“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЖАМИЯТ МАЪНАВИЯТИ КЎЗГУСИ

Ахборот технологиялари асрида, шу билан бирга дақиқа сайин тараққийлашиб бораётган бир даврда яшаяпмиз. Ахборот тезлиги шу даражага етганки, дунёнинг нариги чеккасида содир бўлаётган ўзгаришлар, янгилик, хабар сониялар ичида ижтимоий тармоқ орқали бизни бохабар этади. Ундан ташқари, ҳар қандай маълумотни, асарлар борми, дарсликларми, хуллас барча-барчасини интернетдан топа оламиз. Бу каби мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Албатта, замон билан ҳамнафас бўлиб яшашимиз учун ижтимоий тармоқнинг хизмати ниҳоятда катта.

«Хўш, янгиликлардан хабардор бўлишимизда ижтимоий тармоқ етакчилик қилиб турганда бизга босма нашрларнинг кераги борми? Газета ўқувчиларнинг қўлига етиб боргунича ундаги маълумотларни аллақачон чаққонгина воситачилар етказиб, натижасигача хабардор қилиб улгуради-ку?». Сўнгги вақтларда кўпчиликнинг ана шу важ билан босма нашрларни аллақачон «ўлди»га чиқариб қўяётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Аслида, тезлик борасида газетани интернет билан солиштириш от билан тез юрар поездни ким ўзарга мусобақага қўйишдек мантиқсиз ҳолат. Тўғри, ижтимоий тармоқ ва ТВ жамиятнинг кўзгуси ҳисобланади. Аммо газетани жамиятнинг маънавияти кўзгуси десак тўғри бўлади.

Кунларнинг бирида таҳририятимизга юқори синф ўқувчиси ёзган шеърини олиб келди. Ижодкор қиз баҳорга атаб ёзган шеърида икки барг мисолида инсонларни меҳр-оқибатга чорловчи мисраларни моҳирона битган. Ижодкор озгина бўлсада одамларга маънавий озуқа бўла оладиган шеърининг газетада чоп этилишини илтимос қилди. Афсуски, таҳририятимизда вужудга келган қатор муаммоларимиз, узрли сабабларимизни қисман тушунтирган ҳолда қизга шеърни чоп эта олмаслигимизни айтдим. Уни умидсизликка тушириб қўймаслик учун шеърни газетамизнинг телеграмм каналига жойлашни таклиф қилдим.

Шунда қизнинг жавоби қуйидагича бўлди: «Опа, ижтимоий тармоқ ҳамманинг жойи, у ерда кўпчилик тик ток, ютуб роликларидан ортиб менинг ёзган шеъримга эътибор қаратишармиди? Газетада эса ижодкорлар чиқиш қилишади. Мен Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон сингари зотларни вояга етказган газетада ижод намуналаримни бериб боришни истайман».

Нима ҳам дердим, қизнинг гапларида жон бор. Шеърни ижтимоий тармоққа жойласа, неча киши эътибор қаратади?

Ундан кейин мактаб ўқувчиларининг ҳаммасида ҳам қўл телефони йўқ-ку, тенгдошининг ижод намунасини ижтимоий тармоқдан топиб ўқиса. Кети узилмайдиган хабарлар, янгиликлардан ортиб кимлардир кўз югуртириб қўймаса… Яна ким билсин.

Шеър баҳона бўлиб яқин ўтмиш ёдимга тушди. Бир неча йиллар олдин вилоятимизда ягона болалар нашри бўлган «Билағон» газетасида фаолият кўрсатар эдим. Газета ташкил топгач орадан бир йил ўтар ўтмас ўз мухлисларининг кўнглидан шу қадар жой олдики, рости, бу нашрнинг фаолияти тўхтаб қолишини тасаввур ҳам қила олмасдим. Сабаби, таҳририятимиздан мактаб ўқувчиларининг қадами узилмасди. Кимдир қобилиятига яраша шеър, ҳикоя, мақола ёзган, кимлардир рассомлик маҳоратини кўрсатган. Билимга чанқоқ ўқувчилар газетамизда бериб борилган совринли бошқотирмаларни ечиб келишар ва Қолибликни қўлга киритиб, таҳририятнинг китоблар жамланмасидан иборат эсдалик совғаларига эга бўлишарди. Бундан таш-қари, турли мавзуларда иншолар, асар ва қиссалардаги қаҳрамонлар гавдалантирилган расмлар танловлари ҳам эълон қилиниши болажонларнинг илм олишга бўлган қизиқишларини янада орттирарди. Афсуски, буларнинг барчаси эсдаликка айланди. Қачондан? Газеталарга мажбурий обуна қилинишига йўл қўйилмайдиган кундан бошлаб.

Газета талабга жавоб берса, ўз ўқувчиларига эга бўлса қандай қилиб мажбурий обунага дахлдор бўлади? Қандай таъсир кўрсатади дерсиз? Ҳа, бизнинг жамиятимизда етарлича таъсир кўрсатар экан. Мажбурий обунага йўл қўйилмайди, деганда аслида ўқувчига эркин танлов имконияти берилиши, юқоридан тиқиштирилган эмас, ўз эҳтиёжига қараб газетани танлаши назарда тутилган аслида. Аммо, ўзим шахсан гувоҳи бўлдимки, мактабларда директор ва ўқитувчилар «Обуна мажбурий эмас», деган важга ёпишиб олишди. Газеталарга обуна бўлиш шарт эмас тарзида иш кўришди. Биз эркин обунани болаларга-ку тушунтира олдик, улар обуна бўлишга рози ҳам бўлишди, аммо уларнинг ота-оналари юқоридаги важлар билан харажатдан тийилишди.

Бу биргина нашр мисолидаги ҳолат. Охирги йилларда вилоятимизда кўпгина нашрларнинг фаолияти тўхтаб қолгани, мавжудларининг аксарияти эса танг аҳволдалиги  ҳеч кимга сир эмас.

Тавсиями, илтимосми, қандай қабул қиласиз, ўзингизга ҳавола. Шиддат билан ўтаётган кунларингиздан ярим соатинигина газета мутолаасига ажратиб кўринг. Ёш журналистнинг таҳлилий ёки танқидий мақоласи чоп этилгандир. Эндигина ижод оламига кириб келган ижодкорнинг шеъри ёки қиссасига кўзингиз тушар. Устоз журналистларнинг биронта долзарб мавзуга муносабат билдириб ёзган мақоласи бордир. Яна таниқли ёзувчиларнинг ҳали китоб шаклида чиқмаган асари газетанинг ҳар сонида чоп этилаётгандир. Таҳрирдан ўтган, имло хатоларидан тозаланган нашрларни ўқиб кўринг. Озгина бўлсада маънавий озуқа бўла олар…

Шаҳноза КАРИМОВА

(“Жиззах овози” газетаси, 2021 йил 27 февраль март  №4)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!