“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

«ТИНИБ-ТИНЧИМАГАН ОДАМЛАР-ЕЙ»

«Маҳаллада дув-дув гап» фильмида Лутфихоним Саримсоқова айтган ушбу ибора ҳамма замонларга ҳам мос тушаверади. Зеро, давр тинимсиз илгариламоқда, шунга яраша тараққиёт ҳам бир жойда туриб қолаётгани йўқ. Кеча эртак ўрнида қабул қилган технологиялар бугун корхоналарда ишлатилаётир. Одамлар нималарни ўйлаб чиқаришмоқда-я, деб ёқангизни ушлаб қоласиз.

Ўар ишда бир ҳикмат бор. «Covid -19» деган балои азим чиққандан бошлаб,барча таълим муассасаларида онлайн таълим тизими жорий этилди. Бу биринчидан, ўқувчи-талабалар хавфсизлигини таъминлайди. Иккинчидан, ўтаётган вақт давомида ёшларимизга керакли билим кўникмаларини олишлари учун катта имкон беради. Таълимда узилишларга йўл қўйилмайди. Бундай таълим услуби хорижий давлатларнинг кўпгина муассасаларида азалдан қўлланиб келади. Бироқ хорижда ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам онлайн таълим тизими учун тўлиқ шарт-шароитлар яратилган, ҳар бир оилада компьютер техникаси мавжуд. Улар алоқани бизга ўхшаб телефонларда эмас, компьютерлар орқали амалга оширади. Јолаверса, уларда Интернет тармоҚи ҳам бинойигина, узилишларсиз ишлайди. Бизда шаҳардан сал четроққа чиқсангиз нафақат Интернет, балки телефон алоқалари ҳам ҳаминқадар эканлиги сезилиб қолади.

Мухбиримиз онлайн тизимидаги таълим-тарбия беришнинг маъқул томонлари ва юзага келаётган муаммолар ҳақида ўқитувчи, тарбия-чи ва ўқувчилар билан суҳбатлашдик.

Васила МУСТАФАЕВА (шаҳардаги 19-умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси): -Дастлабки кунларда онлайн тизимида дарсларни ташкил этишга бир оз қийналдим. Лекин ҳар бир ўқувчининг ота-оналари билан боҚланиб, интернетнинг телеграмм каналида гуруҳ ташкил этдик. Шундан кейин белгиланган дастур асосида дарслар бошланиб кетди.

ТўҚри, синфда ўтилган дарс билан онлайн тизими ўртасида катта фарқ бор. Синфдаги дарс-ларда оммавий кўчирмачилик бўлмайди. Ўар бир ўқувчини назорат қилиб бориш, хоҳлаган пайтда ўқувчи билан савол-жавоб қилиб, унинг дарсни ўзлаштириш даражасини аниқлаш мумкин. Онлайн дарсларда аълочи ўқувчилар берилган топшириқни биринчи бўлиб бажаради, буни синфнинг ҳамма ўқувчилари кўриб туради ва жавобни кўчириб олиб, ўзининг номидан топширишга 2-3 дақиқа сарфлайди. Кўчирилган жавобларни тезда аниқлаб оламан. Чунки синфимдаги ҳар бир ўқувчининг нимага қодирлигини яхши биламан. Лекин мен ўқувчи ва «фарзанди яхши» ота-оналар билан тортишиб, баҳслашиб ўтирмадим. ¤қувчимга мавзуга оид қўшимча саволлар бериб, унинг ҳаққоний баҳосини қўйдим. Бу ўқувчига жавобни кўчириш билан бирга уни яхшилаб ўқиб чиқиш, миясига сингдириш мажбуриятини юклади. Шундай қилиб, мен энг асосий мақсадга – ўтилган мавзуни ҳамма ўқувчи ўзлаштиришига эришолдим.

Онлайн тизимининг яна бир яхши томони шундаки, ўтган даврда ота-оналарнинг ўз фарзандлари учун масъуллик ҳисси мукаммал шаклланди. Дарсларга юзаки ёндошган ўқувчиларнинг отаси ёки онасига қўнғироқ қилиб, аҳволни тушунтириб бордим. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас барча ота-оналар фарзандлари билан дарсларда «иштирок» этиб бошлади. ¤қувчиларим дастлаб шунчаки эрмак сифатида қабул қилган машғулотларга чин кўнгилдан тайёргарлик кўрадиган бўлди. Буни ҳам ота-она, ҳам ўқитувчи талаб қилиб тургандан кейин онлайн дарсларга жиддий ёндашишга ўрганишди.

Дарслар жараёнида ўқувчиларни чарчатиб қўймасликка ҳаракат қилдим. Чунки, улар кун давомида битта менинг фаним эмас, камида 4-5та фан дарсларида иштирок этиб, улар бўйича топшириқларни бажариши лозим эди.

Қисқа қилиб айтганда,ўқувчиларимнинг ота-оналаридан хурсандман, дарслар жараёнида пайдо бўлган муаммоларни ҳал этишга кўпинча улар ёрдами билан эришдим.

«Изланганга толе ёр!» деган гап бекорга айтилмаган экан. Шундай мураккаб даврда ҳам ўқувчиларга таълим-тарбия бериш тўхтаб қолмади. Дарс беришнинг онлайн тизими изланишнинг самарали усули, деб бемалол айтиш мумкин.

Ҳусан ҲАСАНОВ (шаҳардаги 10-умумтаълим мактабининг ўқувчиси): – Пандемия сабабли тизимга масофавий технологиялар жорий қилиниб 10 мингдан зиёд таълим муассасасидаги 7 миллон ўқувчи ва 500 минг талабага онлайн дарс бериш йўлига қўйилди. Мактаб дарсликлари устозлар ёрдамида телевидения орқали ёшлар онгига сингдириб борилди.Карантин баҳона энди ота-оналар ҳам дарс жараёнини, ҳар бир ўқитувчининг дарс беришини бевосита кузатиш ва ўз фарзанд-ларининг илм олишини назорат қилиш, фарзанд билан бирга дарс тайёрлаш, уларнинг барча ҳаракатларини кузатиш имкониятига эга бўлдилар.

Исталган синфда тенгдошларидан ортда қолган ёки олдинга ўзиб кетган ўқувчиларни учратиш мумкин. Ҳатто энг яхши ўқитувчи ҳам қачонлардир ўз олдига «Мен кўпроқ ўрганувчилар мавзуни тушуниши учун секинлашишим керакми ёки ўқув-режани тугатиш учун мавзуларни тезроқ ўтишим керакми?» деган саволни қўяди. Шунинг учун улар тезлик ва таълим беришда ўрта ҳолатни сақлашга ҳаракат қилади. Тасаввур қилиб кўринг, ҳеч бир дарс бир хил ўтилмайди. Дастурлаш дарс-ларида ўқувчилар бу фандан эгаллаган кўникмаларига қараб келган жойидан давом эттиради, янги қўшилган ўқувчилар эса фанни бошидан бошлайди. Бундан ташқари, ўқувчининг билим олиш қобилиятига қараб турли усулда маълумотларни етказиш ёки ўқувчининг қайси мавзулардан қийналаётганини билиб, у учун алоҳида дарс жадвали тузиш мумкин.

Ёшлар чуқуроқ билим олиши учун жорий йилнинг 15 февраль куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Эду маркет интерфаол-виртуал таълим дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳозирда Эду маркет иловаси ёшлар ўртасида кенг тарқалиб бормоқда, бу илова ёшларни кўникмалари, уларнинг диққати, хотира ва мантиқий фикрлашини ошириб бормоқда. Баъзида одамларнинг онлайн-таълимга беписанд қараши одамни ранжитиб қўяди. Лекин биз кўриб турган онлайн дарс ва платформалар бу йўлдаги даст-лабки қадамлар эканлигини ёддан чиқармаслигимиз керак, деб ўйлайман.

Гулноза ЖАМОЛОВА (тумандаги 13-МТТ тарбиячиси): Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жахон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авалламбор фарзандларимизнинг улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқ.

Эпидемия хавф солган таҳликали ва синовли кунларда ҳам келажагимиз бўлган авлоднинг таълим-тарбиясига бефарқ қолмаган ҳолда ўз фаолиятимизни масофадан олиб бордик. Мактабгача таълим ташкилоти шароитида улғайиб бораётган болакайларга берилаётган таълим кўникмаларида узилишга йўл қўйиб бўлмайди. Чунончи, уй шароитидаги эркинлик, таъбир жоиз бўлса, ота-оналар ёнидаги эркалик ортидан ўрганганларини бола тез унитиши мумкин. Шу сабабли МТТмизда меҳнат қилаётган тарбиячилар ўз гуруҳларида онлайн машғулотларини ташкил этди. Бунинг учун бу машғулотларнинг бола келажаги учун қанчалик муҳимлигини ота-оналарга тушунтиришга тўғри келди. Биз фаолиятимизда ота-оналарни боласини эрталаб МТТга олиб келганда ёки кечқурун олиб кетаётганда кўрардик. Масофавий машғулотлар жараёнида биздан ҳам кўра ота-оналар кўпроқ жон куйдирди, десам хато қилмаган бўламан.

Мактабгача таълим ташкилотида болага таълим-тарбия бериш учун фақат тарбиячи ишлаган бўлса, масофавий таълимда ота-оналар зиммасига кўпроқ вазифалар юкланади. Яқинда гуруҳимда тарбияланаётган боланинг оиласига бориб, масофавий таълим учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, онасига қўшимча маслаҳатлар бердим.

-Шу пайтгача сизларнинг қанчалар улкан ишлар қилаётганларингни билмай юраверган эканмиз. Масофавий таълим жараёнида битта фарзандим билан шуғулланар эканман, анча қийналдим. Сизлар МТТда 30-35 бола билан ишлайсизлар, бу катта масъулият талаб этадиган ўта мураккаб иш эканлигини англаб етдим,-деб эътироф этди тарбияланувчининг онаси. -Очиғини айтганда, дарсларда нафақат фарзандим, ҳатто ўзим ҳам билим олдим, сизларнинг ёрдамингиз билан болалар қўли билан шакллар, ўйинчоқларни ясашни, чизишни ўрганиб боряпман.

Ўа, МТТ тарбия-чиларига нисбатан муносабатлар тубдан ўзгарди. Ота-оналар, жамоатчилик тарбиячилик касбининг қанчалар масъулият талаб этадиган касб эканлигини тушуниб етди.

«Беш қўл баробар эмас», деганларидек, бугун бола тарбияси билан ҳамма ота-оналар ҳам бирдек шуғулланаётганлари йўқ. Оилада компьютр, планшет ва бошқа техника воситалари бор, аммо улардан ота-оналар ўйин ўйнаш, турли бўлар-бўлмас кинолар ёки бошқа мақсадлар учун фойдаланиб келишмоқда. Фарзандлари тарбиясини кейинги ўринларга қўйишган.

Масофавий ўқитишда қийинчиликлар ҳам мавжуд. Биринчи навбатда Интернет алоқасининг ёмонлиги бизнинг самарали ишлашимизга катта салбий таъсир кўрсатди. Оилаларга битта видеоролик ёки овозли хабар юбориш учун ҳатто томга чиқишга тўғри келаяпти. Бу ўзимнинг тажрибамда учрагани учун ёзяпман. Вақти келиб Интернет алоқалари, тезлиги ҳам яхшиланар, лекин бу айни керак пайтда йўлга қўйилса, жуда соз бўларди.

Мен учун энг қувонарли томони – меҳнатимизнинг ота-оналар томонидан эътироф этилгани ва қадрланиши бўлди.

Мақсуда МАНСУРОВА (тиббиёт ҳамшираси): – Кўзга кўринмас бу бало дунё аҳлини бирдек таҳликага солиб қўйди. Айниқса, болажонлар жонажон мактабларига боришмади. Меҳрибон устозларидан юзма-юз таълим олишмади. Синфдошлар мириқиб суҳбат қуриб, бирга ўйнашмади. Илгари фарзанд-ларимни фақат уй вазифаларини бажараётганида назорат қилганман. Уч нафар фарзандимга онлайн дарсларида ёрдам бердим.

Ўтган вақт мобайнида устозлик қанчалар оғирлигини, яхшигина сабр-тоқат ва асаб зарурлигини тушуниб етдим. Сентябрь ойидан ўқувчиларнинг жонажон мактабларига қайтишларини, юртимиздан вирус деган балонинг тезроқ даф бўлишини тилардим. Онлайн дарсларга келсак, бундай машғулотлар фақат қўшимча дарслик сифатида қўлланилса яхши бўларди. Чунки бу каби дарслар асосий таълим олиш сифатини бера олмайди. Бола телевизор қаршисида ўзи билан мулоқот қила олмайдиган, саволларига жавоб беролмайдиган устозидан тўлақонли билим олиши жуда қийин. Уч боламнинг илғаб олиш тезлиги ҳар хил. Бу ҳам устозининг ўтаётган мавзуларини тушуниб олишларида муаммолар туғдирди.

Севара ОЛИМОВА (уй бекаси): – Қизим бу йил учинчи синфни тамомлади. Онлайн дарс мобайнида қизимнинг ёнида бўлмаган вақтларим мавзуларни тушунолмай қолди. Ижтимоий тармоқдан ўтилган мавзуларнинг роликларини олиб бердим. Вазифаларни бажариб, синф раҳбарининг телеграммидаги группасига жўнатиб турдик. Қизиғи, группада синфдошлари ота-оналарининг ҳам иштирок этиши қизимни бироз хаяжонга солди. Тўғрироғи, синфдошларининг ҳуснихати билан ўзиникини солиштирадиган бўлди. Ўзининг вазифаларидаги хато-камчиликларни ота-оналарнинг кўришини истамади.

Вазият тақозоси билан телефоним кўпроқ қизимнинг қўлида бўлди. Мен телефоннинг қизимнинг кўз нурига салбий таъсир кўрсатишидан хавотир олдим. Аслида ёш болаларнинг ижтимоий тармоқдан фойдаланишларига умуман қаршиман. Чунки улар катталардек ўзлари учун фақат керакли бўлган маълумотларнигина саралаб олишни билишмайди. Интернетда ёмон нарсалар ҳам борлигини, уларни шунчаки четлаб ўтишдан бошқа илож йўқлигини тушунишмайди.

Кунларнинг бирида қизимнинг синфдошларидан бири тушунмаган ҳолда группага омма билан кўриб бўлмайдиган видеони жойлаворди. Салдан сўнг бундан хабардор бўлган ота-онаси дархол видеони ўчириб ташлади ва группадагилар ҳамда устозлардан узр сўрашди.  Бу ерда ота-онасини уятли ҳолга солиб қўйган болани айблай олмайман. Шунга ўхшаш ҳолатнинг биринчи синфлар группасида ҳам содир бўлганини эшитдим.

Албатта, онлайн тизимидаги таълим бериш бу вақтинчалик ҳолат. Ўқув йили бошланганида болажонларнинг қадрдон синфларида, ўз парталаридан жой олиб  таҳсил олишларини жуда истардик. Аммо, тан олиб айтиш керакки, масофавий ўқиш даврида устозларнинг қадри ниҳоятда билинди. Ота-оналар фарзанд тарбиясидаги ўзларининг камчиликларини англаб етишди. Ришталар эса яна ҳам мустаҳкамланди.

Шаҳноза КАРИМОВА

(“Жиззах овози” газетаси, 2020 йил 30 май №16)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!