“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Чибоғони маҳалласидаги ислоҳотлар

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жойларда маҳаллабай ишлаш тизими ташкил этилиб, “Маҳалла раиси-ислоҳотчи” тамойили асосида хайрли тадбирлар амалга ошириляпти. Натижада маҳаллаларнинг жамиятимиздаги обрў-нуфузи янада ортиб, халқ билан давлат ўртасидаги кўприкка айланиб бормоқда. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” бўйича қилинаётган ишлар, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли шахсий томорқаларидан самарали фойдаланиш, бандликни таъминлаш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами билан танишиш мақсадида тумандаги “Чибоғони” МФЙ га ижодий сафар уюштирдик.

— Ҳудуддаги Чибоғони, Чалмагадой, Саричашма, Дегдавон қишлоқларида 4202 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 766 хонадонда 912 та оила мавжуд. Маҳалламиз йилдан-йилга обод ҳамда кўркам бўлиб бормоқда. Бу борада, албатта, тадбиркорларимизнинг ҳиссаси катта. Айниқса, тикувчилик, пояфзал ишлаб чиқариш, ичимлик сувини қадоқлаш, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, автомобилларни таъмирлаш устахоналари, новвойхона, аёллар гўзаллик салони ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари самарали ишламоқда. Шунингдек, иссиқхонада полиз маҳсулотлари етиштираётган, етти хазинанинг бири бўлган асаларичилик билан шуғулланаётган тадбиркорларимиз кўпчиликни ташкил этади, – дейди маҳалла раиси Улфат Худойбердиев.

Маҳалла раиси қайд этганидек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” бўйича маҳаллабай ишлаш тизими асосида салмоқли ишлар амалга оширилган. Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган 50 нафар аёлларнинг 32 нафари иш билан таъминланган. “Ёшлар дафтари” ҳисобида турган 45 нафар ёшларнинг 15 нафарига субсидия асосида иссиқхона қуриб берилган, 20 нафарига эса 10 сотихдан ер ажратилган. “Темир дафтар”да турган 15 та оиладан бештасига субсидия асосида иссиқхона қуриб берилган. Шунингдек, 13-14 март кунлари маҳалла ҳудудида ҳашар ўтказилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. 249 та хонадонларнинг фасад қисми оқланган, 218 та тандир ва ўчоқхоналар таъмирланган. 2.2 км йўлга шағал ётқизилган. 756 сотих томорқа тартибга келтирилиб, 138 хонадонда картошка экиш ишлари амалга оширилган. Эҳтиёжманд оилалар хонадонларида бугунги кунда ҳам ободонлаштириш ишлари давом этаяпти. Чалмагадой қишлоғида истиқомат қилаётган Ибод Султонов уйида оқлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган Акрам Бобоевнинг уйи янгидан қуриб бериляпти.

Маҳалланинг ёши улуғларидан бири Ибод Султонов хонадонида бўлганимизда ҳақиқатан ҳам маҳалла жамоатчилари оқлаш ишлари билан бандлигининг гувоҳи бўлдик.

— Турмуш ўртоғим билан 12 йил турмуш қурдик. Олти фарзандни менга инъом этган рафиқам ҳаётдан эрта кўз юмди. Болаларимни бир ўзим вояга етказдим. Беш нафар фарзандим уйли-жойли бўлиб, ўз оиласи ташвиши билан овора.

Кенжа ўғлим билан яшайман. Ўғлим ва келиним ишсиз. Пенсиям рўзғордан ортмайди. Маҳалла раиси уйимга келиб, ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқчи эканлигини айтганида, жуда хурсанд бўлдим. Наврўз байрами олдидан хонадонимизни обод қилаётганларга минг раҳмат. Илоҳим барака топишсин, – дейди 80 ёшли отахон.

Шундоққина шу ҳовли рўпарасида жойлашган яна бир хонадон эгаси Муҳайё Салимова “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган. Муҳайё 12-умумий ўрта таълим мактабида фаррош бўлиб ишлайди. 3 нафар вояга етмаган фарзанди бор. Субсидия асосида қуриб берилган бир сотихли иссиқхонасида помидор кўчатларини парваришламоқда.

— Бир неча йил олдин ёғочдан иссиқхона қуриб, фойдаланмоқчи бўлган эдик. Бироқ, қор ёғиб иссиқхонамизнинг ёғочлари синиб қолган эди. Мустаҳкам иссиқхона қуришга эса маблағ орттиролмадик. Давлатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга катта эътибор қаратилмоқда. Энди бизнинг ҳам ихчамгина иссиқхонамиз бор. Бор куч ғайрати билан шу иссиқхонада меҳнат қилиб, даромадимизни ошириб, “Аёллар дафтари”даги рўйхатдан чиқишимга ишончим комил, – дейди М.Салимова.

Чалмагадой қишлоғида истиқомат қилаётган Ўлмас Маъмуров хонадонида бўлиб, ҳайратда қолдик. Болалагидан иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Ўлмаснинг оёқлари ҳассасиз юролмайди. Аммо Ўлмасжон тўрт нафар фарзанди ва аёлини бекаму кўст боқаяпти. 2019 йилда АТБ Агробанк туман филиалидан 30 миллион сўм кредит олган Ўлмас оёқ кийимлари тикиш учун керак бўладиган бешта дастгоҳни сотиб олади. У ўз уйидан бир хонани ажратиб кичикроқ бўлсада янги пояфзал тикиш цехини очди. Рафиқаси, катта қизи ва ўғли хонадон соҳиби ёнида кўмаклашиб, пояфзал тикиш ҳунарини эгаллашди. Ҳунарга қизиққан ишсиз юрган қўшниларидан уч-тўрт нафари Ўлмасжонга шогирд тушган. Ҳунарманд уста 2019 йилда олган 30 миллион сўмлик кредитини жорий йилда тўлаб тугатиши керак. Бироқ бунга ҳали озгина вақт бор.

— Цехни кенгайтириб, ишчи ўрни яратмоқчиман. Бироқ, маблағ масаласида бир оз қийинчилик бор. Янги пояфзал тикиш учун кўпроқ миқдорда сифатли материал сотиб олишим лозим. Шу мақсадда турмуш ўртоғимнинг номига 10 миллион сўм кредит олиш учун АТБ Агробанк туман филиалига ҳужжат топширганман. Бироқ ҳал бўлмаяпти, – дейди ҳунарманд.

Таъкидлаш жоизки, ногирон бўла туриб, тўрт фарзандини боқиш ҳамда ишчи ўрни яратиш мақсадида интилаётган Ўлмас Маъмуровнинг муаммосига АТБ Агробанк Пешкў туман филиали мутасаддилари ечим топсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Чунки, қўлида ҳунари, иши бор ҳунарманд оила оладиган кредитини тўлаш имконияти борлиги кўриниб турибди.

Чибоғони қишлоғида истиқомат қилаётган аҳолининг кўпчилиги тадбиркорлик билан шуғулланади. 20 дан ортиқ оила асалари боқиш билан машғул. Шамшод Ҳайдаров ёш асаларичилардан бири. Жорий йилда Шамшод кредит асосида 32 қути «карпат» зотли асалари оиласини олиб парваришламоқда. Шамшод бу касбни беҳудага танламади. Унинг бобоси Расул Баҳромов (марҳум) тажрибали асаларичи бўлган. Бувиси Марзия опа ва тоғалари ҳам уйларида асалари боқишади. Ёш асаларичи асалариларини парваришлашда қариндошларининг тажрибаси ва маслаҳатларига амал қилмоқда.

Шу қишлоқда истиқомат қилаётган Элёр Яҳёев ва Наргиза Икромовалар оиласини тадбиркор оила десак муболаға бўлмайди. Элёржон пахта тараш цехида фаолият юритади. Турмуш ўртоғи Наргизахон эса қўли гул чевар. Тиниб-тинчимас ғайратли ёшлар уч йил олдин томорқада бир сотихли иссиқхона қуриб лимон кўчатларини экишди. Бугун ҳосилга кирган лимон дахтлари ёнида мандарин ва апельсин кўчатларини ҳам парваришлашяпти. Фикус, шеффлера, хитой атиргули, красула, кактус каби ўн турдан ортиқ гуллар ҳам шу мўъжазгина иссиқхонадан жой олган. Ёш тадбиркорлар оиласи иссиқхонани кенгайтириб, банан дарахтини ўтқазмоқчи эканликларини айтишди. Эзгу ният ярим давлат дейишади. Инсон организми учун фойдали бўлган, кўпчилик севиб истеъмол қиладиган банан мевасини етиштиришни ният қилган тадбиркор оиланинг эзгу нияти амалга ошишини чин дилдан истаб хайрлашдик.

Чалмагадой қишлоғига келин бўлиб тушган Матлуба Бўронова ўн йилдирки, тикувчилик касби билан шуғулланади. Қишлоқ қизларининг келинчаклик сарполари чевар келин қўлида санъат асарига айланади десак хато бўлмайди. Тикувчи келин ўнлаб шоргирдлар етиштиряпти.

— Икки нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим Россия давлатига ишлашга кетган. Пандемия сабабли чет элда ишлаш осон кечмаяпти. Қани энди имконият бўлсаю, уйга қайтиб , фарзандларим бошида бўлиб тадбиркорлик билан шуғуллансалар, – дейди Матлуба.

Ҳамроҳларим Маҳалла раиси У.Худойбердиев, раиснинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Хайрия Нурова, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосар Рисолат Абдуллаева билан биргаликда чевар келинга уйда касб-ҳунар билан шуғулланадиган фуқароларнинг иш стажига эга бўлиши, шунингдек, чет элда ишлаб қайтган фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар хақида батафсил маълумотлар бердик.

Ромитан туманидан Пешкўга келин бўлиб тушган ёш тадбиркор Мадина Рўзиеванинг пишириқ цехида пишираётган ёғли фатирлари ва ширин пишириқлар халқимиз дастурхонини тўкислигини таъминламоқда. Мадинахон ҳузурида қишлоқ

қизлари пишириқ пишириш сирларини ўрганаяпти. Пазанда келин Мадинахон ҳам давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланиб, пишириқ цехида янги ишчи ўрни яратмоқчи. Албатта, бу ишда бугун ислоҳотчи бўлган маҳалла раисининг кўмаги даркор.

Чибоғони маҳалласида нафақат ёшлар балки пенсионерлар ҳам тадбиркорлик фаолияти билан машғул.

Саричашмалик пенсионер Ҳусан Нуров бедана боқиш билан шуғулланса, Негмурод Истамов тўққиз сотихли иссиқхонасида помидор, бодринг, булғор қалампири, картошка ва турли хил кўкат маҳсулотларини етиштиряпти.

— Халқимизда ер хазина, меҳнат – калити, ерни боқсанг, элни боқар, деган ибратли нақл бор, – дейди Н.Истамов. — Иссиқхонамиздан йил давомида уч марта ҳосил оламиз. Ҳовлидаги 3 сотихли иссиқхонада ўтган йили октябрь-ноябрь ойларида булғор қалампирининг ҳосили тайёр бўлди. Ҳосилни йиғиштиргач, декабрь ойида экилган помидор кўчатлари гулга кирди. Томорқадаги қарийб 7 сотихли иссиқхонада экилган кўкатлардан қиши билан бозорга чиқардик. Гуркираб ўсаётган картошкалар ҳосили бир ойдан сўнг тайёр бўлади. Қарийб ўн сотихли иссиқхонамиздан ҳар йили 20 миллион сўмдан ортиқ соф даромад оламиз. Шукр, рўзғоримиз тўкис. Ўғил-қизларни шу даромад орқасидан ўқитиб, уйли-жойли қилдик. Ҳозир ҳам қизимиз ва келинимиз Бухоро Давлат университетида сиртқи бўлимда шартнома асосида таҳсил олаяпти. Бир сўз билан айтганда, замонамиз яхши, ҳалол меҳнат қилган инсон орзу ҳавасига етади. Фақат биргина муаммо бизни қийнаб келмоқда. Қўшни қишлоқларда табиий газ бор, бизнинг қишлоқ эса табиий газдан узиб қўйилган. Ҳудудимизда жойлашган 12-умумий ўрта таълим мактаби, 30 мактабгача таълим ташкилотида ҳам қиш кунларида қийинчиликлар кузатилади.Электр токида ҳам муаммолар учраб туради. Табиий газ ва электр токи яхшиланса, аҳоли ҳаёти янада фаровон бўларди.

Хонадонларда бўлиб, аҳоли билан суҳбат-лашар эканмиз, маҳалла раиси ўз дафтарида ҳар бир муаммони қайд этиб борди.

Дегдавон қишлоғида истиқомат қилаётган пенсионер Пано Ҳамроев эса уйида туяқушларни боқаяпти. Икки ўғил, олти қизни вояга етказиб, касб-ҳунарли қилиб, уйли-жойли қилган Пано Ҳамроев ва Жамила Назироваларнинг рўзғордан каму кўстлари йўқ. Фарзандлар улғайиб, ота-она қаватига кириб, барча орзу ҳаваслари ҳол бўлган.

— Энди пенсияга чиқдик, деб оёқни узатиб ўтириш жуда зерикарли экан. Уйдагилар билан маслаҳатлашиб, Наманган вилоятидан 19 миллион сўмга учта туяқуш олиб келдик. Бу фойдали жониворларни кўпайтириш ниятимиз бор, – дейди дегдавонлик П.Ҳамроев.

Маҳалладаги кам таъминланган аҳолини кайфиятини кўтариш, ички туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида март ойида тадбиркор Аскар Наимов ҳомийлигида “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган 25 нафар хотин-қизлар Самарқанд шаҳрига бир кунлик саёҳат қилиб қайтишган. Бир сўз билан

айтганда Наврўз байрамини муносиб кутиб олиш учун ҳудудни ободонлаштиришга ва аҳоли кайфиятини кўтаришга катта эътибор қаратилмоқда. Кўриниб турибдики, ислоҳотчи раиснинг асосий мақсади-халқнинг розилигига эришиш.

Маҳалла раиси ва унинг ёрдамчилари билан бир кунлик сафаримиз чоғида англадикки, маҳаллада меҳр-оқибат, аҳиллик, тотувлик, эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирлар бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва турли тадбирларни бамаслаҳат ўтказиш каби халқимизга хос анъаналар шаклланиб, сайқал топган. Маҳаллада ҳаёт қайнамоқда. Маҳаллабай ишлаш тизими ва маҳалла раисининг ислоҳотчилиги ўз натижасини бермоқда. Албатта, муаммолар ҳам йўқ эмас. Раиснинг ислоҳотчилик тажрибаси ошиб борса муаммолар ҳам ўз ўрнида ечим топади.

Ҳурмат ШАРОПОВА, журналист.

(“Пешкў овози” газетаси, 2021 йил 20 март, №11-12-қўшсонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!