“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Тадбиркорликка шахдам қадамлар билан…

«Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз». Шавкат МИРЗИЁЕВ

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш йўлида тўлиқ эркинлик бериш борасида, амалиётда “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган тамойил асосида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, туманимизда ҳам кичик бизнес ва xусусий тадбиркорликнинг ички маҳсулот ишлаб чиқаришда нафақат ҳал қилувчи мавқеъ эгаллаши, балки унинг аҳоли фаровонлиги ва даромадларини орттиришда, ишсизлик муаммосини ечишда ҳам муҳим омилга айлантиришга эришиш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда Ҳозирги кунда туманимизда 103 тадан ортиқ оилавий корхоналар фаолият юритмоқда

Куни кеча “Чиқирчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги оилавий корхоналар фаолияти билан яқиндан танишдик.

— Маҳалламизда 2937 нафар аҳоли 550 та хонадонда истиқомат қилади. 41 та оилавий тадбиркорларимиз асаларичилик, новвойлик, иссиқхона билан шуғулланади. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида ёшларни тадбиркорликка жалб қиляпмиз, – дейди, “Чиқирчи” МФЙ раиси Ҳаким Ҳамроев.

Шодлик кўчасида истиқомат қилаётган Мизроб Рўзиев хонадонидамиз. Ҳовли ўртасидаги ерда уч сотихли иссиқхонада илк ҳосил кўзга ташланади. Ҳовлининг бир томонида 10 та асалари оиласи қаторлашиб турибди.Ёш тадбиркор Мизробжонни суҳбатга тортдик.

— Айтингчи, сизда оилавий тадбиркорлик қилиш фикри қандай пайдо бўлди?

— Аввалги пайтда қурилишда ёлланма меҳнат билан шуғулланганман. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қатор Фармон ва қарорларидан хабардорман. Бугун меҳнат қилишга, тадбиркорликка иштиёқи баланд ҳар бир инсонни Юртбошимиздан бошлаб, туман раҳбарию маҳалла фаолларигача барча ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Ҳозир сиз хонадонимизда кўриб турганингиз, иссиқхона ва асаларичиликни жорий йилнинг охирги икки ойида ташкил қилдик. АТБ Халқ банки Пешкў туман филиалидан 24 миллион сўмлик имтиёзли кредит олдим. Таъминотчи “Пешкў агрохизмат” МЧЖ ишчилари келиб уч сотихли иссиқхонани қуриб беришди. Ерни тайёрлаб, 700 дона помидор кўчатини ўтқазиб, парваришладик. Меҳнатимиз самараси, ҳосилнинг баракали бўлишидан дарак беряпти. Эрта-индин помидорлар қизаришни бошлайди. Ҳосил тайёр бўлгач, бозорга олиб чиқамиз, – деди ўз ишидан мамнун ҳолда Мизроб Рўзиев.

Онаси Сожида Ҳамроева суҳбатимизга қўшилдилар. Ёшларни тадбиркор қилаётган Президентимизга раҳмат. Пул топиш учун хорижга бориб ишлаш шарт эмас. Оллоҳга шукр, 10 та асалари оиласини ҳам АТ «Алоқабанк» Бухоро филиалидан олинган 9 млн. сўм имтиёзли кредит эвазига таъминотчилар уйгача келтириб беришди.

Тадбиркорликка қўл урган Мизроб Рўзиев бу ишнинг масъулиятини ҳис қилган ҳолда қаттиқ меҳнат қилаяпти.Иссиқхонада маҳсулот етиштиришни, ҳамда асаларичилик соҳасини мутахассислардан пухта ўрганяпти. Тажрибага эга деҳқон ва асаларичилар билан маслаҳатлашиб, соҳага оид матбуот нашрлари ва китобларни ҳам мутолаа қиляпти. Энг асосийси унинг тадбиркорликка қўл уриши билан оиладагиларнинг иш билан бандлиги таъминланди.

Мизроб асаларичиликни кенгайтириб, яна 30 оила асалари олиб, оилалар сонини 40 тага етказмоқчи. Тадбиркорлик соҳасига илк қадамини шахд билан дадил ташлаган юрагида ўти бор, ёш тадбиркорга омад тилаймиз.

Ҳурмат ШАРОПОВА (“Пешкў овози” газетаси, 2020 йил 4 июнь №21-22-қўшсонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!