“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Меҳнат қилган элда азиз

(Мукофот муборак)

Қатъиятли бўл. Инсон бахт юлдузига ишониб, қатъият билан ишга киришмоғи лозим. Билгилки, кўлмак суви тез айнийди, оқар сув эса доим зилол ва беғубордир. Дарҳақиқат, донолар айтганидек, қатъиятли, тиниб-тинчимас, оқар сувдек доим ҳаракатда бўлган инсонлар турмушдаги барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, бахту саодатга эриша оладилар. “Боғимусо” маҳалласида истиқомат қилаётган Сабоат опанинг ибратли ҳаёти ҳам оқар сувдек ҳамиша тошқин. Асли касби педагог бўлган Сабоат Турсунова бугун пенсия ёшида бўлсада тиниб- тинчимайдиган, ҳалол меҳнати билан жамият ҳаётида фаол аёллардан. У тумандаги 3-умумий ўрта таълим мактабида узоқ йиллар кимё ва биология фанидан ёшларга сабоқ бериб, ўнлаб шогирдлар етиштирди. Сабоат опа биолог бўлганлиги сабабми ёки ёшлигидан она табиатга бўлган меҳрининг баландлигиданми, ўсимликлар дунёсига жуда қизиқади. Мактабдаги ишидан бўш вақтларида фарзандларини ёнига олиб, турмуш ўртоғи Зойир ака кўмагида томорқада мевали дарахтлар экиб парвариш қилди. Ҳовлисидаги 15 сотихли чорбоғдаги олма, ўрик, шафтоли, ёнғоқ, бодом, хурмо, анор, анжир каби мевали наъматак, мурч каби доривор дарахтлар, тоифи, беҳишти, оқ кишмиш, қора шибирғони, ҳусайни каби токларнинг баракали ҳосили оила бюджетини мустаҳкамламоқда.

Сабоат Турсунова пенсияга чиққач, 2010 йилдан бошлаб томорқа ери эгаси сифатида иш фаолиятини давом эттириб келяпти. У томорқада мева, сабзавот, картошка, кўкат, дуккакли ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйган. Деҳқон хўжалигининг 0,60 гектарли экин ерида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларнинг 10 тури экилмоқда.

— Ер хазина – меҳнат калити, дея бежиз айтишмаган. Ер билан тиллашиб, меҳнат калитини маҳкам тутган инсоннинг турмуши ҳамиша чиройли бўлади, нафақат ўз оиласи, балки элу юртига ҳам фойдаси тегади. Ҳар йили экин майдонидан ўртача 1,7 тонна картошка, 0,6 тонна пиёз, 0,1 тонна саримсоқ пиёз, 5,0 тонна помидор, 0,1 тонна бодринг, 0,6 тонна қовоқ, 0,5 тонна карам, 0,7 тонна сабзи ваа бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириб келяпмиз. 8 тонна ўрик, 0,5 тонна олма ва 2,1 тонна узум ҳосили билан ички бозорни тўлдиришда ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз. 2017-2019 йилларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 160,8 млн. сўм миқдорида даромад қилдик. Бу жуда яхши даромад манбаи бўлди, – дейди Сабоат опа.

Деҳқончиликда 40 йиллик тажрибага эга Сабоат опа томорқа ерларидан самарали ҳосил олиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда агротехник тадбирларни олиб бориш жараёнлари ҳамда томорқа ер майдонидан йилига икки маротаба ҳосил олишнинг истиқболлари тўғрисида ўтказилган ўқув семинарларда фаол иштирок этиб келяпти. У томорқа хўжалиги эгаларига «Томорқа – қўшимча даромад манбаи!» мавзусида услубий қўлланма сифатида видеоролик ва буклетлар тайёрлаб, аҳолининг деҳқончилик маданиятини оширишга эришмоқда.

— Қишлоқ хўжалиги экинларини тўғри жойлаштириш, замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир томорқа хўжалиги эгалари олдида турган асосий вазифадир, – дейди Сабоат опа биз билан суҳбатда.

Дарвоқе, Сабоат опа нафақат томорқа ер егаси, унинг хонадонида наслли сигир, қўй, паррандалардан курка ва товуқ ҳам боқилмоқда.

— 5 бош сигирдан ҳар куни 50 литр сут соғиб оламан, 50 дан ортиқ куркаларни овқатлантиришдан чарчамайман, 50 та товуқ ва жўжаларни ҳам парваришлаяпман, – дейди тадбиркор аёл.

Ҳалол меҳнат ортидан оила бюджетига ҳар йили 100 миллион сўмга яқин соф фойда келтираётган бу хонадон соҳиблари хайру саховат борасида ҳам жуда сахий, – дейди ҳамроҳим “Боғимусо” МФЙ раисининг оила хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалари бўйича ўринбосари Феруза Баҳронова. — Маҳалладаги ногирон ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудни ободонлаштириш ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ишларига сўнгги уч йилда 15,0 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдамини кўрсатдилар. Маҳалладаги 10 та кам таъминланган, темир дафтарга киритилган оилани ўз оталиғига олишган. Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келишяпти. Яқинда ногирони бор, эҳтиёжманд уч оилага сигир, қўй, эчки тортиқ этишди. Шунингдек, мазкур йилда маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 20 та оилани картошка, помидор бодринг, пиёз, сабзи ва дуккакли экинлар уруғлари билан таъминлаб, томорқа еридан даромад олиш бўйича маслаҳат беришди. Бундан ташқари маҳаллада мунтазам арзонлаштирилган кўчма озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасини ташкил этиб келишмоқда.

Ишлаб чарчамайдиган Сабоат опа билан суҳбатлашар эканмиз, бундан 10 йил олдин оғир хасталикни бошидан кечиргани, меҳнатга бўлган иштиёқи касалликдан фориғ бўлишига сабаб бўлганлиги ҳақида гапириб берди.

— 10 йил олдин бўқоқ касаллигининг оғир тури саломатлигимга қаттиқ таъсир қилди. Тошкент шаҳридаги республика илмий текшириш институтида шифокорлар операция қилишди. 4 марта кимёвий терапия олдим. Даволаниб қайтаётганимда докторлар қуёш нури ва оловдан эҳтиёт бўлишимни таъкидлашди. Тузалиб анчагина ўзимга келгач, секин-аста томорқачилик ишларимни бошладим. Тўғриси Оллоҳга таваккал қилиб, меҳнатга шўнғидим. Ишлаб юрган одам, бекор ўтиролмас экан. Оллоҳга шукр, ўзимга бўлган ишончим, меҳнатга бўлган муҳаббатим ва албатта яқинларимнинг меҳри билан оғир хасталикни енга олдим. Шукр, соғ-саломатман. Элимга юртимга нафим тегаётганидан жуда мамнунман. Оилам билан ҳам фахрланаман. Турмуш ўртоғим Зойир Тўйқулов чорвадор, ўғлим Дилмуроджон иқтисодчи, қизим Дилшода, келиним Ситорахон, куёвим Самандаржон педагог. Жондан азиз яқинларим ҳар бир ишимда менга кўмакдош. Данагидан мағзи ширин деганларидек невараларим қалбим қувончи. Ҳаёт жуда гўзал, ундан завқ олиб яшамоқ керак, – дейди Сабоат опа.

Дарвоқе, мақоламиз қаҳрамони ҳаётида Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги унутилмас кун сифатида эсда қоладиган бўлди. Матонатли деҳқон аёл Сабоат Турсунованинг меҳнатлари давлатимиз раҳбари томонидан муносиб тақдирланди. Томорқа ер эгаси С.Турсунова “Дўстлик” ордени соҳиби бўлди. Ўзининг ҳалол меҳнати билан элда эъзоз топган Сабоат опани ушбу юксак мукофот билан муборакбод этиб, келгусидаги ишларига зафарлар тилаб қоламиз.

Ҳурмат ШАРОПОВА.

(“Пешкў овози” газетаси, 2020 йил 30 сентябрь №35-36-қўшсонида

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!