“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман

(Бизнинг интервью)

Уйим тоза бўлсин десанг, остонангни тоза тут, дея бежиз айтишмайди. Дарҳақиқат, тозалик, озодалик, ободлик ҳар бир инсон туғилиб вояга етган хонадондан бошланади. Хонадонлар тоза, ораста бўлса, маҳалла обод бўлади. Бутун бошли маҳаллаларнинг ободлиги юрт ободлигидан далолатдир.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан жорий йил июнь-август ойларида амалга оширилиши режалаштирилган ва бугунги кунда қизғин давом этаётган “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” тамойили асосида “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” лойиҳаси мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйди.

Ушбу лойиҳа ижросини таъминлаш мақсадида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди ва вазифалар тақсимоти белгилаб берилди. Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи-туман ҳокими ўринбосари Ж.Умедов бошчилигидаги штаб аъзолари томонидан маҳаллаларда мазкур лойиҳа доирасида хайрли ишлар ташкил этилмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан бошланган ушбу эзгу ташаббуснинг Пешкўда қай даражада амалга оширилаётганлиги ҳақида Жўрабек Умедов билан суҳбатлашдик.

— Жўрабек Тошович, мазкур йил баҳорда бўлиб ўтган табиий офатлар, коронавирус пандемияси каби синовлар юртдошларимиз матонатини яна бир бор синовдан ўтказди. Ҳозир ҳам саломатлигимизни ҳимоялаб, синовли кунларда яшаяпмиз. “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида олиб борилаётган амалий ишлар одамлар кайфиятига қанчалик таъсир этди?

— Туманда “Жонажон юртимнинг ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида ўтказилаётган тадбирларда маҳаллаларни ободонлаштириш, сув, газ, электр энергияси таъминоти ҳамда йўлларни таъмирлаш, бир сўз билан айтганда, аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш бўйича аниқ ва тизимли ишлар амалга оширилиши белгиланган. Эзгу шиор остида хонадонлар ва кўчаларда амалга ошириладиган ҳаракатлар режаси доирасида тарғибот тадбирлари, яъни аҳоли билан семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилди. Буларнинг барчаси халқимизнинг кайфиятини кўтариб, ҳамжиҳатликкка чорлади, десам хато бўлмайди.

— Ўтказилаётган тадбирларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз?

— Тумандаги 37 та маҳаллада карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилган тарғибот тадбирларида аҳолининг меҳнатсеварлик ва халқпарварлик туй-ғуларини шакллантиришга, маҳаллаларда халқ маданияти, урф-одатларини асраб қолиш ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилди. Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари бу борада фаоллик кўрсатиб, аҳолига мурожаат билан чиқишди. Шунингдек, ҳудудлардаги спорт майдончалари, ички йўллар таъмирланди. Ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотларда ҳашарлар уюштирилди. Зиёратгоҳ ва қабристонлар ободонлаштириляпти.

Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида “Саломатлик учун беш минг қадам” шиори остида кечки пайт маҳаллаларда ташаббускор нуронийлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида оралиқ масофани сақлаб, санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда пиёда юриш тадбирлари ташкил этилди.

“Кексалар маслаҳати” гуруҳи ва “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ижтимоий фаол нуронийлар хонадонларни обод ва кўркам қилиш тўғрисида тарғибот ишларини олиб боришяпти. Карантин юмшатилган вақтларда маҳаллаларда ёшлар, жумладан профилактик ҳисобда турган ёшлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

— Тумандаги ободонлаштириш ишлари, эҳтиёжманд, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятлар ва амалий натижалар ҳақидаги фикрларингизни баён этсангиз.

— Бугунги кунда туманимизда 32080 та оила мавжуд. 120200 нафар аҳоли 22039 хонадонда истиқомат қилади. Ҳозирги кунда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” тамойили асосида 37 та маҳаллада 2041 та, шу жумладан 126 та кам таъминланган оилаларнинг уй-жойларида кенг кўламли ободонлаштириш, қурилиш, таъмирлаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирги кунгача 91 та хонадон тартибга келтирилди. 125 та хонадонларда деворларни оқлаш, бўяш, том қисмини таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, 86 та хонадон томорқасига такрорий экин экиш ва 709 та хонадондаги томорқаларга эса ишлов беришда кўмаклашилди. 9 та камбағал оилаларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида иссиқхона қуриб берилди. Хонадонлардаги 209 та ўчоқ ва тандирхоналар таъмирланди. 53 та ҳожатхона, 43 та оғилхона, 25 та товуқхона бошқа жойга кўчириб,

тартибга келтирилди. Бу ишларнинг барчаси ҳовлига эга хонадонларда амалга оширилди. Кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган 7 та хонадонда ҳам таъмирлаш ишлари бажарилди. 16 та кўп қаватли уйга кирадиган йўлаклар ва уйга туташ ер майдонлари тозаланди.

Шунингдек, туман ҳудудидаги 180 та кўча ўрганилиб, шундан 69 тасида ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Жумладан, 1167 та дарахт оқланиб, шакл берилди. 72 та кўчадаги бўш майдонларда гул кўчатлари ва турли экинлар экилди. 21 километр ариқ ва зовурлар тозаланди, 20 тонна маиший чиқиндилар чиқариб ташланиб, 6 та чиқиндихона тартибга келтирилди. 8 та болалар ўйингоҳлари ободонлаштирилди. 5 та автотураргоҳлар тартибга келтирилди. Туман ҳудудидаги 5 та кўчада тунги ёритгич чироқлари ўрнатилди, 5 та кўчага оқава сув келтирилди. Шунингдек, 10 та ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ободонлаштирилди. 46 та қабристонларда ҳашар уюштирилиб, тартибга келтирилди.

— Оила фаровонлиги, хонадоннинг обод ва кўркамлиги иқтисодга боғлиқ. Оила бюджетини мустаҳкамлаш учун унинг аъзолари иш билан билан банд бўлиши лозим. Шундай экан, ўрганишлар жараёнида эҳтиёжманд ва камбағал оила аъзоларининг иш билан бандлиги қай даражада таъминланяпти?

— Албатта, меҳнат қилиб яшаган бой бўлур, дея бежиз айтишмайди. Оила иқтисодини кўтариш, турмуш фаровонлигини ошириш учун ҳир бир инсон иш билан банд бўлиши жоиз. Ёрдамга муҳтож оила аъзоларининг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида 2501 та оила ўрганилди ва 151 нафар ишсиз фуқаролар борлиги маълум бўлди. Туман аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда 38 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 42 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлди. Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар 31 нафар. Имтиёзли кредит олиб бериш натижасида 23 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини бошлади. 120 нафар фуқарога эса субсидия ажратилди.

— Туманимизда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили ҳамда “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида амалга оширилаётган ишлар жорий йил 2 июль кунида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова ва ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди, жараён қандай баҳоланди?

— Элмира Боситхонованинг чекка туманга ташрифи ва ободончилик ишларини шахсан назорат қилиши, қишлоқнинг соддагина оддий инсонлари

билан қилган мулоқоти, халқимизга ўзгача кўтаринки кайфият бахш этди, десам муболаға бўлмайди. Айниқса, Инобат Бердиева раислик қилаётган “Зандани” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги камбағал, эҳтиёжманд, якка ёлғиз, ногирони бор оилалар З. Ярашев, Й. Бўронов, О. Турсунов, Н.Ярашевлар хонадонида амалга оширилган ободончилик ишлари билан яқиндан танишишди. Элмира Баситхонова бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари эҳтиёжманд Ж.Муродов ва Н. Бўроновлар хонадонида жамоатчи ходимлар ва маҳалладаги жонкуяр ёшлар томонидан косметик таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлигига гувоҳ бўлишди. Нафақат ободончилик ишлари балки, “Зандани” МФЙ биносида қадимий “Зандани каштачилиги” асосида ташкил этилган “Ораста қизлар” ўқув маркази фаолияти, каштачи Назокат Болиева ва унинг 15 нафар шогирди томонидан тайёрланаётган каштадўзлик ишлари билан танишди. Маҳаллаларда олиб борилаётган хайрли, эзгу ишлар ижобий баҳоланди.

— Бугун юртдошларимизни яна қандай муаммолар қийнаяпти ва уларга ечим топиляптими?

Ўрганишлар жараёнида ички йўлларни таъмирлаш, кўчаларда тунги ёритгич чироқлар ўрнатиш, томорқа ерларини суғоришда оқава сувдан фойдаланиш, ичимлик суви, суюлтирилган газ билан таъминлашда муаммолар учраб турибди. Имконият даражасида ушбу муаммолар бевосита тегишли ташкилот, корхоналар иштирокида ижобий ҳал этиляпти.

Ўйлаймизки, бугунги ташаббуслар, ислоҳотлар албатта ўз натижасини беради. Яқин орада Пешкўдаги барча хонадонлар, маҳаллалар, кўчалар янада обод ва кўркам қиёфага киради. Аҳолини қийнаётган айрим муаммолар бартараф этилади. Суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош: Ҳурмат ШАРОПОВА. ((“Пешкў овози” газетаси, 2020 йил 16 июль №26-27-қўшсонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!