“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ТИЗИМИ

“Бухоро Сервис Агрокластер” МЧЖ фаолияти

Мамлакатимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида янги йўналиш-кластер тизими пайдо бўлди. Хўш, кластер ўзи нима, унинг қандай афзалликлари бор? Туманда ташкил этилган бу йил илк фаолиятини бошлаган “Бухоро Сервис Агрокластер” МЧЖ директори Зайниддин Азимов билан суҳбатимиз ана шу ҳақда кечди.

— Кластерлаштириш фаолияти – пахта хомашёсини етиштиришдан бошлаб унга дастлабки ишлов бериш, қайта ишлаш ва тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига олади. Корхонада замонавий лойиҳани амалга ошириш учун юқори рентабелли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш, доимий харидор ва даромадга эга бўлиш, ёшларни иш билан таъминлаш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш каби вазифаларни бажаришда ривожланган давлатлар тажрибасини қўллаш муҳим омил саналади.

Пахтачиликда янгича усул қўллаб, ҳосилдорликни ошириш учун мавжуд майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сифатли шудгорлаш ва зараркунандалар кўпайишининг олдини олишда амалга ошириладиган ишларга алоҳида аҳамият қаратиш лозим.

Пахтачиликда хориж тажрибаси асосида кластер усулини жорий этиш ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш имконини беради. Пешкў туман ҳокимининг қарори билан туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш комиссиясининг 2019 йил 23 декабрдаги далолатномасига асосан жами 1158.3 гектар, шундан 965.27 гектар экин ер майдони, 3.5 гектар тутзор, 0.50 гектар бўз ерлар, 96.91 гектар томорқа ерлари, 0.53 гектар ихота дарахтзорлари ва 91.61 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ер майдонлари “Бухоро сервис агрокластер” МЧЖ га ажратиб берилди.

— Туманда янги ташкил этилган жамият олдига қандай мақсад ва вазифалар қўйилди? Бугунги кунгача бўлган фаолият ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Қишлоқ хўжалиги махсулотларини ишлаб чиқаришда таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш, унда давлат ролини қисқартириш, чет эл сармояларини тўғридан тўғри жалб этишни рағбатлантириш, пахта хом-ашёси, бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришнинг самарали усулларини жорий этиш, уларни қайта ишлашни ташкил этиш, агро соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини, мехнатга ҳақ тўлашни ошириш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган “Бухоро сервис агрокластер” МЧЖ таркибида 10 та далачилик бўлинмалари мавжуд.

2019 йилнинг 23 декабрь кунидан бошлаб, 2020 йилда баракали пахта ҳосили етиштириш учун ажратилган 842 гектар майдонда сифатли шудгорлаш, қишги шўр ювиш ишлари амалга оширилди. Кластернинг афзаллик томонларидан бири, бу меъёрий ишчи ўринлари яратилишидир. Қишлоқ жойларида яшовчи ишсиз 250

нафар фуқаролар иш жойларига эга бўлди. Шунингдек, 500 га яқин фуқаролар мавсумий иш билан таъминланди. 2020 йилнинг 9 ойи давомида ишчиларга жами 1 млрд. 853 млн. 533 минг сўм иш ҳақи берилди.

— Жамиятнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, ахборот коммуникациялардан фойдаланиш, рақамли технологиялар тизими асосида бошқариш жараёнлари қандай кечмоқда?

— Жамият ҳузурида аввало машина трактор парки қурилди. Қишлоқ хўжалигида техника воситасида ишларни бажариш мақсадида 12 млрд. сўмга 4 дона замонавий юқори унумли ҳайдов трактори, 23 дона МТЗ-80 русумли, 1 дона “ВОЛВО” қазув тракторлари ва кишлоқ хўжалиги агрегатлари сотиб олинди. Қишлоқ хўжалиги экинлари пайхонининг олдини олиш мақсадида ҳудудларда 7 та кузатув камералари ишга туширилди.

Қишлоқ хўжалигидаги юқори унумли чопиқ тракторларининг барчасига JPS-қурилмаси ўрнатилган бўлиб, бу тракторларни ёнилғи мойлаш материаллари фойдаланиш миқдори ҳамда иш унуми домий назорат қилинади.

Бухгалтерия ҳисоб маркази компьютер билан тўлиқ жиҳозланган. Ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳисоб-китоб ишлари 1С программаси орқали амалга ошириш йўлга қўйилган. Солиқ ҳисоботлари компьютер орқали электрон вариантда юборилмоқда.

— Албатта, мазкур йил барча учун, айниқса, қишлоқ хўжалиги ходимлари учун машаққатли йил бўлди. Илк йилдаги режалар, ҳосилни етиштириш, йиғиб-териб олиш ишларининг бориши тўғрисида сўзлаб берсангиз.

— Жамиятимизда жорий йил баҳорда 842 гектар ерга уруғлик чигит экилди. Баҳорнинг инжиқликлари, табиий офатлар, пандемия давридаги қийинчиликларга қарамасдан, униб чиққан ғўзалар агротехник талаблар асосида парваришланди. Пахтачиликда илғор агротехник тадбир, томчилатиб суғоришни ташкил этиш мақсадида чет элдан валюта ҳисобига инвестиция олиб келиниб, 63 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш ташкил этилди. Натижада баракали ҳосил етиштирилди.

Пахтазорларнинг ҳар гектаридан ўртача 34.5 центнердан жами 2905 тонна пахта хом-ашёси топшириш режасини бажариш мақсадида ишчи ходимларимиз ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётирлар. Ҳозирги кунгача 2863,3 тонна пахта териб олинди. Ҳосилни йиғиб-териб олишда жамиятимизнинг 250 нафар доимий ишчилари ҳамда маҳаллалар ҳузурида ташкил этилган отряд аъзолари иштирок этишмоқда. Биринчи теримда ҳар бир килограмм терилган пахта учун 1000 сўмдан, иккинчи теримда 1400 сўмдан, 27 октябрь кунидан 1500 сўмдан, 1 ноябрдан 1600 сўмдан пахта пули бериляпти. Ҳозирги кунгача 2 млрд. 800 млн. сўм пахта пули тарқатилди. Шунингдек, 50 килограмм пахта терган теримчиларга 1 литрдан ёғ тарқатиляпти.

— Мамлакатимиз иқтисодини юксалтириш учун қимматли хом ашё бўлган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари ниҳоялаб бормоқда. Шу билан бирга мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Албатта, булардан бири кузги дон экиш ишларининг ўз вақтида амалга оширилиши ҳисобланади. Шундай экан, келгуси йилги буғдой ҳосили учун кластерда қандай ишлар амалга оширилди?

— Азалдан буғдой элимизнинг ризқ-рўзи ҳисобланади. Омборлар буғдойга тўлса, халқимиз дастурхони ҳам нонга тўлади. Кластер тасарруфидаги 250 гектар ер майдони замонавий техникалар билан текисланиб, ҳар гектар ерга 30 кг.дан аммофос ўғити киритилиб, «Громм» навли сара дон уруғи экилди. Келгуси йил нафақат пахта балки буғдойдан ҳам баракали ҳосил олиш эзгу мақсадимиздир.

Таъкидлаш жоизки, кластер ҳудудида олиб борилаётган ҳар бир иш ахборот коммуникация технологиялари орқали кузатиб борилади. Ҳар бир топширилган вазифа масъулият билан бажарилади. Кластерда фаолият кўрсатаётган бош муҳандис Нодир Саъдиев, бош агроном Ғулом Кенжаев, агроном интемолог Зарифжон Авлиёқулов, агроном Даврон Отақулов, Ўткир Ўринов, механизация бухгалтери Шоҳруҳ Тошев, механизаторлар Завқиддин Бозоров, Олим Кенжаев, Нодир Саидов, сувчилар Комил Аҳмедов, Ахтам Равшанов, Шуҳрат ва Асад Жониевлар, бўлинма бошлиқлари Ориф Норов, Нутфулла Очилов, Искандар Мавлоновлар ўзларига топширилган вазифаларни масъулият билан бажармоқдалар.

Кластер фаолиятини рақамли технологиялар тизими асосида бошқариш, маҳсулот етиштиришда замонавий агротехникадан фойдаланиш ўз самарасини бермоқда. Пахтачиликда томчилаб суғориш технологиясининг қўлланиши натижасида ҳосилдорлик ҳажми кўпайиб, сувдан фойдаланиш 40 фоизга, минерал ўғитлардан фойдаланиш 30 фоизга шунингдек, ишчи кучи ва трактор билан ишлов беришлар сони анча камайганлиги сабабли моддий ресурслардан фойдаланишда тежамкорликка эришиляпти. Бир сўз билан айтганда кластерлаштириш жараёнида янги технологиялар жалб этилиб, қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Соҳадаги барча жараёнлар рақамли технологиялар тизими асосида бошқарилмоқда.

— Кластер усули бугунги кунда Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қаралмоқда. Ўйлаймизки, туманда ташкил этилган «Бухоро сервис Агрокластер» МЧЖ туман иқтисодини мустаҳкамлашда истиқболли эканлигини намоён этади. Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Суҳбатдош: Ҳурмат ШАРОПОВА, журналист

(“Пешкў овози” газетаси, 2020 йил 12 ноябрь №42-сонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!