик орттиришга чидамсизлик оқсатади шекилли: акция чиқарадию бегонага улуш бергиси келмай, ҳаммасини «ўз» ва «хос» одамларнинг темир сандиқларига жойлайди.

Баъзан «раҳбар фикри монополияси» панд берса ҳам, ажаб эмас. Номи «очиқ» ё «ёпиқ» бўлишидан қатъи назар, кўплаб акционерлик жамиятларида монопол ҳукмронлик ўрнатилган. Яъни, синчиклаб ўрганилса, тахминан бундай схема намоён бўлади: қачонлардир давлатники бўлган корхона замон зайли билан хусусийлаштирилганда, бошлиқ назорат пакетига етгулигидан ҳам ортиқ қилиб акция сотиб олган бўлади. Оқибатда бошлиқлигича қолаверган бўлиб чиқади. Бу одамдан на инновация, на ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва на бошқа янгиликни кутасиз. Бундай одамнинг эндиги мақсади битта – корхонани банкрот деб расмийлаштирсаю сотишнинг иложи бўлган ҳамма нарсани пуллаб, думини тугса.

Устига-устак, тендерларнинг ҳаммаси ҳам бозор иқтисодиёти талабларига жавоб бермаслигини эсга олиш керак.

Мана шундай қусурлар туфайли жамиятимизда капит аллашувга қизиқиш суст эмасмикин, деган ўйга боради киши беихтиёр. Бошқача айтганда, иқтисодий фаол аҳолининг реал иқтисодий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, яъни уни «фақат ижрочи» поғонасидан «иштирокчи-ижрочи», «пайчи-ижрочи» мақомига кўтармасликдан муайян даражада манфаатдор ҳалқалар мавжуд бўлиб, барча салбий жараёнлар ва оқсоқликларга шулар сабабчи эмасмикан!?

Биз токайга ча рек ламада фақат дори-дармон, ширинлик ё уяли алоқани кўрамиз, ахир? Четдан қараган киши Ўзбекистон аҳолиси ширинлик еб, касалланиб қолгани учун уйида ётиб, ташқи дунё билан фақат уяли телефон орқали алоқа қилаётган одамлардан иборат, деб ўйлайди. Йирик корхоналаримиз йўқдек, каттакатта банкларимиз қолмагандек тутамиз ўзимизни.

Ёки айрим давлатларда бўлганидек, президент фармони чиқсинмики, барча йирик корхоналар акция эмиссия қилсину уларни мажбурий тарзда аҳоли жон бошига сотайлик.

Монополияга қарши кураш ҳақида кўп гапирамиз, лекин амалда натижа кам бўляпти. «Раҳбар фикри монополияси» иллатидан қутулишимиз ҳам қийин бўляпти. Ўз-ўзидан автомобилсозлар ёдга келади. Шу Асакадаги заводни қуриш шартмиди, деб юборгиси келади одамнинг. У халқ манфаати учун қурилганми ё тор доира фойдасига хизмат қиладими? Нима учун йилдан-йилга нархлар ошади, нима учун омборда маҳсулот тўла бўлгани ҳолда сунъий тақчиллик ясалиб, «шапка ўйинлари»га имконият яратилади? Афсуски, ижтимоий тармоқларда бу «кўҳна ва навқирон» мавзунинг долзарблиги ҳар куни ўз тасдиғини топишдан тўхтагани йўқ. «Ёстиқ остидаги» маблағни бизнесга тикиш ҳақида икки оғиз. Тўғри, корхонани расмийлаштириш жараёни анча тезлашиб кетган, бюрократик тўсиқлар ҳам йўқ. Аммо ишлаб чиқариш учун хомашёни хориждан олиб келиш ҳам, ўзимиздан сотиб олиш ҳам чакана иш эмас. Агар тегишли доиралар таркибига кирмасангиз ёхуд ўша доира ичидан фойдага шерикликка бир «танка» топмасангиз, ўзингиз тугул қариндош-у руғ ёстиқлари остидаги маблағларни тикканингиз билан ҳам корхонангиз турган-битгани зарарга айланади. Битта мисол: чорва учун кунжара-ем ишлаб чиқаришни олайлик. Унчалик мураккаб эмас, ускуналари ҳам арзон. Бунинг устига бозорда доим ем қиммат ва талаб юқори (гўшт нархининг ошиб кетишини ҳам шунга боғлашади). Эътиборлиси асосий хомашё ҳам ўзимиздан чиқади (пахтачилик яхши ривожланган эмасми?!). Аммо ҳамма шароитни тахт қилиб, ускуналар ўрнатиб, бирорта пахта заводига бориб кўринг-чи кунжара учун хомашё сўраб. Ана шунда биласиз бизнес бошлаб қанчалик хатога йўл қўйганингизни.

Янги ишлаб чиқаришга солиқ юки қанчалик оғирлиги борасида айтиб ўтириш ҳам ортиқча бўлса керак. Бу, бизнингча, алоҳида мақолага мавзу.

Маблағини ишлаб чиқаришга тикмаётган барчани бирдек айблаб чиқаётган одам ёки мана шу ҳолатлардан бутунлай бехабар ёки хабари бўлса ҳам масала ечими учун эмас, шунчаки пиар учун гапирган бўлади. Бошқача айтганда, халқни ишонтириш, ўша ёстиқ остида бекор ётган пуллар ҳаракатга келиши учун, аввало раҳбарлардан тортиб катта корчалонларгача ўз ёстиқларининг остини халққа ошкора кўрсата олиши керак.

Ҳурматли сенатор!

Сиз кўп мураккаб масаланинг муҳокамасига дебоча очиб юбордингиз. Агар йўл-йўриғи тўғри кўрсатилса, иқтисодий саводхонлик оширилса, зарур шароит ва имкониятлар яратилса, пулни ёстиққа ишониб қўйганлар жон деб бирини икки қилишга рози бўлади. Бу ўринда, «даволагандан, олдини олган афзал», деган азалий ҳақиқат яна бўй чўзиб, кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бунинг учун раҳбар ходимларнинг иқтисодий саводхонлигини тор манфаат йўлидан умумманфаат векторига буриш, эҳтимолки, ўз қобиғига ўралиб, қотиб қолган айрим мутасаддиларнинг иқтисодий саводхонлигини ошириш ҳам керак бўлади. Албатта, иқтисодиётимиз ёстиқ ё палос остидаги пулга қараб қолгани йўқ, инвестиция келяпти. Лекин ёстиқ ва палосни ҳам энди тинч қўяйлик!

Бу ёғига отни қаттиқроқ қамчилайсиз, деган умиддамиз, муҳтарам сенатор!

Мадина МАШРАБХОН

(Анвар БОБОЕВ)

«Оила даврасида» газетаси, 9-сон, 4 март 2021 йил

http://od-press.uz/xabarlar/5572

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!