“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ ФИДОКОРИ

— Ёшлигимдан санъатга меҳр қўйдим. Мактабни тугатгач, Бухорода Мухтор Ашрафий номидаги санъат билим юртига ўқишга кирдим. Қутлуғ даргоҳда устозларимдан ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг нозик сир-асрорларини пухта ўргандим. Устозлар сабоғини қунт билан ўрганиб, ота-онамнинг дуосини олиб, илк фаолиятимни Пешкўдаги Маданият уйи раҳбарлигидан бошладим, – дейди биз билан суҳбатда Содиқ Баҳронов.

Содиқ ака йиллар давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, ижодкорлик салоҳиятини оширди.

Устоз санъаткор 45 йилдирки маданият, мусиқа ва санъат соҳасида самарали меҳнат қилиб, соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши, касбига садоқати унга ҳурмат, эътибор ва муваффақият олиб келди. Узоқ йиллар туман Маданият бўлимида бадиий ҳаваскорлик жамоасига раҳбарлик қилган С.Баҳронов 1979 йилда вилоят миқёсида ўтказилган “Бадиий ҳаваскорлик жамоалари” кўрик-танловидаги фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. 1988 йилда бадиий жамоаларнинг “Маҳаллий бастакорлар” кўрик-танловида қатнашиб, вилоятда 1-ўринни эгаллади. 1990 йилда Республика миқёсида Бутуниттифоқ халқ ижодиёти фестивали доирасида ўтказилган кўрик-танловида ҳам 1-даражали дипломга сазовор бўлди. 1991 йилда эса вилоятда “Катта ашула” кўрик-танловида фахрли 1-ўринга муносиб кўрилди. 1994 йил “Барҳаёт сиймолар” туркумидан Ўзбекистон халқ артистлари ҳожи Абдулазиз Расулов ва Юнус Ражабий асарлари ижрочиларининг республика кўрик-танлови ғолиби сифатида сулоланинг махсус соврини ва 1-даражали диплом билан тақдирланди. 1995 йилда Шаҳрисабз шаҳрида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Қашқадарё маданият бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мақом жамоалари ва миллий халқ чолғу ансамблларининг республика танловида юқори даражадаги ижрочилик маҳорати учун 3-даражали диплом билан, шунингдек, Қўқон шаҳрида ўтказилган “Оилавий даста ва катта ашула” республика танловида фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Унинг маданият ва санъат соҳасидаги фидокорона меҳнатларини пешкўлик журналист Рашид Аслонов 1995 йилда чоп эттирган ўзининг “Санъатга бахшида умр” китобида акс эттирди. Йиллар давомида эришилган муваффақиятлар ва эътибордан руҳланган санъаткор туман Маданият бўлими ҳузурида Наво ашула ва рақс ансамблини ташкил этди.

Ширали овоз соҳиби, изланувчан санъаткор бошчилигидаги ансабль ижрочилари 1995-2009 йиллар мобайнида Венгрия, Руминия, Чехославакия, Польша ва Украина давлатларида ижодий сафарларда бўлиб, ўзбек куй-қўшиқларини ижро этишди. 2006 йилда эса ансамбль ижрочиларининг концерти Ўзбекистон телевидениесининг “Оҳанрабо” теледастурида намойиш этилди.

С.Баҳроновнинг 2011 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги Кўкрак нишони» билан тақдирланганлиги самарали меҳнатларининг яна бир эътирофи бўлди.

2015 йилда Бухоро вилоят ҳокимлиги Маданият ва Спорт ишлари бошқармаси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, “Маҳалла” жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган “Нуроний куйлаганда” отахон ва онахонларнинг анъанавий вилоят фестивалида хушовоз хонанда С.Баҳронов лауреатлик унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрида “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори эълон

қилингач, Содиқ Баҳронов яна бир катта ишга қўл урди. Мамлакатимизда қадимий ва бой маданиятимизни, миллий қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимиз қолдирган маънавий меросни ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида санъатга иштиёқи баланд истеъдодларни бир жойга жамлаб, мақом жамоасини ташкил қилди. Ўз концерт дастури билан халқимизга манзур бўлган жамоа 2020 йилда “Мақом халқ ансамбли” унвонига сазовор бўлди.

Бугунги кунда устоз санъаткор тумандаги 13-сон Болалар мусиқа ва манъат мактаби директор ўринбосари, илмий ишлар бўлими мудири вазифасида фаолият кўрсатиб, ёшларнинг мусиқа ва санъат соҳасидаги билимларини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшаётир.

— Айни вақтда миллий ўзликни англаш, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини юксалтиришда мусиқа санъатининг, айниқса мақомнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Шашмақом (форс. — олти ва мақом) ўзбек ва тожик халқлари мусиқий меросида марказий ўрин тутган мақомлар туркуми; парда, оҳанг, усул, шакл, услуб каби воситалар билан ўзаро узвий боғланган мумтоз куй ва ашулалар мажмуи. У муайян шарт-шароитларда мусиқий фольклор ҳамда касбий мусиқа йўналишларида орттирилган кўп асрлик илмий-ижодий тажриба ҳамда изланишлар натижасида юзага келган. Шашмақом миллий ҳамда минтақавий мумтоз мусиқа анъаналарининг тарихан узун тараққиёт жараёни натижасида бир қатор бастакорлар авлоди санъатининг қомусий маҳсулидир. Мусиқа ва санъат мактабида таълим олаётган ёшларга бой маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган ўзбек миллий мақом санъати йўналишлари ва мақом ижрочилиги маҳоратларини ҳам ўргатиб келяпмиз. “Парвоз” болалар мақом ансамбли таркибида бир гуруҳ ёшлар Бухоро ироқи, “Соқиномаи ироқи Бухоро”, “Уфари ироқи Бухоро”, “Уфари узал”, “Сафти Калон”, “Мўғулчаи наво”, мақомлари ижросини ўрганишмоқда. Жорий йил 10-20 февраль кунлари мақом йўналиши бўйича вилоятда кўрик-танлов ўтказилади. Ана шу танловда муваффақиятли иштирок этиш учун катта тайёргарлик кўряпмиз, – дейди устоз санъаткор Содиқ Баҳронов.

Тумандаги 13-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Ҳошим Боқулов устоз санъаткор ҳақида шундай фикрларни баён этди:

— Ҳар доим ижодий изланишда бўлган С.Баҳроновнинг ҳаёти ва фаолияти ёшлар учун ибрат мактаби десак, муболаға бўлмайди. Устозда ёшларга хос бўлган ғайрат-шижоат мужассам. Мусиқа сирларини, мумтоз ва лирик қўшиқларни айниқса, мақом йўналишидаги қўшиқларни ёш авлодга ўргатишдан сира чарчамайди. Айтиш жоизки, 2020 йил март ойида вилоятда ўтказилган “Ватанни мадҳ этиш – олий саодат” шиори остида хор жамоалари ижросидаги фестивал танловида фаол иштирок этган пешкўлик ёшлар гуруҳи фахрли 1-ўринни эгаллаб, биринчи даражали диплом билан тақдирланишди. Бу ютуқлар замирида маданият ва санъат фидокори С.Баҳроновнинг машаққатли меҳнати мужассам эканлиги айни ҳақиқатдир.

Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати мавқеини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларини қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида 2019 йил 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишонини тасдиқлаш тўғрисида»ги 236-сон қарори тасдиқланди.Пешкўлик санъаткор, устоз мураббий Содиқ Баҳронов ҳам 2020 йилда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак

нишони соҳиби бўлди. Шунингдек, кўп йиллик самарали ва ҳалол меҳнати, ўз касбига бўлган садоқати ва фидойилиги ҳамда 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Хушовоз санъаткор, айниқса мақом қўшиқларини куйлаганда мухлислари қалбини забт эта оладиган, бугунги кунда ёшлар истеъдодини ривожлантиришга бор куч-ғайратини аямай фидокорона меҳнат қилаётган Содиқ Баҳроновни эришган ютуқлари ва юксак мукофот билан муборакбод этиб, келгусидаги ишларига муваффақият тилаймиз.

Ҳурмат ШАРОПОВА.

(“Пешкў овози” газетаси, 2021 йил 4 февраль №44-54-қўшсонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!