“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Меҳнат ҳам эгиз-эгиз, давлат ҳам эгиз-эгиз

“Чиқирчи” МФЙ “Талисароб” кўчасидаги хонадонларнинг бирида қизариб, стандарт ҳолда етилган помидорлар кўзни қувнатади. Албатта, мўл ҳосил етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Бунинг ортида анчагина машаққатли меҳнат бор. Кўркам ҳовли олдида турган «Ласетти» автомашинаси ана шу машаққатли ҳалол меҳнат ортидан келган бўлса ажабмас. «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик», дея бежиз айтилмаган. Кўнглимдан ўтганларни сезгандек маҳалла раиси Ҳаким Ҳамроев сўз бошлади. Отабекжон тадбиркорликка анча олдинроқ қўл урган. Тажрибали, уддабурро, саховатпеша ишбилармон-тадбиркор маҳалладаги эҳтиёжманд оилалардан ҳам ҳомийлик ёрдамини аямайди .

Шу пайт ичкаридан Отабек Шарипов чиқиб келди. Тадбиркор билан суҳбатимиз қизғин кечди.

— 2000 йилдан сўнг уч йил шартнома асосида Корея республикасида ишладим. Хориждан қайтгач, водийга бир дўстимникига меҳмонга бордим. Унинг ҳовлисидаги иссиқхонада етиштираётган маҳсулотларини кўриб, ҳавасим келди. Уйга қайтгач, ҳеч иккиланмай томорқамда 10 сотихли иссиқхона барпо этиб, помидор, бодринг, етиштирдим. Биринчи йилдаёқ харажатларни қоплаб, анчагина фойда олдим. Иккинчи йилдан иссиқхонали томорқам – яхшигина даромад манбаига айланди. Аста-секин иссиқхонани кенгайтириб, 20 сотихга етказдим. Йилда икки бор томорқадан баракали ҳосил оламиз. Иссиқхонада эккан 200 дона лимон кўчатларимиз ҳозир уч ёшда, шу йил илк ҳосил нишоналари кўриниб қолди. Яна икки йилдан сўнг лимондан ҳам яхшигина даромад олишга умид қиляпмиз, – деди Отабек.

— Айтингчи, ҳар йили иссиқхонали томорқада қанча ҳосил етиштирасиз ва қайси бозорга чиқарасиз, соф даромад қандай бўляпти? – сўрайман тадбиркордан.

— Иссиқхонада 4000 туп помидор ниҳоли экканмиз. Ўртача 25 тонна ҳосил олсак шуни 5 тоннаси ички бозорга, 20 тоннаси Хоразм вилоятига ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига кетяпти. Шу харажатдан қолгани 50 миллионга бориб қолса керак, – деди у.

Бир ҳосилдан 50 миллион сўм, ажойиб, ҳали иккинчи ҳосилни етиштириш ҳам бор. Меҳнат қилган қандини урсин. Дарвоқе, Отабек фақат томорқадан олинган ҳосилдан даромад топиш билан чекланиб қолмай ўтган йили яна бир тадбиркорлик ишига қўл урди. 2019 йилда АТБ Халқ банки Пешкў туман филиалидан 40 миллион сўм кредит олиб, шлакаблок ишлаб чиқарадиган цех ташкил қилди. Бугун цехда 2 нафар ёш иш билан таъминланган. Иссиқхонада ҳам уч нафар мавсумий ишчи ишлайди.

Суҳбат жараёнида маҳалла тадбиркорининг келажакдаги режалари билан қизиқдик.

— Муҳтарам Юртбошимиз ҳар қандай шароитда, ҳатто юртимизга кириб келган пандемия даврида ҳам, табиий офатлар содир бўлган жараёнларда ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватламоқдалар. Биз ҳам янги иш ўринлари яратиб, ишсизларни иш билан таъминлаб, камбағалликни қисқартиришга ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз. Жорий йилда маҳалламизда бир совутгич қуриш ниятимиз бор, – деди Отабек Шарипов.

Отабекнинг рафиқаси Нилуфар Холова ҳам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Бу оилада тарбия топаётган уч нафар фарзанд ҳам ота-онасидан ўрнак олиб, тадбиркор бўлиб етишса ажабмас. Улар ҳалол меҳнат ортидан тўкис фаровон ҳаёт кечирмоқда. Халқ орасида шундай нақл бор, “Меҳнат ҳам эгиз –эгиз, давлат ҳам эгиз –эгиз”. Дарҳақиқат, меҳнат қилган, албатта, роҳат кўради.

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз».

Ҳурмат ШАРОПОВА (“Пешкў овози” газетаси, 2020 йил 4 июнь №21-22-қўшсонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!