“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Олис юртдан йўлланган мактуб сингилнинг оиласини  сақлаб қолишга сабаб бўлди

 

                                                                Оила — муқаддас даргоҳ

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади,  оқибатда таназзулга юз тутади. Оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, оила мустаҳкамлигида  муҳим  аҳамият касб этади.

Ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар билан келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг қайсидир камчилигидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмаслиги  керак.

Вояга етиб, оила қураётган хар бир ёш оила қуриши учун ҳар тарафлама ақлий ва жисмоний жиҳатдан тайёр бўлмоғи керак. Ана шундагина улар  турмуш сўқмоқларида  ҳаёт синовларини енгиб ўта олишади.

Албатта, ҳар бир оилада  нафақат эр-хотин, балки  ота-она, опа-сингил,  ака-укалар ўртасида ҳам ҳамжиҳатлик, аҳиллик–иноқлик, меҳру оқибат барқарор бўлса, тушунмовчиликлар, кўнгилсизликларнинг олди олинади.

Пешкў тумани марказида жойлашган маҳаллада туғилиб вояга етган Дилноза “Навгаҳон” МФЙ  “Навгаҳон” қишлоғида каттагина оилага келин бўлиб тушди. Албатта,  катта оиланинг ташвишлари ҳам шунга яраша бўлади. Қўл оёғи чаққонгина келинчак, қайнона ва  қайнотаси  ҳурматини қилиб, рўзғор юмушлари билан чарчамасди.  Турмуш  ўртоғи чет элда ишлаб қайтар, рўзғор тўкис эди. Бироқ, “сув бир лойқаланиб тинади”,  деганларидек, оила  аъзолари ўртасидаги тушунмовчилик сабаб, ўртага совуқчилик тушди ва келин ота уйига кетиб қолди. Дилнозанинг акаси бу вақтда  чет давлатда мусофирчиликда меҳнат қиларди. Турмушга узатилган синглисининг кўп ўтмай уйига қайтиб келиши ва куёвининг кутилмаган қарори қизнинг акасига тинчлик бермайди. Бу воқеани телефон орқали эшитган ака кун бўйи оғир меҳнат қилган бўлсада, туни билан ухлай олмайди. Ўзи мусофирчиликда олис юртларда бўлишига қарамай, қандай бўлмасин бу муаммонинг ҳал қилиш йўлларини излай бошлади ва Ўзбекистон  Республикаси  Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфовага хат ёзди. Мактубда Пешкў туманининг олис бир маҳалласига келин бўлиб тушган  синглиси Дилнозанинг турмуши ажрим ёқасида эканлиги, унинг турмуш қурганига ҳали 2 йил ҳам бўлмагани, энг ачинарлиси синглиси  она бўлиш арафасида эканлиги, қандай бўлмасин унинг оиласини сақлаб қолиш юзасидан илтимоси битилган эди. Яхшики, унинг мурожаати туман ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ижобий ҳал қилиниб, синглиси келинлик уйига қайтарилди ва оила яраштирилди.

Муборак Рамазон кунларида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг масъул ходими Бобур  Мўминов, туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Жўрабек Умедов билан биргаликда Дилнозанинг оиласидан хабар олишди. Оила аъзолари билан суҳбат ўтказилди. Суҳбат жараёнида Дилнозанинг қайнонаси оиладаги тушунмовчиликка  чек қўйилгани,  ҳозирда ҳаммаси  жуда яхши эканлигини, 2 ойлик чақалоқ набираси ўзининг овунчоғи, уни қўлдан қўймаслигини айтиб, бунинг учун туман ҳокимлиги ва барча масъулларига ўз миннатдорлигини изҳор этди.

Меҳри муҳаббати тоғларданда юксак бўлган, оқибатли аканинг бугун жондан азиз синглиси ҳаётидан кўнгли тўқ. Дилноза бугун  икки фарзанднинг онаси, бахтли оила бекаси. Биргина мурожаат, биргина хат орқали сингилнинг оиласи сақлаб қолинганлигидан мамнун бўлган  меҳрибон ака Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфовага яна хат йўллади. Ушбу мактубда энди миннатдорчилик сўзлари битилган эди.

Пешкў туманида оилалар мустаҳкамлиги ва  тинчлигини асраш,   фуқаролар турмуш тарзини яхшилаш бўйича олиб борилаётган саъй ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. 2021 йилнинг  тўрт ойи давомида  ажрим ёқасига келиб қолган 22 та оила сақлаб қолинди.

Жаҳон ҳамжамияти ноёб тизим дея эътироф этаётган маҳалла ва оила институтини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февраль куни қабул қилинган “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш  ҳамда  оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатда оилага эътибор давлат сиёсати даражасида эканлигини далилидир.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик – хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий – маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур”.

Ҳурмат ШАРОПОВА,

журналист

(«Бухоронома» газетасининг 2021 йил май сонида ҳамда “Пешкў овози” газетасининг 2021 йил 27 май № 20-сонида)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!