“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ИЖТИМОИЙ УЙ-ЖОЙ УЧУН ТЎЛОВ ИККИ ХИЛ УСУЛДА ТЎЛАНАДИ

Маълумки, Президентимизнинг аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган кўплаб ҳужжатлари, арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастурлар қабул қилинди ва ўтган тўрт йил давомида 140 мингта уй-жойлар барпо этилди. Аммо, юртимизда уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда. Статистик маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида Xалқ қабул-xоналарига фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг 10 фоизидан ортиғи, яъни 100 мингдан зиёди айнан уй-жой масаласи билан боғлиқ.

Ижтимоий уй-жой қуриш ва ижарага бериш, ипотека кредити шартларини енгиллаштириш ва биринчи бадал учун субсидиялар ажратиш ҳамда бошқа чора-тадбирлар кўзда тутилган ҳолда муҳтарам Юртбошимиз томонидан «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармоннинг имзоланиши юртдошларимиз учун яхшигина туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу фармон ижроси юзасидан келажакни кўзлаб тузилган режалар ҳақида кенгроқ маълумот олиш мақсадида мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Илҳом ҲазратҚулов билан суҳбатлашди.

– Аҳолига арзон уй-жой олиши учун янада қулай имкониятларни яратаётган Президентимизнинг Наврўз олди совғаси, деб баҳоланган 6186-сонли Фармон хусусида тушунча берсангиз…

-Албатта, ушбу фармон кўплаб фуқароларимиз учун бир умрга эсда қоларли ҳодиса бўлади, деб бемалол айта оламан. Қисқароқ тушунча берадиган бўлсам, Фармонга асосан, 54 мингта оилани уй билан таъминлаш мақсадида 45 000 та уй қурилади ва янги тартибдаги ипотека кредитлари ажратилади. Жумладан, шаҳримиз ҳудудида 300 та квартирага мўлжалланган уй-жой барпо этилади. Республикамиз бўйича кредитларни таъминлаш учун Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига 8,1 млрд. сўм ресурс жойлаштирилади. Ажратилган маблағлар ҳисобидан аҳолига узоқ муддатли ипотека кредити ажратилади. Ипотека кредитларининг шартларига кўра 20 йил муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан 15 фоиз миқдоридаги дастлабки тўлов ва шу билан бирга, тўловлар икки xил – аннетит ва дифференциал усулларида тўланади.

Фармонда шунингдек, аҳолининг ўзига тегишли ер майдонларида 6500 та якка тартибдаги уй қуриш ва таъмирлаш учун Молия вазирлиги томонидан 1,5 триллион сўм маблағ ажратиш ҳам белгилаб қўйилди. Яъни эндиликда фуқаролар якка тартибдаги ўз уй-жойларини қу-риш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредитлар олишлари мумкин бўлади. Фармонга мувофиқ, 2021 йилда фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3550 та квартирали уйлар қурилади. Бунга давлат бюджетидан 1,3 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

2021 йилда ипотека кредитлари бўйича 23,5 минг нафар шахсга 960 миллиард сўмлик субсидиялар тўланиши белгиланмоқда. Президент фармони билан барча вилоятларнинг қишлоқ жойларида ҳам кўп квартирали уй-жойлар қурилмоқда. Бу уйлар аҳолига 6 ойлик имтиёзли давр ва 15 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги дастлабки бадал билан 20 йил муддатга ипотекага берилади.

Қишлоқ жойларда яшаётган, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 10 фоиз миқдорида субсидиялар ҳам ажратилади. Хусусан, фуқаро фақат 5 фоиз, яъни 400 млн. сўмлик уй олаётган бўлса, атиги 20 млн. сўмини тўлайди, қолган 40 млн. сўми давлат томонидан Молия вазирлигининг маблағлари ҳисобига тўлаб берилади. Бу билан фуқароларнинг имконияти кенгайиб бормоқда. Шу билан бирга мушкул аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни бошпана билан таъминлаш, уларга ёрдам кўрсатиш  мақсадида маҳаллий ҳокимиятлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1000 та квартира сотиб олиб, уларни «ижтимоий ижара» шаклида тақдим этишади. Бу ўз навбатида уй-жойга муҳтож бўлган, бир уйда сиқилиб қолган оилалар учун кенг имкониятларни, қулай, шинам ва замонавий уйларда яшаш имкониятини яратади.

– Аҳолига субсидия тўлаш тартиби қай тартибда амалга оширилади?

– Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда 2021 йил 1 июндан бошлаб субсидия-лар соддалаштирилган тартибда берилади. Бунга кўра ариза берувчидан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди. Субсидия тўлаш муддати 19 кундан 7 кунгача қисқартирилади ва тизим тўлиқ автоматлаштирилади. Бунинг натижасида баъзи ташкилотлар ходимлари ва бошқа субъектив аралашувларсиз субсидия бериш жараёнининг шаффофлиги ва ошкоралиги таъминланади. Фуқароларнинг топширган аризалари онлайн кузатувга олинади. Шу билан бирга субсидия тўлашнинг соддалаштирилган тизими доирасида ягона ижтимоий ҳимоя реестри ахборот тизими орқали тақдим этилган ҳужжатлар доирасида фуқаролардан қўшимча ҳужжатлар талаб этиш ман этилади. Жиззах шаҳрида аҳоли кредитга уй-жой ва субси-диялар олиш учун шаҳар Давлат хизматлари марказига тегишли ҳужжатларни топширишлари мумкин.

– Фармонда «Халқпарвар» комиссия тузилиши ҳақида белгилаб қўйилган. Бу тузилманинг вазифалари нималардан иборат бўлади? 

– Фармон билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудларда сенаторлар, депутатлар ва жамоатчилик фаоллари иштирокида «Xалқпарвар» комиссияси ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

«Xалқпарвар» комиссияси маҳаллий ҳокимликлар ҳамда масъул давлат идораларининг уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ажратиш, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш, уй-жой шароитларини яxшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйxатини шакллантириш фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чораларни амалга ошириб боради.

«Халқпарвар» комиссия депутатлар, зиёлилар, шунингдек, шу соҳада тажрибага эга бўлган ёши улуғ инсонлардан ташкил топади. Халқпарвар комиссия қурилиш объектига келиб қурилиш жараёнларини назорат қилиш ва кузатиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, аҳоли учун қурилиш жараёнининг барча ҳолатларини Қурилиш вазирлигининг сайтида онлайн кузатув имконияти яратилади. Хонадон харид қилган фуқаро қурилиш жараёнини онлайн кузатиш имконига эга бўлади.

– Аҳолининг қурилиш жараёнини онлайн кузатиши тартиби қандай тартибда жорий қилинади?

– Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 майга қадар Молия вазирлиги томонидан ипотека бозори веб-портали ишга туширилади. Ундан қурилаётган уйлар, улардаги квартиралар сони, майдони, қиймати ва жойлашуви, кредит олиш мумкин бўлган тижорат банклари ва шартлари, субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги маълумотларни олиш мумкин бўлади.

Қурилиши режалаштирилган уйларнинг сифати, жойлашуви ва кимлар томонидан иш олиб борилиши ҳам барчани қизиқтиради…

– Қурилаётган уйларнинг сифатига таъсир қилмаган ҳолда нархини пасайтириш мақсадида фармон билан 2021 йил 1 октябрга қадар цемент маҳсулотларини олиб киришда божxона божининг 0 ставкаси қўлланилади. Уйлар нархига бевосита қурилиш ташкилотларининг сарф-харажатлари, кредит тўловлари ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди. Айни шу жиҳатлар ҳисобга олиниб фармон билан қурувчиларнинг кредитлар бўйича тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамҚармаси томонидан кафиллик ва компенсация тўлаш тартиби 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилади. Фармон талабларига мувофиқ уй-жойлар қурилишида шаҳарсозлик нормаларига риоя этилиши ва сифатни таъминлаш мақсадида янги тартиб ўрнатилмоқда. Унга кўра, кўп квартирали уй-жойлар қурилишида фақат СС ва ундан юқори рейтинг баҳосига эга бўлган қурилиш ташкилотлари қатнашиши мумкин. Ҳокимликлар ҳузуридаги ягона буюртмачи хизмати инжиниринг ташкилотлари томонидан пудрат ташкилотлари билан тузилган шартномага асосан уй-жойлар қурилишининг техник назорати амалга оширилади.

Шаҳарларда кўп квартирали уй-жойлар 9 ва ундан юқори қаватли, монолит темир-бетонли ва йирик панелли конструкцияли ҳамда бошқа қурилиш материаллари асосида, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва коидаларига мувофик иккинчи даражадан паст бўлмаган, иссиқлик ҳимояси билан таьминланган ҳолда массив шаклида қурилади.

Қурилиш вазирлиги якка тартибдаги уй-жойларнинг намунали лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Фармонда белгиланишича, уй-жой нарxи xоналар сони билан эмас, балки квадрат-метр бўйича ҳисоблаб чиқилади ва максимал майдони 70 кв.м.ни ташкил этади. Қишлоқ ҳудудларида уй майдонининг бир квадрати 4 млн. сўм, шаҳарларда 5,2 млн. сўм, Тошкентда 5,7 млн. сўм этиб белгиланди.

Шу ўринда таъкидлашим лозимки, айни кунларда аҳолига имтиёзли кредитлар ва ижтимоий уйлар ажратиш тартиби бўйича кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош:

Шаҳноза МАНСУРОВА

(“Жиззах овози” газетаси, 2021 йил 24 апрель №10-11)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!