“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

«Бобоҳожи» маҳалласидаги ўзгаришлар

Жорий йилда мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги нишонланади. Юрт бошига тушган пандемия ва табиий офатларни жасорат билан енгиб ўтаётган халқимиз қутлуғ айёмни кўтаринки кайфиятда кутиб олиш учун тайёргарлик ишларини аллақачон бошлаб юборган. Буни тумандаги “Бобоҳожи” маҳалласидаги ўзгаришлар мисолида кўриш мумкин.

Ҳар бир фуқаро эътиборда

Маҳалла ҳудудида жойлашган “Бобоҳожи”, “Танируд”, “Боқимиришкор”, “Шоваре” қишлоқ-ларида 4527 нафар аҳоли 765 хонадонда истиқомат қилади. Оилалар сони 1113 тани ташкил этади. Шундан кам таъминланган оилалар 5 та, “темир дафтар”га киритилган оилалар сони 9 та. Маҳаллада камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил 10 август кунидан бошлаб маҳалла биносида CALL маркази ташкил этилганлиги аҳолини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тиббиёт ходими Бекмурод Саидмуродов эрталаб соат 800 дан 1700 гача аҳолидан тушган мурожаатларни рўйхатга олиб, керакли тиббий маслаҳатларни беряпти. Шунингдек, ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳомийлар кўмагида етказиляпти.

— Сектор бошлиғи ва тегишли мутасаддилар Қурбон ҳайити муносабати билан кам таъминланган оила аъзоларининг ҳар бирига Президент совғаси 200 минг сўмдан нақд пул тарқатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПФ–6038-сонли “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларга Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам яъни 10 та оиланинг 55 нафар аъзосининг ҳар бирига 220 минг сўмдан нақд пул ҳам ўз вақтида етказиб берилди. Шунингдек, ҳудуддаги 12 та фермер хўжалиги раҳбарлари ва 24 нафар тадбиркорларимиз қийин кунларда маҳалладошларини қўллаб-қувватлаб келяптилар, – дейди «Бобоҳожи» МФЙ раиси Азамат Махмаев.

Маҳалладаги ободлик

Ободлик остонадан бошланади, деган нақлга амал қилган маҳалла раиси аввало маҳалла биносини обод қилиб маҳалладошларига ибрат бўлди. Саховатпеша тадбиркор уста боғбон Умиджон Очилов бу борада уни қўллаб-қувватлади. А.Махмаев билан қишлоқлар ободлиги ва тозалигини кўздан кечирдик. Ҳовлилар атрофи тоза-озода, дарвозалар олдига сувлар сепиб қўйилган. Бобоҳожи ва Боқимиришкор қишлоғида истиқомат қилаётган иккита кам таъминланган оила уйларининг том қисми ҳомийлик ёрдамида шифр қилиб берилганлиги, қишлоқдагиларнинг аҳил-иноқлигидан далолат.

Эски бинода жойлашган 32-сонли боғча ўрнига бугун замонавий бино бунёд этилаётгани “Танируд” қишлоғининг кўркига кўрк қўшмоқда. Икки қаватли 120 ўринли мактабгача таълим ташкилотининг янги биносида қурилиш ишлари қизғин кечмоқда. Т.Наврўзов раҳбарлигидаги “Асадбек Шуҳрат Бунёдкор” хусусий корхонасининг 40 нафар қурувчи усталарининг қўли қўлига тегмайди.

— Жорий йил июнь ойида қурилиш ишларини бошлаган эдик. Объектда 2748574420 сўмлик қурилиш ишларини шу йил ноябрь ойида якунлаймиз. Замонавий боғча қишлоқ болалари учун Ватан мустақиллигининг 29 йиллиги нишонланадиган мазкур йилда энг яхши совға бўлади, – дейди иш юритувчи Эркин Ҳамидов.

— Қурилишга яқин жойда туман электр таъминоти корхонаси ишчилари янги электр кабелларни тортишяпти. Куз-қиш мавсуми олдидан 18 та бетон таянчлар ва 2800 метрли янги кабелларнинг ўрнатилаётганлиги натижасида «Танируд» ва «Боқимиришкор» қишлоқларида электр таъминоти янада яхшиланади. Буларнинг барчаси қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлиги ошиб бораётганлигининг исботидир.

— Туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, рақобатбардош қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишда боғдорчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Бобоҳожи” МФЙ боғбонларининг муносиб ҳиссаси бор. Ҳудудда 234 гектар боғ-чорбоғ мавжуд бўлиб, 150 та оила боғдорчилик билан шуғулланади.

Умиджон Очилов бошчилигидаги “Ойназаробод” фермер хўжалиги Бобоҳожи қишлоғида жойлашган. Боғбонлар ҳар йили 13 гектарли узумзор ва 2 гектарли боғ-чорбоғнинг гектаридан 200 центнердан ҳосил кўтариб, 300 тоннагача сархил мевалар билан ички бозорни таъминлайди. Хўжаликда фаолият кўрсатаётган Бахтиёр Остонов, Бахшилло Умуров, Ҳамробой Насиллоев каби боғбонлар баракали ҳосил етиштиришда муносиб ҳисса қўшаяптилар.

— Ерга қарасанг боғ бўлар, кўнгил очилиб чоғ бўлар, деган ибратли нақлга амал қилган Бобоҳожи қишлоғидаги боғбонлар самарали меҳнат қилиб, баракали ҳосил етиштириб келаётганларини кўриб, рости уларга ҳавас қилдик. Ҳусайни, қора шибирғони, оқ кишмиш каби ширин-шакар узумлари таъми болдан қолишмайди. Ястаниб ётган тароватли боғда боғбон Баҳрон Асадов, Тўймурод Саидмуродов, Қаҳрамон Қўлдошевларни иш жараёнида учратдик.

— Болалигим, ўсмирлигим мана шу боғлар ичида ўтди. Боғбонлик сирларини отам Қосим Асадовдан ўргандим. Отам ҳозир етмиш ёшдалар, ҳалол меҳнат тўкис ҳаёт гарови эканлигини болаликдан уқтирдилар. Мен ҳам меҳнат билан улғайиб кам бўлмадим. Оллоҳга шукр, оиламиз тўкис, ҳаётимиз фаровон, икки ўғлим институтда контракт асосида ўқияпти, – дейди Баҳрон Асадов.

— Асли касбим ўқитувчи, тумандаги 18-умумтаълим мактабида жисмоний тарбия фанидан ўқувчиларга дарс бераман. Турмуш ўртоғим Дилобар Азимова эса ҳамшира. Эр-хотин оила даромадини ошириш учун ишдан бўш вақтларимизда мана шу боғнинг бир гектарида меҳнат қиляпмиз, – дейди Тўймурод Саидмуродов. — Юракда иштиёқ бўлса ҳаммасига улгурасиз. Бир касбингиз иккинчисига халақит бермайди. Ризқ-рўз ҳаракатга қараб баракали бўлади.

Боғбон Қаҳрамон Қўлдошев ҳам кўнглидагиларни сўзлади:

— Ер деҳқон учун ҳақиқий хазина. Карантин қоидаларига амал қилган ҳолда қаттиқ меҳнат қилдик. Шукр, ризқ-рўзимиз бутун, тани жонимиз соғ. Меҳнат орқасидан турмушимиз фаровон. Ички бозорга ҳусайни, қора кишмиш каби узумлардан арзон нархда етказиб беряпмиз. Боғ ичида қора ва оқ кишмишни қуритиб майиз қиляпмиз. Тоифи узумларни сентябрь ойида экспортга чиқарамиз. Ҳар йили узумзорларнинг гектаридан 10-15 тоннагача ҳосил кўтарардик. Бу йилги табиий офат, кучли шамол токзорларга ҳам салбий таъсир қилди. Бироқ агротехник тадбирларни ўз вақтида бажарганлигимиз сабабли ҳосил баракали бўлди.

«Боқимиришкор» қишлоғида истиқомат қилаётган тажрибали деҳқон Олим Шарипов ҳам оиласи билан 11 гектарли чорбоғда фаолият юритади. Чорбоғда етиштирилган ўрик, шафтоли, олма, анжир, анор каби мевалар бозор расталарини тўлдирмоқда. Олим боғбон пайвандчиликда яхши тажрибага эга. Боғидаги мевали дарахтларни ўзи пайвандлаб кўкартирган. У боғида 2000 дона хурмо, 5000 та ўрик ниҳолини пайвандлаб парваришлаяпти. Унинг ўғли Собитжон ҳам ота изидан бориб, деҳқончилик билан шуғулланяпти.

— 2019 йил декабрь ойида «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури асосида 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, боғнинг бир чеккасидан 4 сотихли иссиқхона қурдик. Йил бошида илк ҳосилни олиш учун помидор кўчатларини экиб, парвариш қила бошладик. Помидор кўракларининг кўплигини кўриб, хурсанд бўлдик. Бироқ, баҳорда содир бўлган кучли шамол, иссиқхонадаги қарийб тайёр бўлган маҳсулотни яксон қилди. Туман раҳбарлари келиб, талофотларни кўргач, кўрилган зарарнинг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилишини айтишди. Иссиқхонани қайтадан қуряпмиз, худо хоҳласа яқин кунларда бодринг экиб, кузда ҳосилни халқимиз дастурхонига тортиқ этамиз, – дейди Собитжон қатъий ишонч билан.

“Бобоҳожи” маҳалласига ижодий сафар чоғида, амин бўлдикки, меҳнатга иштиёқи баланд, билагида кучи бор, ишлаб ризқ топиш учун ери бор деҳқон ҳар қандай синовни енгиб ўтади. Бу йилги табиий офатлар ҳамда бошқа давлатлар қатори юртимизга кириб келган пандемия деҳқонларимиз қаддини буколмади, десам муболаға бўлмайди. «Бобоҳожи» боғу чорбоғларида боғбонлар ғайрат-шижоат ила меҳнат қилаётирлар. Уларнинг кайфияти жуда яхши. Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 29 йиллигини муносиб кутиб олиб, халқимиз дастурхонини сархил мевалар билан янада тўкис қилишни эзгу ният қилишган.

Ҳурмат ШАРОПОВА, журналист.

Пешкў овози” газетаси, 2020 йил 20 август №30-сонида

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!