“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Жамият ҳаётида фаол онахон

Тумандаги “Садир” МФЙ “Янгигул” қишлоғида истиқомат қилаётган, узоқ йиллар раҳбарлик лавозимида ишлаб, туманда маданий-маърифий соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган, бугунги кунда ҳам жамият ҳаётида фаол бўлган Саодат Иброҳимова билан суҳбатимиз қизғин кечди.

— Ўрта мактабни тугатгач, Тошкент давлат педагогика институтида таҳсил олдим. Илк иш фаолиятимни ўзим сабоқ олган тумандаги 5-мактабда бошладим. Туманда ўтказиладиган тадбирларда фаоллигим сабаблими орадан кўп ўтмай мени район комсомол комитетининг (ҳозирги ёшлар иттифоқи) биринчи котиблигига ишга таклиф этишди. Тумандаги ёшларга 9 йил сардорлик қилдим. 27 йил давомида туман ҳокимлиги маданият бўлими мудираси, туман ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бўлими раҳбари вазифаларида ишладим. Жамоамиздаги аҳиллик, иноқлик, ҳамжиҳатлик иш жараёнида муваффақиятларга эришишимизда муҳим аҳамият касб этди. 2006-2007 йиллар якунида вилоятда туман, шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлимлари ўртасида “Баҳолаш мезони” асосида ўтказилган кўрик-танловда жамоамиз биринчи ўринни эгаллади. 2009 йил 8 августда Қарши шаҳрида “Лапар ва ўлан ижросининг анъанавий республика кўрик танлови”да иштирок этган жамоамиз Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг II даражали дипломи билан тақдирланди. Ҳаваскор ёшлардан ташкил этган “Жанона” рақс ансамблимиз ўша йили Республика ҳаваскорлар жамоаси фестивалида иштирок этиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Эҳтимол, мен айтаётган ютуқлар жуда юқори даражада эмасдир, аммо чекка бир туманда истиқомат қилиб, фаолият кўрсатаётган ёшларга бу ютуқлар ғайрат-шижоат бахш этарди. Айниқса, муҳим саналарга бағишлаб ўтказиладиган байрам тадбирларида жамоамиздаги хушовоз хонандалар иштирокида концерт дастурлари тайёрлаб халқимизга хурсандчилик улашишдан ниҳоятда шод бўлардик. Пенсияда бўлсамда, қадрли жамоамдан ажралганим йўқ, уларга қўлимдан келганча маслаҳат бериб, ишларига кўмаклашиб келяпман, – дейди Саодат опа узоқ йиллик раҳбарлик фаолияти ҳақида сўзлар экан.

Саодат опа нафақат жамоадошларига кўмаклашяпти, балки туманда ички туризмни ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келяпти. У тумандаги нуроний отахон ва онахонларни саёҳат сафарларига олиб чиқишни ташкиллаштиришда фаоллик кўрсатяпти. Нуронийлар масканида турли тадбирлар ташкил этиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатмокда.

С.Иброҳимова нафақат фидойи раҳбар, балки севимли ёр, меҳрибон она бўлишдек бахтга муяссар бўлди. Турмуш ўртоғи Нарзулло Нарзиев билан уч нафар фарзандли бўлишди. Ҳаёт синовлардан иборат. Тўнғичи эндигина 6 ёшга тўлган аёл бахтига ғам соя солди. Тақдир экан.. бевақт ажал оила сардорини олиб кетди. У қизалоқларини қайнонаси кўмагида улғайтириб, ёлғизлик азобини, оилавий ҳаётдаги кемтикларни машаққатларни мустаҳкам иродаси билан енгиб ўтди. Касбига бўлган садоқати, эл-юрт хизматидек масъулиятли вазифа уни саодат манзили сари етаклади. Иродали аёл ҳаёт йўлидан дадил қадамлар билан одимлади. Бугун у беморлар дардига малҳам бўлаётган ҳамшира Моҳичеҳра, шифокор қизи Сарвиноз ,ёш авлодга таълим-тарбия бераётган, Меҳринисоси билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Фарзандлари камолини кўрган онахон бугун неваралар тарбиясига алоҳида эътибор қаратяпти. 2017 йилда Умра зиёратида бўлиб қайтган Саодат опа ҳожи она деган номга муносиб тарзда маҳалла ёшларини ҳам саодатли йўлдан сари етаклаб, улар тарбиясига масъулият билан ёндошмоқда.

Ҳаётини эл-юрт хизматига бағишлаган, ҳалол меҳнати билан жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳи Ватан мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Саодат опа Иброҳимованинг борлиги дўсту биродарларини жуда қувонтирди. Учинчи даражали “Меҳнат фахрийси”кўкрак нишони соҳиби булган Саодат Иброҳимовани нишондорлик билан муборакбод этар эканмиз , опа шундай деди:

—Мамлакатимизда нуронийларга кўрсатилаётган бундай эътибор биз фахрийларни жамият ҳаётида янада фол бўлишга ундаб, масъулиятимизни яна оширди. Туманимиз равнақи, ёш авлод тарбияси йулида ҳамиша бор куч-ғайратимизни бахш этамиз. Ёшларни порлоқ келажак сари чорлаётган, нуронийларини эъзозлаётган она юртга кўз тегмасин. Тинчлик осойишталик ҳамиша барқарор бўлсин.

Ҳурмат ШАРОПОВА.

(“Пешкў овози” газетаси, 2020 йил 30 сентябрь № 35-36-қўшсонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!