“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ТАШНА ОДАМНИНГ ЎРНИГА БИРОВ СУВ ИЧМАЙДИ

Эндиликда баҳо ололмаган талабалар қўшимча пул тўлаб «ўзлаштиради»…

Таълим тизимида бирор янгилик жорий этилар экан, у катта масъулиятни, пухта ва ҳар томонлама ўйлаб кўришни тақозо этади. Чунки кичкина хато ёки уч йилдан кейин ўша «янгилик»нинг натижасизлиги туфайли бекор қилиниши бутун бир авлод билимини «брак»ка чиқариб қўйиши ҳеч гап эмас. Куни кеча АОКАдаги матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқов айтган «янгилик» – фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учинчи семестр учун қўшимча маблағ тўлаши турли фикрларни уйғотмоқда.

Жуда яхши. Талабаларга бағрикенглик қилинмоқчи шекилли-да.

От юрмаса қамчилаймиз, толиби илм деган юксак мақомдаги инсонни авайлаймиз: астагина пулини олиб, янгидан «шанс» берамиз. Ахир у «Бешикдан тобутгача илм излаб», олий ўқув юртида таҳсил олмоқда…

Майли, бу ҳазил ўрнидаги мулоҳаза, энди масалага жиддийроқ қарасак, айтинг-чи, токай бундай қиламиз?!

Ташна одам учун биров сув ичгани билан унинг чанқоғи босилмайди. Қорни оч одам учун кимдир овқат еб бермайди. Илм ҳам шундай. Талабанинг ўрнига ҳеч ким келиб ўқиб бермайди. Дастлабки икки семестр давридаки ўқимадими, учинчи семестрда аниқ ўқимайди. Ҳамма ёзги таътилда дам олади-ю бу «жафокаш» кечалари ухламай дарс қиладими? Ассалому алайкум!

Айтишларича, кекса бир шифокор операция қилинадиган бўлиб қолганда, «фақат менинг талабаларим операция қилмасин» деб ҳамшираларга ялинган экан. Бир маҳаллар ўзи ўқитган «шифокорлар»нинг нималарга қодир эканини яхши билган-да. Бу воқеа бизнинг мамлакатда содир бўлмагандир эҳтимол, аммо яна ўн йилдан кейин ўзингиз «супер контракт» билан ўқишга кирган, камига икки йил 3-семестрда «қўшимча тўлов» қилиб амаллаб тиббиёт олийгоҳини битирган шифокорга саломатлигингизни ишониб топширармидингиз?..

Шўро даврида суратга олинган талабалар ҳаётига оид бир фильмда ҳамма нарсани бадавлат отасининг кучи билан ҳал қилишга ўрганиб қолган йигит сал гапга «уйга телефон қиламан» деяверади. Фильм ижодкорлари мустақил бўлолмаган эринчоқ, боқиманда талабанинг устидан қаттиқ кулади. Биз шу ҳолатни ўз жамиятимиз ҳаётига татбиқ қилмоқчи бўляпмиз.

Чуқур мантиқ шарт эмас. Шундай, жўн мулоҳаза қиламиз. Икки ўқув семестрида ўқимаган талабага ёзда рейтинг дафтарчасидаги аҳволни ўнглаш имконияти бериляпти. «Еган оғиз – уялади». Яъни, талабанинг қўшимча маблағи тўланганидан кейин юз-хотир қилиб, баҳолари қўйиб берилади (ўзимизнинг менталитетни ҳам ҳисобга олинг-да!).

Эртага шундай битирувчилар жамиятимизнинг турли жабҳаларида меҳнатга киришади. Шифокор бўлса, домласи у ишлайдиган касалхонадан узоқроқ юрадиган бўлади. Муҳандис бўлса, ўқитувчиси у тарҳини солган иморатни бир чақирим наридан айланиб ўтади. Юридик фанлари бўйича ўқишни тамомлаган бўлса, қонунни остин-устун қилиб, қанчадан-қанча одамнинг шўрини қуритади. Дарс берадиган касбни танлаган бўлса, таҳсил олувчиларга ўзи ўрганган «имкониятлар»ни тақдим эта бошлайди. Адоғини кўриб бўлмайди бу саноқнинг.

Биз шундай мутахассисларни тайёрлаш йўлига ўтмоқчимизми? Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Учинчи ренессансни ўзига шундай тасаввур этаётган бўлса, наҳотки?

Нима эмиш, кредит-модул тизими шуни тақозо этармиш. Адолатли рейтинг тизимида ортиқча пул тўлашдан чўчиган талабалар яхши ўқишга ҳаракат қилармиш. Бутун дунё шунга ўтганмиш… Қачонгача ривожланган мамлакатларда ўзини оқлаган янгиликларни қоқ ўртасидан ёки энг охиридан бошлаб ўзимизга жорий этаверамиз. Ўша тизимни жорий этган олий ўқув юртлари жаҳон рейтингида туради ахир. Уларда бир нафар талабанинг ўзлаштира олмаслиги ёхуд эртага қайсидир бир ташкилотда иш бошлаганида биттагина хатога йўл қўйиши улкан фожиа ҳисобланади. Ўша олий ўқув юртларида икки семестр давомида талаба ўзлаштириши учун қандай мукаммал шарт-шароит яратилгани, қандай салоҳиятли домлалар маъруза ўқишидан наҳотки мутасаддиларимизнинг хабари бўлмаса?!

Қирқ йилдан бери бир хил маърузани такрорлаб келаётган кекса домланинг икки семестрда дарсга келиб-келмай, охири учинчи семестрда ўша такасалтанг талабага яна қўшимча дарс ўтишини тасаввур қиляпсизми? Агар чиндан ҳам талабани ўқитиш, унга яхши таълим бериш, кучли мутахассис қилиб тайёрлаш кўзланган экан, нега профессор-ўқитувчилар ойлик маошини тайёрлаган мутахассисига қараб кўтариш ёки тушириш тизимига ўтилмади? Нега мамлакатимизда иш берувчилар олий ўқув юртларининг рейтинги, тайёрлаётган мутахассис-кадрлари салоҳиятига қараб рақобатга киришмайди, «фалон институт тайёрлаб чиқараётган кадрни ҳеч иккиланмасдан ишга қабул қилиш мумкин», деган қарашлар шаклланмаган?

Ўқимаган барибир ўқимаслигини ҳаммадан ҳам мана шу вазирликдагилар яхши билади. Юз йил адабиётни ўқитган билан одам шоир ё ёзувчи бўлиб қолмайди. Математика билан келишмайдиган киши йигирмата репетиторга қатнаса ҳам бирор иш чиқмайди.

Аксинча ҳам айтиш мумкин – рассомга ҳеч ким расм чизишни ўргатмайди, бастакорга куй басталашдан дарс берса-бермаса, илҳоми жўшганда ижодини қилаверади.

Яъни, бирор ишга уқуви, қобилияти, салоҳияти бўлган одам ўша ишни қилиб кетаверади. Лекин ўз табиатига ножинс иш бўлса, буни сира бажара олмайди. Шунинг учун кимдир сартарош бўлади, бошқаси чилангар бўлади, яна биров – олим ё космонавт. Шунинг учун жамиятда касблар, мартабалар бўлади. Ҳаёт силлиқ эмас, пасту баландликлардан иборат эканининг сабаби ҳам шунда бўлса керак.

Бу дунёда ҳамма нарса пул билан ҳал қилинганида эди, миллионеру миллиардерлар 200 йил умр кўрарди. Бу дунёда ҳамма муаммо бойлик ва нуфуз билан ечилганида эди, бадавлат одамлар ўнлиги, юзлиги ё минглиги ўзига жаннат барпо этиб, бутун инсониятни қулга айлантириб олган бўларди.

Яхшики, ундай эмас. Лекин биз талабаларимиздан ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатини беркитмоқчи бўляпмиз. Ота-она боқий эмас. Қачондир мустақил ҳаракат қилишга, мустақил қарор қабул қилишга тўғри келади. Ҳаётда ҳеч ким, ҳеч қандай ёрдам бера олмайдиган ҳолатлар бўлади.

Ёшларимизни ҳаёт машаққатларига тайёрлаш ўрнига силаб-сийпалаб, авайлаш йўлидан боряпмиз. Оқибат шунга олиб келиши мумкинки, оқибат пул билан баҳоларни тўғрилашга ишониб қолган талаба умуман ўқишга эътибор бермай қўяди. Лекин айтилганидек, ота-она мангу эмас, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Кимки давлатни, байналмилал истилоҳ билан айтганда, панацея деб ўйлайдиган бўлса, эртага мустақил ҳаракат қилишга, мустақил қарор қабул қилишга тўғри келиб қолганда, боши гаранг бўлиб, аниқ ўзини йўқотиб қўяди. Шу маънода, ёшларни бундай тарбия қилиш уларга душманлик билан баробар бўлади.

Аслида инсон ақлу заковатда ўзидан юқори турганга, молу давлатда ўзидан қуйи бўлганга қараши керак. Ақллига эргашиб, ақл орттиришни, ўзидан ҳам афтода яшаётганларни кўриб, шукр қилишни ўргатиш ўрнига аксини қилаверсак, оқибат жуда аянчли бўлади.

Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин» (Саҳиҳул Бухорий, 6490-ҳадис).

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёшларга ёғий бўлмасин, ҳомий бўлсин. Бу вазирлик шу қадар катта қудратга эгаки, жамиятнинг эртанги ҳаёти қандай бўлиши бевосита унинг фаолияти билан белгиланади. Бу жуда катта масъулиятдир.

Сўз сўнггида ижтимоий тармоқда вазирликнинг мазкур муддаосига муносабатлардан бирини келтиришни жоиз кўрдик. «Америкага оилавий кўчиб боришим билан энг катта ташвишим болаларимнинг ўқиши эди. Улар шу вақтгача оддий мактабда ўқишган, инглиз тилини билиши ҳаминқадар эди. Хуллас, АҚШдаги мактабга қатнай бошлагач, икки фарзандимни ҳам ўқитувчиси дарсдан кейин олиб қолиб, қўшимча ўргатишни бошлади. Бундан хурсанд эдим, аммо охирида анча катта тўлов сўрашса керак, деган хавотирда эдим. Қарийб уч ой давомида болаларим қўшимча ўқиди, инглиз тилида тузуккина гапира бошлашди. Шундан кейин ўқитувчисининг олдига бориб, қанча тўлов қилишим кераклигини сўрадим. Ўқитувчи ҳайрон бўлиб қараб қолди ва «ҳеч қандай тўлов қилмайсиз» деди. Энди мен ҳайрон бўлиб қолгандим, кейин тушунди шекилли, менга шундай деди: «Ахир, бу бола ўзлаштира олмаса биринчи галда мактабимиз рейтинги тушади, мактаб рейтинги тушса, менинг маошим камаяди, карьерамга минус бўлади. Шунинг учун мен вазифамни бажардим холос. Бунинг учун эса сиздан бирор нима олишим мумкин эмас…»

Мадина МАШРАБХОН

(Анвар БОБОЕВ)

«Оила даврасида» газетаси, 5-сон, 4 февраль 2021 йил

http://od-press.uz/xabarlar/5534

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!